Кўргазмали образли тафаккур
Инсон томонидан бевосита идрок қилинаётган предметлар эмас, балки фақат тасаввур қилинаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида фикрлашдан иборат тафаккур тури кўргазмали-образли-тафаккур деб аталади. Тафаккурнинг мазкур кўриниши 4-7 ёшгача бўлган болаларда намоён бўлади. Боғча ёшидаги болаларда кўргазмали ҳаракат тафаккурнинг амалий элементлари кўргазмали образли тафаккур босқичига ўтгандан сўнг ҳам сақланиб қолади, лекин у ўзининг етакчи ролини йўқота бошлайди. Ушбу ёшдаги кичкинтойлар жисм ва предметлар билан танишаётганда аналитик-синтетик фаолиятдан фойдаланиб иш кўраётганда уларни қўл билан ушлаб кўришга, ички тузилиши билан амалда танишишга интилмайдилар. Чунки кўп ҳолларда улардан амалий ҳаракат қилиш талаб қилинмайди. Лекин бу улар жисм ва предметларни, объектларни аниқ ва тўлиқ идрок қилиш, яққол тасаввур этиш имкониятидан мустасно қилинади, деган сўз эмас, албатта. Боғча ёшидаги болалар илмий тушунчаларга эга бўлмаганликлари учун билиш фаолиятида асосан кўргазмали-образларга суяниб фикр юритадилар, мулоҳаза билдирадилар, ҳукм чиқарадилар. Юқоридаги фикримизни тасдиқлаш учун швейцариялик психолог Жан Пиаже тажрибаларига мурожаат қиламиз. У 6-7 ёшдаги болаларга хамирдан баб-баравар қилиб ясалган иккита зувалачани кўрсатади, шу заҳотиёқ текширилувчилар уларнинг бир-бирига тенг эканлигига ишонч ҳосил қиладилар. Тажрибанинг иккинчи босқичида зувалачанинг биттаси нон шаклига келтирилади, бу ҳолатни ўз кўзлари билан кузатиб турган болалардан сўралганда, улар зувалача ҳажмининг ўзгаришига қараб тенглик бузилган деб жавоб берганлар. Ушбу ҳолат боғча ёшидаги болаларда кўргазмали- образли тафаккур бевосита ва батамом уларнинг идрок процессларига боғлиқ эканлигини кўрсатади. Шунинг учун улар нарса ва ҳодисаларнинг, жисм ва предметларнинг кўзга яққол ташланиб турувчи аломатига, хусусиятига, ташқи белгисига эътибор қиладилар. Лекин уларни ички боғланишлари, ўзаро муносабатларини билдириб келадиган муҳим, асосий сифатларига аҳамият бермайдилар. Объектларни фазода жойлашган ўрни, ташқи номуҳим белгиси уларнинг кўргазмали-образли тафаккурини вужудга келтиради. Масалан, уларнинг назарида одамлар бўйининг баланд ва пастлиги уларнинг ёшини (улуғлигини) белгилайдилар.
Интуитив ва аналитик тафаккур
Тафаккур активлигига қараб ихтиёрсиз (интуитив) ва ихтиёрий (аналитик) тафаккур турларига ажратилади. Интуиция деб, мантиқий тафаккур ёрдамида кўп вақтлар давомида ҳал қилинмаган ақлий вазифаларнинг тўсатдан, кутилмаганда ҳал қилиниб қолиши процесси аталади. Шахснинг муайян соҳадаги ҳаётий ёки илмий тажрибаларига асосланган интеллектуал сезгирлигидан иборат фаолиятдир.
Кўпича ихтиёрий тафаккур жараёни мулоҳаза, муҳокама, исботлаш, гипотеза қилиш каби формаларда намоён бўлади. Математика, физика, химия, психология ва бошқа фанлардаги проблема ва масалаларни ечиш жараёнлари бунга ёрқин мисол бўла олади. Бундан ташқари ихтиёрий тафаккурга танқидий ёки назорат (контрол) тафаккур ҳам киради. Моддий борлиқни адекват акс эттириш фикр юритишни танқидий ва синчков бўлишини тақозо этади. Бинобарин, нарса ва ҳодисаларни атрофлича билиш учун, объектив баҳо бериш зарурияти туғилади, бу эса ўз навбатида, фикр юритиш кўлами кенг, аналитик-синтетик фаолият доираси мустаҳкам бўлишини талаб қилади.
Тафаккур процесслари ихтиёрсиз юз бериши ҳам мумкин. Лекин бу ҳолда улар ихтиёрий тафаккурга суянган тарзда вужудга келади. Жумладан, одамнинг амалий, маиший ва ҳоказо фаолиятларида ихтиёрсиз равишда қатор саволлар пайдо бўлиши ва уларга беихтиёр жавоблар ахтариш ҳоллари учраб туради. Бундай пайтларда инсон фикр юритяптими ёки йўқми, буни билиш жуда қийин, ваҳоланки у ўзича гўё саволларга жавоб топгандай, ширин ҳис-туйғуларни бошдан кечираётгандай бўлади, шунинг учун кўпинча «тилимнинг учида турибди» одамлар қандайдир текст ёки проблема, масала устида боҳ қотириб ўтирганларида (бирор нарсанинг бевосита таъсири натижасида) фикр юритиш мутлақо беихтиёр ўй бериб қолади ва уларни асосий топшириқни бажаришдан узоқлаштиради. Баъзан амалга оширилиши мақсад қилиб қўйилган топшириқни ихтиёрий равишда бажариш процессимизда бу планга киритилмаган (фавқулотда вужудга келган) айрим вазифаларни ҳам бажарамиз, бу процесс биз учун ихтиёрсиз равишда ўтади.
Инсониятнинг тарихий тараққиёти тарихидан шу нарсалар маълумки, йирик илмий кашфиётлар ҳам кўпинча худди шундай беихтиёр фикр қилиб турган маҳалда тўсатдан очилган. Жумладан, грек олими Архимед солиштирма оқирлик қонунини зўр бериб ақлий меҳнат қилиш пайтида эмас, балки ҳеч кутилмаган жараёнда, ваннада чўмилиб турган пайтида кашф этган. Улуғ рус олими Д. И. Менделеевнинг ҳикоя қилишича, у элементлар даврий системаси жадвалини тузиш вақтида уч кечаю уч кундуз бетиним меҳнат қилган, аммо бу вазифани ниҳоясига етказа олмаган. Ундан сўнг чарчаган олим иш столи устида уйқуга кетган ва тушида бу элементлар тартибли жойлаштирилган жадвални кўрган. Шунда Д. И. Менделеев уйқудан уйғониб, бир парча қоғозга тушида аён бўлган жадвални кўчириб қўйган.
Кўпинча психолог ва физиолог таъкидлашларича проблеманинг бундай осон равишда ечилиши ҳеч кутилмаган юқоридаги каби беихтиёр ҳал қилиниши шу кашфиётлар олам юзини кўрганича бўлган давр ичида ойлаб, йўллаб қилинган меҳнатнинг якуни, яъни тугалланмай қолган тафаккур жараёнининг ниҳоясига етишдир, деб баҳоламоқдалар.
Йирик физиолог ҳамда психолог В. М. Бехтеревнинг изоҳлича, бундай кутилмаган процессларнинг рўй беришига асосий сабаб, бу ўрганилаётган проблема (масала) тўғрисидаги ухлашдан олдин зўр бериб бош қотириш ўйлаш (фикр юритиш) ва бутун зеҳни, шунинг билан бирга диққат-эътиборининг тортилиши, кашф қилиниши зарур масалага тўла-тўкис йўналишдан иборат мақсадга мувофиқлаштирилган мураккаб, барқарор психик ҳолатнинг ҳукм суришидир. Мазкур ҳолат аниқ объектга қаратилган ақлий зўр беришнинг интензив тарзда давом этиши натижасида вужудга келган маҳсулдир ва ҳоказо.
