КИМ БЎЛДИК?..
“Бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман”
“Мен ўша пайтдаёқ, Ўзбекистон ўз йўлини қатъий танлаб олган, энди ҳеч ким ҳеч қачон бизни бу йўлдан қайтара олмайди, деб айтганман ва ҳозир ҳам шу принцип асосида ишлаб келмоқдаман.”
“Биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз. Шахсан мен бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимизнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман.”
“Ёмонликни кўрмаган одам яхшиликнинг қадрини билмайди”
“...Юртимизда вазият жар ёқасига келиб қолган, одамларнинг сабр косаси тўлган, уларнинг турмуш шароити жуда оғир эди. Буни яшаш даражаси бўйича Ўзбекистон ўн бешта республика ичида энг пастки ўринларга тушиб қолгани, уч-тўртталаб оила катталакдек ҳовлиларда тиқилиб яшагани, ишсизлик, оналар ва болалар ўлими кескин ошиб кетгани ҳам тасдиқлайди.”
“Ўзимнинг ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, бу дунёда ёмонликни кўрмаган одам яхшиликнинг қадрини билмайди. Қийналмаган одам ҳақиқий бахт нима эканини тўлиқ англаб етмайди.”
“Ҳаётда мақсадга эришиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Эй, бизга шу бўлаверади, деган фикр билан яшайдиган одам, билиб қўйинглар, ҳаммамизнинг душманимиздир.”
“Бизнинг энг катта бойлигимиз – бу ёшларимиздир”
“Биз аламзада эмасмиз, кечаги ҳаётдан норози бўлиб, кимгадир қандайдир талаб қўйишдан йироқмиз. Кимлардир бир вақтлар юртимиздан улкан бойликларни олиб кетган бўлса, майли, бойлик топилади. Аммо шуни билиб қўйинглар, бизнинг энг катта бойлигимиз – бу халқимиз, ёшларимиздир”.
“Мустақиллик – тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир”
“Янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида биз илгари ҳеч қачон дуч келмаган, тажрибамизда учрамаган ўта оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтишимизга тўғри келди.
Ҳеч шубҳасиз, бу борада қандай муаммо ва синовларни, қийинчилик ва тўсиқларни енгишга тўғри келган бўлмасин, қандай суронли ва тўфонли кунларни бошимиздан кечирган бўлмайлик, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаган ва дадил қадамлар билан бораётган йўлимиздан, ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларимиздан қайтмаймиз, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз”.
“Кимки мустақиллик йилларида Ўзбекистон қўлга киритган муваффақиятларни кўрмоқчи бўлса, аввало одамларнинг, халқимизнинг юзига, кўзига қарасин. Мактаб, лицей ва коллежларда таълим тарбия олаётган болаларнинг чеҳрасига боқсин.”
“Юртимизда туғилган, энди 5 ёшга тўлган болалар ҳам “Мен - Ўзбекистон фуқаросиман!” деб фахрланиб, ғурурланиб гапиради.”
“Ўзимиз истаган замон учун курашиш лозим”
“Мен ёшларимизга қараб айтмоқчиман: агарки қачон биз хоҳлаган замон келса, ана ўшанда муродимизга етамиз, деган фикр билан бемалол юрадиган бўлсак, билиб қўйинглар, бундай замон ҳеч қачон ўз-ўзидан келмайди. Ўзимиз истаган замон учун курашиш, керак бўлса, ўзимизни, бутун борлиғимизни беришимиз лозим. Шундай интилиш билан яшасак, нафақат ўз ҳаётимиз, балки келажак авлодларимиз ҳаётини, уларнинг эртанги ёруғ кунини ўзимиз, ўз қўлимиз билан барпо этган бўламиз.”
“Азиз отажоним, меҳрибон онагинам...”
“Биз, одатда, она тупроғимизда мангу ором топган ота-боболаримизнинг қабри олдига бориб, уларнинг руҳига тиловат қиламиз, улар билан руҳан суҳбат қурамиз, улардан худдики маслаҳат олгандек бўламиз...”
...Азиз отажоним, меҳрибон онагинам, сизлар учун армон бўлиб қолган бахтли ҳаёт мана, бизга насиб этди, сизлар эзилган, таҳқирланган замонлар энди ортда қолди. Озод ва обод юртимизнинг бугунги ривожи, фарзанд ва набираларингизнинг ёруғ ва бахтли ҳаётининг гувоҳи бўлиб, азиз руҳингиз шод бўлаётганига ишончим комил.”
Do'stlaringiz bilan baham: |