ИСЛОМ КАРИМОВ: “ОНА ЮРТИМИЗ БАХТУ ИҚБОЛИ ВА БУЮК КЕЛАЖАГИ ЙЎЛИДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ – ЭНГ ОЛИЙ САОДАТДИР” (ТЎЛИҚ ТАЛҚИНДА)
14:05, 31 август 2015
Яқинда Президентимиз Ислом Каримовнинг шу номли китоби “Ўзбекистон” нашриёти томонидан кўп минг нусхада чоп этилди.
Ушбу китобдан давлатимиз раҳбарининг 20 дан зиёд учрашув ва анжуманларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқ ва маърузаларида, шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида билдирган ғоя ва фикр-мулоҳазалари ўрин олган.
Китобда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли теран таҳлил қилиниб, бу ҳаётий саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоблар берилгани нашрнинг қимматини янада оширади.
Албатта, бу китобнинг ҳар саҳифаси, ҳар бир сатрини қайта-қайта ўқиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди. Биз ушбу асардан олинган айрим иқтибосларнигина эътиборингизга ҳавола этамиз.
КИМ ЭДИК?..
“СССРни ёқлаб чиқаётганларнинг бирорта гапига ишониб бўлмайди”
“Илгари ҳам, ҳозир ҳам СССРни ёқлаб чиқаётганларнинг бирорта гапига ишониб бўлмайди...У пайтлар шундай вазиятлар ҳам бўлардики, бир марта тўйиб овқатланишнинг ўзи бахт ҳисобланарди. Мен ёшлигимда буларнинг барчасини бошимдан ўтказганман. Ҳатто, шундай бўлганки, мактабда бир неча бор дарс пайти очликдан ҳолсизланиб ухлаб қолганман. Бундай ҳолатлар ўша замонларни кўрган одамларнинг кўпчилигига бегона бўлмаса керак. Мен аниқ биламан, сизлар ҳам ёшлигингизда айни шундай қийинчиликларни бошингиздан ўтказгансиз. Яъни ҳаммамизнинг тақдиримиз ўхшаш бўлган. Ўша даврларда эрталаб оч-наҳор туриб, дарсга чопардик, куч-қувват ҳам шунга яраша бўларди.”
“Йигирма миллионлик халқни боқиш энг катта муаммога айланган эди”
“Халқимизда “Етти ўлчаб, бир кес” деган нақл бор. Агарки 90-йилларда биз ҳам шошма-шошарлик билан иш тутганимизда ҳозир нима бўларди? Ҳолбуки, ўша вақтларда бор-йўғи бир ҳафта-ўн кунлик унимиз қолган эди. Йигирма миллионлик халқни боқиш энг катта муаммога айланган эди. Агар ўша пайтда биз ҳам кимларнингдир сохта ваъдаларига учиб, ер ости ва ер усти бойликларимизни гаровга қўйиб, қарз кўтараверганимизда бугун ҳолимиз не кечарди?
Ҳавойи гаплар билан “Биз мустақил бўлдик”, деб кўкрагини кериб, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиш учун ҳаракат қилиш ўрнига бошқа давлатларнинг пинжига кирган баъзи мамлакатлар бугун қандай аҳволга тушиб қолганини ўзингиз кўряпсиз.”
“Оммавий қатағоннинг бир кўриниши”
“Собиқ СССР даврида Ўзбекистонга нисбатан Марказ томонидан олиб борилган зўравонлик сиёсати, халқимизни камситиш, унинг эҳтиёжларини менсимаслик, юртимизда пахта яккаҳокимлиги авжига чиқиб, иқтисодий ҳолатимиз ва ҳаётимиз жар ёқасига келиб қолгани, норозилик ловуллаб ёниб кетадиган даражада кескинлашиб боргани ҳеч кимга сир эмас.”
“Биз “пахта иши” деганда, унинг мудҳиш оқибатлари ҳақида гапирганда, аввало, ана шундай минг-минглаб оддий, бегуноҳ одамларни, уларнинг бошига тушган фожиаларни тушунамиз ва сунъий равишда ўйлаб топилган бу кампанияни халқимизга юртимизга нисбатан олиб борилган оммавий қатағоннинг бир кўриниши деб баҳолаймиз.”
“Ўта қалтис вазиятда менга Қашқадарёни бошқариш вазифаси топширилди. Аслида мени бу вазифага юборишдан мақсад бошқача бўлган. Яъни бу одам ишни эплолмайди, барибир бу оғир вилоятни бошқариш, вазиятни ўнглашга унинг кучи етмайди. Шундан кейин унинг ўзини айбдор қилиб, ишдан оламиз, керак бўлса, Сибирга жўнатамиз, деган ёвуз ният бўлган.”
“Бугунги ёшларга бу кинодек туюлади”
“Мен 1989 йил 23 июнда Ўзбекистон раҳбари бўлиб сайланган бўлсам, 25 июнда Фарғонага келганимни яхши эслайман. Обком биносига кираверишда қарасам, 3 та ҳарбий десантчи турибди. Уларни кўрган одам қўрқади. Фарғона кўчаларида патруллар юрганини гапирсам, бугунги ёшларга бу балки кинодек туюлади. Лекин буларнинг ҳаммаси ҳақиқат.
Кейин Қўқонга ўтдим. Йўлда райкомга кирсам, унинг биноси бўм-бўш, ҳеч ким йўқ. Масъул одамларни зўрға излаб топдик. Нима бўляпти, деб савол берсак, ҳаммаси жим. Биронта одам ўша пайтда нима бўлаётганини тушунтириб беролмади. Ҳаммада тушкунлик, қўрқув, хавотир.” “Июль ойига қадар Фарғона вилояти аҳолисининг ҳаёт даражасини ошириш, меҳнатга яроқли аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич амалга оширилди”
“Империя ҳамиша зулмга асосланади”
“Тарих ҳақиқати шуки, империя деган тузум ҳеч қачон кўп яшамайди. Нега деганда, империя ҳамиша зулмга асосланади.”
1991 йил 18 август куни ўзини Давлат фавқулодда ҳолат қўмитаси - ГКЧП деб атаган бир гуруҳ сиёсий авантюристлар давлат тўнтаришини амалга оширишга уринди. Уларнинг асосий мақсади – эски, мустабид, тугаб бораётган совет тузумини асло ўзгартирмасдан сақлаб қолиш эди...
“...ГКЧП эълон қилинганини Аграда эшитиб, 19 август куни зудлик билан Тошкентга қайтдим. Мени расмий кишилардан ташқари Туркистон ҳарбий округи бош қўмондони ҳамда марказдан келган уч нафар генерал кутиб олди. Қарасам, барчасининг қовоқлари уюлган, важоҳати одамни сескантиради. Мен аэропортдан тўғри ҳукумат биносига келиб, кечқурун ҳукумат аъзолари билан учрашдим ва Ўзбекистон ССР ҳудудида ГКЧПнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ҳақида кўрсатма бердим...”
“...21 август куни махсус фармонга имзо чекдим. Унга биноан энди Ўзбекистон ҳудудида ҳокимият ва бошқарув идоралари, корхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг қабул қилган барча қарорлари ва уларнинг ижроси Ўзбекистон ССР конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон ССР Президентининг фармонлари ва Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши билан Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишларига сўзсиз мос келиши шартлиги белгиланди ҳамда ГКЧПнинг СССР конституцияси ва қонунларига зид келадиган қонунлари ҳамда фармонлари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланди...”
Do'stlaringiz bilan baham: |