www.ziyouz.com кутубхонаси
63
қўйди.
— Ҳаммасига тушунаман. Оғир, жуда оғир. Бироқ менга ҳам... Ўзганинг фарзандига она
бўлишдек оғир иш йўқлигини биламан.
Хотин юрагини тўлқинлатиб турган фикрларни айтиш учун сўз тополмади. Хўрсинди.
Дарҳақиқат, она ўз боласини шўхлик қилганда уришади, вақти келганда жазо беради. Аммо
ўзганинг боласига шундоқ қилиб бўладими. Уларга оналик қобилиятининг энг нозик
воситалари билан ёндашмоқ керак.
Ўгай оналар ҳақида эл оғзига тушган турли-туман латифалар, чидаб бўлмас таъналар
тушунчамизга елим-дек ёпишиб қолган. Бу муносабатлар ҳамон улар хизматини камситиб
келади.
Қундузхон кечки овқат вақтида ҳам хомуш ўтирди. Ечиниб ўрнига ётаркан, томоғини бўғиб
келаётган алам ва изтиробни қайтармоқчи бўлиб ҳарчанд уринса ҳам бўлмади. Бегона хотинни
она деб аташга тили бормас, бунга уни мутлақо ҳуқуқсиз деб биларди.
Қўшни хонада чироқ ўчди. Девордаги соат ўн бир марта занг урди. Хотин ҳамон ухлолмай,
уй ичида куймаланиб юрарди. Лоланинг ижирғаниб йиғлаган овози эшитилди. Яна чироқ ёнди.
— Вой, қизим, иситманг бор-ку. — Бу хотиннинг овози эди.
Қундуз шошиб, ёстикдан бош кўтариб, қулоқ солди. Шкаф эшикчаси ғийқиллаб очилди. Оёқ
товуши. Лола ҳамон инграрди.
Қундуз қия очиқ эшикдан қўшни хонага қаради. Хотин Лоланинг қўлтиғига қўйган
термометрни олиб чироққа солиб қаради-да, уни бир силкиб стол устига қўйди. Лоланинг
каравотчасига энгашиб, унинг кўз милкларини йириб кўрди ва уни кўтариб, уйнинг у бошидан
бу бошига юра бошлади.
Қундуз ўрнига келиб ётди. Ўзганинг фарзандида ўзига нисбатан фарзандлик ҳиссини
қўзғатолган хотинга юрагининг аллақаерида муҳаббат учқуни йилт этиб кетганини сезмай
қолди.
Кўзини уйқу босди.
Дадаси ишдан кеч қайтди. У иш кийимини ечиб, болаларини уйғотиб юбормаслик учун оёқ
учида юриб Лоланинг каравоти тепасига келиб энгашди.
— Қундузхон келди.
— А?! — У хотинининг кўзига қаради.
Унинг бу қарашида уч маъно бор эди. Бири, кўпдан соғинган қизини кўришга шошилиш,
иккинчиси, севган онасидан ажралган қизнинг изтироби ҳолатини кўришга юраги дов
бермаслик, учинчиси ўгай онага бўлган муносабатда бирон кўнгилсизлик бўлмаганмикин деган
шубҳа эди.
— Ухлаяпти, — деди хотин у ётоқ эшигини очаётганида, — безовта қилмай қўя қолинг,
чарчаб келган, ухласин.
У овоз чиқармай бир йўталиб олди-да, ичкари кирди. Стол устидаги кўк абажурли чирокдан
Қундузхоннинг юзига ҳавойи бир нур тушиб турарди. «Онасининг ўзи, кўзи ҳам, юз
тузилишлари ҳам худди онаси...» дея дилидан ўтказди ота.
Эр-хотин аллавақтгача ухлаёлмади. Эр тез-тез папирос чекар, хотин эса Лоланинг тепасидан
нари кетмасди.
Қундузхон уйғонганда, дадаси катта тошойна олдида юзига совун кўпигини суриб, соқол
олаётган эди. У апил-тапил кийиниб дадасининг олдига чиқди.
Ота ойнадан қизининг аксини кўриши билан қўлидаги буюмларини ташлаб, уни бағрига
босди.
Қундуз, гўё шу икки йил ичида ҳеч қандай воқеа бўлмагандек, ўзини қувноқ тутди.
— Қизим, дадангдан хафа эмасмисан?
— Нега хафа бўлай, жуда тўғри қилгансиз...
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |