Тугамайдиган ресурслар. Бундай ресурсларга шартли равишда коинот, иқлим ва сув
ресурсларини киритиш мумкин. Коинот ресурсларига қуёш радиацияси, денгиз сувларининг
тўлқинланиш энергияси ва шу кабилар киради. Улар деярли тугамайди ва уларни муҳофаза
қилиш(масалан, қуёшни) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун объект бўла олмайди. Чунки
инсоният бундай имкониятга эга эмас. Аммо, қуёш энергиясининг ер юзи бўйлаб тарқалиши
атмосфера холатига, унинг ифлосланганлик даражасига боғлиқ. Бундай омилларни эса
инсоният бошқара олади.
Иқлим ресурслари. Атмосфера иссиқлиги ва намлиги, ҳаво, шамол энергияси деярли
тугамайди. Лекин, атмосфера турли механик қўшимчалар, саноат корхоналари ва транспорт
воситаларининг турли газлари, ҳамда радиоактив моддалар билан ифлосланиши натижасида
сезиларли даражада унинг таркиби ўзгариши мумкин. Ҳаво мусаффолиги учун курашиш бу
табиий ресурсни ҳимоя қилишнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Сув ресурслари умуман биосфера учун тугамайдиган ресурслардир. Бироқ, чучук
сувнинг захиралари ва миқдори ер юзининг турли қисмларида кескин ўзгариб туради. Дарё
ва кўл сувларини камайиши билан боғлиқ чучук сув етишмовчилиги ҳамда сувларни
ифлосланиши ҳозирги кунда сезиларли даражада тезлашди. Шунинг учун чучук сув сарфи
ва тозалиги устидан назоратни кучайтириш лозим. Амалий жихатдан Дунё океани сувлари
тугамайдиган ресурслар ҳисобланади. Аммо, уларга нефть маҳсулотлари, радиоактив ва
бошқа чиқиндиларнинг тўкилиши хавф солмоқда. Бу хол ўз навбатида океан сувларида ҳаёт
кечирувчи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг яшаш шароитларини ўзгартириб юбормоқда.
Инсоннинг табиатга ва табиий ресурсларга таъсир кўрсатиш шакллари.
Жамиятнинг табиатга таъсири тўғридан-тўғри ва яширин холатда бўлиши мумкин.
Тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш деганда инсонларни табиатга очиқдан-очиқ таъсири
тушунилади. Ер ости қазилмаларини қазиб чиқариш, ўрмонлардан фойдаланиш кабилар
табиатга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш оқибатларидир. Масалан, қазилма бойликларни
қазиб олиш нафақат ҳаракатдаги шахталар, рудниклар, каръерлар ҳудудидаги
биогеоценозларни бузилишига, балки қўшни табиий ҳудудларнинг гидрогеологик
режимини бузилишига ҳам олиб келади. У жойларда махаллий қурғоқчиликни содир
бўлишини тезлаштиради, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини ўзгартириб юборади,
тупроқларда кечадиган сув таъминоти билан боғлиқ бўлган жараёнларни бузилишига олиб
келади ва хакозо. Кўп холларда корхоналар у ёки бу маҳсулотни ишлаб чиқариш вақтида
ҳосил бўлган оқава сувларни тозаламасдан очиқ сув хавзаларига оқизиши натижасида
балиқлар ва улар учун овқат ҳисобланган майда ўсимлик ва микроорганизмлар нобуд
бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |