Гетчинсон тишлари – коронкаси отверткасимон ва бочкасимон шаклга эга (кесувчи қиррасига нисбатан бўйин соҳасининг ўлчами каттароқ) ва кесувчи қиррада яримой ўйиқ бўлган юқори марказий курак тишлардир.
Фурнье тишлари. Бу коронкаси отверткасимон шаклга эга бўлган, бироқ кесувчи қирраси бўйлаб яримой ўйиқ бўлмаган марказий тишлардир. Гетчинсон ва Фурнье тишлари кўпинча туғма захмда кузатилади.
Пфлюгер тишлари – чайнаш юзасига нисбатан бўйин қисми атрофида коронка ўлчами катта бўлган, дўнглиги эса яхши ривожланмаган ва, бирлашиб тишга конус кўринишини берувчи, биринчи молярлар.
«Тетрациклинли тишлар» - бу тиш тўқималарининг шаклланиши ва минерализацияси даврида тетрациклинни қабул қилиш натижасида улар рангининг (сариқ) ўзгаришидир. Ўзгариш характери препаратнинг дозасига боғлиқ. Унча катта бўлмаган миқдорда – рангининг ўзгариши, катта миқдорда – эмалнинг етилмай қолиши характерли. Тетрациклинни ҳомиладор аёллар ва 12 ёшга тўлмаган болаларга тавсия қилиш мумкин эмас. Ёши катталашган сари ёруғлик таъсири остида ранги (айниқса вестибуляр юзасида) ўзгаради. Сариқ рангдан у кулранг, хира-сариқ ёки қўнғир жигар рангга айланади. Сут тишлари рангининг сариқ, тўқ жигар ранг, сарғимтир яшил, қорамтир жигар ранг, кул ранг, яшил, мовий, бинафша, қора рангга ўзгариши чақалоқларнинг гемолитик касаллигини ўтказган болаларда кузатилади. Эркин билирубиннинг алмашиниш маҳсулотлари тиш тўқималарида тўпланади ва уларни турли рангларга бўяйди.
Доимий тишларнинг жигар рангда бўлиши сариқлик, Адисеон касаллиги, пушти ранг – холера, терлама, ревматизм, кўкимтир ранг – ўзида темир сақлаган препаратларни узоқ вақт қабул қилишда кузатилади.
Ўчоқли одонтодисплазия – ривожланишнинг бир, кўпинча эса турли даврларида бир неча ёнма-ён турган тишларнинг гипоплазияси. Бу кам учрайдиган патология бўлиб, амалда соғлом болаларда кузатилади. Ривожланишнинг бир ёки турли даврларида ҳам вақтинчалик ва ҳамда доимий бўлган қатор жойлашган бир неча тишларнинг кеч ривожланиши ва ёриб чиқиши билан характерланади. Кўпинча бундан курак тишлар, қозиқ тишлар ва доимий молярлар, кам ҳолларда эса юқори жағнинг бир томонидаги барча тишлар азият чекади. Бу тишларнинг коронкалари эмал етилмай қолганлиги сабаб кичиклашган бўлиб, сариқ ранг ва нотекис юзага эга. Рентгенограммада қаттиқ тўқималар шу жағнинг қарама-қарши томонидаги тишлар билан таққослаб кўрилганда юпқалашган, илдизи калта ва каналлари кенгайган. Бу патологиянинг этиологияси аниқланмаган.
Маҳаллий гипоплазия бир, кам ҳолатларда икки тиш тўқималари ривожланишининг бузилиши билан характерланади. Ривожланаётган фолликуланинг механик жароҳатланиши, кўпинча эса ундаги яллиғланиш жараёни бунга сабаб бўлади. Вақтинчалик тишларда маҳаллий гипоплазия кузатилмайди. Исталган тиш куртагининг механик жароҳатланиши жағнинг синиши, вақтинчалик тишнинг қадалган ёки нотўлиқ чиқишида юзага келади. Вақтинчалик тиш илдизининг чўққиси соҳасидан тарқалаётган яллиғланиш жараёни маҳаллий гипоплазиянинг сабаби бўлиб ҳисобланади, кўпинча премолярлар куртаги азият чекади, чунки улар вақтинчалик тишларнинг илдизлари орасида жойлашган. Маҳаллий гипоплазия бўрсимон доғлар ёки барча юзада жойлашган нуқтали чуқурчалар кўринишида намоён бўлади. Оғир ҳолатларда эмал аплазияси кузатилиши мумкин.
Гиперплазия, ёки эмал томчилари – бу унинг ривожланишида тиш тўқимасининг ҳаддан ташқари ҳосил бўлишидир. «Эмал томчилари» 1,5% пациентларда кузатилади, уларнинг диаметри 1мм дан 24 мм гачани ташкил қилади. Одатда улар эмал ва цемент чегарасидаги тишнинг бўйин соҳасида, баъзида илдизларнинг бифуркация соҳасида жойлашади. Алоҳида ҳолатларда ҳосилалар бўртиқ кўринишида бўлади, бироқ кўпинча юмалоқ шаклга эга бўлиб, тишдан бўйин билан чегараланган ва шаклига кўра томчини эслатади. Томчини қоплаган эмал тишнинг асосий эмалидан цемент соҳаси билан чегараланган, эмал томчисининг ичида пульпа билан тўлдирилган (бироқ ҳар доим ҳам эмас) унча катта бўлмаган бўшлиқ мавжуд. Клиник жиҳатдан эмал томчилари ҳеч нарса билан намоён бўлмайди ва давони талаб этмайди.
Флюороз – эндемик касаллик бўлиб, сув ва тупроқда фтор миқдори юқори даражада бўлган жойда яшовчи шахсларда кузатилади. Фтор инсоннинг барча аъзолари таркибига киради, асосан у суяк ва тишлар таркибида бўлади. Тишларнинг шикастланиши флюорознинг эрта белгиларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Ичимлик сувидаги фторнинг оптимал миқдори 0,8-1,2 мг/л ни ташкил қилади. Ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотларида фтор қанча кўп бўлса, флюороз шунча кўп ва кариес шунча кам учрайди. Эндемик флюороз ўчоғида истиқомат қилувчи ёки 3-4 ёшлигида у ерга кўчиб борган болаларда қаттиқ тўқималарнинг минерализацияси даврида доимий тишлар (кам ҳолатларда сут тишлари) флюороз билан шикастланади.
Флюороз биринчи навбатда юқори жағнинг курак тишлари ва премолярларда, кам ҳолатларда пастки жағ курак тишлари ва молярларда намоён бўлади. Таркибида 2 мг/л дан кўп фтор сақлаган ичимлик сувини истеъмол қилганда флюорознинг ривожланиши учун шароит яратилади. Агар сувдаги фторнинг концентрацияси 6 мг/л дан ошса, шаклланиб улгурган тишларда ўзгаришлар юзага келиши мумкин.
Иқлими иссиқ бўлган жойларда, сувда фтор концентрацияси оптимал даражада бўлсада, организмга кўп миқдорда тушиши боис, флюороз ривожланиши мумкин. Сув ва тупроқ орқали фтор ўсимликларга ва инсон ҳамда ҳайвонлар организмига тушади. Айниқса унинг миқдори денгиз балиғи, гўшт маҳсулотлари (жигар, қўй гўшти, суяк кўмиги), тухум сариғи, баъзи ўсимликлар ( буғдой, жавдари, карам, лавлаги, чой) ва мевалар (анор, олма) таркибида кўп. Бу маҳсулотлар мустақил тарзда флюорозни келтириб чиқармайди, кўп миқдорда фтор организмга сув билан тушганида фиксацияланади.
Организм реактивлигининг пасайиши (эндокрин бузилишлар, болалар юқумли касалликлари)– флюорознинг ривожланишига олиб келувчи омил бўлиб ҳисобланади.
Патрикеев тишлар флюорозининг 5 даражасини фарқлайди: штрихли шакли, доғли, бўрсимон-хол-хол доғли, эрозив, деструктив.
Дастлабки уч шаклида тиш тўқималари йўқотилмайди, эрозив ва деструктив шакллари тиш тўқималарининг йўқотилиши билан кечади.
Флюорознинг штрихли шакли эмалнинг юзаости қатламида жойлашган унча катта бўлмаган бўрсимон йўл-йўл чизиқлар-штрихлар пайдо бўлиши билан характерланади. Йўл-йўл чизиқларнинг бирикиши доғ ҳосил бўлишига олиб келади, уларда чизиқлар фарқланади. Штрихли шакли кўпинча юқори жағ, кам ҳолатларда пастки жағ, курак тишларининг вестибуляр юзасида кузатилади. Доғли шакли йўл-йўл чизиқларсиз яхши ифодаланган бўрсимон доғлар билан характерланади. Бўрсимон доғлар кўп сонли бўлиб, тишларнинг бутун юзаси бўйлаб жойлашган. Бўрсимон ўзгарган соҳа секин-аста нормал эмалга ўтади.
Ушбу шакли кўпгина тишларда кузатилади, бироқ айниқса юқори ва пастки жағнинг курак тишлари шикастланади. Баъзида доғлар оч жигар ранг кўринишига эга бўлади. Доғ соҳасидаги эмал силлиқ, ялтироқ кўринишга эга.
Бўрсимон-хол-хол доғли шакли турли-туманлиги билан характерланади. Одатда барча юзалардаги эмал хира тусга эга ва шу фонда яхши ифодаланадиган пигментланган доғлар мавжуд. Баъзида эмал кўпгина доғ ва нуқталарнинг бўлиши билан сариқ тусга эга бўлади. Баъзида эмалнинг камайиши билан диаметри 1-1,5 мм ва чуқурлиги 0,1-0,2 мм бўлган юза жойлашган шикастланишлар кузатилади. Бўрсимон -хол-хол доғли шаклида тўқ жигар рангдаги пигментланган дентиннинг очилиб қолиши билан эмал тезда йўқолади.
Эрозив шакли шу билан характерланадики, бунда эмалнинг кучли ифодаланган пигментацияси фонида, у мавжуд бўлмаган, турли шаклдаги нуқсон-эрозияларнинг катта соҳаси кузатилади. Бу шаклда дентин ва эмалнинг ифодаланган йўқотилиши кузатилади.
Деструктив шакли эрозив емирилиш ва қаттиқ тўқималарнинг йўқотилиши ҳисобига тиш коронкалари шаклининг бузилиши билан характерланади. Деструктив шакли фтор миқдори 5 мг/л дан юқори бўлган жойда кузатилади. Бу шаклда тиш тўқималари мўрт, синувчан бўлиши мумкин. Бироқ тиш бўшлиғи тўпланган дентин ҳисобига очиқ қолмайди.
ЖССТ томонидан қабул қилинган касалликларнинг халқаро таснифига кўра, флюорознинг 5 шакли фарқланади:
1-шакли - шубҳали: эмалда аранг илғаб олиш мумкин бўлган томчилар ёки доғлар пайдо бўлади;
2-шакли – жуда кучсиз: тиниқ бўлмаган оқ доғлар эмалнинг 25% дан кам юзасини эгаллаган;
3-шакли - кучсиз: тиниқ бўлмаган оқ доғлар эмалнинг 50% кўп бўлмаган юзасини эгаллаган;
4-шакли - ўрта: тишнинг барча юзаси шикастланган, эмал жигар ранг доғлар кўринишида бўлади;
5-шакли - оғир: тишнинг барча юзаси шикастланган, катта соҳалари жигар ранг тусга кирган ва эмал деструкцияси кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |