Нафас олиш органлари. Умуртқалиларнинг нафас олиш органлари икки хил бўлади: жабралар ва ўпкалар; бундан ташқари, баъзиларида тери орқали нафас олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жабра аппарати, одатда ҳалқумни ташқи муҳит билан боғловчи симметрик жойлашган жуфт ёриқлар системасидан иборат. Жабра ёриқларининг олдинги ва орқа деворлари пластинкасимон ўсимта ҳосил қилувчи шиллиқ қобиқ билан ўралган; ўсимталар жабра япроқчаларидан иборат.
Юқорида айтилган ҳар бир япроқларга эга бўлган (олдинги ва орқа) жабра ёриқлари девори ярим жабра деб аталади. Жабра ёриқлари орасида виссерал жабра ёйлари жойлашган (виссерал скелет ҳақидаги бўлимга қаранг). Шундай қилиб, ҳар бир жабра ёйи ҳар хил иккита жабра ёриғининг ярим жабралари билан, яъни бир ёриқнинг олдинги ярим жабраси ва иккинчи ёриқнинг орқа ярим жабраси билан туташган.
Жабра ёриқлари ҳалқумдан ташқарига қараб ўсувчи жуфт энтодермал ўсимталар системаси сифатида ҳосил бўлади. Шу билан бир вақтда ташқи қаватнинг энтодермал ўсимталари ҳам ҳосил бўла бошлайди. Бу ўсимталар бир-бирига қарама-қарши ўсиб, кейин ўзаро бирлашади. Бинобарин, жабра ёриқлари энто ва эктодермал келиб чиқишга эга. Одатда, жабра япроқлари эктодермал муртакдан ҳосил бўлади. Фақат тўгарак оғизлиларда ва қалқондорларда улар энтодермадан ҳосил бўлади.
Қуруқликда яшовчи умуртқалиларнинг нафас олиш органи ўпка. У ҳиқилдоқ орқали ҳалқумга очиладиган бир жуфт халтачадан иборат. Ўпка эмбрионал ривожланиш даврида ҳалқум деворининг қорин томонида пайдо бўладиган бўртмалар сифатида ҳосил бўлиб, энтодермал келиб чиқишга эга. Ривожланишининг бошланғич даврларида ўпка жабра ёриқларининг бир жуфт ички, яъни энтодермал бошланғичини эслатади. Шу ҳолат ва жабра билан ўпканинг қон таъминотидаги ўхшашлик ўпка жабра халтасининг охирги жуфтига гомологик эканлигидан далолат беради.
Қон айланиш органлари. Умуртқали ҳайвонларнинг қон айланиш системаси бош суяксизларники каби ёпиқ. У ўзаро боғлиқ қон томирлардан иборат бўлиб, оддий схемада икки оқимга бўлиниши мумкин: елка оқимида қон бошдан думга қараб оқса, қорин оқимида тескари томонга қараб оқади. Булардаги қоннинг ҳаракати юрак фаолиятига боғлиқ.
Иш тартиби. Хордалиларни ташқи ва ичкиорганларининг тузилиши билан танишиб бўлгач, қуйидаги расмларни албомга чизиб олинг.
1. Хордалиларнинг барча орган ва системаларининг ён томондан кўриниши).
2. Хордалиларнинг ҳалқумининг кўндаланг кесими.
3. Хордалиларнинг ичагининг кўндаланг кесими.
Do'stlaringiz bilan baham: |