164
ва Шарқ мумтоз адабиётидан Фаридуддин Атторнинг “Қуш тили” достонини саҳнага олиб
чиқади.
Инсценировка актёрлик санъатини ривожлантириш, актёрларнинг маҳорат қирраларини
чархлаш ва кашф этишда ҳам муҳим манба вазифасини бажаради. Бу хусусида В.Немирович-
Данченко шундай ёзади: “Романни саҳнага кўчириш – театр учун доим хатарли кечган. Лекин
актёр учун бой ижодий материални театр доимо инсценировкадан топади” [2.-б.317.]. Адабий
асар асосидаги томоша актёрга бадиийятни ҳис қилиш, эҳтиросларини эркин бўшатиш, сўз
бойлиги ва нутқ маҳоратини ривожлантириш имконини беради. Шунингдек, жаҳон саҳна
санъатида шундай тажрибалар борки, айрим актёрлар ўзлари севиб мутолаа қилган китоб
қаҳрамонини театрда ижро этиш учун ўша асарга инсценировка буюртма қилишган. Масалан,
ХХ аср бошида ижод қилган рус актрисаси М.Г.Савина ўз бенефисини муносиб нишонлаш
мақсадида театр жамоасидан Лев Толстойнинг “Тирилиш” романини инсценировка қилишни
сўрайди. Актриса ижодий фаолиятининг етуклик палласи ўз ижро манераси ва феноменини
яққол кўрсатиш учун ҳам ушбу нодир асарда образ яратишни мақсад қилади. “Тургеневнинг
қиссалари, Толстой ва Достоевский романлари илк бор рус саҳнасида актёрлик санъати даврида
ва актёрларнинг ташаббуси билан пайдо бўлди” [4.-б.8.].
Айнан шу ва бошқа омиллар театрни бадиий адабиёт билан чамбарчас боғлаб туради,
насрий асарларни саҳнага қўйиш ўз долзарблигини йўқотмайди. “Ишонч билан айтиш
мумкинки, замонавий театр тараққиётида адабиёт муҳим роль ўйнайди. Наср режиссёр
ёндашувининг янги қирраларини юзага чиқаради ва драматик ҳаракатнинг янги шаклларини
кўрсатади” [5.-б.94.]. Наср драмага айланиб, саҳнага кўчар экан, томоша санъатининг драматик
хусусиятлари, спектакль композицияси, мавзу ва жанрига таъсир кўрсатади.
Инсценировка жараёнида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлардан яна бири –
адабиёт ва театр ўртасидаги синтез ҳодисасидир. Ҳар икки санъатнинг бадиий компонентлари,
ифода воситалари спектакль давомида бир-бирига қоришиб кетади. Насрий асар
инсценировкада драматургик материалга айлансада, асл манбанинг услуби, оҳанги, тили,
колорити, ифодаси сезилиб туради. “Роман инсценировка учун бой материал бериши мумкин,
ҳатто ажойиб романнинг парчалари ҳам оммани мафтун этишга қодир; бироқ
инсценировканинг театр саҳнасида кенг тарқалишига асосий сабаб мавжуд репертуардаги
тақчилликни тўлдиришдир” [1.-б.323]. В.Волькенштейннинг ушбу фикридан насрнинг саҳна
санъати ривожига ижобий таъсир кўрсатишини англаш мумкин.
Наср театрнинг бадиий-эстетик, ижтимоий-ғоявий аҳамиятини кучайтиради, драматик
манбага бўлган эҳтиёжини қондиради, репертуарларнинг шаклланиши ва давр билан ҳамнафас
бўлишига кўмак беради. Бинобарин, инсценировканинг илмий-назарий мезонларини ўрганиш,
наср ва театр алоқаларини тадқиқ этиш театршунослик фанининг муҳим тадқиқот
объектларидан ҳисобланади.
Замонавий ўзбек драматургияси ва театрининг бадиий-ғоявий пойдеворини
мустаҳкамлаш, томошабинларнинг маънавий олами, дунёқарашини бойитишга хизмат қилувчи
саҳна асарлари яратишда насрий адабиётнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода адабиёт ва театр
ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, ўзбек ва жаҳон адабиётининг
сара намуналарини инсценировка қилиш ва саҳналаштириш келгусида ижобий самара беради.
Do'stlaringiz bilan baham: