Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази


I БОБ. “Ўзбек фалсафаси” нинг тарихий илдизлари



Download 23,9 Mb.
bet6/19
Sana03.07.2022
Hajmi23,9 Mb.
#735806
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19
I БОБ. “Ўзбек фалсафаси” нинг тарихий илдизлари.



    1. Таълим жараёнида “Ўзбек фалсафаси” шаклланишининг тарихий шарт - шароитлари тушунчаларини

мазмун - моҳияти

Инсоният яратган маънавий бойликлар орасида фалсафа илмида тўпланган ҳикматлар хазинаси, атоқли файласуфлар мероси, уларнинг асарлари муҳим ўрин тутади. Ҳар бир даврнинг донишмандлари ўз юрти ва халқининг тафаккури, руҳияти ҳамда орзу-интилишларини фалсафий таълимотларида ифода этганлар, жамият фаровонлиги ва миллат равнақи учун хизмат қиладиган ғояларни ўртага ташлаганлар. Халқни буюк мақсадлар сари етакловчи ғояларнинг муайян давр мафкурасига айланишида фалсафий билимлар катта аҳамият касб этади. Шу маънода, миллатимизнинг даҳолари ҳисобланган машҳур алломаларнинг ҳаётбахш ғояларини ва ўлмас асарларини ўрганиш, тарғиб - ташвиқ қилиш том маънода миллий ўзликни англашга беқиёс хизмат қилади6.


Умуман, биз яшаётган дунё сўнгги йилларда ниҳоятда ўзгариб кетди. Хусусан, Ватанимиз тарихида XX асрнинг 90-йилларида оламшумул ҳодисалар юз берди. Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, ўзига хос тараққиёт йўлини танлади, ривожланишнинг “ўзбек модели” ни амалга оширишга киришди. Халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш зарурати дунёқарашни тубдан ўзгартириш, шўролар даврида ҳукм сурган ақидалардан воз кечиш, миллий истиқлол ғоясини халқимиз онги ва қалбига сингдириш, шу асосда миллий маънавиятни юксалтиришни тақозо этмоқда. Бунда ижтимоий фанлар, хусусан, фалсафий фанлар ривожи катта аҳамият касб этади. Зеро, биринчи Президентимиз И.Каримов таъкидлаганидек, “Кўп асрлик тарихимиз шуни кўрсатадики, инсон дунёқарашининг шаклланишида маърифатнинг, хусусан, ижтимоий фанларнинг ўрни беқиёс. Бу жамиятшунослик бўладими, тарих, фалсафа, сиёсатшунослик бўладими, психология ёки иқтисод бўладими - уларнинг барчаси одамнинг интеллектуал камолотга эришувида катта таъсир кучига эга”7.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Европа ва собиқ иттифоқнинг минтақамиздан бошқа худудларида яшайдиган мутахассисларнинг фалсафа тарихига бағишланган китоб, рисолаларида гап асосан, Ғарб мутафаккир ва олимлари мероси, уларнинг фалсафага қўшган хиссаси тўғрисида боради. Бунда Суқрот, Платон, Аристотель, И.Кант, И.Гегель, Ф.Ницше, З.Фрейд ва бошқаларнинг номлари тилга олинади. Кўплаб оқим ва таълимотлар ушбу олимлариинг номи, ҳамда асарлари билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Уларнинг фалсафага қўшган хиссалари хилма - хил, аммо бу соҳада аҳамиятга молик ҳизматлари ва фалсафани бойитган фикр - мулохазалари кўп. Биз уларнинг фанга қўшган хиссаларини инкор этмоқчи ёки камситмоқчи эмасмиз.
Аммо Ўзбекистондаги илм-фан, жумладан фалсафа ривожи ҳам ўзининг узоқ ва шонли тарихига эга, унинг анъаналари олис ўтмиш, асрлар қаъридан бошланади. Ўрта Осиё минтақасида бу масалага оид илмий қарашлар такомили етарли даражада ўрганилмаган.
Юртимизда яшаган алломалар ижодида фалсафа масалалари қай тариқа ёритилганлигини тахлил қиламиз. Асосий мақсад-тарихий тадқиқот эмас, балки масалани фалсафий тамойиллар билан боғлиқ тарзда қўйилиши ва тахлил қилинишидир. Бу борадаги интилиш “Осиёцентризм” тарзида эмас, балки авлод ва аждодларимиз яратган фалсафий меросни инсоният тафаккурининг таркибий қисми сифатида ҳолисона ўрганишга ҳаракат қилишдан иборатдир.
Ҳозирги даврда ўзининг миллий фалсафаси ва тараққиёт моделини уйғунлаштириш, шу оқали ривожланишининг янги бочқичига кўтарилишга ҳаракат қилаётган халқлар ва давлатлар кўп. Бу борада муайян тажриба ҳам тўпланган. Бугунги кунда хитой фалсафаси, ҳинд фалсафаси, юнон фалсафаси, инглиз фалсафаси, француз фалсафаси ёки немис фалсафаси атамаларига ўрганиб қолганмиз. Бу фалсафа мактабларининг ҳар бири инсоният цивилизацияси хақида ўзига хос ёндошувлари қатори ўз халқининг бетакрор қиёфаси, миллий анъаналари, менталитети ва маънавиятини акс эттириши билан ана шундай эътирофга сазовор бўлган.
Мустақилликка эришганимиздан кейин ана шу бой фалсафий меросимиз “Ўзбек фалсафаси” деган номи билан қайта тикланиб, янги маъно-мазмун касб этди ва ҳозирги такомил босқичига қадам қўйди. Фалсафа аслиятига қайтди, собиқ иттифоқдан қолган оқибатларнинг аста-секин бартараф этилиши, инкор ва янгиланиш, ўзгариш ва ривожланиш тамойиллари билан боғлиқ бу жараён мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисмига айланди.
Бизнинг хавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Хавас қилса арзийдиган буюк аждодларимиз бор. Хавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман хавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз албатта бўлади”8 -деб ёзган эди Президентимиз Ш.М.Мирзиёев.
Ўзбек фалсафаси тушунчаси халқимизинг фалсафий тафаккури, онгги ва дунёқарашининг ривожланиш босқичлари, тушунча ва категориялари, маънавий тамойиллари ва ўзига хос хуссиятларини ифодалайди, қадимги замонлардан шаклланиб бугунги кунгача етиб келган илмий-фалсафий мерос, у билан боғлиқ жараёнлар, шу соҳадаги ғоялар, назария ва таълимотлар мажмуни англатади. Бундан ташқари, у мустақилликка эришган халқимизнинг тараққиёт йўли ва ривожланиш тамойиллари, демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш ва фукаролик жамиятини ривожлантириш жараёнининг фалсафий, маънавий омиллари, амалга оширилаётган бунёдкор ишлари таъсирида аҳолининг онги ва тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни ҳам ўзида акс эттиради.
Марказий Осиёда вужудга келган қадимги фалсафий таълимотлар, улар илгари сурган ғоялар бугунги кунда ҳам муҳим ахамиятга эга. Санаб ўтилган қадимги фалсафий таълимотлар яъни зардуштийлик, унинг бош китоби-“Авесто”, Моний таълимоти “Моний ёзуви”, маздакийлик ҳаракати жамиятда адолат, эркинлик, тенг ҳуқуқлилик тамойилларини қарор топтиришга даъват этган. Шу маънода, ватанимизнинг ўша даврда шаклланган ва ривожланган бой маданияти, миллий маънавиятимиз, фалсафамиз жаҳон фалсафий тафаккури ривожига катта таъсир кўрсатган” 9.
Яна шуни таъкидлаш керакки, Зардушт дини ва кейинчалик унинг асосида пайдо бўлган Моний дини куп худоликдан якка худоликка ўтган даврини белгилаб берган динлар эди. Яъни бизда исломгача яккахудолик хақидаги ақидалар шаклланиб бўлган эди. “Авесто” яна шунга гувоҳлик берадики, унда инсониятнинг олам тузилиши, табиат ва унинг неъматларидан фойдаланиш йўриқлари, инсон ахлоқи, жамият тизими, инсоннинг орзу-армонлари, ўзини ва оламни билиш қобилияти бир бутун ҳолда шакллана бошлади. Одамларнинг муқаддаслик, руҳ, жон, фаришта, тана, тупроқ, сув, олов хақидаги тушунчалари ифодаландиi. Яъни мифологиядан динга ўтиш ва динлар асосида бир тизимли фалсафий дунёқараш, амалиётда эса шу дунёқараш асосида қонун-қоидалар ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Шу боис ҳам зардўштийлик дини нафақат Марказий Осиё халқлари тарихида, балки умуминсоният тарихида тафаккурий-эътиқодий ва амалий -ижтимоий юксалиш эди. Кўпгина олимлар фикрига кўра, Зардўшт - буюк мутафаккир инсон, забардаст шоир бўлган. Унинг қарашлари ислом дини кириб келгунга қадар ўзига хос аҳамиятга эга бўлган”10.
Профессор Қ.Назаров юртимиздан чиққан мутафаккирларнинг илмий меросига алоҳида тўхталиб, бу хақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтади: “Яна шуни таъкидлаш керакки, юртимиз халқлари цивилизацияси, онги ва тафаккури, миллий қадриятлари араб дунёси, маданияти ривожига ҳам катта таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби мутафаккир олимлар, Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Нажмиддин Кубро, Ахмад Яссавий, Бахоуддин Нақшбанд каби илоҳиёт илмининг забардаст алломалари, Лутфий, Юсуф Хос Хожиб, Навоий, Бобур, Бедил, Машраб каби улуғ зотларнинг камолотида нафақат исломий тафаккур, балки цивилизациямиз маданияти ва қадриятлари таъсири беқиёсдир. Уларнинг ислом фалсафасига, уни замона зайллари орасидан ўтиши жараёнига таъсири тўғрисида махсус тадқиқотлар олиб бориш мумкин. Замонавий ислом илоҳиётчилари Ал-Бухорий асарларини “Қуръон” дан кейинги манба сифатида тан олгани, Ат-Термизий, Замахшарий, Яссавий, Нақшбанд ва бошқа алломаларимиз меросини қадрлашлари бежиз эмас”11. Ҳозирги даврда фалсафа тарихи бўйича баъзи мутахассислар суҳбат ва бахсларда Ал-Бухорий, Термизий, Кубро ва бошқалар ижодида соф фалсафий мавзулар, масалан, онтология ва гносеология масалалари қараб чиқилмаган, деган фикрни билдирадилар. Бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Балки, фалсафанинг ғарбча талқинидаги онтология ва гносеология масалалари бу мутафаккирлар меросида алоҳида, махсус мавзу тарзида қараб чиқилмагандир. Аммо, мазкур масалада ҳам халқимизнииг “Излаган топади” - деган ҳикматли сўзига амал қилиш лозим. Бу борада Иброҳим Мўминовнинг Бедил ижодига бағишланган асари ёки Омонулла Файзуллаевнинг Ал-Хоразмий фалсафий мероси хақидаги китоби ва Ал- Фарғоний тўғрисидаги мақолалари ибрат бўлиши мумкин. Қолаверса, юқорида номлари тилга олинган алломалар ўз даврида кенг тарқалган табиий-илмий билимлардан хабардор бўлганлар, уларни ўрганганлар, ушбу билимларга таяниб, ўзларининг ижтимоий-фалсафий қарашларини баён қилганлар. Улар ўша даврнинг онтологик ва гносеологик тушунча ҳамда тамойилларини муайян хақиқатлар сифатида қабул қилганлар ва ўз асарларида қўллаганлар. Араб халифалиги VIII-IX ас рда Осиё, Африка ва Европанинг бир қисмини эгаллаган улкан империяга айланган эди. Ягона муомала тили араб тили эди. Барча мадрасаларда шу тилда таълим олиб бориларди, илм - фан ҳам араб тилида яратиларди. Бу ҳол турли ўлкалар, халқлардан етишиб чиққан олимлар, зиёлийларнинг ўзаро мулоқот олиб бориши, тахсил олиши, фан ютуқларидан ўзаро бахраманд бўлишлари учун қулай шароитни вужудга келтирарди12.
Илм-фан, маънавиятга эътибор Ғазнавийлар, Қорахонийлар ҳукмронлиги даврларида ҳам давом этган. Айниқса Хоразмда шоҳ Маъмун даврида барпо этилган “Дорул улум” нинг тарихий аҳамияти беқиёсдир. Дунё илм - фан тарихида у “Хоразм Маъмун Академияси” номи билан машҳур. Абу Райхон Беруний, Мусо ал-Хоразмий, Ибн Сино каби кўплаб алломалар ана шу илмий муҳитнинг натижасида тарбиялангани исбот талаб қилмайди” 13.
Муайян бир минтақада маълум бир давр ичида тушкунликда бўлиб, сўнгра юксакликка эришилган ҳолат ғарб тилларида одатда ренессанс, бизда эса уйғониш даври дейилади. Юртимиз тарихида IX-X асрлар буюк, қудратли уйғониш даври эди. Демак, инсоният тарихидаги улкан уйғониш даврларидан бири бизнинг мамлакатимиз, минтакамизда рўй берган ва бу юксалиш аждодларимиз орқали бутун башариятга тегишлидир.
Ушбу давр фалсафаси, фалсафий тафаккури мамлакатимизда ислом динининг тарқалиши ва қадимги юнон фалсафий меросини ўрганишга қизиқишнинг ортиши билан узвий боғлиқдир. Бу давр Ғарбда фалсафа, фан ва санъат тушкунликка юз тутган бир вақтда Шарқда қадимги Юнон илғор фалсафий, табиий-илмий анъаналар ва азалий маҳаллий анъаналар негизида маънавий ҳаёт юксак ривожланган даврдир. Бу Амударё ва Сирдарё бўйларида яшаган халқимизнинг дахоси энг юксак даражага кўтарилган, унинг атоқли намояндалари жаҳон маданияти саҳифаларига ўзларининг ўчмас номларини муҳрлаб кетган давр фалсафасидир.
Шундай қилиб, милоддан анча олдин Ўрта Осиёда диний, ижтимоий-фалсафий қарашларнинг дастлабки куртаклари вужудга келди. Бу ижтимоий фалафий фикрлар диний руҳда бўлса ҳам, ўша давр кишиларининг олам, инсон, унинг ҳуқуқи ва ахлоқи ҳақидаги қарашларини ўзида акс эттирди. Ўзбек фалсафаси шаклланиши ва тараққиётида муҳим аҳамият, маъно-мазмун касб этди ва унинг фалсафий илдизлари сифатида хизмат қилди.



    1. Ўзбек фалсафаси” шаклланишининг муқаддас манбалари, тарихий таълимоти ва унинг мазмун - моҳияти.

Эрамиздан олдинги I минг йилликда Марказий Осиё ҳудудида саклар ва масагет қабилалари яшар эдилар. Эрамиздан олдинги VI аср охири V аср бошларида саклар форслар давлати таркибига кирдилар, эрамиздан олдинги IV асрда эса, Марказий Осиёга македониялик Искандар Зулқарнайн қўшинлари ҳужум қилди. Бу даврда ҳунармандчилик, маданият ва санъат ривожланди. Марказий Осиёга арамей алифбоси кириб келадики, унинг асосида хоразмий ва суғд ёзувлари вужудга келадию ана шу даврда Марказий Осиё халқларининг адабий ва оғзаки ижоди шаклланади.


Халқ оғзаки ижодининг илк ёдгорликлари сак ва массагетларнинг қаҳрамонлик ҳақидаги қиссалари бўлиб, улар асосида Марказий Осиё халқларининг ватанпарварлик курашлари ётар эди. Ушбу достон қаҳрамонларининг бош хусусиятлари - ватанпарварлик, жасорат ва садоқат эди14. Бу достонларнинг қаҳрамонлари - малика Зарина - жанговар курашчи ва шаҳарлар бунёдкори; малика Спаретра қўшин тўплаб, жангда форс давлатининг асосчиси Ки устидан ғалаба қозониб, ўз эрини асирликдан озод қилган; малика Тўмарис - у билан бўлган жангда Ки қўшинлари мағлуб бўлиб, унинг ўзи ҳалок бўлган; Доро қўшинларини ҳийла билан саҳрога олиб борган чўпон Широқ ўлдирилади, аммо ўз ҳаёти эвазига унинг халқи ўз озодлигини сақлаб қолади15.
Эрамиздан олдинги VI асрдан бошлаб Марказий Осиёда зардуштийлик пайдо бўлиб, эрамизнинг III асригача ҳукмронлик қилади. Зардуштийликнинг ватани сифатида Марказий Осиё (Бақтрия, Хоразм) ва Эронни (Мидия) кўрсатадилар. Зардуштийликда энг қадимги даврлардан бошлаб (эрамиздан олдинги III-II мингйилликлар) эрамиздан олдинги I мингйиллик ўрталаригача бўлган Марказий Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг диний тасаввурлари акс этган16.
“Авесто” китобига биноан, Коинот, ер, океан, осмон, нурли доира ва жаннатдан иборат. Ер думалоқ бўлиб, атрофи океан билан ўралган ва обу-ҳаво, йил фасллари билан боғлиқ бўлган етти қисмдан иборатки, бу бобилликларнинг етти шамоллар ҳақидаги қадимги тасаввурларидан иқтибос қилинган. Осмон тўрт доирадан ташкил топган: юлдузлар доираси, ой доираси, қуёш доираси ва жаннат доираси ёки нур макони. Юлдузлар, Ой ва Қуёш худо Ахура Мазданинг бадани сифатида тасвирланади. Улар ҳурматга сазовор эдилар17.
Зардуштийликнинг жамият тарихи ҳақидаги тасаввурлари Инжил ва Қуръондаги афсоналар билан ўхшаб кетади. Авесто бўйича биринчи одам Йимадир барча одамлар ундан келиб чиққан. Бу давр олтин аср сифатида тасвирланади: инсонлар абадий ҳаётга эга эдилар, худо Ахурамазда абадий баҳор яратган бўлиб, кишилар фаровонлик ва бахт-саодат яшар эдилар. Аммо кунлардан бир кун улар гуноҳга ботдилар: улар таъқиқланган мол гўштини еб қўйдилар. Зиёнкор руҳ Анхра Майню уларга совуқ ва қор юборди. Йима одамларни совуқдан қотиб қолишларидан сақлаш учун уй қуриб, унга барча тирик жонзотлардан бир жуфтдан яширди. Бу афсона Шумер, Бобил, Инжил ва Қуръондаги бутун дунёни туфон босганлиги ҳақидаги афсонага очиқдан очиқ ўхшашдир. Тарихнинг биринчи даври бўлган-олтин давр шундай тугалланиб, иккинчи давр бўлган-яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги кураш даври бошланади. Учинчи давр, яъни инсоният келажаги Авестода қадимги давр кишиларининг бахт-саодат ҳақидаги орзулари сифатида тасвирланадики, унда яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги курашда худо Ахурамазда ғалаба қилади ва ўшанда яхшилик салтанати барқарор бўлади. Ўликларнинг тирилиши ва машҳар куни ҳақидаги тасаввурлар ҳам мавжуд18.
Авестонинг энг қадимги даврларга оид қатламларида синфий жамиятдан олдинги даврларга хос бўлган демократик ғоялар ва деҳқон жамоалари манфаатини ҳимоя қилиш майллари кўзга ташланади. Кейинчалик унда қулдорлар (аҳмонийлар даври) ва феодаллар (Сосонийлар даври) манфаати ўз ифодасини топди. Эрамиздан олдинги VI асрга тааллуқли бўлган Заратуштра таълимоти ислоҳотчиликка уриниш бўлиб, ўз ифодасини қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ғоясида топди. Қулдорлик муносабатларининг ривожланищ жараёнида деҳқон жамоаларининг хонавайрон бўлиши давом этдики, улар манфаатини Заратуштра ҳимоя қилган эди. Заратуштра халқнинг зўравонлик ва талон-таррождан азоб чекаётганлигини ҳам дардлик билан қайд этиб, қонун ва тартибга риоя этишга чақиради. Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ғояси учун Заратуштрага жамият тепасида турганлар қарши чиқдилар. У қонундан ташқари деб эълон қилинди, жамиятдан ҳайдалди, унинг мол-мулки мусодара қилинди19.
Заратуштрадан кейин, Авестонинг кейин ёзилган қисмларида илк демократик ғоялар йўқолиб, унинг ўрнига кўпроқ муросасозликка асосланган фикрлар пайдо бўлади, бойлик ва ҳокимият шарафланадики, зардуштийликни шаклланаётган ҳукмрон синф бўлган қулдорлар манфаати учун тадрижий равишда ўзгара борганлигидан гувоҳлик беради. Зардуштийликда ўша даврдаги жамиятнинг ҳуқуқий ва ахлоқий тизими ўз аксини топган. Зардуштийликнинг қонунлар мажмуасида ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолатлилик, фикр, сўз ва амалда холислик юқори ахлоқий меъёр асоси сифатида олдинга сурилади. Зардуштийликнинг асосий эътиқоди учлик қоидасида ўз аксини топган: хайрли фикр (гумата), хайрли сўз (гукта) ва хайрли иш (гваришта) 20.
Бир қатор олимларнинг фикрича, бу учлик қоидани қадимги даврнинг машҳур файласуфи Демокрит зардуштийликдан иқтибос қилган. Зардуштийлик ахлоқининг талаби инсоннинг руҳий ва танасининг поклигидир. Зардуштийлик тинч ва осойишта, иттифоқликда яшашни маслаҳат беради, яқинларга нисбатан хайрихоҳ бўлишни, бир-бирига ёрдам беришни, ёмонлик билан курашишни, шафқатсизлик, шуҳратпарастлик, зўравонлик, ўзбошимчалик, ҳасад, туҳматни маҳкум этади, ғазаб ва шаҳвотга берилмасликни тарғиб этади, берилган ваъдага вафо қилмасликни, ўғриликни таъқиқлайди, тузилган шартномага риоя этишни, савдода ростгўй бўлишни, қарзни ўз вақтида тўлашни таъкидлайди. Муҳим ахлоқий меъёрларга қуйидагилар кирар эди: ҳомиладорлик ва кўз ёриш даврида аёл тўғрисида ғамхўрлик қилиш, бегона аёл билан бўлишдан ўзни тийиш, ерни ишлаш, дарахтлар ўтказиш, сув ва озиқ-овқат манбаларини тоза сақлаш, чорва боқиш, болаларни ўз вақтида уйлаш ва турмушга бериш, муҳтожларга ўзидаги ортиқча нарсалар билан ёрдам кўрсатиш, фойдали ҳайвонлар ҳақида ғамхўрлик қилиш.
Заратуштра таълимоти Марказий Осиё ва Эрондан бошлаб Қора денгиз ва Мисргача ёйилган эди. Ушбу таълимотга кўра, олий худо - Холиқ ва унга қарши турган ва унга бўйсунмайдиган ёвуз кучлар мавжуддирлар. Халиқ дунёни муайян мақсадда яратган, аммо ҳозирги ҳолатда бу дунёнинг интиҳоси бўлиб, бу ҳақда дунёнинг нажоткори келиб, ундан хабар беради. Жаннат ва дўзах мавжуд бўлиб, ҳар бир руҳ киши вафотидан сўнг судга тортилади. Замонлар охирида ўлганлар тирилиб, Қиёмат қойим бўладики, ўшанда барча гуноҳкорлар яксон қилинадилар. Сўнгра Ер юзида Худонинг салтанати барқарор бўлади ва тақводор кишилар бу салтанатга кирадилар (ушбу салтанат форсча сўз бўлган “парадайза” - жаннат деб аталади) ва худо ҳузурида руҳий ва жисмоний жиҳатдан абадий қолиб, доимий бахт-саодат ва ҳузур-ҳаловатда бўладилар21.
Бу тасаввурлар турли яҳудий мазҳаблари томонидан ўзлаштирилдилар. Жуда кўплаб нуқталарда яҳудийлик ва зардуштийлик бир-бирларига ўхшайдилар. Ўхшашлик бўйсундирилган халқнинг (яҳудийларнинг) ўз буюк ҳомийларига (форсларга) бўлган ҳурмати туфайли янада кучайиб, зардуштийлик яҳудийликка таъсир ўтказишга имкон берди.
Бу ҳақда парфянлар даврида яратилган манбалар гувоҳлик берадики, унда христианлик, гностик мазҳаблар ва Шимолий буддавийлик ҳам ўзларида Заратуштра ўз таълимоти билан Ахмонийлар империясининг барча вилоятларида қолдирган чуқур таъсирини олиб юрар эдилар.
Араб истилоси туфайли Ғарбий Хитойдан тортиб Испаниягача, Шимолий Африкани ўз ичига олган жуда катта худудда империя юзага келди. Бу йирик марказлашган давлатнинг барпо бўлиши иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётнинг ривожи учун қулай шароитлар яратди22.
Иқтисодий ва савдо-сотиқ ривожи фан олдига янги катта талаблар қўя бошлади. Натижада Боғдод, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда йирик кутубхоналар вужудга келди. Мадрасалар, маҳадлар (диний олий ўқув юртлари) барпо бўлди. Уларда соф диний билимлардан ташқари, дунёвий фанлар ҳам ўқитила бошланди. Боғдодда “Байтул-илм” - фанлар академияси барпо этилди, унда қадимий олимлар, уламолар, файласуфлар, илоҳиётчиларнинг китоблари тўпланди. У жойда Марказий Осиёлик олимлар кўп эди. Қадимий китобларни араб тилига таржима қилиш, уларга шарҳлар ёзиш кенг тус олди. Айниқса христиан руҳонийларининг таъзйиқи остида халқ хотирасидан чиқариб юборилган милоддан аввалги грек олимларининг асарлари таржима қилингани ва уларга шарҳлар ёзилгани индиавидуал ва ижтимоий онгда жиддий ўзгаришларга олиб келди. Астрономия, математика, геология, геодезия, география, лингвистика каби фанлар ривожланиши таъсирида фалсафий фикрларда ҳам янгича ёндашувлар пайдо бўла бошлади. Халифатдаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва уни барқарор қилиш мақсадлари маҳаллий аҳолининг урф-одатлари, маросимлари, умуман маданиятига янгича муносабат белгилашни тақоза этарди. Чунки босиб олинган мамлакатлардаги иқтисодий ва маданий ҳаёт арабларникидан анча устун турарди. Буларни ҳисобга олмай сиёсат ва мафкура белгилаш империя асосларига путур етказиши мумкин эди23.
Ана шулар туфайли VIII аср охирлари ва IX аср бошларидан эътиборан ислом доирасида ҳурфикрлилик шакллана бошлади.
2. Бу даврда қарама-қарши мазхаблар билан кураш ҳамда мўътадил исломнинг асосларини химоя қилиш зарурияти туфайли илохиёт, калом пайдо бўлди. Калом тарфдорлари мутаккалимлар дейилади. Каломнинг асосчиси ал-Ашъорий (874-941) ва Мансур Мухаммад ибн ал-Матурудийдир24.
Мутакаллимлар Қуръон оятлари қандай ёзилган бўлса, сира ўзгартирмасдан тушунтириш ва тушуниш керак, зеро, у Аллоҳнинг каломи экан, бандалар уни ўзгартиришга хақлари йўқ, деган фикрни баён этдилар. Муътазилийлар ақидалардаги мазмунни ақл ёрдамида мантиқ кучи билан англаш тарафдори эдилар. Муътазилийларнинг фикрича, пешонага ёзилган тақдир борлигига ишонч Аллоҳнинг обрўйига путур етказади, чунки ақидавий талқинда ёмон хатти-ҳаракатлар ҳам унинг иродаси билан боғлиқ, бўлиб қолади, деб ҳисобладилар25.
“Муътазила” - (ажралиб чиққанлар) Уммавийлар давридаёқ пайдо бўлган ва аббосийлар даврида кенг тарқалган диний оқимдир. Муътазилийлик халифа Маъмун (813-830) даврида қўллаб-қувватланиб, уларнинг гояларини ўз давлатининг мафкураси асосига қўйди. Бироқ халифа Мутаваккил (847-861) даврида унинг давомчилари “бидъатчилар” ва “кофирлар” - деб эълон қилинди.
Муътазилийлик кўпгина тадқиқотларда Ислом мазхабларидан бири сифатида талқин этилади. Муътазилийлар араб халифалигида соф фалсафий фикрлашнинг ташаббускорлари бўлиб танилдилар. Уларнинг хизматлари шундан иборатки, муътазилийлар хиссий тажриба ва анъанавий билим билан бир қаторда билимнинг учинчи мезони - ақлий билишни илгари сурдилар. Муътазилийлар фалсафий масалаларни ўрганишга катта эътибор бердилар. Шу сабабдан ақлий билишни оламни билишнинг асосий методи сифатида илгари сурдилар.
Муътазилийлик оқимларидан бири бўлган қадарийлар ислом таргиб этган диний фатализмга қарши чиқиб, инсоннинг ирода эркинлиги ҳақидаги фикрларни илгари сурдилар. Ўзларини хақиқий мусулмон деб атаган хорижийлар эса ислом теократияси, халифаликнинг мерос сифатида авлоддан-авлодга ўтиб боришига, унинг фақат пайгамбар авлодига мансуб бўлишига қарши чиқиб, хар қандай мусулмоннинг бой-камбағаллигидан қатъий назар, кўпчилик томонидан халиф этиб сайланиши мумкинлиги ҳақидаги таълимотни илгари сурдилар. Мутакаллимлар муътазилийларни қанчалик “кофирликда” айблашмасин, барибир ислом доирасида пайдо бўлган хурфикрлиликнинг йўлини тўсишга ожизлик қилдилар.
Муътазилийлик ғоялари Марказий Осиёда кенг ёйилиб, илм-фан равнақи учун йўл очилди фалсафий фикрлар ривожланди.
Муътазилийлар таъсирида исломда “вужуди мумкин” ва “вужуди вожиб” (вахдат-ул мавжуд ва вахдат-ул вужуд) диний-фалсафий оқимлари шаклланди. Вужуди мумкин (ёки вужудиюн-пантеизм) оқими вакиллари Ал-Кинди, Ибн Рушд, Форобий, Ибн Сино, Умар Хайём ва бошқалар борлиқни иккига - вужуди мумкин ва вужуди вожибга бўлганлар. Вужуди мумкин сабаб ва оқибат алоқаларига эга бўлиб, унинг мавжудлиги бошқа нарсадан эмас, балки ўз мохиятидан келиб чиқади. Шу назарий қоидадан келиб чиқиб, Форобий бутун борлиқни 6 даражага бўлади. Шулардан 1-си, вужуди вожиб - Аллох; қолган 5-таси ақл, жон, шакл, материя, осмон - вужуди мумкин. Бу даражалар бир-бири билан сабаб-оқибат шаклида богланган бўлиб, биринчи сабаб ўз сабабига эга эмас. Ибн Синонинг “Рисола фи-тақсим ал мавжудот” асарида вахдат-ул мавжуд ва вахдат-ул вужудни шу тарзда таърифлайди. Вахдат-ул вожиб Аллоҳни билдиради, лекин у Қуръондагидек ҳамма нарсанинг ижодкори эмас, балки сабаб, яъни умумий мавжудотнинг биринчи ва унинг бир қисми сифатида талқин этилади. Бундай қараш эса табиат ходисаларини (инсон табиати хам) мустақил ички сабаблари асосида тушунтиришга имкон бериб, илм-фан равнақига кенг йўл очади26.
Муътазилийларнинг диний-фалсафий гоялари қўшхақиқат тўгрисидаги катта назарий қоида шаклланишига сабаб бўлди. Бунга кўра, илохий ва дунёвий (илмий) хақиқатлар бор бўлиб, илоҳий хақиқатга фақат алохида одамлар - пайғамбарлар, азиз авлиёлар етишиши мумкин. Дунёвий ҳақиқатни эса ҳар қандай одам ақл ёрамида, илм-фан йўли билан англаб олади.
Муътазилийлар билан мутакаллимлар ўртасидаги ғоявий курашларда Абу Хамид ал-Ғаззолий каломи шаклланиб, ислом фалсафаси юзага келди. Баъзи араб тадқиқотчилари уни табиат фалсафаси (натурфилософия) ҳам деб атайдилар. Ал-Ғаззолий аввал сўфийлик қарашларига мойил бўлса-да, кейинроқ улар таълимотини танқид қилиш асосида ўз каломни яратади. Бироқ, ўзи истамаган холда, тасаввуфни назарий жиҳатдан асослаб қўяди. Ғаззолий таълимотича, инсон Аллоҳ каломи-Қуръон оятларини ўзлаштиргунга қадар ирода эркига эга, уни ўзлаштириб олгач, бутун иродаси Аллоҳ иродаси билан уйгунлашиб кетади. Бинобарин, унинг хатти-харакатлари, бутун фаолияти Аллоҳ иродасининг ифодаси бўлиб қолади27.
3. Маълумки, Шарқ фалсафасининг етакчи йўналиши инсон қалбини, рухини поклашга, унда комил инсонлик сифатларини вужудга келтиришга, шу негизда ижтимоий муносабатларни инсонийлаштиришга қаратилган.
Ўткинчи мол-дунё, мансаб-мартабалар эмас, балки маънавий бойлик, ахлоқий поклик, халоллик, инсоф-диёнатлилик одамни инсонга айланишининг муҳим шарти, деган фикрлар тасаввуф (сўфийлик) нинг шаклланишига ва кенг ёйилишига сабаб бўлди.
Cўфийлик оқим сифатида исломгача хам мавжуд бўлганини тадқиқотчилар кўрсатмоқдалар. Масалан, Шамсуддин Бобохонов ва Абдулазиз Мансурнинг фикрича, тасаввуф лафзи хижратнинг иккинчи асрида пайдо бўлган бўлса-да, лекин шу мазмунни ифода этувчи зохидлик каби лафз-истилоҳлар орқали бу йўналиш исломдан олдинги даврларда ҳам мавжуд бўлганлигини қайд этиб ўтадилар. Аммо у ислом заминида муайян бир тизимга кириб, ташкилий тус олганини айтиш жоиздир.
Тасаввуф мураккаб диний-фалсафий оқим бўлиб хилма-хил йўналишга эга.
Унда 2 та асосий гоявий йўналиш кўзга яққол ташланади: бу ўткинчи дунё, мол-мулк, мансабга ихлос қўйиш Аллоҳни унутишга, имонсизликка олиб келади, деган ғояга таяниб, тарки дунёчиликни таргиб этганлар; азрўзи азалда пешонага ёзилган тақдир борлигига, одам ундан қочиб қутила олмаслигига ишонтиришга интилганлар28.
Иккинчи йўналиш - бу дунё Аллоҳ томонидан одамлар, уларнинг инсонлардек яшаши учун яратилгани, одам шу дунёдаги эзгу ишлари билан у дунёда худо висолига етиши учун оғир, машаққатли покланиш йўлидан боришини ташвиқ этганлар.
Тасаввуфда Аллоҳ рахматига етишишнинг, инсон маънавий камолот йўлининг 4 босқичи мавжудлиги тасдиқ этилади. Булар шариат, тариқат, маърифат ва хақиқатдан иборат.
Шариат - диний қонун-қоидалар ва маросимларни, Қуръони Карим ва Хадиси Шарифдаги ахлоқий, илохий кўрсатмаларни пухта ўзлаштириш, айнан изчил суръатда бажариш, худога ибодат қилишдир. Шариат худони идрок билан танишни кўзда тутади. Шариат талаблари, қоидаларини бажармасдан тариқатга ўтиш мумкин эмас.
Тариқат - ер юзасидаги лаззатлардан воз кечиб, нафсни тийиб, хилватда яшаб, фақат худо хақида ўйлаш, ҳаёл суриш, эслаш, уни қалбдан севишдан иборат йўлни танлаш босқичидир.
Маърифат - Устоз (муршид) ёрдамида мурид (шогирд) холл босқичига ўтиш бўлиб, ҳамма нарса - бутун борлиқнинг асоси Аллоҳ эканини англаб шу тариқа худога яқинлашишдир. Маърифатда олам, юлдузлар, Ой, Қуёш, одамлар, хайвонлар, қушлар, капалаклар - бошқа жамики нарсалар худонинг зухуротидан иборат, одам ҳам Аллоҳ зухурининг зарраси ҳисобланади.
Хақиқат босқичида солиқ ўзини худонинг висолига етган ҳисобланиб, у билан қўшилиб кетган, яъни фанога айланади. Марказий Осиёда фанога айланиш ҳақиқатга етишиш ҳисобланиб, солиқ ҳақиқат тимсоли бўлиб майдонга чиқади29.
Юсуф Хамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Хожа Ахмад Яссавий йўналишларининг бевосита таъсирида Марказий Осиёда нақшбандийлик йўналиши вужудга келиб, у Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига кенг ёйилади. Хожагон йўналишини бошлаб берган А.Ғиждувоний бундай деган “Эй фарзанд, барча ҳолатда илм, амал ва тақво билан бўл, суннат ва жамоатни махкам тут, фикҳ ва хадисни ўрган; яна бундай фикрлар бор: “оз е, оз ухла”, “ҳалол е, шубҳадан ҳоли бўл”. А.Ғиждувонийнинг 8 та табарук сўзига Б.Нақшбанд 3 та манзил қўшиб, ўз йўналишини асослайди.
Ҳожа Аҳрор Валий (Убайдуллоҳ) нақшбандийлик тарғиботчиси сифатида таъмадан жирканиш, туҳфа олмаслик, бир касбни мукаммал эгаллашга чақиради. Тасаввуф тариқатига кирганлар учун касб-корнинг ёмони йўқ, ёмони бирор касб билан шуғулланмаслик, текинхўрлик, таъмагирликка одатланиш ҳисобланади.
Нақшбандийлик имони унинг “Дил ба ёру, даст ба кор”, яъни “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” - деган талабида яққол гавдаланади. Улар амал деганда биринчи навбатда Аллоҳ номини дилга жо қилиб, ижтимоий-фойдали меҳнат билан шуғулланишни, таъма ва текинхўрликдан ҳазар қилишни назарда тутишган. Нақшбандийлик сулукини қабул қилган Амир Темур, Улуғбек ва бир қатор Туркистон хоқонлари дарвешликни қораладилар, улардан шу дунё ишлари билан шуғулланиб, ҳалол яшашни талаб этдилар. Дарвешлар фойдали меҳнат билан банд бўлишлари учун давлат шароит яратиб бериши тўғрисида фармони олий чиқарганлар. Буни бажармаганларни жазолаганлар.
Тасаввуфнинг сўл қаноти-диний-фалсафий таълимот сифатида ақидапарастлик, расмий исломга нисбатан мухолифиятда бўлиб, Яқин ва Ўрта Шарқда, айниқса Марказий Осиёда табиий ва фалсафий фанлар ривожида ўз ўрни ва мавқеига эгадир.
Араб халифалигида VIII аср охири IX аср бошларида халифаликнинг маркази-Боғдод, Дамашқ шаҳарларида маданият кучайиб борди: хиндча, юнонча, форсчадан илмий, сиёсий, бадиий асарларнинг таржималари кўпайди, маданий алоқалар авж олди. Қадимги Юнонистоннинг машхур олимлари Аристотель, Гален, Гиппократ, Архимед, Евклид кабиларнинг мероси кенг ўрганилди. Халифаликнинг турли ўлкаларидан таниқли олимлар Боғдодга олиб келинди, бу ерда IX аср бошида “Дор ул ҳикма” - Донолик уйи - илм маркази ташкил топди, унда турли илмлар - фалаккиёт, риёзиёт, тиббиёт, тарихшунослик, география, кимё, фалсафа каби фанлар бўйича тадқиқотлар кенг йўлга қўйилди.
Араб халифалигида ижтимоий тараққиётнинг турли даражасида бўлган кўпгина халқ ва қабилалар бирлашган эди. Унга Сурия, Миср, Хуросон, Мовароуннахр каби минг йиллик маданий меросга эга бўлган халқлар хам кирганди.
Араб-мусулмон маданияти халифалик тарихининг дастлабки маданий мероси заминида шаклланган эди. Бу маданиятнинг араблар, шунингдек, араблаштирилган бошқа халқлар тарихи учун ҳам аҳамияти жуда катта бўлди.
Халифаликдаги араблаштирилмаган халқлар арабларникидан фарқ қиладиган ўз миллий маданиятларини асрлар оша тиклаб олган бўлсалар-да, у араб-мусулмон маданияти доирасида янги босқичда ривожланди30.
IX - XII асрларда Марказий Осиёда деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдонинг тараққий этиши эмпирик билимларни ривожлантиришга эҳтиёж туғдирди ва шунга мувофиқ Марказий Осиёнинг илғор кишилари математика, астрономия, география, тиббиёт фанларини чуқур ўргандилар. Бу даврни ўз мазмуни, салмоғи, ахамияти жихатидан Марказий Осиё Уйгониш даври ҳам дейилади. Уйғониш даври маданиятининг ўзига хос томонлари мавжуд бўлиб, улар куйидагилардан иборат эди31:
1. Дунёвий маърифатга интилиш, бу йўлда ўтмиш ва қўшни мамлакатларнинг маданияти ютуқларидан кенг фойдаланиш, айниқса табиий-фалсафий, ижтимоий илмларни ривожлантириш.
2. Табиатга қизиқиш, табииётшунослик илмларининг ривожи, рационализм, ақл кучига ишонишдан, асосий эътиборни хақиқатни топишга қаратилган фанларга бериш, хақиқатни инсон тасаввури, илмининг асоси деб хисоблаш.
3. Инсонни улуғлаш, улардан ақлий, табиий, бадиий, маънавий фазилатларини асослаш, инсонпарварлик, юқори аҳлоқий маромлар ва қоидаларни такомиллаштириш, комил инсонни тарбиялашни мақсад қилиб қўйиш.
4. Универсаллик - қомусийлик, барча нарса билан қизиқиш бу давр маданиятнинг мухим томонларидан бири эди.
Шу даврда илғор фалсафий фикрлар ривожланишида Ибн Закарий ар - Розий, Ал Кинди, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Форобий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий Мафотих, Қошғарий, Юсуф хос Хожиб, Мирзо Улуғбек, Навоий каби машхур мутафаккирларнинг роли каттадир32.
Уйғониш даври фалсафаси табиий-илмий фанлар ривожи билан узвий богланиб кетган. Чунки табиатдаги ходисалар, инсон организмининг холатидаги ўзгаришлар сабабларини ўрганиш жараёнида ижтимоий фикрда ўрнашиб қолган оламга ақидавий-диний қарашларга путур етиб, оламнинг илмий манзараси хақидаги тасаввурлар ижтимоий онгда муҳим ўрин эгаллай бошлади.
2. Бу даврдаги жахонга машхур олимлардан бири Мухаммад ибн Мусо ал-Хоразмий бўлиб, унинг математика, астрономия, жўғрофия, табобат, тарихшунослик сохасидаги нодир асарлари фалсафий фикрлар ривожига ҳам катта хисса бўлиб қўшилди. Олимнинг энг машхур асарлари: “Ал-жабр ва-л муқобала”, “Китоб сурат ал арз”, “Ер сурати”, “Астрономик жадваллар”, “Қуёш соати тўғрисида рисола”, “Ҳинд ҳисоби хақида рисола”, “Устур лаб қуриш хақида китоб”, “Зиж”, “Астрономик жадвал”, “Мусиқа бўйича рисола”, “Тарих бўйича рисола” каби асарлари унинг илмий тафаккури бениҳоя кенглиги, қомусий аллома эканлиги, нафақат ўз даврининг, балки ҳамма замонларнинг энг буюк қомусий олими эканлигидан далолат бериб турибди33.
Шарқда ва жахонда табиий ва аниқ фанлар ривожига салмоқли хисса қўшган буюк алломалардан яна бири Аҳмад ал-Фарғонийдир. Фарғонийнинг асосан олтита китоби бутун дунёга маълум ва машҳур34.
1. “Китоб фи усул илм ан-нужум”, яъни “Астрономия илмининг усуллари хақидаги китоб”.
2. “Ал-Фарғоний жадваллари”.
3. “Ой Ернинг устида ва остида бўлганида вақтни аниқлаш рисоласи”.
4. “Устурлаб билан амал қилиш хақидаги китоб”.
5. “Етти иқлим хисоби”.
6. “Устурлаб ясаш хақидаги китоб”.
Унинг ушбу асарларида коинот харитаси тузилган, Ер ва фазовий сайёралар хажми, иқлимлар, жўғрофий кенгликлар тўғрисида кузатувлар орқали асосланган янги маълумотлар берилган, илм-фаннинг янги йўналишларига асос солинган. Қўлга киритилган маълумотларни умумлаштириш, тадқиқотда хиссий ва ақлий мушоҳада муштараклиги алломага хос хусусиятлар сифатида илмий дунёқарашни шакллантиришнинг мухим омиллари бўлиб келди.
3. Абу Наср Муҳаммад Форобий Сирдарё бўйидаги Фороб қишлогида тугилиб, ўз Ватанида ва сўнгра Бағдод ва Дамашқда билим олди. У Марказий Осиё халқлари ва бутун шарқнинг машхур файласуфи ва олимларидан бири эди. Форобий йирик файласуф, тилшунос, мантиқшунос, математик, астроном, химик, медик, психолог, мусиқа санъатининг йирик назариётчиси, грек маданияти, фани ва фалсафасини эгаллаган эди. Форобий энг йирик Аристотелшунос, унинг фалсафаси, табиий-илмий назарияси ва асосларини чуқур билган файласуф эди. Шунинг учун Форобийни ҳаётлигидаёқ “Ал муаллим ас-соний” (2-устоз), яъни 2-Аристотель деб фахрий ном билан атаган эдилар. Форобий Аристотель асарларини араб тилига таржима қилиб, унга шархлар ёзади, шу билан бирга 160 дан ортиқ нодир асарлар яратди. Форобий “Фалсафани ўрганишда нималарни билиш керак?”, “Фалсафий саволлар ва уларга жавоблар”, “Шеър санъати”, “Шоирларнинг шеър ёзиш санъати қонунлари хақида”, “Илмларнинг келиб чиқиши тўғрисида”, “Мусиқа хақида сўз”, “Оханглар таснифи хақида китоб”, “Масалалар булоғи”, “Ақл тўгрисида”, “Инсон аъзолари хақида рисола”, “Фозил шаҳар ахолисининг қарашлари”, “Давлат хақида рисола” каби қимматли асарлар бизга мерос қилиб қолдирди35.
Форобий Аллоҳни “биринчи сабаб”, “биринчи мохият” деб изоҳлайди. У сабаб-оқибат муносабатларида биринчи сабабни худо деб билади. Ундан кейинги сабабларни материя билан боғлайди. Материя ўз сабабига, яъни худога хос бўлган барча хусусиятларга эгадир. Унингча, материясиз, яъни оқибатсиз сабаб ҳам бўлиши мумкин эмас. Дунё, табиат худо томонидан қисқа муддат ичида яратилган эмас, дейди олим. Унинг фикрича, дунё худодан бошқа мохиятга эга бўлган борлиқ бўлмасдан, худониннг зуҳр этилишидир. Табиатнинг бу холга келишига қадар бир қанча вақтлар, жараёнлар ўтган. Шундай қилиб, Форобий барча мавжудотни, оламни, материяни биринчи сабаб - худодан келтириб чиқаради. Форобийнинг фикрича, материя оламдаги нарса ва ходисаларнинг асосидир. Дунёнинг моддий асоси ёки материя тупроқ, сув, хаво, олов ва осмондан иборат бўлиб, Форобий таълимотича, осмон жисмлари ҳам ердаги жисмлар ҳам ана шу унсурларнинг бирикувидан вужудга келади. Форобий фикрича, оламдаги ҳар бир предмет материя ва шаклдан иборат бўлиб, материя ҳам шакл, ҳам тенг ахамиятга эга бўлган сабаблардир, дейди. У ҳаракат материянинг объектив хусусияти, моддий олам эса ҳаракатнинг манбаидир: оламдаги предмет ва ходисалар тўхтовсиз ҳаракат ва ўзгаришда, ҳаракат ва ўзгаришнинг сабаби эса бошлангич моддий элементларнинг турлича қўшилишидадир, деган фикрни илгари суради. Форобийнинг билиш хақидаги фикрлари хам эътиборга лойиқ, унинг таълимотича, моддий олам инсон, унинг сезгиси, ақлидан аввал мавжуд бўлган. Инсон ва унинг ақли эса - моддий олам ривожининг олий махсулидир, инсон ҳайвондан ўзининг сезги аъзолари, табиатни билиш қобилияти, ақли, тили билан фарқланади; инсон моддий оламни бирин - кетин ўсиб етишган сезги аъзолари орқали била бошлайди ва ундан ақлий билишгача- мантиқий тафаккургача кўтарилади. Форобий билишда инсон ақлининг ролига катта баҳо берган. Инсон ақли тафаккур ёрдамида табиатни, борлиқни, материяни, ижтимоий ходиса ва жараёнлар мохиятини, маъносини билади. Форобий ўзининг ижтимоий қарашларида инсоният жамияти вужудга келиши ва ривожланишининг муайян табиий сабабларини, ахлоқнинг шаклланишини, инсон ва жамиятнинг ўзаро муносабатини, инсонийлик, адолат, етук жамоа, комил инсон каби масалаларни назарий жихатдан асослашга харакат қилади.
4. Ўрта аср буюк олимларидан бири, ўзбек халқининг улуг фарзанди, энциклопедист олим, географ, геолог, астроном, математик, философ, тилшунос, этнограф, табиб Мухаммад Ибн Ахмад Абу Райхон Беруний 973 йилда 4 октябрда қадимги Хоразмнинг марказий шахри Қиётда тугилди. Беруний ўз умри давомида 152 асар яратди. Шулардан энг машхурлари “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Маъсуд қонуни”, “Ҳиндистон”, “Геодезия”, “Минералогия”, “Сайдана” дир. Беруний ўз даврида тажрибавий билимларни пухта эгаллаган олимлардан бўлиб, бу унинг табиий-илмий ва фалсафий қарашларининг муайян томонларини аниқловчи мухим омиллардан ҳисобланади36.
Умуман, Берунийнинг табиий-илмий меъроси, аниқ фанлар бўйича кўтарган муаммолари ўз даврида оламнинг умумий манзарасини яратишда, яъни фалсафий дунёқараш шаклланишида катта аҳамиятга эга бўлди. Беруний ўз астрономик жадвалида оламнинг маркази Ер эмас, балки қуёшдир, хамма планеталар, шу жумладан Ер ҳам қуёш атрофида айланади, деган гелиоцентрик гипотезани олға сурди. Берунийнинг бу илмий хулосаси 500 йилдан кейин улуг астроном Коперникнинг гелиоцентрик системасида илмий асосда тасдиқланди. Беруний Абу Али ибн Сино билан қилган мунозарасида коинотдаги планеталар, шу жумладан Ер ҳам ўзаро тортишиш кучига эга, деган хулосага келади. Унинг бу илмий таҳмини XVIII аср бошида инглиз олими Ньютон кашф этган бутун дунё тортилиш қонуни билан илмий жиҳатдан асосланди.
5. Инсоният Абу Али ибн Синони жаҳон фани ёки маданиятининг юқори чўққиси, Уйғониш даври маданиятининг йирик арбобларидан бири сифатида билади ва эъзозлайди. Ибн Сино 400 дан ортиқ асарлар ёзди. Унинг ёзган асарлари илм-фаннинг барча соҳаларига тааллуқлидир. Шундан 242 таси бизгача етиб келган. Аллома асарларидан 80 таси фалсафа, илохиёт, тасаввуфга, 43 таси табобат, 19 таси мантиқ, 26 таси эса рухшуносликка багишланган37. Ибн Сино ўз асарлари билан Марказий Осиё халқлари маданиятини дунё маданиятларининг олдинги қаторига олиб чиқди. Шунинг учун ҳам “Шайхурраис” - “Олимлар бошлиғи” деб аталиши бежиз эмас. Олимнинг асосий фалсафий асари “Китобат шифо”, “Донишнома”, “Нажот”, “Китобул инсоф”, “Китоб ал қонун фиттиб” китобларидан иборат. Ибн Сино “Донишнома” номли фалсафий китоби 5 хил илмни - мантиқ, тиббиёт, астрономия, мусиқа, илохиётни ўз ичига олади. Ибн Сино ўз замондошлари сингари Аллоҳни оламни яратган биринчи сабаб ҳисоблайди.
Ибн Синонинг айтишича, фалсафа борлиқ ҳақидаги фандир. Борлиқ эса абадийдир, у шаклини ўзгартириши, бир кўринишдан иккинчи кўринишига ўтиши мумкин, лекин унинг ўзи, материя йўқолмайди. Уни текшириш учун зарурият, имконият ва сабаб категорияларини асос қилиб олиш зарур. Ушбу категориялар орқали инсон олам тўғрисида фалсафий фикрларга эга бўлади. Ибн Синонинг фикрича, оламда зарурий вужуд ва имконий вужуд бор бўлиб, уларнинг биринчиси ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган бир бутунликдир; у қудратли, доно, иродали ва ҳамма нарсани билувчи Тангридир. Иккинчиси зарурий вужуд бўлиб, у тангридан келиб чиқади ва уни намоён этади. Бу келиб чиқиш эманация тарзида, яъни қуёшдан чиқаётган нур шаклида мавжуд бўлган ақл, жон ва жисм, улар билан боғлиқ ҳолда осмон жисмлари келиб чиқади. Бу жавҳар (cубстанция) бўлиб, ундан ташқари борлиқда араз (акциденция), яъни нарсаларнинг белгилари, ранги, хажми, хиди ва бошқа ҳислатлари мавжуд. Жисм шакл ва материядан ташкил топади. Моддий жиҳатдан бир бутун бўлган табиат ўз ички қонуниятлари асосида ривожланади, бинобарин, табиий ҳодисалар сабабли боғланишга эга бўлиб, уларни ўрганиш мумкин.
Ибн Сино жисмлар 4 унсурдан ташкил топган, - дейди. Бу 4 унсур - ҳаво, сув, олов, тупроқ - ўзаро боғлиқ, бир - бирига таъсир этади. Шундан у ёки бу нарса пайдо бўлади ёки йўқолади. Лекин уларнинг асоси - 4 унсур ўзгармайди, йўқолиб кетмайди. Материя, ҳаракат, вақт ва фазо ўзаро бир-бири билан узвий боглиқдир. Ибн Сино билиш назариясига ҳам улкан хисса қўшган. У инсон билимлари реал объектив нарсалар, уларнинг сабабий боғланишларини билиб олиш орқали вужудга келади, деган. Инсон сезгилари ёрдамида нарсаларни хиссий билса, тушунчалар ёрдамида ақлий билади. У билишда тафаккурнинг ролига юксак баҳо беради.
6. Ўрта асрларда яшаб ижод қилган яна бир олим Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий эди. Унинг бизгача етиб келган “Мафотих ал-улум” (“Илмлар калитлари”) асари бўлиб, унда ўрта асрлардаги фанларнинг ривожланиши ва ҳолатини анча муккаммал акс эттирган. Муаллиф асарда ўз давридаги ҳар бир фаннинг мазмунини, унинг атамаларини шархлаш йўли билан тушунтириб беради. Ушбу асарда фалсафа, мантиқ, тибб, илму - нужум, мусиқа ва бошқа фанларнинг асослари берилган, ал-Хоразмий ўша даврда юқори даражада ривожланган фанларни маълум тартибга тушириш ва тасниф қилишни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.
Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий фалсафанинг назарий қисмига табииётшунослик фанларини, амалий қисмига этика, сиёсатшунослик ва бошқарувни қўяди. Зарурий борлиқни худо ва унинг қудрати (биринчи сабаб) билан изоҳласа, имконият даражасидаги борлиқни моддий олам ва ундаги сабабли боғланишлар билан изоҳлайди. Материя унинг назарида 4 унсурдан ташкил топади ва улар фазо ва вақтда мавжуд бўлади. Харакат материянинг атрибути эканини тан олади. Аммо у ақл, руҳ, жон каби номоддийлик бор деб ҳисоблайди. Ақлни “фаол ақл”, “моддий ақл” ва ўзлаштирилган ақлга бўлади.
Туркий забон адабиётининг йирик ва забардаст мутафаккирларидан бири Аҳмад Югнакийдир. Унинг бизгача етиб келган ягона илмий мероси “Хибатул-хақойиқ” (“Хақиқатлар туҳфас”) дир.
Аҳмад Югнакий ҳам ўзидан олдинги буюк мутафаккирлар сингари илм-маърифатни ёқлайди, илмли кишиларни, олимлар, файласафлар, фозилу фузалоларни улуғлайди. Маърифатпарварликни тарғиб қилади, кишиларни илмли бўлишга чақиради, илмнинг манфаати, жаҳолатнинг зарари хақида куйиниб - ёниб гапиради.
Мутафаккир ўзининг сўз юритилаётган асарида ҳиммат ва сахийликни бахиллик ва зиқналикка қарама - қарши қўяди. Унинг фикрича, халқнинг етуги саҳий кишидир, сахийлик шараф, мартаба ва камолатингни орттиради. Дунёда яхши ва нуқсонсиз ном саҳийликдир.
Аҳмад Югнакийнинг аҳлоқий - фалсафий таълимотида инсонпарварлик, одам-одам билан дўстона ҳаёт кечириши, дўстларга садоқат, вафодорлик каби ғоялар ҳам катта ўрин тутади.
Шундай қилиб Аҳмад Югнакий “Хибатул - хақойиқ” асарида баён этган фикр-мулоҳазалари билан Марказий Осиёда ижтимоий - сиёсий, аҳлоқий - фалсафий таълимотлар ривожида ўзига хос бетакрор ўрин тутади.
Юсуф Хос Ҳожиб - Шарқ халқларининг XI асрда яшаб ижод этган етук шоири ва файласуфи, қомусий олими ва давлат арбобидир. У ўзининг бизга қадар етиб келган ягона дидактик, бадиий-фалсафий “Қутадғу билик”38 (“Саодатга йўлловчи билим”) номли достони билан жаҳонга маълум ва машҳурдир. Бу асар Шарқда кенг ёйилган ўгит-насиҳат жанрига мансубдир. Унда ягона қўл остида бирлашган, марказлашган давлатни барпо этиш, мустаҳкамлаш, уни бошқариш йўл-йўриқлари, сиёсий, ижтимоий-аҳлоқий, таълимий, маърифий, маънавий масалалар, расм-русум, урф-одат, ўзаро муомала - муносабат қоидалари кенг ва атрофлича баён этилган39.
“Қутадғу билик” да одоб - аҳлоқ, илм - маърифат, бола тарбияси, жамоат жойларида ўзини қандай тута билиш, сўзнинг аҳамияти ва қадри, меҳмондорчилик қоидалари, турмуш тарзи ва инсон маънавий оламининг масалалари баён этилган.
Маънавият ва маърифат жарчиси бўлган Юсуф Хос Ҳожиб марказлашган кучли давлат барпо этиш учун курашувчи донишманд, адолатли ҳукмдор қиёфасини ўз асарида ифодалайди. Давлат ва ҳокимият бошлиғи ва унинг сарой аъёнлари, маҳнаткаш оммага муносабатлари қандай бўлиши лозимлиги ҳақида фикр - мулоҳазаларини аниқ - равшан баён этади. Адолатни юксак даражада эъзозлайди.
“Қутадғу билик” пандларга, таълим - тарбияга ҳамда муҳим фалсафий ўгит ва йўл - йўриқларга бениҳоя бой, маданият, маънавият ва маърифат асосларини, инсоний қонун - қоидаларни, умуминсоний қадриятларни чуқур ўзлаштириб даъват этадиган ғоялар билан суғорилган том маънодаги қимматли бир илмий манба, бебаҳо қомусдир.
Марказий Осиёлик кўзга кўринган олимлардан яна бири Исмоил Журжонийдир. Унинг илмий меросидан уни ҳар томонлама етук ҳамда ўз вақтининг кўзга кўринган олими эканлиги, табобат, фалсафа ва бошқа илмлар соҳасида ижод қилганини кўриш мумкин.
Олимнинг фалсафий асарларидан бирининг номи “Китоб тадбир йавм ва лайл” (“Кундуз ва туннинг тадбири китоби”) дир.
Исмоил Журжоний борлиқ моддийлигини, яъни материядан иборатлигини ва ҳар бир модданинг асосини тўрт элемент (ҳаво, олов, сув ва тупроқ) ташкил этишини таъкидлайди. Унинг фикрича, тўрт элемент ўзаро аралашиб кетиб, то мутаносиб бўлгунча ёки биронтаси устун келгунча, бир-бирига таъсир этади40.
Олим асарларидаги табиий - илмий маълумотлар, яъни минераллар, наботот ва ҳайвонот дунёси, одам анатомияси ва физиологияси ва ҳоказолар ҳақидаги фикрлар уни билиш моҳиятига алоҳида эътибор берганлигидан далолатдир. Унинг гносеологиясида нарса ва жониворларни ўрганишда тафаккурга юқори баҳо беради. Бу эса барча билимларни, олим тили билан айтганда, ташқи сабабларни чуқур ўрганишни тақоза этади.
Исмоил Журжоний табиий - илмий фикрларининг қисқа тахлили унинг табииётшунослик масалаларини фалсафий талқин этишда Ибн Сино таълимотига суянганлигини ва уни давом эттирганлигини кўрсатади.
Ўзидан олдин ўтган буюк алломалар, хусусан Абу Райҳон Берунийнинг илмий ва фалсафий фикрларини давом эттирган ва уларни XII - XIII асрларда ривожлантирган олимлардан бири - буюк хоразмлик олим Маҳмуд ибн Муҳаммад Умар ал - Чағминийдир. Фан тарихида у илму-нужум, риёзиёт, табобат ва жўғрофия соҳасида машҳурдир. Чағминий табиий илмлар ривожланишига катта ҳисса қўшган, табиатни билиш жараёнида унга фалсафий ёндашгандир.

Download 23,9 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish