www.ziyouz.com кутубхонаси
57
Тишимни тишимга қўйиб кучандим. Тош бўлдим! Олам яна аслига келди.
Оғзим лиммо-лим қон бўлди. Сағал хаёлладим, оғзимдан отилиб кетаман-отилиб кетаман,
деди. Қаерга тупуришимни билмадим. Теварак оппоқ, тупурсам, қор қип-қизил бўлади. Кейин,
Қатрон кал қонни кўради...
Менинг кўзим Қатрон калда, Қатрон кал кўзи менда бўлди!
Бўлмади, бўлмади! Оғзимдаги қонни тишим билан қўшиб, ичимга ютиб юбордим! Яна бир
ютиниб, қолган қонларни-да ютдим!
72
Киприк қоқмай, алп-алп одим отиб, Жўра бобонинг оти олдига бордим. Чап қўлим билан эгар
қошидан олиб отландим. Шунда, ўнг қўлим ёмон оғриди...
Жиловни чап қўллаб ушлаб, тўдага юрдим. Ўнг қўлимни қимирлатмадим.
Улоғини бериб қўйган чавандоз кўнгил сўради.
— Қалай, чавандоз, бирон ерингиз лат емадими? — деди.
Кулимсираб, соғ қўлимни силтадим.
— Мижжамга-да келмади. Уст-бошимга сағал қор илашди, — дедим. Ҳамон анграйиб қараб
турган қатрон кал, гапларимни-да анграйиб эшитди!
Зирқ, зирқ! Уҳ, қўлим-а, қўлгинам-а!..
Ўнг қўлимни авайлаб, қўйнимга солдим. Бир оз ором олдим.
Улоқ кўтарилди. Тўда кетидан чопдим. Беихтиёр қўлимни қўйнимдан олдим.
Зирқ, зирқ! Уҳ!..
Улоқ кимда кетди, билмадим. Отлар кетидан шунчаки чопиб бордим.
Қўлимни яна қўйнимга солдим. Жўра бобонинг отини улоққа ниқтадим. Тўриқ зор бўлиб турган
экан шекилли, тўдани ёриб кирди-қўйди! Ич-ичимдан зил кетдим! Энди улоқни қандай
кўтараман?
Нима қилишимни билмай, гангиб қолдим, Бовужуд, бир Саман йўлимизни ёпиб олди. Жўра
бобонинг оти улоққа боролмай қолди.
Шундагина кўнглим тинчиди. Енгил нафас олдим. Саманга қараб, борингга шукур-е, дедим.
Зирқ, зирқ!..
Бошқа вақтлари ана шундай қараб турсам, улоқ мен тарафга келмайди. Келиб-келиб, улоқли
айни шундай вақтда менга қараб юрса бўладими! Мен улоққа зормидим, дардим улоқмиди...
Ана, улоқ келди! Барча қараб турибди. Айниқса қатрон кал!
Мен тишимни тишимга қўйдим. Оғриқ қўлимни улоққа узатдим. Бор кучим билан бутидан
чангаллаб ушлаган бўлдим. Аслида, бармоқларимни улоқ жунларига шунчаки тегизиб турдим!
Зирқ, зирқ!..
Гўё улоқни олиб кетмоқчидай бўлдим. Жўра бобонинг отига айқириб қамчи босдим.
— Ҳа, жонивор-а! — дедим.
Жўра бобонинг оти улоқдан кейинда қолиб кетди.
Мен хўжакўрсинга бош ирғадим! Қамчили қўлимни аламли силтадим. Гўё, ҳай, аттанг-а, омад
кулиб боқмади, дедим. Омаддан нолиган бўлдим.
Зирқ, зирқ!..
Хайрият, хайрият-е, кўпкари соб бўлди!
73
Ўзимизнинг Тарлонни миниб, уйга келдим.
— Чопиб бориб, дўхтирни айтиб келинглар! — дедим. Худойқул дўхтир бир қутича кўтариб
келди. Оғриқ қўлим енгини силкиб тортди.
Мен инграб юбордим!
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |