(кўпинча учинчи, еттинчи, йигирманчи, қирқинчи)га кўпроқ эътибор қаратилади ва бу даврда чиллали
уйга исириқ тутатиб туриш доимий шартлардан бири ҳисобланган.
Бахшиларнинг таъкидлашича, фолбин-бахшилар томонидан тутиладиган чилла
турлича бўлиб, улар орасида энг оғири ва хавфлиси бахшилар томонидан тутиладиган
«
қора чилла» ҳисобланади. «Қора чилла»да ўтирадиган киши 40 кун мобайнида бир уйдан
ташқарига чиқмаган ҳолда чимилдиқнинг ичида ўтириши лозим бўлган. У бу даврда
бошқа одамлар билан гаплашмаслиги ва фақат ўз уйида яқин кишиси томонидан пишириб
берилган пок овқатни ейиши лозим бўлган. Бу даврда бўлғуси бахшининг қабристонига
бориши, ўлик кўриши, ариқда оқаётган сувдан ўтиши қатъий тақиқланган. Бу жараёнда
бўлғуси бахши доимий равишда энг яқин кишиси ёки устоз бахши назоратида бўлган.
Агар бўлғуси бахши назоратсиз қолиб, ташқарига чиқиб кетса, руҳий хасталикка чалиниб
эсдан оғиши таъқидлаган.
Водийда яшовчи кўплаб ўзбек ва тожик фолбин-бахшилари (азайимхонлари) эса
касаллик хуруж қилганида уқалаш орқали танани қиздириб, беморни терлашга
мажбурлаганлар. Айрим бахшилар кўкйўтал, бош оғриғи, бепушт аёлларни даволаган
бўлсалар, бошқалари шол, соқов бўлиб қолган, баданига турли тошмалар тошган
кишиларни, руҳий касалланган кишиларни даволар эканлар. Бахши олдига келган
беморнинг қайси аъзоси оғриётганлигини бемор ташрифи туфайли унинг ўзининг ҳам
танасидаги ўша аъзо оғришидан билиб олар экан. Маросим давомида бахши билан бирга
беморнинг ёнида ўтирганлар ҳам баъзида жазава ҳолатига тушганлар. Шундан сўнг бахши
беморни еттита ёки тўққизта тол ва жийда хивчинлари билан ўнг томонидан бошлаб урган
ва жинларни гўё чап тарафдан ҳайдаб чиқарган. Одатда, тол хивчинлари ёки мевали
дарахт шохлари касаллик ҳолатига қараб ишлатилган. Бемор енгилроқ хаста бўлса мевали
дарахт, оғирроқ касал бўлса мевасиз дарахт (тол) хивчинларидан фойдаланилган. Тол ёхуд
мевали дарахт хивчинлари ишлатилишига қараб, гўёки ёвуз руҳларни касал танасидан
якуний ҳайдаш бўлган. Кўчирма қунида бахши бемор елкаси, қўлларини силаган холда
унинг танглайини кўтариб қўйган.
Марказий Осиё халқлари ҳаётидан келтирилган мазкур мисоллар шомонлик
анъаналарининг нафақат қолоқ дунёқараш шакллари шароитида, балки маданий-тарихий
ривожланган жамиятда ҳам яшовчанлигини яққол намоён этади. Анъаналар кўпинча
ўзгаради, мослашади, амалдаги расмий дин талабларининг у ёки бу жиҳатларига
маълум даражада бирикади. Чунончи, ислом шароитида шомонлик ҳаракатлари одатда
мусулмон анъаналарига кўра фотиҳа билан якунланади, бироқ айрим фолбинлар
мусулмонликка тўғри келмайди деб фотиҳа қилмайдиган ҳоллар ҳам учраб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: