томонидан босиб олингач, яҳудий халқининг бир қисми ўлкадан ҳайдаб чиқарилди. Бу
эса яҳудийларнинг Осиё ўлкалари бўйлаб тарқалиб кетишига сабаб бўлди. Ҳатто
милоддан аввалги VIII асрларда баъзи яҳудийлар Исроилни тарк этиб, Миср, Эрон каби
ўлкаларда бошпана топганликлари ҳақида ҳам маълумотлар бор. Форс давлати маълум
муддат Ўрта Осиёни ўз ҳукми остида тутиб турган ва худди шу даврда яҳудийларнинг
кўчиб келиши бошланган. Яҳудийлар Ўрта Осиёда Сўғдиёна давлати даврида, яъни
милоддан аввалги II асрда пайдо бўлдилар. Улар Эрон орқали Марвга келиб, сўнг у
ердан Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларга тарқалдилар.
Яҳудийларнинг Ўрта Осиёда пайдо бўлиши тарихи жуда мураккабдир. Кўпчилик
тадқиқотчилар уларнинг бу ерда пайдо бўлишларини милоднинг биринчи асрида
вужудга келган «Буюк ипак йўли» фаолияти билан боғлайдилар. Буюк ипак йўли,
дарҳақиқат, бўёқчилик бўйича мутахассис бўлган яҳудийларнинг хом ашё манбаларига
яқинроқ минтақаларга тарқалишига сабаб бўлган. Яҳудийларнинг Балх шаҳрида пайдо
бўлишлари эса фақатгина милоднинг IV асрига тўғри келади. Милодий IX-X асрларда
яҳудий жамоалари анча кўпсонли ва эркин бўлганлар. Улардан фақат урушга яроқли
бўлган эркакларгина солиқ (жизя) тўлаганлар. Йиғилган солиқларнинг фақатгина ярми
давлат хазинасига топширилган. Қолган қисми эса жамоа бошлиғи ихтиёрида қолган.
Яҳудийларнинг Ўрта Осиёда яшаганликларига гувоҳлик берувчи археологик
топилмалар илк бор 1954 йили олимлар томонидан Туркманистоннинг Марв ва
Байрамали шаҳарларида аниқланган. Булар қадимги синагога қолдиклари, яҳудий
ёзувлари ва номалари битилган сопол буюмлардир. Топилмалар Юнон-Бақтрия ва
Парфия давлатлари ҳукмронлик қилган милоддан аввалги II - милодий I асрларга
тегишли бўлган.
1165 йилда Шарққа саёҳат қилган Вениамин де Туделнинг хабар беришича,
Шарққа томон қанча узоқроқ кириб борилса, яҳудийлар сони шунча кўпайиб борган.
Ўша даврда Қуддус шаҳрида ҳаммаси бўлиб 4 минг яҳудий яшаган бўлса, Басрада
уларнинг сони 2 минг, Дамашқда 3 минг, Исфаҳонда 15 минг, Самарқандда эса 30 минг
кишини ташкил қилган. Бироқ бу сайёҳ Шарқда Бағдодгача сафар қилиб, маҳаллий
яҳудийларнинг афсонавий маълумотларига асосланган.
Араб тарихчиларининг маълумотларига кўра, Шарқда яҳудийлар томонидан
«Йаҳудийа» деб аталадиган шаҳарлар қурилган. Шундай шаҳарлардан бири Марв шаҳри
яқинида бўлган.
X-XIII асрлар Бухоро яҳудийлари учун маънавий-руҳий жиҳатдан ўсиш даври
бўлди. Улар Ироқ яҳудий марказидан узоқда, Ўрта Осиё ҳудудларида яҳудийликка оид
қарашларини ривожлантирдилар ва Тора қонунларига мослаштирдилар.
Ўзларини аслзода деб ҳисоблаган Бобил яҳудийлари Ўрта Осиё яҳудийларини
кашрут қоидаси (рухсат этилган овқатларнигина ейиш)ни бузиш, ерли аҳоли билан
аралашиб кетиш ва яҳудий динини бидъатлар билан бузишда айблай бошладилар.
Албатта, бу айбловлар асоссиз эмас эди.
IX-X асрларда Ўрта Осиёда
Do'stlaringiz bilan baham: