ЎРТА ДЕНГИЗ БУЙИ ВА ОЛД ОСИЁ ТОҒЛАРИ
Евросиё ва Африканинг Ўрта денгиз соҳилларида жойлашган ўлкаларнинг табиий ва маданий ландшафтлари бир хилдир. Бу табиатнинг ва одам хўжалик фаолияти шароитининг жуда катта территорияда бир хиллиги географлар томонидан жуда Қадмдан қайд қилинган ва географияга Ўрта денгиз бўйи тушунчасининг киритилишига сабаб бўлган.
Ўрта денгиз бўйи табиий шароитининг хусусиятлари ва ўзига хослиги, биринчи навбатда, ёзи қуруқ, қиши сернам келадиган субтропик иқлимга боғлиқдир. Иқлимнинг бу типи Ер шарининг ҳеч бир жойида Ўрта денгиз бўйидагичалик кенг территорияда ҳукмрон эмас ва бунчалик аниқ ифодаланмаган, шунинг учун ҳам бу иқлим типи Ўрта денгиз иқлими деб ном олган. Иқлимнинг хусусиятига боғлиқ равишда ўзига хос тупроқ ҳосил қилиш жараёни ва жигар ранг тупроқларнинг махсус генетик типи вужудга келган. ёзги қурғоқчиликка яхши мослашиб олган ўсимликларнинг махсус типи (қаттиқ баргли доимий яшил ўрмон ва бутазорлар) ҳам Ўрта денгиз типли иқлим билан боғлиқдир. Бу ўсимлик типи ҳам Ўрта денгиз типли ўсимлик деб аталади.
Ўрта денгиз бўйи деярли бутунлай Альп бурмаланиши минтақасида жойлашган, бу ерда вулканизм ва сейсмик ҳаракатлар кенг тарқалган.
Ўрта денгиз бўйи рельефи учун кўпинча карбонатли жинслардан тузилган ўртача баландликдаги тоғлар характерлидир. Унда текисланган зинасимон юзалар кўп тарқалган бўлиб, айрим жойларда баланд тоғ рельефи ҳам учраб туради.
Ўрта денгиз иқлими ва Ўрта денгиз ландшафти деб аталувчи ландшафтларнинг кенг тарқалганлиги бу ерда ажойиб денгиз ҳавзаси-Ўрта денгизнинг мавжудлиги билан боғлиқдир. Бу денгизнинг катталиги ва қирғоқлари қиёфаси, температура режими ва бошқа хусусиятлари атрофидаги қуруқлик билан ўзаро таъсир этиб, табиий ва маданий ландшафтларнинг ҳеч ерда такрорланмайдиган комплексларини ҳосил қилади.
Ўрта денгиз майдони, сувининг ҳажми ва чуқурлигига кўра дунёда бешинчи ўринда туради. Ороллар, ярим ороллар ва сув ости баландликлари (остоналари) Ўрта денгизни бир қанча ҳавзаларга бўлиб юборган. Ғарбий қисми Корсика ва Сардиния ороллари орқали ажралган. Шарқроқда эса бу ороллар билан Апеннин ярим ороли ва Сицилия оралиғида чуқурлиги 3330 м дан ортиқ бўлган Тиррен денгизи ботиғи жойлашган. Апеннин ва Болқон ярим ороллари оралиғида саёз Адриатика денгизи мавжуд. Жануброқда, Иония денгизи ботиғида энг катта чуқурлик-5121 м аниқланган. Болқон ярим оролидан шарқда бу ярим орол билан Кичик Осиё оралиғида кўпдан-кўп ороллари бўлган Эгей денгизи бор. Дарданелл бўғози, Мормар денгизи ва Боофор бўғози Ўрта денгизни Қора денгиз билан боғлайди.
Ўрта денгизни Атлантика океани билан боғлайдиган тор Гибралтар бўғозида сув ости остонаси бўлиб, бу ерда чуқурлик бор-йўғи 300 м га етади.
Ўрта денгиз бўйи гидрологик режимининг асосий хусусияти унинг океандан ажралиб турганлиги, субтропик минтақада жойлашганлигч ва oijhm характерига боғлиқдир. Йиллик ёғин миқдори жуда кам ва оқим нисбатан оз бўлгани ҳолда денгиз устида сув илийди ҳамда кучли даражада буғланади. Шундай қилиб, денгизга тушган ёғин ва дарё сувлари буғланган сув ўрнини қопламайди, бу эса денгизда сув сатҳининг Атлантика океани ҳамда Қора денгиздагига қараганда пастроқ бўлишига ва шўрлигининг ошишига олиб келади, сувнинг шўрлиги Шарқий ҳавзада 38‰ ва ҳатто 39‰ га етади. Денгиз суви сатҳидаги фарқ, Ўрта денгизнинг манфий баланси тўлдирувчи оқимлар системасини вужудга келтиради: Атлантика океани ва Қора денгиздан Ўрта денгизга бўғозлар орқали сув оқиб киради, маълум чуқурликда эса у тескари томонга оқади.
Сув юза қатламининг кучли исиши, сувнинг доимо аралашиб туриши, Гибралтар остона тоши сабабли Атлантикадан чуқурдаги совуқ сувнинг кам кириб келиши Ўрта денгизда чуқурдаги сувнинг исишига сабаб бўлади. Денгиз сувининг юқори қатламидан ташқари ҳамма қисмида бутун йил давомида температура + 13°С атрофида бўлиб туради. Сувнинг юза қисмида ёзги температура Лион қўлтиғида + 20°С, + 2ГС ва Гибралтар бўғозининг Испания қирғоқлари яқинида + 24, +25°С дан жануби-шарқда +28, + 30°С гача ўзгаради. Қишки температура жанубда +17, +18°С атрофида, Адриатиканинг шимолий қисмида эса +6, +7°С гач.а пасаяди ва чуқурдаги сувга нисбатан анча совуқ бўлади. Қишда Ўрта денгизнинг жанубий қисми устидан Атлантика ҳавоси олиб келадиган циклонлар ўтади. Нисбатан илиқ жуда катта сув массаси Евросиёнинг жануби-ғарбий қирғоқлари яқинида субтропик минтақанинг Тинч океан бўйи секторидаги шароитдан анча фарқ қилувчи ўзига хос қишки шароитни вужудга келтиради.
Ўрта денгиз соҳилида ёки унинг яқинида Евросиёнинг қадимий маданий давлатлари ташкил топган. Уларнинг аҳолиси деҳқончилик билан шуғулланиб, минг йиллар давомида табиатга таъсир кўрсатган ва уни ўзгартирган. Иккинчи томондан, бу ўлка аҳолисининг хўжалик фаолияти қадимдан денгиз билан жуда боғланган бўлган. Денгиз ўз бойликлари билан миллионлаб кишиларни боқади. Денгиз кемачилиги ҳам, афтидан, Ўрта денгиз ҳавзасида вужудга келган, унинг қирғоқларида қадимги дунё, ўрта асрлар ва ҳозирги замоннинг йирик денгиз портлари ҳамда савдо шаҳарлари пайдо бўлган. Янги ўлкаларни кашф этиш ва тадқиқ қилиш учун узоқ-узоқларга уюштирилган кўп экспедициялар шу ердан бошланган. Ҳозирги вақтда муҳим халқаро йўллар, шу жумладан, Совет Иттифоқининг Қора денгиз портларидан хорижий Европа, Осиё, Африка мамлакатлари ва Атлантика океанига борадиган йўллар Ўрта денгиз орқали ўтади.
Олд Осиё тоғликлари деб аталган ўлка Ўрта денгиз бўйи ўлкасининг материк ичкарисидаги давомидир. Бу ўлка ички қисмлари нисбатан паст ва ясси бўлиб, атрофини асосан ўртача ва баланд тоғ тизмалари ўраб олган мураккаб тузилишга эга бўлган тоғликлардир. Оралиғида ясси тоғлик бўлган жойларда хоғ тизмалари бир-бирларидан узоқлашади, ясси тоғлик йўқ ерларда яқинлашиб тоғлар тугунини ҳосил қилади. Тузилишига кўра чеккадаги тизмалари Альп антиклинорийларига, ички плато, ясси тоғлик ва палахсали массивлар, ўрталикдаги массивлар ҳамда тоғ оралиғи ботиқларига тўғри келади.
Олд Осиё тоғликларининг ҳамма қисмида иқлимнинг Ўрта денгиз бўйига хос умумий қонуниятлари сақланиб қолади: ёзда шамоллар Атлантика антициклонининг шарқий чеккасидан эсиб, континентал тропик ҳаво олиб келади. Бу тоғликларда, айниқса уларнинг ички қисмида қурғоқчил бўлиши ва юқори температуралар ана шу ҳаво билан боғлиқдир. Қишда мўътадил кенгликлар фронтининг Эрон тармоғи тоғликларни кесиб ўтади ва у билан боғлиқ бўлган циклон фаолияти ёғин ёғишига сабаб бўлади. Лекин тоғликларнинг материк ичкарисида жойлашганлиги ва тоғ-котловина рельефи қишки шароитларни Ўрта денгиз бўйидагидан катта фарқ қилишига сабаб бўлади: ғарбий тоғ тизмаларининг фақат шамолга рўпара ёнбағирларигагина ёғин кўп тушади. Шарққа борган сари, айниқса ички платоларда, ёғин камайиб ва қиш қаттиқ бўлиб боради.
Олд Осиё тоғликлари флористик ва зоогеографик районлаштиришда Ўрта денгиз бўйига киради. Уларнинг флораси ва айниқса фаунаси Ўрта денгиз бўйининг фауна ва флораси билан кўпгина умумийликларга эга, лекин уларда ғарбдан шарққа томон кучайиб борадиган аридликнинг белгилари мавжуддир.
Олд Осиё тоғликлари доирасида воҳа деҳқончилиги билан бирга қадимги маданият марказлари таркиб топган.
Жуда катта Ўрта денгиз бўйи-Олд Осиё региони табиатининг вужудга келиш ва ривожланиш тарихининг умумийлиги, шунингдек, иқлимнинг таркиб топиши ҳамда биоген компонентларининг пайдо бўлиши хусусиятлари жиҳатидан бир-бирига боғлиқ эканлигидан ташқари унда фарқлар борлиги кўзга аниқ ташланиб туради. Бу фарқлар ғарбдан шарққа борганда айниқса аниқ сезилади, регионнинг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасида ҳам табиатда тафовутлар бор. Европа Ўрта денгиз бўйи, яъни Жанубий Европанинг йирик табиий ўлкаларини ва Олд Осиё тоғликларининг ҳар бирини муфассал кўриб чиқиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |