Машғулот 2 Ўсимликларнинг ҳўжайравий тузилиши Умумий маълумот Ўсимлик ҳужайраси турли–туман химиявий ва биологик тузилиш системасидан иборат бўлиб, унда хилма–хил ҳаётий жараёнлар боради. Мустақил ҳаёт кечирадиган бир ўсимлик организми мураккаб физиологик ва биохимиявий вазифаларни бажарадиган юксак тузилишга эга. Ҳужайра элементар тирик системадан ташкил топган бўлиб, табиатдаги мавжуд организмларнинг асосий тузилиш ва функционал бирлиги ҳисобланади. У мураккаб ва кўп поғонали эволюция давомида турли–туман ўзгаришларга учраган ва ўсимликларда бўладиган турли–туман шакл тузилишларни эгаллаган. Жумладан, тубан ўсимликлар уч хил шакл тузилишга эга: 1) бир ҳужайрали 2) колониал ва 3) кўп ҳужайрали организмлар. Бир ҳужайрали организмлар сув ўтлари ва замбуруғлар орасида учрайди. Масалан, карамда паразитлик қилувчи замбуруғ олпидиум (Olpidium), кучук сувларда ҳаёт кечирувчи яшил сувўтлардан хломидомонада, хлоронок, хлорелла ва бошқалар шулар жумласидандир.
Кўп ҳужайрали юксак ўсимликларнинг вегетатив танаси шакли, тузилиши ва бажарадиган вазифаси жиҳатидан ниҳоятда турли–туман ҳужайралар тўпламидан ташкил топган. Юксак ўсимликларнинг маълум орган ва тўқималаридаги ҳужайралар бошқалардан ўзининг шакли ва бажарадиган вазифаси жиҳатидан фарқ қилади. Ҳужайра ва тўқималарда мураккаб модда ва энергия алмашинув жараёни боради. Ҳужайралар озиқланади, нафас олади, ўсади, кўпаяди. Модда ва энергия алмашинуви жараёнида маълум ҳужайралар тўплами ўзига ҳос вазифани бажаради. Ҳужайраларнинг ҳар хил ҳаётий жараёнларни бажаришда иштирок этиш, уларнинг шакл жиҳатидан хилма–хил бўлиши ва турли–туман вазифаларни бажаришига сабаб бўлади. Бошқача айтганда, ҳужайралар ўзи учун хос бўлган вазифани бажаради.
Шаклан турли–туман ўсимликлар ҳужайраси икки гуруҳга бўлинади: паренхиматик–юмолоқ ва прозенхиматик–чўзиқ ҳужайралар. Паренхиматик ҳужайраларнинг бўйи ва эни тенг, пронзенхиматик ҳужайраларнинг эса бўйи энига нисбатан бир неча баробар узун бўлади (расм–2). Ҳужайраларнинг катта–кичиклиги ҳам турличадир. Одатда улар микроскопик катталигикда бўлади. Лекин айрим ҳужайраларни оддий кўз билан ҳам кўриш мумкин. Масалан, айрим цитрус ўсимликлари (лимон, апельсин ва ҳокозолар) ҳужайраси 5 мм, эни эса 2-3 мм бўлади. Қовун, тарвуз, помидор сингари ўсимликларнинг мева эти ҳужайраларини лупа ёрдамида кўриш мумкин. Ўсимлик танасининг асосий массасини ташкил этган ҳужайраларининг катталиги, одатда 0.015–0.067 мм оролиғида бўлади. Тўқимачилик саноатида қўлланиладиган луб толаларининг ҳужайра катталиги эса 20-40 мм га, газанда ўсимлигининг луб толаси 80 мм келгани ҳолда пахтанинг бир ҳужайрадан иборат толаси узунлиги 23-31 мм га қадар боради.
Ўсимлик ҳужайраси ҳужайранинг ички тирик қисми–протопласт ва унинг маҳсули–пўстдан иборат. Протопласт ташқи кўриниши жиҳатидан ярим суюқ шилимшиқ модда, у ҳужайранинг тирик компанентлари ва уларнинг алмашиниш маҳсули бўлиб, органик ва анорганик моддаларнинг мураккаб ҳосилалари ҳисобланади.
Ҳужайра пўсти цитоплазманинг маҳсули экан, у ҳужайрани сирт томондан ҳимоя қилиш, турли туман бирикмаларни ҳужайра ичидаги ва ҳужайралараро ҳаракатини таъминлайди. Аниқроғи, ҳужайралар орасида мавжуд эшик тирқиш вазифасини бажаради.
Протопласт–протопластлар ҳужайранинг тирик қисми–органоидлар комплексидан иборат. Ҳужайра органоидлари цитоплазмадан, мембрана (пўст) ёрдамида ажралиб туради. Ҳужайранинг тирик органоидларига қуйидагилар киради.
Цитоплазма (Cutoplasma)–ҳужайранинг тузилиш системаси.
Ядро (Nucleus)–ҳужайранинг муҳим компоненти бўлиб, алмашиниш реакцияларида актив иштирок этади. Ядрода унчалик катта бўлмаган шарсимон шаклдаги ядроча ҳам жойлашган.
Пластидлар (Plastides)–рангсиз ёки рангли оқсил таначалари, бу таначалар фақат ўсимлик ҳужайраси учун ҳос бўлиб, алмашиниш реакцияларида актив иштирок этади.
Митохондрийлар (Mitochondria)–юмалоқ гранулалар ёки таёқчалар шаклида бўлиб, электрон микроскопда кузатилганидагина кўринади. Уларнинг энергия ажралишига ёрдам берадиган ферментлари мавжуд. Шу боисдан метахондрийлар цитоплазманинг алмашиш реакциясида актив иштирок этади. Юқорида келтирилган ҳужайранинг вазифаларни бўлиб олган ёки ўзига хос вазифаларни бажарувчи дифференциялашган органоидларидан ташқари цитоплазмада жуда майда ва айни пайтда мухим физиологик вазифа бажарадиган оргоноидлар ҳам мавжуд. Буларга Гольджи аппарати, эндоплазматик тўр, рибосома, сферосома ва бошқалар киради.