Достонлар ўзбек халқ ижодининг асосий жанрларидан ҳисобланади. У кенг тарқалган ва йирик жанр сифатида яққол кўзга ташланади. Унда халқ маънавий-маиший қиёфаси, тарихи ва тақдири билан боғлиқ тасвирлар, халқнинг ватанпарварлик, инсонпарварлик, қаҳрамонлик, вафо, садоқат, мардлик, ҳалоллик ва бошқа соф инсоний фазилатлар қарашлари, эзгу орзу-умидлари, курашлари ўз ифодасини топгандир. Ўзбек достонлари ва уларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари В.М.Жирмунский, Ҳ.Зариф, М.Саидов, Б.Каримов, М.Афзалов, М.Алавия, Ж.Қобулниёзов, Т.Мирзаев, Б.Саримсоқов, М.Муродов, А.Қаҳҳоров ва бошқалар томонидан ўрганилган. Уларнинг хулосаларига кўра, достонлар ҳақиқий ва идеал тарих бирлашиб, чатишиб кетган оламшумул воқеаларни тасвирлаган, халқимизнинг ахлоқий, фалсафий, диний қарашларини, ҳаёти, урф-одатлари ва маишатини қомусий бир тарзда ифодалаган ўтмиш ёдномаларидир.
Достонларда халқ тарихи фантастик асосда умумлашган образлар орқали ифода этилади. Улар эпик йўналишда тасвир этилади.
Достон асосан, халқ бахшилари томонидан яратилади ва ижро этилади. Бахши сўзи халқ орасида икки хил маънони билдиради:
1.Халқ шоирлари, яъни достон ва терма ижрочилари;
2.Афсунгарлик, фолбинлик, шомонлик қилувчи шахслар.
Профессор Т.Мирзаевнинг таъкидига кўра, ўтмишда бу икки вазифани бир шахс бажарган, кейинчалик эса касбда муайян ажралиш юзага келган.
Достонни ижро этишнинг ҳам ўз усуллари бор. Унда ижрочи достоннинг насрий қисмларини ўзига хос баён усулида айтади, назм қисмини куйлайди. Бунда қўлидаги дўмбира куйлари жўр бўлади.
Фольклоршуносликда бир нечта достончилик мактаблари ўрганилган. Булар Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожкистон, Хоразм бахшичилик мактабларидир. Улар бахшилик санъатининг ажойиб марказлари сифатида қаралади.
Сурхондарё достончилик анъаналарини давом эттираётган бахшилар Шеробод мактабига мансуб ўтмиш бахшиларнинг шогирдлари ва давомчиларидир. Чорша бахшининг фикрича, Сурхон диёри қадимдан бахшилар макони бўлиб келган. «Бош оқин бобомиз юз-юзлаб авлодларга ўз меросини қолдирган, сўз хазинаси бўлган, Бешқўтон қишлоғидан бобо шоир; унинг шогирдлари Қосим, Жуйрик, Алим бахши, Холиёр бахши, Қосим Жуйриқнинг шогирдлари Ниёзлаи, Шерна бахшилар бўлган; Алим бахшининг шогирди Эсон бахши, Назар бахши, Боймат ўғли Боймурод бахшилар бўлган; Ниёзали бахшининг шогирдлари ўғли Худойқул бахши, Шотўра бахши, Жўра бахшилар бўлган; Шерна бахшининг шогирдлари-ўғли Нормурод бахши, жияни Мардонақул бахши, Ўмир бахши Сафар ўғли, Аҳмад бахши, Алламурод бахшилар».
Фольклоршуносликда Шеробод мактаби вакилларидан анчагина достон, терма ва уларнинг варинатлари ёзиб олинган. Бахшичиликнинг Шеробод мактаби ҳақида профессор Тўра Мирзаев шундай хулосалар беради.
«Ўзбекистоннинг жанубида яшовчи кўпгина бахшилар Шеробод достончилик мактаби билан боғлиқдир. XIX асрнинг Iiярми ва ХХ аср бошларида яшаган бу мактабнинг машҳур вакили Шерназар Бекназар ўғли бир қанча шогирдлар етиштирди. Мардонақул Авлиёқул ўғли, Ўмир Сафар ўғли, Нормурод бахши, Аҳмад бахши, Бўрибой Аҳмад ўғли, Нурали Боймат ўғли, Мамарайим бахши, Юсуф Ўтаган ўғли каби ўнлаб достончилар шу мактабга бирлашади ва улардан бир қанча достонлар ёзиб олинган. Бу бахшилар репертуарига назар ташлар эканмиз, достончиликнинг нисбатан қуйи босқичларига, бадиий тафаккурнинг унча ривожланмаган формаларига дуч келамиз. Сурхондарё, Қашқадарё, баъзан Жанубий Тожикистон бахшилари ўзаро доимий алоқада бўлган ва уларнинг кўпчили Шеробод билан боғланади. Бу мактаб вакиллари репертуаригадаги айрим достонлар (масалан, «Олтин қовоқ», «Малла савдогар», «Оллоназар Олчинбек» кабилар) бошқа жойлардаги бахшилар репертуарида учрамайди.
Сурхондарё бахшилари ҳақида Чорша бахши қуйидагича ҳикоя қилади:
Чорша бахшининг айтишича, аъанавий достонларда 40-45 та, ўзи тўқиганлари билан 50 та достонни тўлиқ айтган. Ўзи тўқиганларидан ва ҳозир ёзиб чиққанларидан «Гулсора», «Тошбосар», «Эламбилол», «Чангак ботир», «Қир ёбби», «Келинбой» ва бошқалардир. Унинг фикрича, Чори ва Қори бахши Умировлар, Шоберди, Хушбоқ бахшилар ҳам устоз бахшилардир. Ёшлардан Гулбой бахши Мирзаев, Сафар бахши Поёнов, Собир, Холли бахши Эргашев, Саид бахши, Хушбоқ бахшининг ўғли, Панжи бахши Тўхтаев, Зокир бахши Поён ўғли, Холмўмин бахшилар давомчилар ва дадил изланишмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Сурхондарёлик бахшилар янги изланишлар олиб бориб, анъанавий достонларни мукаммал айтишга интилишмоқда, уларни бойитишга ҳаракат қилишмоқда. Кейинги йилларда бахшичиликка эътибор кучайганлиги, матбуот радио, телекўрсатувлар орқали уларни тарғиб этиш яхшилангани, бахшиларнинг вақти-вақти билан айрим танловлар ўтказилаётгани уларда ўзига хос рағбат уйғотмоқда, бахшилар сафининг талантли ёшлар ҳисобига ошишига олиб келаётир.
Do'stlaringiz bilan baham: |