6-Мавзу Чангланиш, чангни униши ва чанг найининг ўсиши.
Режа:
1.Чангланиш турлари.
2.Чанг донасининг униши
3.Чанг найининг тузилиши ва цитокимёси.
4.Чанг найининг ўсиши.
Ўсимликлар оламининг жуда катта қисми учун янги организмни ҳосил бўлишида эркак ва урғочи гаметаларни уруғланиш жараёнида қўшилиши лозим. Бу ҳодиса амфимиксис деб номланади. Ўсимликларда уруғланиш содир бўлиши учун аввало чангланиш рўй бериши яъни, чанг доналарини уруғчининг тумшуқчасига тушиши, чанг доналари униши, чанг найини ҳосил қилиши, спермийларни муртак халтага етиб бориши лозим. Мана шу жараённи қандай амалга ошишини биринчи марта Aмичи (1824) томонидан ўрганилган.
ЧАНГЛАНИШ ТУРЛАРИ
Тадқиқотчи мутахассисларнинг олиб борган кузатув натижаларига кўра, ҳозирда чангланишнинг тўрт хил тарзда рўй бериши аниқлаган. Жумладан:
Автогамия – ўзидан чангланиш, бир гулнинг чанги шу гулдаги уруғчининг тумшуқчасига келиб тушишига айтилади. Автогамия (autos - ўз-ўзидан, gamos – қўшилиш) деган маънони англатади.
Аллогамия ёки ксеногамия – четдан чангланиш, уруғчи тумшуқчасига бошқа ўсимликнинг чанг донасини келиб тушишига айтилади. Ксеногамия (xenos – четдан) деган маънони англатади
Клейстогамия – яширин чангланиш очилмаган гулда уруғчининг тумшуқчасига ўша гулнинг чангдонидаги чанг донасини тушишига айтилади. Клейстогамия (kleiston – ёпиқ, яширин) деган маънони англатади. Бунда чанг доналари уруғчининг тумшуқчасига тўкилмайди, очилмаган чандондан уна бошлайди, у ердан чанг найи уруғчининг тумшуқчасигача етиб келади. Шундан кейин уруғчининг устунчаси бўйлаб уруғкуртакка етиб боради.
Гейтеногамия – чангланиш бир уйли айрим жинсли ўсимликларда рўй беради. Бу хилдаги чангланишда уруғчи гуллар шу ўсимликнинг чангчи гулларидаги чанг доналари билан чангланади.
Гулли ўсимликларда четдан чангланиш – аллогамия, ўзидан чангланиш – автогамияга нисбатан кўп учрайди ва нисбатан прогрессив белги ҳисобланади. Айрим олимлар фикрига кўра ўзидан чангланувчи гулли ўсимликлар ўзига хос боши берк ривожланиш деб қарайдилар. Ёпиқ уруғли ўсимликлардаги чангланишнинг бир хилидан иккинчи хилига ўтиш ҳодисаси ҳам ўзига хос ҳисобланади.
Мана шу ҳолатдаги чангланиш эволюция жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, четдан чангланиш ўсимликда гетерозиготаликнинг даражасини орттиради, ўзидан чангланиш эса ўсимликларнинг ҳатто янги тур даражасида ҳосил бўлишини ҳам чеклашга олиб келади. Дастлабки ёпиқ уруғли ўсимликлар асосан четдан чангланишга мослашган деб ҳисобланади. Шу билан бирга четдан чангланиш шароити бўлмаган ҳолларда ўзидан чангланиш рўй берган. Бир қатор ўсимликларда четдан чангланишнинг ўзидан чангланиш билан алмашиши ташқи муҳит омиллари таъсирида, айниқса гуллаши охирлаб қолганда рўй беради.
Чанг доналарини бир ўсимликнинг гулидан иккинчи ўсимликнинг гулига ўтиши турли воситалар: шамол ёрдамида – анемофилия, сув оқими ёрдамида – гидрофилия, ҳашаротлар ёрдамида – энтомофилия, қушлар ёрдамида – орнитофилия, сут эмизувчилар ёрдамида – анималофилия, ҳатто чумолилар ёрдамида – мирмикофилия амалга ошади.
Чангланишларнинг қайси бир усули эволюцияда дастлабки эканлиги ҳақида бир гуруҳ тадқиқотчилар (Н.И.Кузнецов, 1936) шамол ёрдамида чангланишни бирламчи, бошқа гуруҳ тадқиқотчилар (А.Л.Тахтаджян, 1954, 1961, 1964, 1966, 1970, Имс, 1964; Н.В.Первухина 1970) фикрига кўра ҳашаротлар ёрдамида чангланиш бирламчи деган ғояни илгари сурганлар. Эҳтимол бирламчи ёпиқ уруғли ўсимликлар махсус чангланишга мослашмаган бўлиб, улар ҳайвонлар, қушлар, ҳашаротлар ҳамда шамол ёрдамида ҳам чангланишгандир. Динядошларга мансуб ўсимликларнинг репродуктив аъзоларининг тузилиши буни тасдиқлайди. Зеро, уларда шамол ҳамда ҳашаротлар ёрдамида чангланишнинг белгилари мавжуд. Чанг донасини уруғчи тумшуқчасига тушишидаги ихтисослашув ҳозирги замондаги ёпиқ уруғли ўсимликлардагина юзага келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |