45
Демак, тил – табиий организм эмас, балки у ижтимоий ҳодиса. Тиллар шу тиллардан
фойдаланувчи жамият билан, халқ билан бирга пайдо бўлади ва тараққий қилади. Тил йўқ
бўлиши, «ўлиши», алоқа қуроли сифатида қўлланмаслиги мумкин, агар шу тилнинг эгаси
бўлган жамият, халқ йўқ бўлса ёки бошқа тилга ўтса, бошқа тилни алоқа қуроли сифатида
қабул қилса. Бинобарин, у - тил алоқа қуроли сифатида ўз вазифасидан бутунлай «озод
бўлади».
А.Шлейхер таълимотида натурализмдан ташқари яна тилнинг «ҳаёти» ва
тараққиётидаги икки давр ҳақидаги муваффақиятсиз, асоссиз фаразлар, ғоялар ҳам бўлган.
Яъни А.Шлейхер тил ҳаётида икки даврни ажратади; 1) тараққиёт даври (тарихгача бўлган
давр) ва 2) инқироз даври (тарихий давр). Аниқроғи, у тилнинг «ҳаётини», тараққиётини 1)
тилларнинг ривожланиш даври ва 2) тилларнинг инқироз даври каби икки асосий даврга
бўлади.
Тиллар тараққиётига, уларнинг «ҳаётига» бундай қараш аслида натурализм таълимотидан
келиб чиқади. Қолаверса, у В.Гумбольдт каби тилларнинг тараққиётини инсон руҳи,
психикаси билан боғлайдии «Тарих ва тил... - бу инсон руҳининг бирдан-бир алмаштириб
турадиган фаолиятидир», дейди.
Хуллас, А.Шлейхернинг тилнинг икки даври ҳақидаги таълимоти, яъни тилнинг
тараққиёти унинг инқирози, таназзулидир, деган ғояси қатор тилшунослар томонидан танқид
остига олинди.
А.Шлейхер, унинг айрим хато ғояларига қарамасдан, ўз даврининг буюк тилшуноси эди.
Унинг умумий ва қиёсий – тарихий тилшунослик тараққиётидаги, тилшунослик тарихидаги
хизматлари ниҳоятда каттадир.
А.Шлейхернинг лисоний таълимоти, асосан, ҳаққоний, материалистик эди. У ўзининг
«Қиёсий – лисоний тадқиқотлар» ва «Немис тили» асарларида тил ва тафаккурни диалектик
муносабатда олиб, тилни «талаффуз қилинган товушлар орқали фикр ифодалаш» деб
таърифлайди. «Тил бу фикрнинг товуш орқали ифодаланишидир», дейди. Айни фикрлардан
тил ва тафаккурнинг ўзаро боғлиқлиги, «бир бутунлиги», ажралмас муносабатда эканлиги,
шунингдек, товушнинг моддий ҳодиса сифатида тил ва нутқнинг материали, моддий асоси,
моддий «қуввати» эканлиги каби фикрлар, хулосалар келиб чиқадики, бу ўз даври учун
юкасак, илғор ғоялар эди.
А.Шлейхернинг ўз таълимотида тилни жонли организмга тенглаштириши аслида тилни ўз
тузилишига (структурасига) эга бўлган объект - система сифатида тушунишга, шундай
фикрнинг қарор топишига имкон беради, тилни система ва структура деб тушунишга хизмат
қилади. Шунингдек, ҳинд – Европа тилларининг шажара дарахти схемасининг яратилиши
ҳамда тилларнинг морфологик таснифининг ишлаб чиқилиши ҳам Шлейхер номи билан,
унинг лисоний таълимоти билан боғланади.
Хуллас, А.Шлейхер таълимотида, айтилганидек, хато ғояларнинг, қарашларнинг
мавжудлигига қарамай у ва унинг издошлари – натурализм йўналиши, натурализм мактаби
тилга табиий – материалистик қарашни, ғояни олиб кирди ва тилшуносликда тил ўз
тузилишига (структурасига) эга бўлган қисмлардан иборат бир бутун объектдир –
системадир, деган ғоянинг қатъий қарор топишига, тасдиқланишига хизмат қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: