www.ziyouz.com кутубхонаси
180
қанчалаб арчаларнинг илдизи очилиб ётар ва бир талайи уй баравари палахсаларнинг тагида қолганки,
уч-учлари мўралаб чиқиб турарди. Жарлик тубида камсувли булоқлар ҳам бор — уларни атрофида ғуж-
ғуж ўсган қиёқларга қараб билиш мумкин эди.
Жарликнинг тупроғи қизил, шу жиҳати билан ҳам у атрофдан фарқланиб туради.
Машина ўрлаб борган қирда арчалар паст бўйли эса-да, тиғиз ва ўта яшил эдики, лоф бўлсаям
кўнгилга бир гап келарди: шу арчаларнинг остидан бир яшил нур таралиб турса керак-ов.
Бу жарликнинг Мансурга ёқишига яна бир сабаб — шу ерда тубжой тулкиларнинг тез-тез учраши ва
терисининг-да жуда қизғиш экани эди. Ҳамда ўта шайтонлиги эдики, унинг наздида, бу ернинг
тулкисини отиб олиш мумкин эмасдек эди: шундоқ носвой отиб ўтирибсан-у, уч-тўрт қадам наридаги
тош ё бута би-қинидан тулкивойнинг мўралаб, киприк қоқмай турганини кўрмайсан. Кўрганингдан
кейин ҳайрон қоласан-у, ёнингда милтиқ бўлса, унга қўлинг аста узалади. Аммо милтиқни олишинг
ҳамон ҳайвон турган еридан ғойиб бўлиб қолади.
Машинадан тапир-тупир тушишаркан, Мансур қафасини кўрпачага ўраб кўтариб, Абулқосимга
узатди.
— Очма устини... Бир жойга қўйгандан кейин сайрашини кўрасан.
— Биламан.
Мансур ҳам пастга тушгач:
— Фермер жаноблари, энди рухсат этасиз-да, Қорақошни бир сайратамиз, — деди.
— Хоҳлаган бутангизнинг тагига қўйинг... Анави ёлғиз арча тузук, атрофга кўриниб турибди, —
деди Ўтбосар. — Биз мана бу айри арчанинг тагида ўтирамиз... Э, қаерда ўтиришнинг фарқи йўқ-ку!
— Ҳа, ҳа, — деди Мансур. — Ёввойиларнинг сайрашини эшитсак бўлди-да.
— Ана, кўкаламда ўтирамиз, — таклиф қилди Шотўра муаллим. — Курситошлари ҳам бор экан. Ҳе,
кул ҳам бор-ку? Мансур, ўтирганмисан дейман шу ерда?
— Э ака, бизнинг маккамиз мана шу ер эди, — дея энди қафасни ҳалқасидан кўтариб, Ўтбосар
кўрсатган ёш арча томон йўналди Мансур. — Тавба! Ўтбосар, айтган арчангни қара! Ўлай агар, ўзим
ҳам қачон келсам, Хойин бекани шунинг остига қўярдим. Қандай билдинг-а? Қойилман. — Икки қадам
босгач, таққа тўхтади. — Биродарлар, онт ичаманки, шу жонивор жўжалигида шу ерда тузоққа
туширилган. Кечагидай эсимда... — У чиндан ҳам ҳайратланиб ҳамроҳларига бир-бир қаради.
Унинг бу қадар ҳайратга тушишининг боиси шу эдики, уни ўзидан ҳам яширмоқчи бўлар, шунинг
учун эслашни ҳам истамас, гўё шароитга қараб таваккал иш тутадигандек эди.
— Шошма, шунингни бир томоша қилай, — дея йирик-йирик қадам ташлаб яқинлашди мусиқа
муаллими. Ва кўрпасини кўтарди. — Вой, гижинглаган тойга ўхшайди-я! Унинг типирчилашини
кўринглар... Ҳе, аблаҳ, Хойин... — Мансурга тикилди. — Номиниям топиб қўйгансан. Хойин бека. —
Кейин қаддини тиклаб, хаёлчан кулимсиради. — Шу ўзининг хоинлигини билармикан-а?
Сотқинлигини?.. Сайраб, ёввойи шерикларини тузоққа тушириб...
— Билмайди, — дея Ўтбосар ҳам қафас қошига келди. — Бултур мелкачка билан иккита какликни
отдим. Бирини урдим, типирчилаб қолди. Иккинчиси унга сал қараб турди-да, тағин донлайверди. «Ўл
сен ҳам!» деб униям отдим... — Кейин ҳиринглаб кулиб, жамоага бокди. — Брулер товуқлари ярадор
бўлган, бирон жойи қонаган шерикларини чўқиб еб қўйишади-.а?
— Ҳа, уларнинг организмига қандайдир модла етишмас экан, — деди директор муовини. — Ўша
шерикларининг қони билан этидан олармиш ўша модда-ни.
— Ҳе, уларни гапирманглар, — деб чекинди муаллим. — На отасининг тайини бор, на онасининг.
Киштиниям билмайди, пиштниям... Инкубатордан чиққан манқурт-да! Ҳолбуки, ҳолбуки, жўралар,
масалан, очиб чиқишига яқин қолган жўжалар тухумнинг ичида туриб, қирғийдан қўрқади.
Америкаликлар аниқлаган: қирғий қийқилласа, жўжа писиб қолар экан. Чунки, онасининг ҳалигидай
товушидан хавфни сезаркан.
— Лекин мен бир нарсани кузаттанманки, — дея қўлларини белига тираб сўзлади Ўтбосар. —
Қаерда бир гала каклик қўниб турган бўлса-ю, нохос устига бориб қолсангиз, учгани шундай қанот
қоқадики, чўчиб тушасиз. Нимага?
— Биринчидан, сизни_ қўрқитиш учун, — деб жилмайди Абулқосим. — Йўқ, ака... Биринчидан, ўзи
қўрқиб кетгани учун. Иккинчидан, шерикларини огоҳлантириш учун.
— Билар экансан, — деди Ўтбосар. — Демак, каклик қирғинларида бўлгансан?
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |