www.ziyouz.com кутубхонаси
55
Жўра бобо қўл силтаб жавоб берди.
— Бир яхшига бир ёмон ҳар ерда бор. Дарров танидингми? — деди.
— Калладош бўлгандан кейин таниймиз-да... — дедим.
Қабатимдаги биров гапга аралашди:
— Шу, бошқарманинг эски бошлиғими? Ўзим ҳам айтдим-а, бир гап бор деб.
— Нима бўпти?
— Кал деганимни кўнглингизга олманг-у, Зиёдулла чавандоз, бу калнинг юзи қурсин! Ана,
халқнинг қарғиши урди!
— Индамагин калга — ўзи келар ҳолга, дейдилар.
— Отангизга раҳмат. Ана, кўчада итдай тентираб қолди.
— Нима сизларга-да келиб эдими?
— Эҳа, сиз сўраманг, мен айтмайин! Отларни қийратиб кетди! Шу тўй хўжаси ошнаси бўлади,
буниям оти қолмади! Бечора ўшанда оти кетидан йиғлаб қолди! Кал энди тўйига келиб
ўтирибди! Билмайман, қайси юз билан келди. Ўзи, калласи билан юзининг фарқи йўқ экан...
— Унга ўзи отни ким берди?
— Ўзи сўради. Ўзи дир-дир қалтирайди, ботинкасини ботинкасига уради. Ғирт маст!
Ҳожиқулбой ҳам боплади! Ҳурмат қилган бўлиб, бир эшакдай отни ўнглади. Сиз каттасиз,
яқинроқдан бориб кўпкарини назорат қилиб туринг, деди. Бечора ишониб, кўпкарига
раҳбарлик қилгани келди.
— Отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди...
Чавандозлар отини зўр бериб ниқтади, сағрисига қамчи босди. Ҳайқириқлар бериб, улоққа
чорлади.
Баковул тўдани айланиб, ҳайбаракаллачи бўлди:
— От қўй! Ҳа, от қўй!
Қатрон кал, ҳайқириб чорлаётган чавандозларни тартибга чақириб турди:
— Шовқин, ўртоқлар, шовқин! Шовқин камроқ бўлсин! — деди.
Бир чавандоз оти улоққа бора бермади. Шунда чавандоз отини қамчи остига олди.
— Ҳе, падар лаънати! Мана, бўлмаса, мана! — деди.
Қатрон кал чавандозга огоҳлантириш берди:
— Сўкинманг, ўртоқ чавандоз! Бу ер жамоат жойи! — деди.
Чавандоз эшитмади.
Аммо баковул эшитди. Қатрон калга хўмрайиб-хўмрайиб қаради.
— Кал ўзини овутар — қўлтиғини совутар, дегани шу-да — дея тўнғиллади.
70
Биродарлар, кўнглимда армон болалади!
Тарлон яхши бўлса эди, улоққа солардим... Қатрон калга бир кўрсатиб қўярдим...
Жўра бобонинг Тўриғи гижинглади. Жиловни силкиб, улоққа талпинди. Тўриқ улоқ айиргиси
келди! Бундай вақтда отни йўлдан қайириш инсофдан бўлмайди. Отни сувга олиб бориб, қуруқ
қайтариб келиш бўлади. Оқибат, от ёмон ўрганади. Улоқдан, чавандоздан кўнгли қолади.
Жўра бобонинг Тўриғи жиловни тағин силкиди. Шунда, тўдага солдим.
Улоқни бир саман Бурноч билан баравар олиб чиқдим! Саман Бурноч абжирроқ бўлди, йўлини
буриб солди.
Улоққа ушлашиб бора бердим. Бир маҳал қўлим совуққа қотиб, улоқдан чиқиб кетди.
Шундай бўлса-да, Жўра бобонинг оти Бурночдан қолмай чопди. Улоқ билан орамиз бир
қулочча бўлди. Кетимиздан отлар чопиб келди. Бундай вазиятда улоққа узалиш қалтис бўлади.
Боиси, кетимиздан келаётган отлар абжирроғи орамизга ёриб киради, узалган қўлни синдириб
юборади...
Шу боисдан улоққа қўл узатмадим. Жўра бобонинг отини буриб кетдим.
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |