Хива хонлигининг Россия империяси томонидан босиб олиниши
Россия империяси доиралари Туркистон генерал-губернаторлигини ўзининг Ўрта Осиёдаги ҳарбий режаларини амалга ошириш учун таянч марказига айлантириб, бу сафар истило режасини Хива хонлигини тўла бўйсундиришга қаратдилар. Империя ҳукмрон доиралари хотирасидан 1717 йилги Бекович-Черкасский қўшинининг ҳалокати ва 1839 йилдаги Перовский юришининг барбод бўлганлиги ҳали кўтарилмаган.
Хива хонлиги мустақиллиги билан мустамлакачиларга жиддий хавф солиб турар эди. У минг йиллардан буён давом этиб келаётган қадим Хоразм давлати тимсоли сифатида ҳам Россия империяси учун хавфли кўринди. Россия империяси ўз тасарруфидаги қозоқларни озодлик курашига рағбатлантириб турган Хива хонлиги эканлигини ҳам яхши биларди. Қозоқларнинг миллий-озодлик курашига раҳбарлик қилган Кенесари Қосимов Хивадан доимо мадад олиб, ўн йил давомида Россияни безовта қилиб келаётганлигини ҳам унутмадилар. Масаланинг сиёсий томонидан ташқари, империя бутун Туркистон ўлкасидаги тижорат ишларини ҳам батамом ўз қўлига олишни мақсад қилиб қўйган эди. Каспий денгизининг шарқий соҳилларидан Туркистон шаҳарларига олиб борувчи барча савдо йўллари эса Хива хонлиги ҳудудларидан ўтар эди.
1872 йил охирларида ҳарбий вазир бошчилигида С.Петербургда Туркистон, Оренбург генерал-губернаторлари ва Кавказдаги подшо ноиблари иштирокидаги махфий кенгашда Хива хонлигини босиб олишга қарор қилинади. Генераллар режасига кўра, Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли кучлар шарқдан, Оренбург губернатори ва Кавказ ноиблиги ихтиёридаги ҳарбий кучлар эса ғарбдан ва шимоли-ғарбдан Хива устига юришлари керак эди.
Империя томонидан келаётган уруш хавфини Хива хонлигида ҳам яхши англаб етишган эди. Муҳаммад Раҳимхон II (1865—1910) 1872 йилда Ҳиндистон вице-қироли ҳузурига элчи жўнатиб, империя таҳдидига қарши Англиядан мадад сўраган эди. Хоннинг элчиси Аминбой Муҳаммад ўғли Калькутта шаҳрида лорд Норсбрук билан музокаралар олиб борди. Англиянинг хукмрон доиралари Хива мустақиллигини сақдаб қолишдан манфаатдор бўлсалар ҳам, Россия билан очиқ, тўқнашувдан хавфсирар эдилар. Лондон ўзининг бой мустамлакаси бўлмиш Ҳиндистонга Россия таҳдид солишидан ва Афғонистондаги мавқеига Россиянинг жиддий хатар етказишини ҳисобга олиб, Хивага ёрдам кўрсатмаслик йўлини тутди. Ҳиндистон вице-қироли Норсбрук шу сабабли элчига иложи борича руслар билан алоқани яхшилаш воситаларини ишга солишни ҳамда қўшни мусулмон давлатлари иттифоқини вужудга келтиришни маслаҳат берди. Лорд Норсбрук, агар руслар билан уруш бўлиб қолса, Англия ёрдамига умид қилмасликни ҳам очиқ тарзда изҳор қилди.
Хива хонлиги энди ўз кучи ва имкониятига қараб иш кўриши лозим эди. Хонлик қўшинида ҳаммаси бўлиб 27 эски замбарак, 2 минг отлиқ аскар, 4 минг навкардан иборат қўшин бўлиб, улар ҳам асосан пойтахтда жамланган эди. Хива хонлиги истилосига отланган Россия империяси қўшини ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан, шунингдек ҳарбий техника имконияти, қурол-яроғлари билан ҳам Хива хонлиги қўшинидан устун эди. Мазкур ҳарбий операцияга раҳбарлик қилувчи зобитлар ва генераллар амалий тажрибаси ҳам хивалик лашкарбошилардан кўп даражада юқори турган. Туркистон қўшинларига (22 рота, 1800 казак ва 18 тўп) генерал Кауфман, Оренбург отрядига генерал Верёвкин (15 рота, 600 казак, 8 тўп), Манғишлоқ отрядига полковник Ломакин (12 рота, 800 казак, 8 тўп) кўмондон бўлиб, Орол флотилияси ҳам улар ихтиёрига берилган эди.
Истилочилар қўшини шу йўсинда, уч йўналиш бўйича Хива хонлиги устига бостириб кирди. Рус аскарлари генерал- лейтенант фон Кауфман ва генерал-майор Головачёв кўмондонлиги остида Тошкент тарафдан, иккинчи йўналишдагилар генерал Верёвкин ва учинчи йўналишдаги руслар полковник Ломакин кўмондонлигида Каспий денгизи тарафдан Хива хонлиги томон кириб келди. Император Александр II Хива юришига катта эътибор беради. Хатто, айтиш жоизки, император оиласининг аъзолари –буюк князлар Хива сари юришда бевосита қатнашадилар. Николай, Константин, Евгений Романовлар ва Герцог Лейтенбергский каби олий зотларнинг ҳарбий қисмларга кўмондон қилиб тайинлангани ҳам Россиянинг Хива истилосига катта эътибор берганини кўрсатади.
Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман юриш олдидан Хива хонлигини сиёсий тарафдан ҳам яккалаб қўйиш чораларини кўради. У Бухоро амири ва Қўқон хонига таҳдидли мактублар йўллаб, уларни Хива хонлиггаи ёрдам бермасликкачорлайди. Масалан, унинг 1873 йил 4 мартда Қўқон хони Худоёрхонга йўллаган хатида шундай дейилган эди: «Ўзимга ишониб топширилган қўшинлар билан Жиззах устидан, Бухоронинг шимолий худудлари орқали ўтаман. Сизнинг доно ҳаракатларингиздан ўрнак олмай, Россия билан дустона муносабатлар ўрнатилишига қарши турган Хива хонини жазолаш учун йўлга тушмоқдаман».
Шунга қарамай, ҳарбий таълим олган, бош штаб академиясини битириб, бой назарий ва жанговор малака ҳосил қилган рус генераллари ва зобитлари ихтиёрида энг замонавий тўп, ракета отувчи мосламалар, пулемётлар бўлса ҳам, улар эрксевар ва икки бор рус қўшинларини мағлуб қилган Хива хонлигидан хавфсирашган.
Хива хонининг масалани тинч йўл билан хал қилишга уринишлари бехуда кетгач, ҳарбий кенгаш чақириб, мудофаа режаларини тузади ва душман истилочиларга қарши ўзининг лашкарбошиларини сафарбар қилади. Матмурод девонбеги, Маҳмуд ясовулбоши, Ёқуббек Қалмок, Элтузар иноқ ва Бобо меҳтар раҳбарлигидаги ўзбек ва туркман (ёвмут) йигитлари рус қўшинлари ҳужумини қайтариш учун икки гуруҳга бўлиниб йўлга тушадилар.
Генерал Верёвкин кўмондонлигидаги Оренбург отряди Кўнғиротга яқинлашганида шаҳар ҳокимлари тезлик билан душман тўдаларининг пайдо бўлганлиги тўғрисида Хивага чопар йўлладилар ва вақтдан ютиш мақсадила руслар хузурига ҳам элчи жўнатишди. Генерал Верёвкин қўнғиротларнинг вакили билан учрашиб, унинг таклифларини эшитди. Музокаралар олиб бориб, масалани тинч йўл билан ҳал қилишни истамади ва шаҳарга хужум бошлаш ҳақида буйруқ берди.
Қўнғирот халқи Саййдбий, Тожимуродбий ва бошқа бийлар раҳбарлигида шаҳар қўлдан кетганда ҳам курашни давом эттиришга қарор қилдилар. Шаҳар ташқарисидаги йўлларда душманга ҳужумлар уюштириб, уларни уққа тутдилар. Верёвкин қўшини эса талафотлар бериб, Хўжайли ва Манғит қалъаларини ишғол килди. Айни бир пайтда генерал Головачёв бошчилигидаги Туркистон қўшини Тошсоқа яқинида дарёдан кечиб ўтиб, мудофаачилар билан тўқнашди. Хива хонининг асосий зарбдор кучи бўлган Матниёз девонбеги лашкари Карвон қишлоғидаги пистирмадан душманга тўсатдан хужум қилди. 9 рота, отлиқ аскарлар, 8 тўп билан қуролланган ўқчилар ва сапёрлар роталаридан иборат Головачёв қўшини бошқа бу ҳужумдан эсанкираб қолди. Тўқнашув шиддатли ва аёвсиз бўлиб, ҳар икки томондан кўп қурбонлар берилди. Матниёз девонбеги кучлар нисбатини тўғри баҳолаб, Ҳазорасп томонга чекинди. Қурол-яроғ ва ҳарбий техника жиҳатидан устун бўлган Туркистон қўшини Хоразмнинг кўҳна қалъаси Ҳазораспни эгаллади. Бу қалъани бош қўмондон фон Кауфман ўзига қароргоҳ қилиб, ичкари силжиш учун таянч пунктига айлантирди.
Империя қўшини йўлда учраган ҳар бир шаҳар ва қишлоқни талаб, қирғин-барот уюштирдилар. Уларнинг кетидан эса култепалар ва жасадлар қолди. Аммо, Хоразм ватанпарварлари бўш келмай, ўзларига қулай жойлардан душманга ҳужумлар уюштиришди. Жанговар туркман уруғлари: ёвмутлар, имралилар, човдирлар ва кўкалангларга мансуб навкарлар душман кетидан изма-из бориб, унга талафотлар етказишди.
1873 йил 29 май куни империя ҳарбийларининг асосий кучлари Хива остонасида пайдо бўлдилар. Хива хони ортиқча қон тўкилишини истамай, музокаралар бошлаш ҳақида ўз вакилларини фон Кауфман ҳузурига жўнатди. Аммо генерал-губернатор Кауфман хоннинг таклифини оқибатсиз қолдириб, ҳужумга киришди.
Урганч дарвозасига Муҳаммад Ризо тўра, Тошоёқ дарвозасига Абдуқодир тўра, Боғишамол дарвозасига Раҳимбердибек Оллоҳберди тўра Мағфур, Шайх дарвозасига Оллоҳберганбек ибн Худойберганбек тўра ўғли тайин этилди. Шаҳар ташкарисида эса русларга қарши жанг майдонига чиққан Худоёр қушбеги, Раҳматулла ясовулбоши, Абдулла маҳрам, Маҳмуд ясовулбошиларнинг навкарлари фидокорона жанг қилдилар.
Хива шаҳри ва унинг атрофидаги жангларда қиличу-пилта милтиқ билан қуролланган мудофаачиларга қарши рус армияси катта қурол-яроғ заҳирасини ишга солдилар.
Хива хонининг сулҳ ҳақидаги навбатдаги таклифи рад этилгач, қўшимча куч тўплаш учун шаҳардан чиқиб, туркман ёвмут аҳолининг ўтовлари сари йўл олди. Афсуски, шундай қалтис бир пайтда, хоннинг оиласи ва яқин қариндошлари душманга қарши яқдил бўлиш ўрнига, сулолавий низоларга берилиб кетдилар. Ўзбек хонликлари тарихидаги одатдаги фожеа—босқинчиларга қарши кураш учун бирлашиб ҳаракат қилиш ўрнига бўлиниш яна мудҳиш тарзда қайта такрорланди. Хоннинг иниси ва унинг яқинлари душманга қарши бирлашиб курашиш ўрнига у билан келишиш йўлига ўтиб олдилар.
1873 йил 29 майда Хоразм салтанати пойтахти — Хива ишғол этилди. Шаҳарга ғолибона кириб келган Туркистон, Оренбург, Кавказ қўшинлари талон-торожга киришдилар.
Хон саройида олий хукмдорларнинг тахти, бебаҳо олтин- кумуш буюмлари, турли-туман қимматли матолар ва нодир қўлёзма асарлар Петербургга, подшох, саройига ўлжа сифатида олиб кетилди. Ўлжа олинган беҳисоб бойликлар генераллар, зобитлар ва аскарлар ўртасида тақсимлаб олинди. Босқинчилар аввалдан пухта ишлаб чиқилган режа бўйича Хоразмнинг моддий ва маданий бойликларини талон-торож қилишга киришдилар.
Муҳаммад Раҳимҳон Хивага қайтиб келгунча босқинчилар саройни талаб, барча қимматбаҳо буюмларни, 300 та қўлёзма асарни Петербургга жўнатдилар.
1873 йил 12 августда Гандимиён қишлоғида фон Кауфман сулҳ шартномаларини Муҳаммад Раҳимҳон диққатига ҳавола қилди. Бунга кўра Амударёнинг ўнг қирғоқлари Россия ихтиёрига ўтди, рус кемаларини Амударё бўйлаб сузишлари учун барча имкониятлар яратилди. Рус савдогарлари хонлик ҳудудида эркин савдо қилиш, Амударёнинг чап қирғоғидаги савдо омборлари қуриш ҳуқуқини олдилар. Хива хонлиги Россия вассалига айланиб, хонлик зиммасига 2.000.000 сўмлик товон тўлаш мажбурияти юкланди. Россия фуқароларига хонликда кўчмас мулк сотиб олишга рухсат берилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |