10-МАВЗУ. ЭКОЛОГИК АУДИТ
Экологик аудит ва унинг амалий аҳамияти. Экологик аудит турлари: ишлаб чиқариш экологик экспертиза; ҳудудий экологик экспертиза; экологик консалтинг. Экологик аудитга руҳсат бериш ва ўтказиш тартиби.
Бозор муносабатларининг ўзига хос томонларидан бири турли кўринишдаги аудиторлик фаолиятини шакллантиришдан иборат. «Аудит» инглиз тилида «audit» — текшириш, яъни бухгалтерия китоблари, ҳисоботлари ва ҳужжатларини тафтиш қилиш деган маънони англатади. Ўзбекистонда аудиторлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш 2000 йил 26 майдаги «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун ва шу асосда қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Аудиторлик фаолияти аудитор (аудит фирма)лар томонидан тадбиркорлик фаолияти кўринишида амалга оширилади. Экологик аудит бир мунча ўзига хос кўринишга эга.
Экологик аудит — уч хил: 1) ишлаб чиқариш экологик экспертиза; 2) ҳудудий экологик экспертиза; 3) экологик консалтинг кўринишда олиб борилади.
Ишлаб чиқариш объектларини экологик аудитлашнинг мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир талаб ва йўриқномаларга корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолияти тўҚри келиши, табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари бўйича тавсияномаларни тайёрлаш ҳамда табиий ресурслардан фойдаланишдаги сарф-харажатларни текширишдир. Бундай текширув Экологик экспертиза тўғрисидаги қонуннинг 11-моддасида қайд қилинган ишларни молиялашдан аввал ва назоратловчи органлар билан бўладиган низоли ҳолатларда амалга оширилади.
Ҳудудий экологик аудит — аниқ бир ер участкалари ёки ҳудудларни табиий ресурс имкониятларини салбий табиий ҳодисалар ҳамда атроф табиий муҳитга техноген жараёнларнинг таъсирини ва уларнинг турларини аниқлашни баҳолашда қўлланилади. Ушбу экологик аудит тури кўчмас мулк ва ер участкалари юзасидан бажариладиганоперацияларбилан қўшиб баҳоланади. Иш натижалари ушбу фаолиятни асослаш борасидаги эксперт хулосаси билан якунланади.
Экологик консалтинг — шаҳар ва шаҳарлар агломерацияси (тўплами) ишлаб чиқариш технологиялари, шаҳарсозлик, уларда ердан фойдаланиш ҳуқуқлари ва бошқа хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган атроф-муҳит муаммоларини молиялаш масалаларини текширишдан иборатдир. Консалтинг — хўжалик юргизувчи субъектларга турли масалалар бўйича маслаҳат (консультация)лар беришдир. Экологик консалтинг, масалан, ер участкасидан фойдаланиш ёки уни эгаллашга бериш борасидаги лойиҳалардан олдин уларни экологик оқибат бўйича хулосалаш, мавжуд ёки лойиҳалаштирилган технологияларни экологик баҳолаш, табиат муҳофазасига доир тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш; экологик тадбирларни қўллаш бўйича баҳолаш; рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этиш ва ҳоказо.
Экологик аудитни олиб боришга рухсатномани Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тавсиясига кўра, Адлия вазирлиги томонидан берилади. Экологик аудит буюртмачиларнинг маблағига ва уларнинг қарорига биноан ўтказилади.
Экологик экспертизанинг ҳар қандай тури унинг объектларини қўллаш ва уларни амалга ошириш мумкинлиги ҳақидаги хулосани бериш билан якунланади.
Умуман олганда, экологик экспертизалаш жараёни 5 та босқични ўзига қамраб олади:
1) экспертизани белгилаш;
2) ахборотларни тўплаш, умумлаштириш ва баҳолаш;
3) дастлабки хулосани шакллантириш ва у билан жамоатчиликни таништириш;
4) экспертиза хулосасини тақдим қилиш ва юқори ваколатли органлар томонидан тасдиқлаш;
5) низоларни ҳал қилиш.
Экологик экспертиза тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик қуйидаги ҳолатларда юзага келади:
— экспертлар ўз ишларига совуққонлик билан қарашлари ва нотўҚри хулоса беришлари. Бундай ҳолатларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 15-моддасига биноан мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик санкциялари қўлланилиши мумкин. Агарда ушбу ҳаракат ёки ҳаракатсизликлар ижтимоий хавфли оқибатларга олиб келса, у ҳолда Жиноят кодексининг V бўлимида келтирилган санкциялар асосида ҳуқуқбузарлар жавобгарликка тортилишлари мумкин;
— экологик экспертиза хулоса талабларига риоя этмаган корхона раҳбарлари ва фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг махсус 96-моддасига биноан жавобгарликка тортиладилар. Агарда бу хулосаларни инкор этиш ижтимоий хавфли ҳаракат ёки ҳаракатсизликлар билан боғлиқ бўлса, Жиноят кодексининг IV бўлимига асосан жавобгарликка тортилишлари мумкин;
— экологик экспертиза хулосасини ўзгартиришга мажбур этиш ва (ёки) ўзгартирмоқчи бўлган ҳуқуқбузарликлар ҳолати бўйича жавобгар субъект бўлиб мансабдор шахслар чиқадилар.
Хулоса қилиб айтганда, экологик кадастр, назорат ва экспертиза Экологик менежмент ва аудитнинг самарадорлигини оширувчи асосий чора-тадбирлардан ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |