Учинчи турдаги китобхон зоҳиран “яхши” деб ном олган ўқувчининг бутунлай
тескарисидир. Бу китобхон шу даражага етган шахски, у ҳеч кимга ўхшамайди. У – ўз
мутолаа салтанатида мутлақ ҳоким, ҳукамо, ҳукмдор. Китобдан у на маърифат
излайди, на вақтичоғлик. Китобдан – бу ёруғ оламда қолган бошқа ҳар қанақанги
нарса каби – фақатгина бошланиш, йўналиш нуқтаси сифатида, истак, ният, майл
сифатида фойдаланади. Унга аслида нима ўқишнинг фарқи йўқ. У бирор файласуфнинг
асарини унга ишониб, таълимотини ўрганиб олмоқ ёки уни танқид қилиб, унга қарши
ҳаракат қилмоқ учун ўқимайди, бирон-бир шоирни дунёнинг қандай яралганини
тушунтириб бериши учун мутолаа қилмайди. Йўқ, у ҳамма нарсани ўзи тушунади, ўзи
англай олади. У, таъбир жоиз бўлса, комил инсон. У ҳамма нарса билан ўйнаша олади:
муайян бир нуқтаи назар; қараш; фикр; тасаввур. Ҳамма нарсани ўйинга
айлантиришдан ҳам кўра фойдалироқ ва самаралироқ бошқа ҳеч нарсага ҳожат
қолмайди. Агар бундай ўқувчи китобдан бирон-бир сентенция, яъни ҳикматли сўз, доно
гап, ҳикмат топиб олса, энг аввало, топилманинг астар-аврасини ағдаради. У азал-
азалдан биладики, ҳар қандай ҳақиқатларни инкор этиш асл ҳақиқатдир. У маънавият
соҳасидаги ҳар қандай фикр, қараш, нуқтаи назар қутб эканлигини ва унга қарама-
қарши худди шундай зўр қутб ҳам мавжуд эканини азалдан яхши билади. У ёш болага
ўхшаб, ассоциатив
[3]
тафаккурни етарли даражада қадрлайди, бироқ у бошқа
нарсаларни ҳам билади. Шундай қилиб, мазкур китобхон ёки, тўғрироғи, шу гуруҳга
мансуб ҳар биримиз ҳам дуч келган нарсани – роман, грамматика, йўл қатнови
жадвали, босмахона намуналарини ва бошқа ҳар қандай нарсани ўқийверишимиз
мумкин. Фантазиямиз ва ассоциатив қобилиятимиз муносиб даражада бўлган пайтда
ҳам биз барибир қоғоздаги битикларни ўқимаётган, лекин шу аснода
ўқиганларимиздан бизга ёғилиб турган нурафшон ёғдулар, истак, ният ва майллар
оқимида сузаётган бўламиз. Улар саҳифалар, матнлар бағридан, шу билан бирга,
босма ҳарфлар терилган устунчаларда ҳам кўриниши мумкин. Ҳаттоки, газетада
босилган эълон ҳам янгилик. Энг бахт-омадли, тантанавор фикр мутлақо жонсиз сўз
замиридан келиб чиқса ҳам ажаб эмас, негаки, ундаги ҳарфларни, худди мозаикага
ўхшаб, дам бундоқ, дам ундоқ айлантириб кўравериш ҳам жоиз. Бундай ҳолатларда
ҳатто Қизил Шапкача ҳақидаги эртакни қандайдир космогония
[4]
ёки фалсафа ёхуд
гўзал ишқий поэзия янглиғ мутолаа қилиш дуруст. Аллақандай сигара қутисидаги
Китоб мутолааси ҳақида
[ SAVIYA.UZ ]
. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда ёки бошқа сайтларга жойлаштирилганда
сайт номи ҳаволаси билан кўрсатилиши шарт!
| 6
“Colorado maduro” деган ёзувни шунчаки ўқиб, ушбу сўзлар, ҳарфлар ва товушлар
ўйинига берилиб кетгач, илм, хотира ва тафаккурнинг барча юзта салтанати бўйлаб,
юракдаги орзуга айланган олис саёҳатга отланмоқ ҳам мумкин.
Бироқ шу ўринда – мутолаа ҳам шунақа бўладими? – дея мени ёзғиришлари табиий.
Хўш, айтайлик, Гётени ўқиётиб, Гётенинг ният, мақсад, ўй ва фикрларини уқиш, идрок
этиш ва чуқур англаш ўрнига ўзини гўё қандайдир эълонни ёки бўлмасам, тасодифий
терилган ҳарфлар уюмини томоша қилаётгандек тутадиган одамни, умуман, китобхон
деб атаб бўладими? Мутолаанинг сўнгги – учинчи даражаси деб атаганимиз аслида
китобхонликнинг энг паст, энг бачкана, энг варварларча тури эмасмикин мабодо?
Бундай ўқувчидан Ҳёлдерлин
[5]
мусиқаси, Ленау
[6]
эҳтироси, Стендаль иродаси,
Шекспир теранлиги қаёққа ҳам қочиб қутула оларкин? Нимаям дердим, ёзғирган киши
ҳақ. Учинчи тоифадаги китобхон – мутлақо китобхон эмас. Мазкур гуруҳда узоқ қолиб
кетадиган одам охир-оқибат китоб ўқишни йиғиштириб қўяди. Бунга сабаб шуки,
унинг учун гилам расми, девор, тўсиқ, ғовга терилган тошлар аъло ва мукаммал
даражада тартиб берилган ҳарфлардан тузилган энг гўзал саҳифа ўрнини бемалол
боса олади. Алифбо ҳарфлари битилган варақ унинг учун бирдан-бир, ягона китобга
айланиши ҳам мумкин.
Ҳа, шундай, бу охирги босқичдаги китобхон ортиқ китобхон эмас. Унга Гёте бир пул,
Шекспир ҳам чикора. Ана шу сўнгги даражадаги китобхон энди, умуман, китоб
ўқимайди. Ҳа-да, китоб унга не даркор? Ахир, бутун олам унинг ўзида мужассам
эмасми?
Учинчи гуруҳда узоқ тўхтаб қолган одам ким бўлмасин, ортиқ китоб ўқимай қўяр эди.
Аммо, унда ҳеч ким узоқ туриб қолмайди. Шундай бўлса ҳам, ҳарҳолда, кимки мана шу
учинчи босқич билан таниш эмас экан, ёмон, хом, ғўр, думбул китобхондир. Чунки у
дунёнинг бутун поэзияси ва бутун фалсафаси ўзида мужассам эканлигини билмайди,
зеро, энг буюк шоир ҳам ҳар биримизда мавжуд ўша пинҳоний сарчашмадан улги
олади, ахир. Ҳаётингда ақалли бир мартагина майли, фақат бир кунга учинчи –
босқичда бир бўлгин – ана кейин (ортингга енгил қайтиб), мавжуд барча битикларнинг
анча дуруст ўқувчисига, тингловчисига ва шарҳловчисига айланасан. Шу босқичда
атиги бир мартагина бўлиб кўргин, шунда сен учун йўл бўйида ётган тош ҳам Гёте ёки
Толстой қадар маъно касб этади, – сўнгра сен Гёте, Толстой ва бошқа барча
Китоб мутолааси ҳақида
[ SAVIYA.UZ ]
. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда ёки бошқа сайтларга жойлаштирилганда
сайт номи ҳаволаси билан кўрсатилиши шарт!
| 7
ёзувчилардан беқиёс улкан маъно-мазмун, илгаригидан ҳам кўра кўпроқ шира-шарбат
ва асал оласан, ҳаётга ва ўз-ўзингга ишончинг яна-да ортади. Негаки, Гёте асарлари,
бу – Гёте эмас, Достоевский жилдлари, бу – Достоевский эмас, бу – уларнинг
уринишлари, ўзлари марказида турган дунёнинг кўповозлилиги ва кўпмаънолилигини
босиш, пасайтириш йўлидаги, ҳеч қачон охирига етмайдиган умидсиз, тушкун
уринишлари, холос.
Сайр қилиб юрган чоғингда, ақалли бир марта хаёлингга келган ўй-фикрлар
занжирини тутиб қолишга уриниб кўр. Ёки – бундан ҳам кўра енгилроқ туюлган – тунда
кўрганинг оддийгина тушни эслаб қол! Тушингда сенга кимдир аввал таёқ ўқталди,
сўнг эса, орден тутқазди. Хўш, бу ким экан? Зўр бериб эслашга ҳаракат қилаверасан, у
бир дўстингга, бир отангга ўхшаш туюлади, лекин қандайдир бегона, ёт эканлиги
билиниб туради, аёл кишига, синглингга, маҳбубангга ҳам ўхшаб кетади… У ўқталган
таёқ тутқичи эса нимаси биландир сен ўқувчилик даврингда илк бор саёҳатга отланган
кемадаги штокни
[7]
эслатади. Ва шунда бирданига юз минглаб хотиралар қалқиб, юзага
чиқади. Агар сен ана шу жўнгина тушни эслаб қолиб, мазмунини қисқача қилиб,
стенография ёки алоҳида сўзлар билан ёзиб қўймоқчи экансан, биласанми, то ўша
орденга етиб боргунингча, бутун бошли китоб дунёга келади, бир эмас, балки иккита,
эҳтимол ўнта бўлар. Гап бунда эмас. Чунки туш, бу – туйнук, у орқали сен бутун
вужудинг ичидаги бор нарсани кўра оласан, ўша бор нарса – бутун дунёдан, сен
туғилгандан то ҳозирги дақиқагача, Ҳомердан Ҳайнриҳ Маннгача, Япониядан тортиб,
Гибралтаргача, Сириусдан то Ергача, Қизил Шапкачадан то Бергсонга
[8]
қадар бутун
дунёдан на катта, на кичик бўлмаган бир оламдир. Ва сен ўз тушингни айтиб,
таъбирлаб беришга ҳаракат қилаётганинг тушинг ўраб, қамраб олган дунёга
дахлдорлиги каби, муаллиф асари ҳам у айтмоқчи бўлган нарсага, фикрга, ғояга
тааллуқлидир.
Гёте “Фауст”ининг иккинчи қисми устида олимлар ва дилетантлар (ҳаваскорлар)
деярли юз йилдан бери баҳслашиб, тортишиб келадилар, бу эса бирталай бамаъни ва
бемаъни, теран ва тутуриқсиз изоҳлар, шарҳлар, тушунтиришларнинг юзага келишига
сабабчидир. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳар қандай адабий асар замирида ўша сирли
сирт – юза остига яширинган, номсиз кўпмаънолилик мужассам. Буни энг янги
психология “рамзларнинг ўта детерминантлашуви” деб атайди. Усиз ҳам буни
Китоб мутолааси ҳақида
[ SAVIYA.UZ ]
. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда ёки бошқа сайтларга жойлаштирилганда
сайт номи ҳаволаси билан кўрсатилиши шарт!
| 8
фикрнинг чексиз, битмас-туганмас мукаммаллиги узра қисман бўлса-да, пайқаб олмоқ
учун, ҳар қандай ёзувчи ёки мутафаккирни торгина доирада уқиб, идрок этасан, унинг
муайян бир бўлагини яхлит, бир бутун ўрнида қабул қиласан, юзани тўла қамраб
ололмаётган изоҳ, тушунтиришларга батамом ишонасан.
Китобхоннинг мутолаадаги шу уч босқич орасида гоҳ у ён, гоҳ бу ён кўчиб юриши
табиий, бу ҳар қандай киши билан ҳар бир соҳада содир бўлиши мумкин. Минглаб
оралиқ даражалардан иборат ана шу уч босқич архитектура, рассомлик санъати,
зоология, тарих каби соҳаларда ҳам мавжуд. Ва мана шу учинчи босқич ҳам ҳаммаёқда
бор, унда сен ҳаммадан кўра кўпроқ ўз-ўзинг билан тенглашасан, бироқ у ҳар ерда
сендаги ўқувчини йўқотиш учун таҳдид қилади, адабиётнинг, санъатнинг айниши,
дунё тарихининг бузилиши учун хавф-хатар туғдиради. Аммо шундай бўлса ҳам, сен
мана шу босқични ўтамасанг, китоб ўқишда, санъат ва илм ўрганишда имло ўқиётган
оддий мактаб ўқувчисидан фарқинг қолмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |