Араб давлатлари лигаси (АДЛ) 1945 йилда ташкил қилинган бўлиб, 21 та араб мамлакатлари ва Фаластин Озодлик ташкилотининг табиий ресурсларидан (айниқса нефтдан) келишган ҳолда фойдаланиш ва соғлиқни сақлашнинг экологик масалаларини кўриб чиқади.
Африка бирлиги ташкилоти (АБТ) 1963 йилда Аддис-Абебада бўлиб ўтган конференцияда ташкил этилган. Ушбу регионал ташкилот 50 дан зиёд Африка қитъасидаги мамлакатларни ижтимоий, иқтисодий, маърифий, маданий, ҳарбий масалаларда бирлаштириб туради. АБТ да экологик муаммолардан ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг хилма-хиллигини сақлаб қолиш бўйича миллий боҚлар ташкиллаштириш ва уларни муҳофаза қилишнинг ягона режаси ишлаб чиқилган.
Америка давлатлари ташкилоти (АДТ)1947 йили Рио-де-Жанейрода ташкил топган бўлиб, унга 27та Лотин Америкаси давлатлари ва АҚШ аъзо. АДТ таркибида атроф-муҳит муҳофазасига доир ихтисослашган ташкилот мавжуд бўлиб, унинг асосий мақсади Америка қитъасидаги биологик хилма-хилликни сақлашдир.
Давлатлараро экологик кенгаш (ДЭК) 1992 йил 8 февралда мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДЎ) раҳбарларининг Москвада бўлиб ўтган кенгашида тасдиқланган. Ўзбекистон унинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида собиқ Иттифоқ мамлакатлари билан атроф-муҳитни муҳофаза қилишни келишиб олган. ДЭК мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини кўзлаб фаолият юргизади.
ДЭК га аъзо 10 давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Келишувга мувофиқ (1-модда), унинг аъзолари ўз ҳудудлари учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқадилар ва шу асосда ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, молиявий замин яратадилар ҳамда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
1993 йил март ойида Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиёдаги беш давлатнинг Олий даражадаги учрашувида Орол денгизи муаммолари бўйича Давлатлараро Кенгаш ва унинг Ижроия қўмитаси ҳамда Оролни қутқариш Халқаро фонди ташкил этилди. 1994 йил Нукус, 1995 йил Ташҳовуз ва 1997 йил Алмати шаҳрида БМТнинг иштирокида бўлиб ўтган учрашувларда Нукус ва Алмати декларациялари қабул қилинди. Ушбу учрашувларда Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ташкилотларнинг Орол денгизи ҳавзасини барқарор ривожлантириш режалари ишлаб чиқилди. Кенгашнинг таклифи ва БМТнинг ҳомийлигида 1998 йилни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йили деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг таклифига биноан Марказий Осиё минтақаси — экологик ва ядровий хавфсизлик минтақаси деб эълон қилинди ва бу регион ядро қуролидан холи тегра ҳисобланиладиган бўлди.
Атроф-муҳит муҳофазасига доир фаолият юргизаётган ташкилотлардан ташқари, доимий равишда, экологик йўналиш бўйича ташкиллаштирилаётган ва ўзининг экологик ҳаракатига кўпгина давлатларни жалб қилаётган халқаро конференцияларнинг атроф-муҳит муҳофазасидаги аҳамияти жуда каттадир. Улар орасида 1972 йил атроф-муҳит бўйича БМТнинг Стокгольм конференцияси, 1975 йил Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгаши, 1986 йил ОБСЕ давлатлари бошлиқларининг Вена учрашуви, 1992 йил БМТнинг атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича Рио-де-Жанейро конференцияси, 1999 йил ЕХЎТнинг Истамбул Саммити, 2002 йил Йоханнесбург Саммити алоҳида ўринда туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |