6-модда. Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасидаги ваколатли давлат органининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб юритилади) ҳисобланади.
Ваколатли давлат органи:
барқарор ривожлантириш тамойилларига ва давлат дастурлари мақсад-вазифаларига мувофиқ органик ишлаб чиқариш тизимини яратади;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни, шунингдек ушбу жараён доирасидаги ташкилий ишларни соҳалар ва тармоқлараро мувофиқлаштиришни амалга оширади;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда рухсат этилган уруғликлар, экиш материаллари, органик ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, озуқа хомашёлари, озуқа қўшимчалари, чорва, парранда, асалариларни парваришлашда фойдаланиладиган дори воситалари, дезинфекция ва тозалаш учун моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари
ва технологик ёрдамчи воситаларни қўллаш органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш тўғрисидаги қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари асосида амалга ошириладиган жараёнлар мониторингини юритади;
мулкчилик шаклидан қатъий назар барча ташкилотлардан органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасига оид зарур маълумотларни олади;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасидаги мувофиқликни баҳолаш органлари (кейинги ўринларда мувофиқликни баҳолаш органлари деб юритилади) фаолиятини аккредитациядан ўтказади;
инсон соғлигига, экотизимларга зарар етказмайдиган инновацион техника ва технологиялар, усуллар ва жараёнларни қўллаган ҳолда, тадбиркорлар томонидан истеъмолчилар талабларига жавоб берадиган органик маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши учун қулай шароитлар яратади;
органик маҳсулотлар учун давлат савдо белгисини ишлаб чиқади;
органик қишлоқ хўжалигини юритиш бўйича ўқув ва услубий материалларни тайёрлайди;
органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўқув ва маслаҳат хизматларини кўрсатади;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг мақсади ва истиқболлари тўғрисидаги билимларни оммалаштириш ишларини амалга оширади;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар реестрини юритади;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чораларини кўради;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлайди ва ривожлантиради;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида инновацион техника, технологиялар ва усулларни ишлаб чиқиш бўйича мақсадли илмий-тадқиқот ишлари, саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди;
халқаро ва ички бозорларда органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг савдосини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.
Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |