3.6. Лексемаларда синонимик муносабат ва синонимик уя
Идеографик семалари тенг, бирёки бир неча жиҳати ўзаро фарқли лексемалар (лексосемалар) лексик синонимлар дейилади.69 Масалан, ялқов, дангаса лексемалари ҳозирги ўзбек тилида айни бир идеографик семалар йиғимига эга, айни бир лексик маънони (“меҳнат қилишни ёқтирмайдиган”) англатади ва айрим белги-хусусияти билан фарқланиб туради, шунга кўра бу лексемалар ўзаро синоним дейилади.
Лексосинонимлик камида иккита лексема (лексосемема) орасида вужудга келади ва том маънода лексик парадигмага тенг бўлади: 1) синонимларнинг лексик маъноси (идеографик семалари) тенг бўлгани сабабли уларни танлаб ишлатиш мумкин, 2) шу хусусиятга кўра синонимлар мунтазам тузум ҳосил этади, 3) синонимлик тил қурилишининг ўзига хос ички (интролингвистик) ҳодиса бўлиб, семантик микротузум дейилади.
Синонимик микротузум кўпинча синонимик қатор деб номланади. Бу тил ҳодисасини уя деб номлаш мавжуд. Кейинги термин билан номлаш ушбу тил ҳодисасини аниқроқ англатади: қатор дейилганда синонимларнинг ўзаро зич муносабатдаги бирликлар эканини таъкидланмайди, уя дейишда эса таъкидланади.
Синонимик муносабатга киришувчи лексик бирликларнинг миқдори чекланмаган бўлади: икки ва ундан ортиқ бўлаверади.
Синонимик уя тил тараққиётига боғлиқ ҳолда ўзгариши мумкин: айрим синоним истеъмолдан чиқиб, уядан ҳам чиқиб кетади, уяга янги синоним қўшилади.70
Лексик бирликлар ўзаро синоним бўлиши учун улар умумийликка ҳам, фарқли белгига ҳам эга бўлиши шарт: лексик маъно таркибидаги идеографик семалари тенг бўлади; фарқланиш одатда, бирор идеографик семанинг маъно қиррасида, баҳо семасида, нутқ кўринишига биркитилиш белгисида воқе бўлади.
Синонимлар ўзаро юқорида саналган ҳар уч жиҳати билан ёки икки жиҳати билан, ҳатто бир жиҳати билан фарқ қилиши мумкин. Синонимларга бундай уч жиҳатдан ёндашиб бериладиган тавсиф – уларни учга таснифлаш эмас, балки синонимларни ҳар ил нуқтаи назардан баҳолаш;шунга кўра бундай тавсифлар бир-бирини инкор этмайди.
Агар икки лексема (лексосемема) ҳар жиҳатдан тенг бўлса, ўзаро фарқловчи белгига эга бўлмаса, лексик дублетлар дейилади. (бу ҳодисани абсольют синонимия деб номлаш ҳам мавжуд).
Лексик дублетлар одатда, терминларда учрайди:71 айни бир тушунчани англатиш учун бир неча лексема ишлатилади(аффикс, қўшимча каби).
Бундай дублетлардан бири асли ортиқча дейилади. Агар бундай лексемаларда бирор жиҳатдан фарқланиш юз бермаса, биттаси истеъмолдан чиқиб кетади. Демак, лексик дублетлар – ўткинчи ҳодиса.
Лексик синонимлар идеографик семасининг маъно қирраси билан фарқланиб турса, идеографик синонимлар дейилади (лот.idea – “тушунча “тасаввур”).
Бундай синонимлар маъно синонимлари ҳам дейилади. Масалан, янглиш-нотўғри-хато лексемалари айни бир маънони англатади(идеографик семалари тенг), шунга кўра ўзаро синоним; лексик маъно қирраси фарқли: янглиш фикр – нотўғри фикр-хато фикр – бирикмаларининг ҳар бирида фикрнинг чин эмаслиги англатилади, лекин хато фикрга нисбатан янглиш фикр – дейиш фикрга нисбатан хато фикр – дейиш билан “айблаш” кучайтирилади.
Юзаки қараганда юқоридагича ҳолат чаққон- эпчил- лексемаларда ҳам мавжуддек кўринади. Аслида бу лексемалар бошқа-бошқа лексик маънони англатади: “чаққон”лик “эпчил”лик эмас, эпчил киши чаққон бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин.
Демак, булар – ҳар хил лексик маънони англатувчи лексемалар: чаққон лексемаси оёқ-қўли енгил ибораси англатадиган маънони, эпчил лексемаси эса ишнинг кўзини биладигани ибораси англатадиган маънони билдиради.
Ора ва ўрта лексемалари ҳам бош лексик маъносида ўзаро синоним эмас: ора 1 – “икки нуқтани ажратиб турувчи оралиқ(масофа, вақт)”. Ўрта 1 – “икки нуқтани ажратиб оралиқнинг қоқ ярмидаги нуқта (масофа,вақт)”. Шунга кўра Орага қил ҳам сиғмайди дейилади-ю, лекин Ўртага қил ҳам сиғмайди дейиш хато. Бу ердаги фарқ бир лексик маъно доирасидаги фарқ бўлмай, айрим-айрим маънолар мавжуд. Шу сабабли икки ўртадаги узун масофа менинг кўзларимнинг нури-ла тўлгани (Ҳамид Олимжон) деб ишлатиш тўғри бўлмаган: ўрта лексемаси олдидан икки миқдор сифаторвчисини ишлатиб бўлмайди, “ўрта” узун ёки қисқа бўлмайди, бу матнда асли ора лексемасини ишлатиш лозим эди.
Синонимлар ўзаро баҳо семаси билан фарқланса, баҳоловчи синонимлар дейилади (Бу ҳодиса стилистик синонимлар, деб ҳам номланади).
Ҳар бир синонимик уяда одатда: а) баҳо семаси бетараф лексик бирлик ва б) баҳо семаси мавжуд лексик бирлик бўлади. Масалан, юз-бет-афт-башара-чеҳра- синонимик уяда юз лексемаси, кул- илжай-тиржай-иржай-шишшай-ҳарангла-табассум қил-хахола-хандон ташла – синонимик уясида кул лексемаси баҳо семаси жиҳатдан бетараф, қолган лексемаларда эса баҳо семаси бўртиб турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |