Ривожлантирувчи ва коррекцион ишлар
Психологик хизмат мазкур ижтимоий психологик институтлар шахс ва индивиднинг таркиб топиши,
онгига фаол таъсир кўрсатишни тақозо этади. Таълим тизимидаги психологнинг вазифаси психологик
хизматни муайян қоида, мезонга асосланиб ташкил қилишдан иборат ёш давр хусусиятларига биноан
психиканинг ривожланиши шахснинг шаклланиш қонуниятларини амалиётга тадбиқ этиш, ўқитувчилар
жамоасига болалар ўқувчилар ва талабалар таълим тарбиясини индивидуаллаштиришга ёрдамлашиш,
уларнинг қобилиятларини шахсини ўсиши даражасига қараб ўқитувчиларга коррекция ишларини амалга
оширишда кўрсатмалар бериш. Психологик хизматнинг ушбу йўналишида алоҳида аҳамият касб этадиган
нарса бу болалар, ўқувчилар, талабалар ўсишида кечикиш, орқада қолиш, уларда ҳулқнинг бузилиши,
таълимда ўзлаштиришнинг ёмонлашуви кабиларни ўрганиш ҳисобланади.
2. Психологнинг асосий бурч ва мажбуриятлари, ахлоқий
тамойил ва ҳуқуқлари
Психологик хизмат ходимлари барча муаммоларни ҳал қилишда болани ҳар
томонлама ва гармоник ривожланиш вазифаларига ва унинг қизиқишларига
таянадилар. Амалиётчи психолог ўз фаолиятини педагогик жамоа ва ота-оналар билан
яқин алоқада амалга оширади. Психологик хизмат ўз фаолиятида тиббий,
дефектологик ва бошқа хизмат турлари, шунингдек бола тарбиясида ёрдам кўрсатувчи
жамоатчилик ходимлари билан яқин алоқада иш олиб боради. Барча мутахассислар
билан муносабат тенглик асосида ва фикрларнинг бир-бирини ўзаро тўлдириш
асосида қурилади.
Психолог қуйидаги аниқ ишларни амалга ошириши лозим:
- болалар, ўқувчилар, талабалар ва таълим-тарбия иши билан шуғулланувчи барча шахсларга, жумладан
маъмурият (директор, ректор, мудира), ўқитувчилар, мураббийлар, ота-оналар, ижтимоий ҳамда жамоатчилик
ташкилотлари ходимларига аниқ маслаҳатлар бериш;
- таълим, тарбия, тараққиёт, касб танлаш ва турмуш қуриш, ўзаро муносабат, муомала ва мулоқот
сирлари, тенгдошлар ва вояга етганлар муносабати, маслак, дунёқараш, қобилият, иқтидор, ахлоқ-диёнат,
иймон, ватанпарварлик муаммолари юзасидан якка тартибда, гуруҳ ва жамоа тарзида маслаҳатлар уюштириш;
- маьмуриятга болалар, ўқувчилар ва талабаларни (ётоқда, клубларда, кутубхоналарда) қизиқтирувчи
масалалар бўйича маслаҳат бериш; уларни фаоллаштириш, уларга таъсир ўтказиш тўғрисида раҳбар кадрларга
амалий кўрсатмалар ва тавсиялар тайёрлаш, амалга оширишга ёрдамлашиш;
- шахснинг психологик ҳолати юзасидан эксперт-консультант сифатида тергов ишларида қатнашиш,
халқ судларига болалар, ўқувчилар ва талабалар психик ўсишининг хусусиятларига оид маълумот бериш,
ўғил ва қизларни асраб олиш, оналик ва оталикдан маҳрум қилиш, ташкилотларни ғамҳўрлик ва васийлик
тўғрисидаги қабул қилган қарорга муносабатини билдириш, шахснинг тақдирини ҳал қилишда қатнашиш ва
маслаҳатлар бериш;
- ота-оналарга боланинг психик ривожланиш хусусиятлари, шахс сифатида шаклланиши, одамларнинг
ўзаро муносабати, бунда фарзанднинг ёш, жинс, шахсий типологик хусусиятлари муаммоси юзасидан илмий-
амалий маълумотлар бериш;
- халқ таълими тизимининг барча бўғинлари ва босқичларида маъруза ўқиш, ота-оналар йиғилишида,
метод бирлашма мажлисида, педагогик кенгашда, илмий кенгашда иштирок қилиш орқали муаллимлар, ота-
оналарнинг психологик маданиятини оширишга ҳаракат қилиш.
Психолог таълим-тарбия иш режасини тузишда, тарбиявий тадбирлар ишлаб чиқишда, ўқув дастури ва
қўлланмаларни яратишда фаол иштирок этиши, бош мақсад бўлган шахснинг интеллектуал қобилияти,
умуминсоний фазилати, билим олиш қўникмалари ва малакалари, мутахассислик фазилатларини
шакллантиришдек муқаддас ишга ўзинииг муносиб улушини қўшишдан иборат шарафли вазифани бажаради.
Янги типдаги мактабларга, ўрта махсус ва касб-ҳунар ҳамда олий ўқув юртларига ўқувчилар, талабалар
танлаш моҳияти, вазифаси, монандлиги, уларнинг имконияти, истиқболи тўғрисида илмий-амалий хусусиятга
молик консультатив ишларни олиб бориш: ёшларни саралаш, танлаш, ихтисосга яроқлилик ва лаёқатлилик
даражасини аниқлаш, танлов жараёнида маслаҳатчи сифатида қатнашиш ва бошқалар.
Психологик хизмат ходимларининг масъулияти. Мазкур хизмат ходими:
- Халқ таълими тизимида фаолият кўрсатадиган психолог қўйилган диагнознинг тўғрилигига,
қўлланилган диагностик ва коррекцион методларнинг омилкорлигига, тавсияларнинг илмий жиҳатдан
асосланганлигига жавобгардир.
- Психолог тадқиқот ва кузатиш ишларининг қайдномаси, хизмат ҳужжатларининг сақланишига масъул
шахс ҳисобланиб, уларнинг муайян қоидага биноан маълум тартибда расмийлаштириши ва асраши лозим.
Амалий психологнинг ҳуқуқи ва бурчлари. Амалий психологнинг фаолияти унинг ҳуқуқлари ва
бурчлари мажмуаси билан бошқарилиб турилиши лозим. У қуйидагилардан иборат:
- Психолог ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг халқ таълими соҳаси бўйича қабул
қилган ҳужжатларига амал қилган ҳолда бажариши шарт. Психолог олий ўқув юртининг психология
соҳасини (қисқа курсни) битирганлигини тасдиқловчи махсус ҳужжатга эга бўлиши лозим.
- Психология фанининг энг сўнгги ютуқларидан хабардор бўлиши, болалар психологияси, педагогик
психология, амалий психологияни чуқур билиши зарур. Диагностик, психопрофилактик, ривожлантирувчи ва
психокоррекцион ишларнинг ҳозирги замон илмий ютуқларига асосланган методлар билан қуролланиши,
халқ таълими тизимида доимо ўз малакасини ошириб бориши керак.
- Муаммолар муҳокамасида ва улар юзасидан қарор қабул қилишда касбий ваколат чегарасидан асло
четга чиқмаслик маъқул.
- Шу соҳанинг масъул мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган қоидаларга риоя қилган ҳолда барча
кўрсатмалар ва тавсияларни қатьий бажариш шарт.
- Барча психологик масалаларни ҳал қилишда ўқувчи ва талаба манфаати, ижтимоий тарбия мақсадидан
келиб чиқиши зарур.
- Диагностик ва коррекцион фаолият натижаларини сир сақлаш, олинган маълумотлар синалувчилар
шахсиятига зарар келтирмаслиги, уларни қуршаб турган муҳит аъзолари таҳликага тушмаслиги керак.
- Маъмурият, ота-оналар, ўқитувчилар жамоаси билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиши лозим.
- Боғчада, мактабда ва олий ўқув юртида ўтказиладиган тадқиқот мақсади, моҳияти, вазифаси ва
натижалари юзасидан педагогик кенгаш, илмий кенгаш, маъмурият (раҳбарият, директор, ректор) га маълумот
бериш ва Низом бандларига қатъий риоя қилиши мақсадга мувофиқдир.
- Маъмуриятга, педагогик кенгашга, илмий кенгашга ўқувчи ва талабаларга якка тартибда ёндошишни
таъминловчи имконият, уларни ҳал қилишнинг психологик шартлари, таълим-тарбиядаги нуқсонларнинг
олдини олиш омиллари, йўллари юзасидан ёрдам кўрсатиш зарур.
- Болалар, ўқувчилар, талабаларнинг шахсий муаммоларини ҳал қилишда баҳоли қудрат кўмак бериши
даркор.
- Ота-оналарга тарбиявий ишларни амалга оширишда маслаҳатлар бериш, низоли вазият ва психологик
ҳолатларни биргаликда таҳлил қилиш ва амалий тавсиялар билдиради.
- Ота-оналарга фарзандларнинг тиббий ёрдамга муҳтожлиги ёки бошқа муассасаларга мурожаат қилиш
зарурият эканлигини юксак педагогик одоб билан тушунтириш, берилаётган кўрсатмаларга уларни
ишонтириши шарт.
- Барча қоидаларга ва тасдиқланган ҳужжатларга риоя қилинган ҳолда ўтказиладиган ишларни қайд
қилиш ва белгилаши лозим.
- Ўз фаолиятининг (ютуқ, нуқсон, низо, ҳамкорлик) натижалари юзасидан юқори ташкилотларга ўз
муддатида ахборот бериб бориш, қабул қилинган ҳисобот шаклларига ҳеч оғишмасдан риоя қилиши керак.
- Боғча, мактаб, янги типдаги ўқув юрти ва олий ўқув юртларида махсус талабларга жавоб берувчи,
жиҳозланган психологик кабинетни ташкил қилиши мақсадга мувофиқ.
- Амалий психологларнинг семинарлари ва илмий-амалий анжуманларида фаол иштирок қилиши керак.
- Ўзбекистан Республикасининг мафкурасига, Конституциясига, ижтимоий, этнопсихологик, ахлоқ-одоб
қоидаларига зид бўлган текширишлар ўтказмаслиги керак.
- Болалар, ўқувчилар ва талабалар танлаш комиссиясида (биринчи синфга, махсус синфларга, янги
типдаги мактабларга, олий ўқув юртларига қабул қилишда, чет элга уларни ўқишга юборишда) қатнашиши
лозим.
- Ижтимоий психологик ҳолатларни ўрганишда маҳаллий ҳокимиятга ёрдам бериш ва оммавий
ҳаракатларни барқарорлаштиришда олдинги сафда бўлиши даркор.
Амалий психологнинг ҳуқуқлари:
Боғча, мактаб ва олий ўқув юртининг таълим-тарбия шарт-шароитларини аниқ ҳисобга олиб фаолият
учун энг муҳим йўналишни танлайди.
Педагогик кенгаш, ота-оналар йиғилиши, илмий кенгаш ва педагогик консилиумларда иштирок этади.
ўқув-тарбия жараёнида болалар, ўқувчилар ва талабалар ҳулқи, ўқув фаолияти хусусиятларини
кузатиш мақсадида дарс, маъруза, синфдан ва аудиториядан ташқари машғулотларда, умумий
тадбирларни ўтказишда қатнашади.
Мураббий, ота-оналар қўмитаси, ўқитувчиларнинг метод бирлашмалари мажлисларида иштирок
этади.
Боғча, мактаб, ўқув юртларининг ҳужжатлари билан танишади ва уларни таҳлил қилади.
Муайян давр оралиғида амалий фаолиятнинг етакчи йўналиши юзасидан ҳар хил ишларни навбатма-
навбат амалга оширади.
Илмий изланишларни йўлга қўйиш мақсадида боғчада, мактабда, ўқув юртларида гуруҳий ва якка
тартибдаги психологик текширишлар ҳамда тажрибалар ўтказади.
Педагог-психолог сифатида ўз тажрибаларини умумлаштириб, мақолалар ва хабарлар эълон қилади.
Педагогик-психологик билимларни турмушда тарғибот қилиш ишларини олиб боради.
Психолог ихтисослиги бўйича ярим ставкада ишлаш имкониятига эга (Ушбу фикр иккинчи
мутахассислик сифатида қайта тайёрловдан ўтган психологларга тегишлидир).
Мажбуриятларини муваффақиятли бажариш учун юқори ташкилотлардан шарт-шароит яратишни
талаб қилади.
Низом бандларига, унинг иш принципларига зид бўлган маъмурият топшириғини бажаришдан бош
тортади.
Маъмурият орқали у ёки бу ташкилотга ўқувчиларга ёрдам бериш зарурияти тўғрисида маълумотнома
юборади (ота-оналар иш режимини ўзгартириш, санаторий билан таъминлаш, йўлланма бериш,
вақтинча меҳнат билан таъминлаш ва бошқалар).
Ўқувчилар ва абитуриентларни касб танлашга оид муаммоларини ҳал қилиш мақсадида касбга
йўналтириш марказларига мурожаат қилади.
Ота-оналарга зарурият туғилганда оилавий турмуш психологиясига оид консультатив хизмат
хоналарини тавсия қилади.
- Тиббиёт ва дефектологик муассасаларга расмий талаблар юборади.
Тиббий психологик-педагогик консультатив ишларда иштирок қилади, балоғатга етмаган ўсмирлар
комиссияси фаолиятида қатнашади, бола тақдири ҳал қилинаётган ташкилотлар билан алоқа боғлайди.
Умуман, психолог ёрдамчи овоз бериш ҳуқуқига эга, холос. Агарда қабул қилинган қарорларга
нисбатан эътироз билдирса, у ҳолда ўз фикрини билдириш, уни далиллаш учун юқори ташкилотларга
мурожаат қилади.
Психологик хизматни илмий жиҳатдан таъминлаш мақсадида илмий-услубий марказлар билан узвий
алоқа боғлайди.
Боғча, мактаб, ўқув юрти фаолиятини яхшилаш, такомиллаштириш билан боғлиқ бўлган муаммоларни
ҳал қилишни халқ таълими ташкилотлари олдига қўяди.
Илмий-услубий марказ раҳбарлигида янги диагностик методикалар ишлаб чиқиш, тавсиялар ёзишда
фаол иштирок қилади.
– Амалий психолог мактаб маъмурияти ва туман ташхис марказига бўйсунади.
Контингент 1000 тадан ошган умумтаълим мактабларида мактаб психологи лавозими таъсис этилади.
Мактабгача тарбия муассасаларининг иккитасига битта психолог лавозими белгиланади.
Техника, касб - ҳунар билим юртларида ўқувчилар контингенти 750
дан кўп бўлса, битта штат ажратилади.
Педагогик коллежларда, талабалар қанча бўлишидан қатьи назар амалий психолог фаолият
кўрсатилиши шарт.
Олий мактабларда психологик марказ фаолият кўрсатилиши лозим. Амалий психологнинг иш ҳақи -
катта методист даражасида бўлиши назарда тутилади.
Амалий психологнинг таътили - барча мактаб ўқитувчилари билан бир вақтда бўлади.
Олий ва ўрта махсус, халқ таълими тизимидаги психологларнинг фаолияти,
психологик маслаҳат ва муомаланинг ижтимоий-психологик фаол усуллари,
психокоррекцион, психодиагностика, ижтимоий, педагогик, болалар психологияси
соҳалари бўйича умумпсихологик тайёргарлик олган, психологик ихтисосга эга бўлган
мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Амалиётчи психологнинг ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар ҳаёти бўйича муаммоларига шахсий
тажрибаси бўлмай туриб, маслаҳат беришга ҳаққи борми?
Бу муаммо биринчи навбатда оилавий ҳаёт ва оилада болаларни тарбиялаш масалаларига тегишлидир. Бу
масалани муҳокама қилишда психологлар анчадан бери баҳслашадилар ва ҳали умумий қарорга келишмади.
Баъзилар бу савол хирург ҳақидаги: «бирор марта операция столига ётмасдан, операция қилишга ҳаққи
борми?» - деган саволга ўхшайди, дейишади. Маълумки, тиббиётда бундай савол туғилмайди. Шунинг учун,
психологларнинг биринчи гуруҳи, мутахассис, амалиётчи сифатида ҳар хил ёшдаги инсонлар билан турли
муаммолар бўйича ишлашни билиши керак, деб ҳисоблайдилар.
Психологнинг хусусий ҳаёти ва шахсий тажрибанинг мавжудлиги ёки йўқлиги катта аҳамиятга эга эмас:
муҳими бу касбий маҳорат (профессионализм).
Бошқа психологларнинг фикрича, амалиётчи психологнинг шахсий ҳаётий тажрибаси муҳим аҳамиятга
эга, ҳеч қандай энг юксак касбий маҳорат ва билимлар билан ҳам алмаштириш мумкин эмас. Уларнинг
фикрича, низолар ва уларни бошқариш усуллари ҳақида ўн соатлик маърузани эшитиш мумкин, лекин агар
сиз яқин кишингиз билан бўлган низони бошдан кечирмаган бўлсангиз, муносабатларни бузмасдан амалий
ҳал қила олмаган бўлсангиз, иш жойингизда низоларни бошқаришга киришманг. Бунда сизда фақат техника
ва фақат касбий маҳорат намоён бўлади, сизнинг ички дунёингиз, руҳингиз, сизнинг бошдан
кечирганларингиз, сизнинг дардингиз бўлмайди. Шундай қилиб, касбий ишда техника ёки шахсий тажриба
билан бошдан кечираётган ички дунё, руҳ - иккисидан бири бўлиши керак.
Нима учун «ва» сўзини эмас, ёки сўзини ишлатиш керак. Бизнингча, амалиётчи психологнинг касбий иши
- бу касбий билимлар ва ҳаётий тажрибасидир. Бирини иккинчисидан ажратиш мумкин эмас. Психологик
касбда касбий билимлар ва шахсий тажрибасиз иш олиб бориш қийин.
-Пианиночини кузатсак. У соатлаб техник восита ҳисобланмиш, қўл ва бармоқларни машқ қилади. Лекин у
чалаётганда «техник бармоқлари» тагида асар «мусиқавий ҳаёт» сифатида яшай бошлайди, ўзининг мусиқий
руҳиятига эга бўлади. Сиз доим техник ижрочи билан мумтоз ижрони ажрата оласиз.
Техника - фақат асос, ҳақиқий ижод етишиб чиқадиган ер, негиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |