3.Қадимги туркий тил вокализми қандай унлилардан таркиб топган?
4.Эски туркий ва эски ўзбек адабий тиллари вокализми ҳақида нималарни биласиз?
5.Вокализм тизимидаги контраст жуфтликларни қандай тушунасиз?
6.Ҳозирги ўзбек адабий тили вокализмида нечта унли бор? Улар йўғонлик-ингичкалик белгисига кўра котраст жуфтликларни ҳосил қиладими?
7.Қадимги туркий тил консонантизми қандай ундошлардан таркиб топган? Эски ўзбек адабий тили консонантизми-чи?
8.Ҳозирги ўзбек адабий тили ва қадимги туркий тил ундошлари тизимининг асосий фарқлари нимада?
9.Қадимги туркий тилдан ҳозирги ўзбек адабий тилигача бўлган тарихий тараққиёт жараёнида фонемаларнинг парадигматик ва синтагматик хусусиятларида қандай ўзгаришлар юз берган?
10.Сингармонизм ҳақида нималарни биласиз? Ҳозирги ўзбек адабий тилида сингармонизм борми? Шеваларда-чи?
11.Қадимги туркий тилдан ҳозирги ўзбек адабий тилигача бўлган даврда тилнинг лексик сатҳида (луғат бойлигида) қандай ўзгаришлар бўлган?
12.Тилнинг грамматик қурилишида бўлган ўзгаришлар ҳақида нималарни биласиз?
13.Ҳозирги ўзбек адабий тилининг диалектал асослари ҳақида қандай фикрлар бор?
14.Ўзбек тили шевалари қандай лаҳжаларга бирлашади?
15."Ҳозирги ўзбек адабий тили" курсининг қандай бўлимлари бор?
Таянч тушунчалар.
Фонетик-фонологик сатҳ - тил иерархиясининг товуш тизимидан иборат қуйи поғонаси (қуйи яруси): нутқ товушлари, бўғин, урғу, оҳанг ва б.лар.
Лексик сатҳ - тил иерархиясининг луғат бойлигидан иборат юқори поғонаси: сўзлар, иборалар, уларнинг турли қатламлари.
Грамматик сатҳ - тил иерархиясининг морфологик ва синтактик бирликлардан иборат энг юқори поғонаси: сўз туркумлари, грамматик маъно ва грамматик шакллар, сўз бирикмалари ва гап, уларнинг турлари ва конструкция моделлари.
Вокализм - унли фонемалар тизими.
Консонантизм -ундош фонемалар тизими.
Дивергенция - тил структурасидаги ўзгаришлар таъсирида бир фонеманинг икки фонемага бўлиниши. Мас."к"нинг "к"ва "қ"га ажралиши.
Конвергенция - тарихий тараққиёт натижасида бир неча фонеманинг бир фонема ҳолига келиши: қадимги туркий ва эски ўзбек тилларида алоҳида-алоҳида фонемалар бўлган "q" ва "о" унлилари шу қонуният асосида ҳозирги ўзбек адабий тилида битта "о" фонемасига бирлашган.
Позицион хусусиятлар - нутқ товушларининг сўз таркибидаги ўрни (унлининг урғули ёки урғусиз бўғинда, ундош товушнинг кучли ёки кучсиз позицияда бўлиши), шу омил таъсирида юз берадиган ҳодисалар.
Синтагматик хусусият - сўз ёки бўғин таркибида товуш-ларнинг занжирсимон жойлашуви, бирин-кетин келиши, горизонтал чизиқ бўйлаб жойлашувидан келиб чиқадиган хусусиятлар.
Сингармонизм - сўзнинг асоси ва аффикс таркибидаги унлиларнинг ўзаро уйғунлашуви, гармонияси.
Шева – муайян тилнинг ўзига хос фонетик, лексик ва грам-матик хусусиятларига эга бўлган энг кичик қисми.
Лаҳжа - фонетик, лексик ва грамматик умумийлик асосида бирлашган шевалар йиғиндиси. У диалект номи билан ҳам аталади.
Фонетика ва фонология.
Фонетика.
