www.ziyouz.com кутубхонаси
62
олмоқчи бўлганми? Наҳотки, бу қиз Ойшахоннинг ўзини дарёга ташлаганини ҳам билса?
Ойшахон Розиянинг кўзларида ёниб турган оловга тоб беролмади. Нигоҳини Розиядан олиб, тез
Сатторга қаради. Бироқ Сатторнинг кўзларида ҳам худди шундай олов ёнмоқда эди. Ойшахон
эрини ҳеч вақт ҳозиргидай ўтли бир қиёфада кўрган эмас. Саттор Розияни кўргандан бери
бутунлай ўзгариб қолганини Ойшахон ўз кўзи билан кўриб турибди!
Шу пайт Саттор яна Розияга юзланди. Сирдош кишилар орасидагина бўладиган нозик бир
туйғу билан:
— Эртага Москвадан Максимич келадиган, — деди.
— Максимич? Метронинг иши билан-а?
— Ҳа, меъморчилар метро станцияларининг эскизларини чизишяпти. Қурилиш
бошланишидан олдин тайёргарлик ишлари жуда кўп бўлади-ку. Шунинг ҳаммасига Максимич
Москвадан мутасадди қилиб тайинланибди.
Москвада ўн саккизинчи қаватда бўлган ўтириш, ўшандаги масъуд дамлар, яхши тилаклар,
Саттор қадаҳ кўтариб айтган орзулар ҳаммаси бирдан Розиянинг ёдига тушди. Қани бу
орзуларнинг амалга ошгани? Максимич хотинини олиб келса Саттор билан Розия уларни қайси
уйларига таклиф қилишади? Ҳаёт билан орзунинг орасига тушган тоғлар Саттор билан Розияни
умрбод бир-биридан айириб қўядигандай туюлди.
...Розиянинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Саттор бунинг сабабини сезиб, юраги эзилди:
— Агар... у одам сизни сўраса... нима дейман, Розия?
Бу саволда «Наҳотки ўша орзулардан бутунлай воз кечсак?» деган маъно бор эди. Йўқ,
Розия умидини узмоқчи эмас. Ҳамма нарсадан қатъи назар, дийдор кўри-шиб туриш ҳам унга
ғанимат туюлди.
— Мени сўраса, ўзимга хабар беринг, — деди Розия. — Телефон бор-ку.
Саттор билан Розия яқин орада яна учрашишлари муқаррарлигини сезган Ойшахон
аламидан дод деб юборгиси кедди. Аммо Саттор унга бутун ҳақиқатни айтган ўша даҳшатли
кун эсига тушди. Саттор ундан ҳеч нарсани яширган эмасди-ку. Ҳозирги аҳволга Ойшахон ҳам
сабабчи экани унинг ўзига энди сезилди. Саттор билан Розия астойдил истасалар, ҳозир ҳам
Ойшахонни зор қақшатиб, бир-бири билан топишиб кетишлари мумкин эмасми?
— Тўхтатинг! — деди Ойшахон тўсатдан ҳайдовчига. — Биз келдик!
Машина илгариги Қашқар маҳалласининг ўрнига тушган баланд уйлар қаршисида тўхтади.
Розия улар билан хайрлашаётиб, Сатторга кўзлари мўлтираб қараганини Ойшахон кўриб қолди.
Саттор бошқа аёл билан яшаши Розияни қанчалик ўрташини сезиб, Ойшахоннинг қалбидаги
алам сал пасайди.
Саттор хомуш. У Ойшахон билан уйига бораётган бўлса ҳам, бутун ҳаёли, фикри Розияга
эргашиб кетган эди. Ойшахон буни сезиб, аввал хўрлиги келди. Сўнг Саттор бутун оғирликни
ўзига олиб, уни янги уйга кўчиртириб келганини, суйган ишига киритиб қўйганини ўйлади-ю
яна ҳовуридан тушди. Кечқурун газ ёниб турган бежирим ошхонада чой ичиб ўтирганларида у
Сатторга қўрқа-писа кўз ташлади-да:
— Сатторжон ака, мунча жимиб қолдингиз? — деди. — Нимани ўйлаяпсиз?
— Билгинг келдими?
— Ҳа.
— Эрк деган нарсани ўйлаяпман.
— Эрк?
— Ҳа. Оналар боласини, «эркам» деб суяди. Кексалар «юртингта эрка бўл» деб дуо қилади.
Шунга қараганда, эрк азалдан жуда тансиқ экан-да.
— Лекин ўзига жуда эрк бериб ёмон йўлга кириб кетган тантиқлар ҳам бор...
— Ҳамма нарсанинг ортиқчаси одамни бузади. Лекин мен буни айтаётганим йўқ... Офтоб
ҳаммага баробар нур сочади. Лекин ҳар бир тирик жон бу нурдан ўз кучига яраша баҳра олади.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |