Жадидчилик ҳаракати ва миллий уйғониш
Жадидчилик ҳаракати баъзи-бир тарихга оид адабиётларда айтилганидек, “олдин маданий-маърифий ҳаракат бўлиб, кейин ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ўсиб ўгани” йўқ. У ўз табиати мақсад ва моҳиятига кўра, дастлабки кунданоқ, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва ислоҳотчилик ҳаракати бўлган.
Исмоилбек Гаспирали 1893 йилда Тошкентга келади ва зиёли уламолар билан учрашади. Самарқандда бўлади. У ердан Бухорога бориб, амир Абдулаҳадни жадид мактаби очишга кўндиради ва бу мактабга “Музаффария” деган номни беради. Жадидчилик ғояси Туркистонда XIX аср 80-йилларининг иккинчи ярмидан бошлаб тарқалиб, шу асрнинг 90-йиллари – XX асрнинг бошлари оралиғида мунтазам ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракат сифатида шаклланди.
Жадидчилик ҳаракати асосан икки даврга бўлинади: 1) XIX асрнинг 90-йилларидан – 1917 йил февралгача; 2) 1917 йил февралдан – 1929 йилгача. Биринчи даврнинг ўзи уч босқичга бўлинади: 1) Жадидчилик ғоясининг пайдо бўлиши ва мунтазам уюшган ҳаракат шаклига эга бўлиши (XIX асрнинг 90-йиллари – 1905 йил); 2) Жадидчилик ҳаракатининг нисбатан тез ва қаршиликсиз ривожланиши (1905-1909 йиллар); 3) Жадидчиликнинг чоризм томонидан озодлик, демократик ва инқилобий ҳаракатларга қарши курашни кучайтирган даврдаги ривожланиши (1909-1916 йиллар). Иккинчи давр ҳам воқеалар ривожланишига қараб уч босқичга бўлинади: 1) 1917 йил феврал-октябр; 2) 1917 йил ноябрь – 1924 йил; 3) 1925-1929 йиллар.
Жадидчилик ҳаракати, шу вақтгача Ислом дунёсида сира ҳам кўринмаган илғор ва тезкор ўқитиш “Савтия” (товуш) усулига асосланган жадид мактаблари ташкил топишидан бошланди. Бу мактабларда болалар бир йилда савод чиқариб, мукаммал ўқиш ва ёзишни ўзлаштиради.
Жадид мактабида диний ва дунёвий таълим-тарбия ҳамда илм ўзаро уйғунлаштирилди. Болалар қулай парталарда ўтириб, харита ва расмлар ёрдамида тез савод чиқарди ва диний – дунёвий илмларни ўрганди. Жадид мактабларида Қуръони-карим, математика, география, она тили, рус, араб тиллари, ашула ва ҳатто жисмоний тарбия ўқитила бошланди.
Жадид мактаблари тўрт (бошланғич) ва етти йиллик эди. Масалан, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг етти йиллик мактабини битирган ёшлар дунёвий илмларни, рус тилини яхши ўзлаштирган ҳолда жадид мактабида ўқитувчи, масчитларда имом бўлиш, мадраса ва ҳатто, хориждаги дунёвий олий ўқув юртларида ўқиш, савдо ва бошқа корхоналарда котиб бўлиб ишлаш малакасига эга бўлганлар. Бундай етти йиллик мактаблар Тошкентдан ташқари, Қўқон, Самарқанд каби йирик шаҳарларда ҳам очилади.
Жадид мактаблари пуллик эди. Ҳар ойига ота-оналар баҳоли қудрат, эллик тийиндан бир ярим сўмгача пул тўлаганлар. Бу ўринда ҳар ота-она ўзларининг бойлик ва камбағаллик даражаларини шариат асосида белгилаб пул берадилар. 35 фоизгача камбағал ва ночорларнинг болалари текин ўқитилган. Ўзига тўқ оилалар эса ўз ҳоҳиши билан уч сўмдан ва ундан ҳам кўп пул берган. Булардан ташқари жадидларнинг ўзлари ташкил этган хайрия жамиятлари ҳам жадид мактабларини маблағ билан таъминлаб турган.
Мактаб очган жадидлар дастур, қўлланма ва дарсликларни ҳам ўзлари яратдилар. Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал”, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Адиби аввал”, “Адиби соний”, “Тажвид” (Қуръонни қироат билан ўқиш усулига оид қўлланма), “Ҳавойижи диния” (Шариат қонунлари тўплами), “Ёр юзи”, “Усули ҳисоб”, “Тарихи анбиё”, “Тарихи ислом”, Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим” ва “Иккинчи муаллим”, “Туркий гулистон ёҳуд аҳлоқ”, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Қисқача умумий география”, “Болалар мактуби”, “Исломнинг қисқача тарихи”, “Амалиёти ислом”, “Аҳоли географиясига кириш”, “Россиянинг қисқача географияси” ва бошқалар шулар жумласидандир.
Олий таълимга замин яратиш учун, жадид мактабларида дунёвий илмлар ўқитилди, хорижга ёшлар ўқишга юборилди. Дунёвий ҳозирги замон олий ўқув юрти – университетга асос солишга жадидлар фақат 1918 йилда Мусулмон халқ дорулфунунини ташкил этиш билан муваффақ бўлдилар.
Умуман, жадидлар жуда қисқа вақт ичида бутунлай янги яъни, жадид халқ маорифи тизими яъни, ҳозирги замон халқ маорифи тизимига асос солдилар.
Жадидчилик ҳаракатининг иккинчи бир муҳим фаолияти миллий матбуот ва журналистикасига асос солиш бўлди.Тошкентда Исмоил Обидий “Тараққий” (1906), Мунавварқори Абдурашидхонов “Хуршид” (1906), Абдулла Авлоний “Шуҳрат” (1907), Саидкарим Саидазимбоев “Тужжор” (1907), Аҳмаджон Бектемиров “Осиё” (1908), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев “Садои Туркистон” (1914-1915) газеталари, шунингдек, Абдураҳмон Содиқ ўғли (Сайёх) “Ал-Ислоҳ” (1915) журналини нашр этишга муваффақ бўлдилар. Самарқандда эса Муҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” русча (1913) газетаси ва “Ойна” (1913-1915) журналини, Қўқонда Обиджон Маҳмудов “Садои Фарғона” (1914) газеталарини чиқарди. Бу газета ва журналлар доимо маҳфий полиция “охранка”нинг айғоқчилари кузатуви, таъқиби остида бўлди.
Жадид матбуоти 1917 йил февралда рус подшоси тахтдан ағдарилгач, янада ривожланди. Жуда қисқа вақт оралиғида февралдан октябргача Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов “Нажот” (1917 йил март), А. Баттол “Шўрои ислом” (1917 йил май), Абдулла Авлоний “Турон” (1917 й.), Аҳмад Заки Валидий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Кенгаш” (1917 йил июнь), “Улуғ Туркистон” (1917 йил), Қўқонда Бўлат Солиев “Эл байроғи” (1917 йил сентябрь) газеталарини, Ҳ.Ҳ. Ниёзий “Кенгаш”, Ашурали Зоҳирий “Юрт” (1917 йил июнь) журналларини, Самарқандда эса Шоҳмуҳаммадзода “Ҳуррият” (1917 йил апрель) газеталарини чоп этдилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919), Саидаҳмад Сиддиқий Ажзий (1864-1927), Васлий Самарқандий (1869-1925), Мунавварқори Абдурашидхонов (1878-1931), Абдулла Авлоний (1878-1934), Тўлаган Хўжамёров-Тавалло (1882-1939), Сидқий Хондайлиқий (1884-1934), Аваз Ўтар ўғли (1884-1919), Муҳаммадшариф Сўфизода (1869-1937), Абдурауф Фитрат (1886-1938), Садриддин Айний (1878-1954), Абдулвоҳид Бурхонов (1875-1934), Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929), Абдулла Қодирий (1894-1938), Абдулҳамид Чўлпон (1897-1938) ва бошқалар шулар жумласидандир.
1917 йилги октябрь тўнтарилишигача драматургия соҳасида ўттиздан ортиқ драма, трагедия, комедия асарлари ёзилган ва уларнинг кўпчилиги театрларда саҳналаштирилган. Ўзбек жадид драматургияси ва театрига илк бор асос солган Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлди. Унинг “Падаркуш” драмаси биринчи бор 1914 йил 27 февралда Тошкентдаги “Колизей” театрида қўйилиши катта маданий-маърифий воқеа бўлди. Бу кун ўзбек театрига асос солинган сана сифатида тарихга кирди.
Тошкентда 1909 йилда “Кўмак”, 1913 йилда «Дорилу ожизин», Бухорода 1910 йилда “Тарбияи атфол” хайрия жамиятлари ташкил этилади. Уларнинг олдига қўйилган асосий мақсад сармоя топиб, жадид мактабларига ёрдам бериш ва иқтидорли ёшларни Туркия ва бошқа хорижий мамлакатларга ўқишга юборишдан иборат бўлди.
“Кўмак”нинг таъсисчилари Мунавварқори Абдурашидхо-нов, Низомқори Ҳасанов, Абдулла Авлоний, Башарулла Асадуллахўжаев ва Тошхўжа Туёқбоевлар бўлди. Бу ва “Тарбияи атфол”нинг ёрдамида 1911 йилда 15 та, 1912 йилда 30 та туркистонлик иқтидорлик ёшлар Истанбулда ўқиганлиги ҳақида маълумот бор.
Тошкентда Мунавварқори, Абдулла Авлоний ва бошқалар 1911 йилда ташкил этган кўп тармоқли “Турон” номли жамият совет ҳокимиятининг дастлабки йилларигача самарали фаолият юритади. Унинг қошида театр труппаси (1913 йил), “Турон” номли кутубхона ва нашриёт (1913 йил) ҳам ташкил этилади. Булар бутун Туркистон бўйлаб маърифат ва зиё, илм-фан тарқалиши, китоб чоп этиш ва босмахона ишлари ривожланишига катта ҳисса қўшдилар.
Қўқонда “Ғайрат” (1913 йил), Самарқандда “Зарафшон”, Тўрақўрғонда (Наманган вилояти) “Кутубхонаи Исҳоқия” (1908 йил) номли кутубхоналар ташкил топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |