8. Альп тоғларидаги Маттерхорн массиви.
Палеозой бурмали структуралари тарқалган областлар, айниқса Хорижий Европа территориясида рангдор ва нодир металлар (рух қўрғошин, қалай, симоб, уран) рудаларига бойдир. Герцин босқичида пайдо бўлган тоғ олди букилмаларида жуда катта тошкўмир конлари бор (Хорижий Европадаги Силезия, Рур ҳавзалари ва бошқа ҳавзалар, Шимоли-шарқий Хитойдаги коплар).
Евросиёнинг жанубий ва жануби-шарқий қисмлари тектоник структураси жиҳатидан мезокайнозой бурмали тоғлари зонасига киради. Ҳиндихитойнинг катта қисми (Малакка ярим ороли ҳам шунга киради), Тибет тоғлигининг жанубий чеккаси ва Қорақуруммезозой бурмаланишида пайдо бўлган тоғлардан иборат бўлиб, неоген-антропоген даврида актив неотектоник ҳаракатлар таъсирида бўлган. Бу ҳаракатлар Қорақурумда ҳамда Тибетнинг жанубида энг кучли рўй берган. Бу тоғлар Ер шаридаги энг улкан тоғли ўлка-Баланд Осиё системасига киради. Баланд Осиё антропоген бошидаёқ ниҳоятда юқорига кўтарилиб қолган ҳамда ҳозирги вақтда ҳам кўтарилаётган тоғларни ўз ичига олади. Ҳиндихитойнинг шимолий ва шарқий қисмларида ҳамда Малакка ярим оролида мезозойда рўй берган бурмаланиш, ер пўстининг энг янги давридаги кўтарилиш ва узилишлари ўртача баландликдаги бурадали-палахсали тоғларнинг тарқалишига сабаб бўлган. Тоғ тизмалари орасида жойлашган Шань тоғлиги, Аннам тизмасининг бир қисми ва Камбоджа пасттекислиги жанубда ёши бирмунча қадимий бўлган ўрта массив бурмаланишларига тўғри келади.
Ҳиндихитой доирасида мезозоидлар тарқалган область Альп-Ҳимолай бурмали минтақасига бориб туташади; Альп-Ҳимолай бурмали минтақаси ғарбда Пиреней ярим оролидан жануби-шарқда Зонд оролларига қадар бутун Евросиё бўйлаб чўзилиб кетган. Бу минтақанинг бутун ғарбий қисми, яъни Пк-реней ва Андалузия, Альп, Карпат тоғлари, Апеннин ва Болқон ярим оролидаги тоғлар, Олд Осиё тоғликлари (Кичик Осиё, Арманистон ва Эрон тоғликлари), Ҳиндикуш ва Ҳимолай тоғлари ҳозирги замон тектоник карталарида ҳақиқий альп бурмаланишида пайдо бўлган тоғлар зонасига, Ҳиндихитойнинг ғарбидаги тоғлар, Жануби-шарқий ва Шарқий Осиёдаги ороллар эсакайнозой охиридаги, яъни ҳали узил-кесил шаклланмаган тоғлар зонасига киритилади.
Бутун минтақа учун нисбатан қадимий структураларнинг, яъни палеозойда ёки ҳатто ундан олдин бурмаланган ўрта массивларнинг тарқалганлиги характерлидир. Бу ўрта массивлар ҳозирги рельефда бир неча текисланган юзалар ярусидан ва зинапоясимон-узилмали ён бағирлардан иборат ўртача баландликдаги тоғлардир. Бу типдаги рельеф Калабрия тоғлари, Болқон ярим оролидаги Родопмакедония массиви ва Ўрта Эрон тоғлари учун характерлидир.
Қ адимги кристалли ядролари (ўзаклари) ҳамда чўкинди ётқизиқлар комплексларига бўлган ва мураккаб тузилган альп антиклинорийларига Жанубий Европа билан Жануби-Ғарбий Осиённиг тоғ системалари: Альп, Пиреней тоғлари, Эльбурс, Загрос, Ҳиндикуш, Ҳимолай тоғлари бўйлаб чўзилган баланд ва энг улкан бурмали ҳамда бурмали-палахсали тоғ тизмалари тўғри келади. 3000 м да ва ундан баландда бу тоғлар типик альп рельефига эгадир. Баланд тоғ системаларининг чекка занжирлари, шунингдек, Карпат, Болқон, Апеннин, Динара тоғлари, Тавр, Макрон тизмалари ва бошқалар флиш букилмалари ўрнида вужудга келган ёки мезозой карбонатли жинсларидан таркиб топган бўлиб, унча баланд кўтарилмаган; шу сабабли улар эрозион рельеф устун турувчи ўртача баландликдаги тоғлар рельефига эгадир. Бутун Альп бурмали минтақаси бўйлаб карбонатли жинсларнинг кўп тарқалганлиги карст ҳосил бўлиши ва карст рельефи шакллари пайдо бўлиши учун қулай шароит яратган. Карст рельефи шакллари Апеннин, Динара, Тавр тоғлари учун айниқса характерлидир. Вулканик жараёнлар ҳамда вулканоген рельеф шакллари Ўрта денгиз қирғоқлари, Карпат тоғлари, Арманистон тоғлиги ва Эльбурс тоғларидаги ер пўстининг энг катта узилмалари чизиғи билан боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |