ТТА да ҳомиладорликни юритиш
Енгил кечувчи анемияни даволаш аёллар маслаҳатхонаси шароитида олиб борилади.
Экстрагенитал патология билан кечувчи анемиянинг ІІ-ІV даражаси, даволашдан кейинги натижанинг йўқлиги, акушерлик анамнезининг оғирлиги ва бошқа акушерлик патологияларининг бўлиши ҳомиладор аёлни госпитализация қилишга кўрсатма бўлади. Бу ҳомиладорларни касалхонадан чиқарилаётган вақтда юқори хавфдаги диспансер гуруҳига ўтказилади.
Сурункали анемия вақтида шифокор тактикаси: I-триместрда биринчи аёллар консультациясида анемия касаллиги аниқланган ҳомиладорлар ўта жиддий эътибор- ни талаб қилади. Шифокор анемия этиологиясини, касаллик муддатини ва оғирлик даражасини аниқлаши, олдин ўтказилган антианемик терапиянинг эффектини аниқлаши зарур.
Ҳомиладорларда III-IV даражали анемия аниқланганида Верльгоф касаллигини, суяк кўмиги гипоплазиясини, гемолитик анемия каби касалликларни ҳам аниқлаш даркор. Кўпинча анемия сурункали жигар касалликлари (шиш,гепатолиенал синдром) ёки буйрак касалликлари (гломерулонефрит, пиелонефрит, ўсма) симптоми бўлиши мумкин, шунинг учун ҳомиладорларнинг бу гуруҳи ўта чуқур клиник текширувдан ўтишлари лозим.
Сурункали анемия билан оғрувчи аёлларда ҳомиладорлик одатда уларнинг ҳолатини қийинлаштиради, оғирлик даражаси ортади. Аёлларни анемиянинг II-III даражасида бош айланиши, кўзнинг тиниши, бош оғриги, умумий ҳолсизлик, ҳансираш ва юракнинг тез уриб кетиши безовта қилади. Бундай касалларда тери қопламасининг оқариши, артериал қон босими тушиб, систолик шовқин юзага келади. Касалликнинг муддати тўғрисида ҳар хил турдаги трофик ўзгаришларга, қошиқсимон тирноқ, уларнинг синувчанлиги, жилвасининг йўқолиши, соч тўкилиши, терининг қуруқлигига қараб баҳо бериш мумкин.
Гемолитик анемия, суяк кўмигининг гипоплазияси ва аплазияси, лейкоз, Верльгоф касаллиги, ҳомиладор бўлишга қарши кўрсатма саналади. ТТА нинг оғир даражасида ҳомиладорликни 12 ҳафтагача бўлган муддатда уни тўхтатиш тавсия қилинади.
Ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасидан сўнг, анемиянинг III-IV даражасида ҳомиладорликни тўхтатиш тўғрисидаги масала ўта эҳтиёткорлик билан ҳал қилиниши лозим, чунки бу вақтда етарли даражада қон йўқотилиши мумкин. Шу билан бирга ҳомиладорликни тўхтатиш учун оғир сабаблар: 40 ёшдан катталиги, олдинги туғруқдаги қон кетиш, ревматизмнинг актив фазаси, эндокардит, аортал ва митрал клапанлар стенози, оғир юрак етишмовчилиги, сурункали гепатитнинг актив фазаси, жигар циррози, ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги, III даражали тиреотоксикоз. Ҳомиладорликни тўхтатишдан олдин стационарда асосий касалликни бир курс даволаш, қон кетиш профилактикасини ўтказиш лозим.
II даражали анемияли ҳомиладорларнинг юқори хавф гуруҳдагилари учун текширув ва даволаш-профилактика чора-тадбирлари ташкил қилинади, улар ўзида 4 ҳафталик интервалда 20-30 кундан иборат бўлган 2-4 курс стационар даволашни мужассам этади. Стационардан чиқарилганидан сўнг амбулатор даволаш давом эттирилади.
ТТАнинг енгил даражасидаги ҳомиладорлар амбулатор даволашни стационар ва кундузги стационар шароитда қабул қиладилар. Ўртача оғир даражадаги анемияда амбулатор даво фойда бермаганда, қўшимча экстрагенитал ва акушерлик патологияси бўлганида ҳомиладорликнинг 28-32 ҳафтасида режали ва профилактик госпитализация қилинади, 38- ҳафтадан эса , туғруққа тайёрлашга ётқизилади.
Ҳомиладорликнинг 28-32 ҳафтасидаги госпитализация ТТАнинг профилактикаси ва даволашни ҳамда бачадон-плацента қон айланишининг яхшиланиши, преэклампсия юзага келишининг профилактик чораларини кўзда тутади.
ТТА ни даволаш ҳам поликлиника, ҳам стационар шароитида комплекс бўлиши шарт, бу терапия ўзида диетотерапияни, медикаментоз терапияни, қўшимча патологиянинг зарарли омиллаирни йўқотишни мужассам этади.
ТТА билан оғрувчи ҳомиладорларнинг истеъмол қиладиган овқати юқори калорияли бўлиши (3000-3500 ккал) ва таркибида касалликни даволаш учун керакли қўшимчалари бўлиши керак.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, темир моддаси мол гўштида, жигар, тухум сариғида, укропда, петрушкада кўп бўлади. Бу маҳсулотлар организмнинг темир моддасига бўлган талабини тўла қондира олмайди. Шунинг учун темир препаратларини истеъмол қилиб туриш керак.
Ферропрепаратлар суяк кўмигига активлаштирувчи таъсир ўтказади.
Эритроцитлар сонининг ошишини таъминлайди, ранг кўрсаткичи ошади. Перорал препаратлар билан даволаш узоқ муддат олиб борилиши керак (4-6 ой).
ТТА нинг I-даражаси билан хасталанган ҳомиладор аёллар консультацияси шароитида даволанишади.
Темир танқислигини тўлдириш учун темир тутувчи препаратлар буюрилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |