Кенг тарқалганлигига кўра бинолар:
- андоза лойиҳа асосида қуриладиган оммавий бинолар (турар-жой бинолари, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, поликлиникалар, кинотеатрлар ва бошқалар);
- алоҳида лойиҳалар асосида қуриладиган нодир бинолар (театрлар, музейлар,
спорт бинолари, маъмурий бинолар ва ҳоказолар) каби турларга бўлиниши мумкин.
Қурилишни индустрллаштириш, қурилиш конструкцияларини бир хиллаштириш ва типларга ажратиш ҳамда стандартлаш
Қурилишни ривожлантиришнинг асосий йўлларидан бири қурилишни индустрлаштириш ҳисобланади. Бу деган сўз қурилиш корхоналарини тубдан ўзгартириш, максимал тайёр йирик конструкциялар ва уларнинг элементлари ҳамда блокларини механизация ёрдамида узлуксиз жараёнда йиғиш ва монтаж қилиш демакдир. Ихтисослашган заводларда тайёрланган бундай конструкциялар йиғма конструкциялар деб аталади. Бу конструкцияларни тайёрлаш ва монтаж ишларини механизациялаш қурилишда, меҳнат сарфини камайтиришга, қурилиш муддатларини қисқартиришга, сифатини оширишга, нархини пасайтиришга ҳамда материалларни тежашга олиб келади. Қурилишни индустрлаштиришнинг асосий белгиларидан бири қурилиш-монтаж ишларини комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш, уларда ишлатиладиган конструкцияларни эса йирик темир бетон буюмлари заводларида, уй-жой қурилиш комбинатларида максимал йиғма ҳолда кўплаб ишлаб чиқарилишидир.
Йиғма конструкцияларни ҳар хил материаллардан ишлаб чиқариш мумкин. Ҳозир заводларда йиғма конструкциялар кўпинча темир-бетондан ишлаб чиқарилади.Қурилиш практикасида катта ўлчамли пўлат конструкциялар билан биргаликда енгил металл қотишма ва пластмассадан ишланган йиғма конструкциялар тобора кўпроқ ишлатилмоқда.
Йиғма элементларни ишлаб чиқариш вақтида буюмларнинг турларини камайтириш техник ва иқтисодий жиҳатдан жуда муҳим ҳисобланади. Бунга эришиш учун уларни бир хилга келтириш, типларга ажратиш ва стандартлаш талаб қилинади. Бир хиллаш (унификация) деганда турли хил йиғма конструкциялардаги деталларнинг ўлчамларини бир хиллаштириш тушунилади: бунда уларни тайёрлаш технологияси анча соддалашади, монтаж ишлари тезлашади. Қурилиш конструкцияларини бир хиллаш бинонинг ҳажмий планлаштириш параметрлари: қаватларнинг баландлиги, пролётлар ўлчамларининг турли-туманлигини камайтиришга ҳамда конструкцияга таъсир этадиган ҳисобий юклар (нагрузка)ни унификациялашга асосланган. Бир хил шаклдаги конструкцияларни ҳар хил мақсадларга мўлжалланган биноларда ишлатилиши мумкин, яъни бундай ҳолда конструкциялар бир-бирларининг ўрнида ишлатилиб, уларнинг универсаллиги таъминланади.
Ўрнини алмаштириш деганда бирор элементни бино параметрларини ўзгартирмасдан бошқа ўлчамга эга бўлаган деталь билан алмаштириш тушунилади, масалан, кенглиги 3000мм бўлган том ёпма плиталари ўрнига эни 1500мм плиталардан иккитасини ишлатиш ва ҳ.к. битта конструкция элементини типи ва катта-кичиклиги бўйича ҳар хил кўринишдаги биноларда ишлатиш мумкинлиги элементнинг универсаллиги дейилади. Типларга ажратиш қурилишда кўп марта фойдаланишга ярайдиган айрим конструкцияларнинг иқтисодий жиҳатдан энг самарали ечимини топиш ва танлашдан иборат. Типларга ажратиш қурилиш конструкцияларининг тип-ўлчамларини, ҳамда биноларнинг типлари сонини камайтириш имкониятини вужудга келтириш билан бирга қурилиш ишларини осонлаштиради ва арзонлаштиради. Лойиҳа ташкилотлари томонидан таклиф этилган ва қурилиш амалиётида текшириб кўрилган типовой деталлар ва конструкциялар стандартлаштирилади (намуна). Стандартлаш қурилиш констурксиялари ва буюмларини бир хиллаш ҳамда типларга ажратишнинг энг сўнгги босқичидир. Стандартлаштирилган қурилиш элементлари деталлар ва конструкциялар учун маълум бир шаклга, ўлчамларга, сифатларга эга бўлиб, уларни тайёрлашда муайян техник талаб ва шартларга қатъий риоя қилинади. Бинолар лойиҳасини яратишда стандартлаштирилган ва каталогларга киритилган, буюм ва деталлар қўлланади. Кўплаб қуриладиган биноларда ишлатиладиган йиғма буюмларнинг типлари сонини камайтириш мақсадида деталларнинг ягона сортаменти ишлаб чиқарилган. Қурилиш деталларининг ягона сортаментни жорий этиш буюмларни кўплаб ишлаб чиқариш технологиясини яхшилашга, уларнинг сифатини оширишга ва таннархини пасайтиришга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |