1. КИРИШ
Ушбу дастур Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” талабларидан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларининг малакавий амалиёти ҳақида Низом”и (ОЎМТВининг 1998 йил 30 октябрь 305-сонли буйруқ билан тасдиқланган) ва 5231600 – “Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси” бакалавриат таълим йўналишининг Давлат таълим стандарти асосида тузилди.
Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёни кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳам туб ўзгаришлар қилинишини талаб этади.
Мамлакатимиз Биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “...ҳозирги вақтда мутахассислар тайёрланаётган ҳар қайси ихтисослик йўналиши реал ҳаёт талабларига қай даражада жавоб бериши, унга нафақат бугунги, балки яқин истиқболда қандай эҳтиёж борлигини ҳар томонлама чуқур аниқлашимиз лозим”.
Бўлажак мутахассисда мустақил фикрлаш, тадбиркорлик ва доимий ижодкорликка йўналтирилган янгича иқтисодий тафаккурни шакллантиришга олий ўқув муассасаси ва ишлаб чиқаришнинг ҳамкорлиги орқали эришиш мумкин. Бунга талабаларнинг ишлаб чиқариш корхоналари, турли ташкилотлар ва муассасаларда малакавий амалиёт ўташи орқали эришилади.
Малакавий амалиёт ўташ ўқув жараёнининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади. Малакавий амалиётнинг муҳимлиги шундаки, уни ўташ вақтида талаба эгаллаган назарий билимларини амалий ишда мустаҳкамлайди ва бозор муносабатлари талаблари асосида бошқарув қарорларини қабул қилиш кўникмаларига эга бўлади. Малакавий амалиёт нафақат илмий, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эгадир. Талаба муайян аҳлоқий қоидаларга риоя қилган ҳолда биринчи марта ишлаб чиқариш жамоасига, уларнинг кундалик ишига аралашади, уларга қўшилиб меҳнат қила бошлайди.
2. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
5231600 – “Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси” таълим йўналиши 2-курс талабаларининг малакавий амалиёти (ишлаб чиқариш) IV–семестрда, яъни ўқув йилининг 39-ҳафтасида бошланиб, 48-ҳафтасида тугалланади ва жами 10 ҳафта давом этади. Умумий малакавий амалиёт даври – 10 ҳафта (60 иш куни)дан иборат.
Малакавий амалиётни ўташ дастури уни оқилона ташкил этиш ва аниқ мақсадга эришиш учун муҳим қўлланма ҳисобланади.
5231600 – “Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси” таълим йўналишида таҳсил олаётган 2-курс талабалари учун амалиёт базаси сифатида ишлаб чиқариш корхоналари, фирмалар, ассоциациялар, концернлар, компаниялар, агентликлар, вилоятлар Меҳнат бошқармалари ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |