Чанг найининг тузилиши, цитокимёси. Чанг найининг нозик тузилиши, уларни гисто ва биокимёвий хусусиятларини in vitro тажрибалари асосида ўрганилган. Уруғчининг устунча қисмида ўсаётган чанг найи яхши тадқиқ этилган. XX асрнинг 40-60 йилларида биринчи марта чанг донасини ўсиши in vitro усулида ўрганилган. Ўша даврлардан бери бу усул чанг найини ўрганишда етакчи бўлиб ҳисобланади. Тадқиқотларда чанг найини ўсадиган учки қисмини узунлиги 3-7 мм келиши аниқланган. Ўсадиган зона диктиосомаларнинг везикулаларига бой ва силлиқ мембранали эндоплазматик тўрга эга. Везикулалар ўзаро қўшилиб ўсувчи қисмининг қопловчисини ташкил қилади. Чанг найининг цитоплазмасида чанг донасини унишгача бўлган давридаги органеллалар бўлади. Чанг найининг учки қисмида пектин, гемицеллюлоза ва целлюлоза бирламчи мембранаси шаклланганидан кейин ҳосил бўлади. Чанг найининг ўсадиган қисми унинг бошқа жойларидан каллозали пўкак билан ажралиб туради.
Гистокимёвий таҳлилларининг натижалари шуни кўрсатадики, чанг донаси қандай органик ва ноорганик моддаларни тутган бўлса, чанг найида ҳам шунга яқин лекин, оқсиллар ва аминокислоталарнинг миқдори чанг найида чанг донасидагидан озроқ. Гистокимёвий ва цитокимёвий реакциялар натижаларига кўра чанг найининг учки қисмини ёрқинлиги,шунингдек РНК концентрациясининг кўп қисмини бу зонада бўлиши унда ҳаётий жараёнлар жадал ўтишини тасдиқлайди.
Чанг найида РНК ва оқсил синтези биокимёвий тадқиқ этиб ўрганилган. Чанг донасининг ўсиши маълумки, РНК синтезига боғлиқ эмас, лекин чанг найининг кейинги ўсиши ва генератив ҳужайранинг бўлиниши ингибитор РНК таъсирида бошқарилади. Ўсаётган чанг найининг ҳужайраларида рибосомал РНКнинг уч тури (рРНК) 5, 8 ва 28S тури синтезланади. Бунда 5S седиментация коэффициентли рРНК бошқа РНКлардан кўп синтезланади.
Ўсаётган чанг найида ва чанг доналарида аниқланмаган рРНК тури синтезланади. Бу РНКнинг таҳлили шуни кўрсатадики, унинг седиментация кўрсаткич қиймати 35S гача паст молекуляр оғирликларда бўлиши шунингдек ДНКга ўхшашлиги ахборот РНКнинг гетероген популяциясини ҳосил қилади.
Традесканция ўсимлигининг чанг доналарини сунъий озиқда муҳитда ўстирилганда чанг найларида генератив ҳужайранинг бўлиниши учун зарур бўлган РНК синтези, дастлабки 2-3 соат мобайнида давом этади, кейин тўхтайди. Цитокимёвий тадқиқотлар РНК синтези фақат вегетатив ядродагина рўй беришини, генератив ҳужайранинг анча зичлашган хроматини РНК синтезида иштирок этмаслигини кўрсатган.
Чанг найида РНК синтезидан ташқари оқсил синтези ҳам амалга ошади, бу жараён чанг донасини униш даврида бошланади. Оқсил синтезланиши рибосомаларни фаол ҳолга келиши ва полисомалар ҳосил қилиши билан бошланади. Чанг найини ўса бориши билан оқсил синтезида иштирок этадиган рибосомаларнинг миқдори қуруқ ҳолдаги чанг донасига нисбатан 12% дан 46% гача чанг донасини унганидан 10 дақиқадан кейин 66% гача, 1-4 соат давомида ошиши кузатилган. Полисомаларни юзага келиши чанг донаси бўкканидан 10 дақиқадан кейин бошланади. Полисомаларни чанг найида ҳосил бўлиши ахборот РНК синтезланганидан кейин амалга ошади.
Генератив ҳужайранинг бўлиниши учун зарур бўлган оқсиллар чанг найи ўсишининг дастлабки 2 соатида синтезланади. Генератив ҳужайранинг бўлиниши якунида зарур бўладиган оқсиллар кейинги 2-3 соат давомида синтезланади. Шундай қилиб, чанг донасининг ўсиши 4-5 соатда РНК синтези ҳам, оқсилларнинг синтези ҳам тугалланади. Турли систематик гуруҳларга мансуб ўсимликларда рўй берадиган чанг найининг ўсиш тезлиги албатта бир хил эмас, шу боисдан биз юқорида баён этганларимиз ҳам турлича тарзда рўй беради.
Генератив ҳужайра, спермий ва вегетатив ядроларнинг чанг найи бўйлаб ҳаракатлари ҳам ўзига хос тарзда амалга ошади. Генератив ҳужайра ва спермийлар чанг найи бўйлаб ҳаракати ҳақида тадқиқотчилар турли хил фикрда яъни чанг найида фаол ҳаракатда бўлади дейишса, иккинчи гуруҳлари, улар мустақил ҳаракатда бўлмайди, цитоплазманинг оқими билан боради деган фикр билдиришади. Ва ниҳоят, учинчи гуруҳ тадқиқотчилар генератив ҳужайра ва спермийлар чанг найида фаол ва фаол бўлмаган ҳолда ҳаракатланади деган хулосага келишган. Clivia ўсимлигининг генератив ҳужайра ва спермийлари сунъий озиқ муҳитида ўстирилгандаги ҳолати К.Ю.Кострюкова (1939) тадқиқотларида фаол ҳаракатланиш бор деган хулосага келган.
К.Стеффен (1953) Galanthus ўсимлигининг чанг доналари ва чанг найидаги генератив ҳужайра ва спермийларни ўрганиб, улар мустақил ҳолда амебоид тарзда ҳаракатланади, шу билан бирга цитоплазманинг оқимида ҳам бўлади деган фикрга келган.
Генератив ҳужайра ва спермийни чанг найидаги ҳаракатини ўрганиш учун микрокиносьемка усулида фойдаланилган. Бундай усулларни қўллаган олимларнинг хулосалари бир хил эмас. Н.Н.Полунина (1959) генератив ҳужайра ва спермий ҳаракати фаол деб таъкидласа, М.С.Навашин ҳамкасблари билан (1959) аксинча, фаол эмас деб ҳисоблайди.
Генератив ҳужайра бўлинаётган пайтда спермийлар ҳосил бўлгунча маълумки, ҳаракатдан тўхтайди. Ундан кейин тўла ҳолда шаклланган спермийлар ҳосил бўлганидан кейин ҳаракатни давом эттиради. Н.В.Балина (1974) генератив ҳужайранинг бундай ҳолатдаги фаол ҳаракатига АТФ ва цитоплазмадаги миозинга ўхшаш оқсиллар сабаб бўлади, деган хулосага келган.
Айрим тадқиқотчилар ғўза, лилия, амараллис, ўсимликларида генератив ҳужайра вегетатив ядро жойлашган жойда электрон зич фибрилляр боғламларни аниқлаганлар. Бу маълумотларнинг асосида генератив ҳужайра ва вегетатив ядроларда уларни чанг найи бўйлаб ҳаракатига сабаб бўладиган локал қисқарувчи марказ бор, деган фикр билдирилади.
Н.С.Коробова (1977) генератив ҳужайра, спермий ва вегетатив ядро чанг найида соматик ҳужайралардаги ядрони, уни ўсиш ва ривожланиш натижаси деб ҳисоблайди. Геросимов-Навашина (1971) фикрича, ядро доимо ҳужайранинг динамик марказида жойлашади. Чанг найини охирги учи доимо найнинг бошқа қисмида каллоза пўкак билан ажралганлиги туфайли Н.С.Коробова уни алоҳида ҳужайра деб қараш лозимлигини таъкидлайди.
Шу боисдан генератив ҳужайра, спермийлар ва вегетатив ядрони бир-бирига нисбатан маълум масофада жойланиши бу элементларнинг ҳужайрани динамик марказида бўлиши билан изоҳлайди. Чанг найи ўса бориши ва каллоза пўкакни юзага келиб ўсаётган зонани чанг найини эски жойларида ажратиш билан генератив ҳужайра, спермийлар ва вегетатив ядро, бу зонага ўтади ва яна унинг “динамик маркази”ни эгаллайди.
Шундай қилиб, спермийлар ва вегетатив ядрони чанг найи бўйлаб ҳаракати чанг найини бир томонга йўналишдаги қутбийлиги билан амалга ошади. Спермийлар ва вегетатив ядроларнинг чанг найи бўйлаб ҳаракати турли систематик гуруҳларга мансуб ўсимликларда ўрганилиш натижасида, бу масалага тобора кўпроқ ойдинлик киритилмоқда. Ўзбекистонлик эмбриолог мутахассисларнинг бу борада олиб бораётган илмий изланишлари айниқса алоҳида эътиборга молик.
ЧАНГ НАЙИНИНГ ЎСИШИ
Тумшуқчага келиб тушган чанг маълум вақтдан кейин ўса бошлайди.Чанг найчаси аввал уруғчи устунчаси,кейин уруғкуртак қисмлари орқали муртак халта томон ўсиб кира бошлайди (23-расм).
23-расм. Nicotiana glutinosa планцета тўқимаси бўйлаб чанг найларининг ўсиши (В.И.Баннинкова, 1982):
Do'stlaringiz bilan baham: |