Адабиётлар. 4[14-16],10[14-19],16[3-5],24[12-13] 9-§. Фонетиканинг предмети тилнинг товуш томони, фонетик қурилишидир. Тилнинг товуш томони нутқ товушлари бўғин, урғу, оҳанг ( интонация, мелодика) каби бирликларни ўз ичига олади. 10-§. Фонетиканинг мақсади фонетик бирликларнинг физик-акустик, анатомик-физиологик ва лингвистик- функционал асосларини ўрганиш, уларнинг тил механизмидаги ролини аниқлашдан иборат. Бундай мақсад унинг қуйидаги вазифаларини белгилайди: а) товуш, урғу, мелодика каби бирликларнинг юзага келиш қонуниятларини ўрганиш; б) талабаларни юқоридаги қонуниятлар ва шу қонуниятларга оид илмий-назарий фикрлар билан таништириш; в) адабий тилнинг фонетик-фонологик тизимига оид мунозарали масалаларни аниқлаш, уларга муносабат билдириш; г) талабаларда фонетик таҳлил кўникмаларини шакллантириш; д) талабаларга шу соҳада ишлаган фонетист-фонологлар ҳақида қисқача маълумот бериш. 11-§. Ҳар қандай тилнинг фонетик бирликлари дастлаб икки гуруҳга–сегмент ва суперсегмент бирликларга бўлинади: а) сегмент бирликларга нутқ товушлари ва бўғин киради. Бундай бирликлар сўз ёки морфемалар таркибида бирин-кетин келади, ётиқ (горизонтал) йўналишда бир-бирига уланиб, занжирсимон тарзда жойлашади. Масалан: китоб сўзидаги 5та товуш (к,и,т,о,б) ва иккита бўғин(ки-тоб) сегмент бирликлар, демак, шу сўз таркибидаги қисмлар саналади; б) суперсегмент бирликларга урғу, оҳанг, мелодика, паузалар киради. Бундай бирликлар сўзга, фразага, гапга ёки нутққа яхлит алоқадор бўлиб, уларни сўз, гап ёки нутқдан ажратилган ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун уларни устама ҳодиса (М.Миртожиев) деб номлаш ҳоллари ҳам учрайди. 12-§. Фонетик бирликлар тил тизимида қуйидаги вазифаларни бажаради: 1)шакллантирувчи вазифа (русча: образуюҳая функция). Бунда фонетик бирликларнинг сўз ёки морфемалар таркибида ёхуд гап ва нутқ тузилишида қурилиш материали сифатида иштирок этиши назарда тутилади. Чунончи, пахта сўзининг таркиб топишида 5та товуш (п, а, х,т,а), иккита бўғин ( пах-та) ва битта сўз урғуси (пахта) "қурилиш материали" вазифасида қатнашган, бу бирликларнинг шу тартибда жойлаштирилишидан пахта сўзининг товуш қиёфаси - фонетик сўз шаклланган. Оҳанг, мелодика, пауза каби суперсегмент бирликлар эса гап қурилишида ёхуд нутқнинг таркиб топишида устама ҳодиса сифатида қатнашади: дарак, сўроқ ва буйруқ гапларнинг ўзига хос интонациялари, шеърий мисралардаги оҳанг товланишлари бунга мисол бўлади; 2) танитувчи вазифа (русча: опознавательная функция). Бунда фонетик сўз таркибидаги фонетик бирликларнинг шу сўзни ва унинг маъносини "таниб олиш" ва "эслаб қолиш" учун хизмат қилиши назарда тутилади: сўз ва унинг маъноси (ёхуд морфема ва унинг маъноси) шу сўзнинг (ёки морфеманинг) фонетик қобиғи туфайлигина инсон хотирасида доимий яшайди. Масалан, инсон пахта сўзини (фонетик сўзни) эшитганда ёки ўқиганда, унинг хотирасида "ғўза ўсимлигининг оқ толали юмшоқ маҳсули", тахта сўзини эшитганда ёки ўқиганда эса "ғўладан узунасига тилиб олинган ясси ёғоч бўлаги" эсга келади, бу ҳол ҳар бир сўзнинг фонетик қобиғи билан шу сўзнинг мазмун планидаги маънолар ўртасида доимий алоқа борлигидан (шакл ва мазмун бирлигидан) далолат беради. Кўпчилик сўзларнинг фонетик таркиби ўзаро фарқли бўлишини ҳисобга олсак, бундай фарқлар сўз маъноларини тафовутлаш учун хизмат қилиши ҳам маълум бўлади: "қишлоқ" ни "пишлоқ"дан, "ғўза"ни "кўза"дан, "уй"ни"куй"дан фарқлаш имкони яратилади. Демак, сўз ва грамматик формалар ўзининг товуш материяси туфайлигина нутқда маълум аҳамият касб этади. Товушгина сўз ёки сўз шаклини эшитувчи учун борлиқ тусига киритади. (Бу ҳақда дарсликнинг "Фонология" бўлимида тўлароқ маълумот берилади). 13-§. Фонетика фани тилнинг товуш томонини турли усулда ва турли мақсадларда ўрганади, шунга кўра унинг қуйидаги турлари ўзаро фарқланади: 1.Умумий фонетика. Фонетиканинг бу тури барча тилларнинг товуш томони учун умумий бўлган қонуниятлар ва ҳодисалар билан таништиради. Масалан, барча тилларда фонетик бирликларнинг физик-акустик табиати, анатомик-физиологик (биологик) асоси ва лингвистик-функционал жиҳатлари бор; барча тилларда нутқ товушлари фонема типларига бирлашади, барча тилларда фонемалар фонологик оппозициялар (зиддиятлар) ва корреляцияларни юзага келтиради, шулар орқали фонологик системалар шаклланади. Тилнинг структуравий ва системавий хусусиятига хос бўлган бундай назарий масалаларни кўриш умумий фонетика предмети саналади. 2.Хусуий фонетика. Фонетиканинг бу тури конкрет бир тилнинг фонетик тизими ҳақида маълумот беради: ўзбек тили фонетикаси, рус тили фонетикаси, инглиз тили фонетикаси каби. Хусусий фонетика айрим олинган бир тилнинг фонетик тизимини ўрганишда умумий фонетика хулосаларига, шунингдек, фонетиканинг бошқа турларида тўпланган тажрибаларга таянади.
Do'stlaringiz bilan baham: |