Фикр юритилиши лозим бўлган нарса ва ҳодисаларни идрок ёки тасаввур қилиш мумкин бўлса, бундай тафаккур конкрет тафаккур деб аталади. У ўз навбатида яққол-предметли тафаккур ва яққол- образли тафаккур номи билан икки турга ажратилади. Агар фикр юритиш объекти бевосита идрок қилинса, бундай тафаккур яққол-предметли тафаккур дейилади. Фикр юритилаётган нарса ва ҳодисалар фақат тасаввур қилинса, бундай тафаккур яққол-образли тафаккур деб аталади. Тафаккурнинг бир тури хотира ёки хаёл тасаввурига асосланган ҳолда намоён бўлади.
Абстракт тафаккур нарсаларнинг моҳиятини акс эттирувчи ва сўзларда ифодаловчи тушунчаларга таяниб, фикр юритишдир. Алгебра, тригонометрия, физика, чизма, геометрия, олий математика масалаларини ечиш маҳалида фикр юритиш, мулоҳаза билдириш абстракт тафаккурга хос мисоллардир. Алгебраик миқдорларини конкрет нарсаларга таққослаб, нисбатан бериб конкретлаштирилса бўлади, лекин бу ерда бизнинг мақсадимиз конкрет миқдор тўғрисида фикр юритиш эмас, балки шу нарсалар ўртасида мавжуд умумий миқдор алоқалари устида мулоҳаза юритишдир. Чунончи, бу ҳолда биз фақат умумлашган тушунчаларга таяниб фикр юритамиз.
Абстракт тафаккур конкрет тафаккурдан ғоят кенг маъно англатиши билан воқеликни чуқурроқ билишга олиб бориши билан фарқ қилади. Шунинг учун биз якка ҳукм воситаси билан қатор нарса ва ҳодисаларга таалуқли ички қонуниятлар тўғрисида фикр юрита оламиз. Идрок ва тасаввур қилиш мумкин бўлмаган нарса ва ҳодисалар тўғрисида абстракт тафаккур ёрдамида мулоҳаза юритса бўлади. Шу сабабли жамият ва табиат қонунлари ҳақида, борлиқ тўғрисида, чексизлик, сифат, миқдор, тенглик тўғрисида, гўзаллик юзасидан мавҳум абстракт мулоҳаза юритиш мумкин, холос.
Бироқ конкрет тафаккур билан абстракт тафаккур ўзаро узвий боғлангандагина бир бутун инсон тафаккурини вужудга келтиради, чунки предметнинг ташқи ва ички хусусиятларини атрофлича очиш алоҳида олинган тафаккурнинг у ёки бу тури ёрдамида ифодалаб бериш анча мушкулдир. Абстракт тафаккур конкрет тафаккур замирида вужудга келган, унинг пойдевори устида ўсган ва ривожланган. Чунки тафаккурнинг генетик жиҳатдан келиб чиқиши анализ қилиб чиқсак, конкрет тафаккур амалий тафаккур билан рараллел равишда намоён бўла бошлаган, абстракт тафаккур эса тарихий тараққиётнинг кейинги босқичларида ҳосил бўлган. Шунга қарамасдан, ҳамма вақт ҳар қандай конкрет фикр, мулоҳаза абстракт фикр, муҳокама ичига маълум даражада сингиб кетган бўлади.
Ҳодисаларни изоҳлашга, фараз қилишга қаратилган тафаккур назарий тафаккур деб аталади. Тушунчалар ўртасидаги боғланишларни, муносабатларни, ички боғланишларни ёритиб бориш ва шу боғланишларни назарий жиҳатдан фикр юритиш йўли билан изоҳлаш каби жараёнларни назарий тафаккур ёрдамида амалга ошириш мумкин. Изоҳлаш пайтида изоҳланаётган нарса ва ҳодисалар, хосса ва хусусиятлар, жисм ва предметлар, умуман бутун воқелик маълум туркумдаги тушунчалар қаторига киритилади ва уларнинг фарқ қиладиган белги ва аломатлари фикран ажратиб кўрсатилади. Бундан ташқари муайян объектларнинг моҳияти, мазмуни, мавжуд бўлишлик сабаблари, келиб чиқиши, тараққиёти, ўзгариши, шунингдек уларнинг аҳамияти ва функция ҳамда вазифалари изоҳлаб берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |