15. Йиллик мумкин бўлган (потенциал) буғланиш. Ғарбий ҳаво массалари материк устидан ўтганда совийди ва қуруқлашади. Осиёнинг ички районлари устида атмосферанинг ер юзидаги пастки қисмлари совиши натижасида антициклон области вужудга келади. Ғарбдан келаётган трансформациялашган ҳаво массалари бу антициклонга келиб, уни янада кучайтиради. Бунда Осиё ички қисмлари орографиясининг таъсири ҳам сезилади: антициклон вужудга келадиган областдан жануброқда қад кўтарган баланд тоғлар совуқ ҳаво массаларининг ёйилишига тўсқинлик қилади ва бу ҳаво массаларининг нисбатан кичик территорияда тўпланишига имкон беради. Бу барча процессларнинг ўзаро таъсири натижасида қишда Евросиёнинг ички қисмлари устида Ер юзидаги энг катта юқори босим области-Осиё квазистационар максимуми вужудга келади.
Совуқ ва қуруқ континентал ҳаво Осиё максимумининг шимолий ва шарқий чеккаси бўйлаб, бу вақтда илиқроқ бўлган Тинч океанга томон эсади, Тинч океан устида эса паст босим областишимолий Тинч океан минимуми ривожланади. Шимолий ва шимоли-ғарбий йўналишдаги бу ҳаво оқимлари қишки муссон номи билан машҳурдир.
Осиё максимуми юқори босимли тармоқ ҳосил қилиши мумкин, бу тармоқ баъзан Европанинг ғарбий қисмигача тарқалади ва бу ерларни кучли совитиб юборади.
Осиёнинг жанубий қисми қишда пассат циркуляцияси таъсирида бўлади. Арабистон ярим ороли қўшни Саҳрои Кабир билан бирга Атлантика максимумининг шарқий чекка қисми ва у билан боғлиқ қуруқ шимолий шамоллар таъсирига тушиб қолади. Ҳиндистон, Ҳиндихитой, Шри Ланка ороли, Филиппин ороллари ва Зонд оролларининг шимолида шимоли-шарқий пассатлар кўп эсиб, улар Шимолий Тинч океан антициклонидан бу вақтда жанубга сурилган экваториал депрессияга (паст босим областига) томон тарқалади. Осиё мамлакатларида бу пассат шамоллари қишки муссон деб аталади.
Евросиёда қишда температура ва ёғинларнинг тақсимланиши қуйидаги хусусиятларга эга бўлади. Атлантика ҳаво массалари қишда нисбатан илиқ бўлгани учун 39-40° шим. кенгликда, шимолда радиация баланси мафий бўлишига қарамай, океанга яқин районларда январь ойининг ўртача температураси 0°С дан анча юқори бўлади. Январь изотермалари Хорижий Европа территориясининг катта қисмида субмеридионал йўналишда бўлади ва фақат жанубий ҳамда шарқий районлардагина географик кенгликка яқин йўналиш олади.
Шарққа борган сари қишнинг ўртача температураси пасая боради. Хорижий Европанинг шарқий қисмидаёқ қишнинг ўртача температураси манфий қийматга эга бўлади.
Атлантика океани ҳавоси қуруқликка кўп миқдорда ёғин келтиради, бу ёғин ғарбда ёмғир ёки ҳўл қор тарзида тушади. Тоғларнинг ғарбий ёнбағрига ёғин айниқса кўп тушади. Қишки Циклон ёғинлари шунингдек, Ўрта денгиз соҳиллари ва Осиёнинг ғарбий районлари учун ҳам характерлидир. Бу ёғинлар миқдори ғарбдан шарққа томон кескин камаяди; бунга сабаб материкнинг ички қисмларида фронтал процесснинг сусая боришидир.
19. Евросиёда бевосита ер юзасидаги ўртача ҳаво температураси (июль). Хорижий Осиёнинг катта қисмида қишда ёғин ёғмайди. Ички районларда бу ҳол атмосферанинг антициклон ҳолати ва ер юзасининг кучли совиб кетиши билан боғлиқдир. Материкнинг шарқий чеккасида ёғинларнинг бўлмаслигига континентал муссон сабабдир; бу муссон океанга томон қуруқ совуқ ҳаво олиб келади. Шу муносабат билан Марказий ва Шарқий Осиё учун кескин манфий аномалияли қишки паст температуралар характерли; бу аномалия температура 0°С гача тушиши мумкин бўлган тропикка қадар сезилади. Шимолда январнинг ўртача температураси-20-25°С га тенг.Осиёнинг қишда пассат шамоллари таъсирида бўлган жанубий ярим ороллари ва оролларида ҳам қуруқ об-ҳаво устун туради. Фақат экваторда жойлашган Зонд архипелаги оролларидагина конвектив ёмғирлар ёғади. Январь температураси бутун Жанубий Осиёда юқори: +16-20°С, Малайя архипелаги оролларининг баъзи жойларида +25°С га етади.Ёзда Евросиёдаги ва океанларнинг унга қўшни районларидаги метеорологик шароит анча ўзгаради. Осиё максимуми тугаб, қизиб кетган материк устида паст босим қарор топади ва бу паст босимнинг берк марказлари Ҳинд дарёси ҳавзаси ва Форс қўлтиғи соҳилида жойлашади (Жанубий Осиё минимуми). Бу минимум экваториал босим депрессиясининг шимолий чеккасидан иборат бўлиб, у Евросиёда экватордан энг узоққа (22-28° ш. к. гача) ёйилади. Океан устида босим кўтарилади. Исландия минимуми сусаяди ва Шимолий Тинч океан минимуми тугайди. Юқори босим области қутбий ҳавза устидагина сақланиб қолади. Шимолий Атлантика ва Шимолий Тинч океан максимумлари кучайиб, шимолга томон кенгая боради. Ҳинд океанида, тропикдан жанубда Жанубий Ҳиндистон максимуми қарор топади. Ер юзасида босим областларининг бундай тақсимланиши Евросиёга атрофдаги океанлардан ҳаво массаларининг кириб келишига шароит яратади.
Европанинг шимоли-ғарбида, Арктикадаги юқори босим области билан Шимолий Атлантика максимуми орасида нисбатак паст босимли полоса мавжуд. Бу полосада арктика фронтлари билан боғлиқ циклонлар ҳаракати бўлиб туради. Шу муносабат билан ғарбий ва шимоли-ғарбий шамоллар кўп эсади, улар океандан материкка нисбатан совуқ ҳаво массаларини олиб кеади. Исиб кетган материк устида бу ҳаво континентал ҳавога айланади. Айни вақтда Арктика денгиз ҳаво массалари ҳам ўзгариб континентал ҳавога айланади. Бунда ҳавонинг фақат температураси эмас, балки ер юзасидан бўлган буғланиш натижасида намлиги ҳам ортади. Европада июль изотермалари ҳамма жойда географик кенглик йўналишида ўтади ва океан қирғоқлари яқинидагина жанубга бир оз бурилади. Ғарбда июль ойининг ўртача температураси шимолдан жанубга томон +12° дан + 24°С гача ўзгаради, шарқда эса айрим жойларда +26, + 28°С га етади.
Европада ёзда ёмғир қишдагига қараганда унча кўп ёғмайди, чунки циклонлар ҳаракати сусаяди. Жанубий Европа ва Ғарбий Осиёда ёзда деярли ёғин бўлмайди; бунга сабаб Шимолий Атлантика максимумининг шарқий чеккасидан шамоллар эсиб, қуруқ тропик ҳаво келтиради. Атлантика ҳаво массаларининг ғарбдан шарққа томон ҳаракати вақтида ўзгаришига боғлиқ ҳолда июль ойи ўртача температурасининг ортиши ва ёғинлар миқдорининг камая бориши деярли бутун материк давомида сезилади.
Материкнинг океан томонидан келувчи нам ҳаво оқимларидан тоғлар билан тўсилган ички қисмларида (Ўрта ва Марказий Осиё) ҳаво қуруқ ва иссиқдир.
Арабистон ярим оролининг катта қисми учун ҳам ёзнинг қуруқ келиши ва ҳаво температурасининг юқорилиги (июль ойининг ўртача температураси + 32°С гача) характерлидир; ярим орол Шимолий Атлантика максимумидан келувчи шимоли-шарқий пассатлар таъсиридадир.
Материкнинг Тинч ва Ҳинд океанларига туташ шарқий ва жанубий чекка қисмлари шароити бошқачадир. Евросиёнинг жуда катта қуруқлиги билан бу океанлар орасидаги температура ва босим тафовутлари ёзда айниқса каттадир. Осиёга Тинч океандан барқарор нам ҳаво кириб келади ва у континентал ҳаво массалари билан қўшилгач, жала тарзидаги ёғинлар ҳосил қилади. Бу ҳаво массаси Шарқий Осиёда жануби-шарқий муссон деб аталади.
Осиёнинг жанубида (Ҳиндистон ва Ҳиндихитойда) муссон ҳаво оқимлари вазифасини Ҳинд океанидан жуда кўп миқдорда нам келтирувчи экваториал ҳаво ўтайди. Евросиёнинг конфигурацияси, майдонининг катталиги ҳамда экваториал паст босим областининг кенгайиши сабабли экваториал ҳаво шимолга асосан жануби-ғарбий муссон тарзида анча ичкари кириб боради. Муссон ҳаво оқимлари тоғлар билан тўсилган жойларда ёғин миқдори айниқса каттадир (масалан, Ҳимолай тоғларининг жануби-шарқий ёнбағирларида, машҳур Черрапунжи жойлашган Шиллонг массивининг жанубий ёнбағрида ва х.к.). Экватор яқинида жойлашган оролларда конвектив (ҳаво массалари ичидаги) ёғинлар катта аҳамиятга эгадир.
Тинч ва Ҳинд океанларида ҳар йили июнь-октябрь ойлари орасида тропик циклонлар, яъни тайфунлар ҳосил бўлади; бироқ тайфунлар кеч кузда ҳам пайдо бўлиб, Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатларига катта офат келтиради. Тайфунлар жуда кучли циклон пўртанасидан иборат бўлиб, уларнинг тезлиги океанда жуда камдан-кам ҳолларда 350-400 км/с га етиши мумкин, одатда эса 200-300 км/с ra тенг бўлади.