59. Швейцария Альп тоғларидаги қоя чўққилар ва музликлар. Юнгфрау тоғининг кўриниши.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Альп тоғларидаги барча му-ҳим довонлардан темир йўллар ўтказилди. Бу темир йглларни қуриш вақтида кўп миқдорда туннеллар ўтказишга тўғри келди. Туннеллар қазилиши натижасида Альп тоғлари геологик тузилишининг кўп хусусиятлари аниқланди. Ҳозирги вақтда Мон-блан тоғи тагидан автомобиль йўли учун тоннель ўтказилган, бу йўл Францияни Италия билан боғлайди.
Альп тоғларининг жуда хилма-хил рельефи вужудга келишида мезозой ва палеогенда рўй берган бурмаланиш ҳамда кўтарилиш билан бирга неоген охири ва антропоген бошида бўлиб ўтган кучли вертикал ҳаракатлар, сўнгра кучли эрозия ва тўртламчи давр музликлари таъсири катта роль ўйнаган. Тўртламчи давр музликлари Альп тоғларида айниқса қудратли бўлган.
Кристалл жинслардан, қисман оҳактошдан тузилган энг баланд тизмалар ва массивлар полосаси типик баланд тоғ рельефига эга. Айрим тепалари кўтарилиб турган ўткир қиррали тизма тоғлар, буларни ўйиб тушган йирик цирклар, тик жарли ёнбағирлар, гиёҳсиз чуқур осма водийлар, жуда катта муз тиллари-Альп тоғларининг энг баланд қисмлари манзараси анна шундай. Пастроқ қисмларига ҳамда Альполди тоғларининг чеккадаги тизмаларига ўртача баландликдаги тоғ рельефи хос бўлиб, тоғ тепалари гумбазсимон ва ёнбағирлари қия тушади. Дарё водийлари кенг, Террасали, кўпинча кенгайиб кўллар ҳосил қилган.
Шимолда Альп тоғлари Юра тоғлари билан Дунай дарёсининг ўрта оқими оралиғида жойлашган тоғ олди платосига ўтиб боради. Тоғ олди платоси неоген охири ва антропоген бошида тоғлардан нураб тушган жинслардан ҳосил бўлган, баландлиги 400-600 м. Бу нуроқ жинслар тўртламчи даврдаги орогенезнинг охирги босқичи вақтида юзалама бурмалар ҳосил қилган. Плато устида Альп музликлари келтирган қалин музлик ётқизиқлари: охирги морена марзалари, таг морена уюмлари ва катта майдонларни қоплаб ётган зандр қумлари бор. Альп тоғи олди платоси Швейцария ва Германия Федератив Республикаси территориясида жойлашган. Ана шунга мос равишда унинг кичик ғарбий қисми Швейцария ясси тоғлиги, шарқий қисми Бавария ясси тоғлиги дейилади. Швейцария ясси тоғлиги бир оз баландроқ бўлиб, унда кўллар кўп. Бавария ясси тоғининг рельефи бир хилроқ, унда кўллар анча кам бўлиб, ботқоқликлар сероб.
Швейцария ясси тоғини шимол томондан Юра тоғлари системаси ўраб туради. Юра тоғлари Альп тоғлари системасининг содда тузилган олд тизмасидан иборат. Энг баланд жойи 1723 м бўлган ва юра даврининг оҳактошларидан тузилган оирбирларига параллел антиклинал тизмалар флиш жинслари билан тўлган бўйлама кенг водийларни ажратиб туради. Тоғ тизмаларини тор даралар кесиб ўтиб, бўйлама водийларни бир-бирига қўшиб туради ва шундай қилиб, тўрсимон рельеф ҳосил қилади. Юра тизмаларининг ёнбағир ва тепаларини карст жуда ўйиб юборган, бу ерда карст ғорлардан, воронкасимон чуқурликлардан ва ер ости дарёларидан иборат.
Альп тоғларининг жанубий ёнбағрида тоғ олди қирлари йўқ. Шарқда Альп олди тоғлари, ғарбда баланд кристалл массивлар Падан пасттекислигига тик тушади. Бу пасттекисликда Альп тоғлари системасининг жанубий чеккалари ер остига чуқур тушиб кетган. Кайнозой бошидан бошлаб пасттекислик ўрнида Адриатика денгизининг қўлтиғи бўлган, у Альп ва Апеннин тоғларидан тушган нуроқ жинслар билан аста-секин тўлган. Қўлтиқ неоген охирига келиб қуруқликка айланган. Падан пасттекислиги катта қисмининг денгиз сатҳидан баландлиги 100 м дан ошмайди. Лекин чекка қисмлари аста-секин кўтарила бориб, ғарбда деярли 500 м га етади. Пасттекисликнинг рельефи тоғ этагида сертепа, ер қатламлари йирик парча жинслар, охирги морена ётқизиқлари ва зандр қумларидан тузилган. По дарёси водийсига томон йирик жинслар майда аллювиал ётқизиқлар билан алмашинади ва рельеф текис бўла боради. По дарёси ва унинг кўп ирмоқлари қуйи оқимида табиий марзалар орасида атрофдаги текисликдан баландда оқади. По дарёси Адриатика денгизига қуйилиш жойида катта ва тез ўсиб бораётган дельта ҳосил қилади. Пасттекисликнинг лагунали ясси соҳили бўйлаб тўда-тўда қум кокиллари ва ороллар жойлашган. Лагуналардан бирида бўғозлар билан бир-биридан ажратиб турган кўпдан-кўп оролларда Венеция жойлашган. Бўғозлар кўчалар вазифасини бажаради. Шу сабабли Венеция денгиздан кўтарилиб турган шаҳарга ўхшайди. Ҳозирги вақтда соҳил анча тез пасайиб боряпти, бу эса шаҳарнинг анча қисмини сув босиш хавфини туғдиради.
Альп ўлкаси минерал хом ашёга унчалик бой эмас. Бор фойдали қазилмалар Шарқий Альп тоғларида тўпланган бўлиб, марказий кристалли зона жинслари билан боғланган. Булар Австриядаги темир ва мис рудалари ҳамда магнезит конларидир. Шарқий Альп тоғлари сойликларидаги чўкинди жинсларда унча катта бўлмаган қўнғир кўмир ва туз конлари бор.
Ғарбдан келувчи нам ҳаво оқимлари йўлида кўтарилгая Альп тоғлари катта нам конденсатори (йиғувчи)дир ва у ёғинлар картасида атрофдаги текислик районларга нисбатан аниқ ажралиб туради. Шимолий ва Ғарбий чеккадаги тизмаларгз ёғин айниқса кўп тушади, бу ерларда йилига 1500 мм дан 3000 мм гача ёғин ёғади ва об-ҳаво кўпинча туманли ва булутли бўлади. Ичкаридаги тизмалар ва берк водий ҳамда сойликларга ёғин анча кам (1000 мм дан оз) тушади. ёғин ҳаво энг кўп булутли бўладиган 1500-2000 м баландликкача ҳаммадан кўп ёғади. Бу зонадан баландда ҳаво қуруқроқ ва очиқ кунлар кўпроқ бўлади.
Альп тоғлари ёнбағирларида иқлимнинг баландлик бўйлаб минтақаланиши аниқ ифодаланган. Иқлим минтақаланиши жанубий тоғ олдининг илиқ ўртача ва ҳатто субтропик иқлимидан тоғларининг баланд қисмидаги тез-тез совуқ, қор бўронлари, қор босишлари ва кучли муз босишлари бўлиб турадиган совуқ ҳамда қаттиқ баланд тоғ иқлимигача алмашиниб борншда акс этади. Турли томонга қараган ёнбағирлар, берк водий ва сойликларнинг иқлим шароити бир-биридан фарқ қилади. Берк водий ва сойликлар иқлими учун аниқ сезилиб турадиган континенталлик, температураларнинг қишки инверсияси ва ёғиннинг кам тушиши характерлидир.
Қиш вақтида Альп тоғларида жуда кўп миқдорда қор тўпланади. Баъзи йиллари қор шунчалик кўп бўладики, тоғдаги довонларга чиқиб бўлмай қолади ва темир йўл ҳамда шоссе йўлларида ҳаракат маълум муддатга тўхтаб қолади. Баҳорда кўп жойларда қор кўчкилари рўй беради, бунинг устига ўрмонларнинг кўплаб кесиб юборилиши сабабли қор кўчиш хавфи кучайиб бормоқда. Баъзан қор кўчиши натижасида бутун-бутун қишлоқлар вайрон бўлиб туради.
Альп тоғлари учун хос маҳаллий шамоллар мавжуд, булардан фёнлар айниқса муҳимдир, улар бир фаслдан иккинчи фаслга ўтиш вақтларида шимолий ва жанубий ёнбағирларда босим ҳар хил бўлишидан вужудга келади. Фён шамоллари шимолий ёнбағирда пастга тушувчи қуруқ ва илиқ шамоллар бўлиб, улар келганда ҳаво илиқ ва очиқ бўлади, қорларнинг эришини, баҳор келишини тезлаштиради, кузда эса ҳосилнинг тез етилишига ёрдам беради. Фёнлар келиш вақти ўзгармайди; улар қишлоқ хўжалигига қулай таъсир кўрсатади. Лекин баъзан фёнларнинг оқибати ҳалокатли бўлади, чунки қорнинг тез эриши натижасида тошқинлар, қулашлар бўлади, йўллар бузилиб кетади.
Тоғлар Альпнинг шимолий ва жанубий этаклари яқинидаги текислик районлар иқлимига маълум даражада таъсир кўрсатади, бу таъсир аввало ёғин миқдорининг ортишида ўз ифодасини топади. Тоғолди платоси ва Падан пасттекислигига йил давомида 800 мм дан 1200 мм гача ёғин тушади. Бу иккала район иқлими бир оз континентал бўлган мўътадил иқлимга эга, лекин Падан текислиги иқлими тоғолди платоси иқлимига қараганда илиқроқ ва қишлоқ хўжалиги учун қулайроқдир.
Тоғ рельефи ва ёғин миқдорининг мўллиги туфайли Альп тоғлари Европанинг муҳим гидрографик тугуни ҳисобланади. Ёмғир, қор ва музликлардан сув оладиган кўп дарёлар Альп тоғлари ёнбағирларидан бошланади. Бу тоғлардан бошланадиган энг йирик дарёлар ўлкадан жуда узоқларга оқиб кетади. Лекин улар режимининг Альп тоғларида таркиб топадиган хусусиятлари бу ўлкадан бир неча юзлаб километр масофада ҳам сақланиб қолади.
Альп ўлкасининг асосий хусусиятларидан бири ва энг гўзал табиий объектлари унинг кўпдан-кўп кўлларидир. Кўллар тоғ системасининг жанубий ва шимолий ёнбағирларида ҳамда Швейцария ясси тоғларида жойлашган. Бу кўллар тўртламчи даврнинг турғун катта музликлари ўрнида вужудга келиб, водийларнинг кенгайган қисмларини эгаллаган, уларда водий бўйлаб узун чўзилган, шакли қинғир-қийшиқ, қирғоқлари нотекис, анчагина чуқур кўллардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |