1-боб. Умумий қоидалар
1. 1140 V кучланишда ишлайдиган участка (горизонт, цех) электр таъминотининг лойиҳаси тасдиқланган намунавий лойиҳа, амалдаги «Кўмир шахталарида хавфсизлик қоидалари» (“Саноатгеоконтехназорат” ДИ 2009 йил 25 май 114-сон буйруғи, амалга кириш санаси 19.06.2009й.), мазкур йўриқнома ва кўмир саноатида амалда бўлган бошқа ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилиши ва шахтанинг (бойитиш ёки брикет фабрикасининг) бош энергетиги томонидан тасдиқланиши лозим.
2. Лойиҳада назарда тутилган электр ускуналарни алмаштириш ва электр таъминоти схемасига ўзгартишлар киритиш мазкур Йўриқноманинг 1-бандида назарда тутилган норматив ҳужжатларга асосланган ҳолда амалга оширилиши лозим.
3. Электр таъминоти тизимида рўй берган барча ўзгаришлар кейнги кундан кечиктирмасдан схемага киритилиши керак. Айни пайтда, схемага ўзгартиш киритиш ва электр ускуналарини алмаштириш сабаблари шахтанинг (бойитиш ёки брикет чиқариш фабрикасининг) бош энергетиги томонидан белгиланган шаклда журналда қайд этилиши лозим.
4. Ишга киришаётган хизмат кўрсатувчи ходимлар схемага киритилган ўзгартишлар ва электр ускуналар алмаштирилганлиги юзасидан журналга киритилган ёзувлар билан таништирилиши керак.
5. Қобиқларни очиш билан боғлиқ бўлган ишлар фақат кучланиш бутунлай ўчирилиб, мазкур Йўриқнома ва амалдаги “Кўмир шахталарида хавфсизлик қоидалари”да (ХҚ) кўзда тутилган техник ва ташкилий тадбирлар бажарилгандан кейингина амалга оширилиши лозим.
6. 1140 V кучланишда ишлайдиган электр ускуналари ўрнатилган участка (горизонт, цех)нинг электр таъминоти тизими “Кўмир шахталарида хавфсизлик қоидалари”да белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиниши керак.
2-боб. Электр ускуналар ва электр таъминоти тизимига қўйиладиган талаблар
7. 1140 V кучланишда ишлайдиган участка (горизонт, цех)нинг электр таъминоти тизимида ХҚ талабларига жавоб берадиган электр ускуналар қўлланилиши лозим.
8. Кучланиши 1140 V га тенг бўлганда электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун қуйидаги кабеллар қўлланилиши керак:
а) қайта ишга тушириш релесини (кейинги ўринларда – ҚИТР) электр энергияси билан таъминлаш учун – экранланган, ўта мустаҳкам ва эгилувчан, изоляция ва ташқи қатлам билан қопланган, ёнғин тарқатмайдиган, ёрдамчи ва ерга уланувчи симлари мавжуд бўлган зирҳли кабеллар. Экранланган эгилувчан кабеллардан ҳам фойдаланишга рухсат этилади;
б) тозалаш ва кавлаб бориш мажмуаларининг машина ва механизмларини ва бошқа кўчма электр ускуналарини электр энергияси билан таъминлаш учун – экранланган, ўта мустаҳкам, ёнғин тарқатмайдиган қобиқ билан қопланган, ёрдамчи ва ерга уланувчи симлари мавжуд эгилувчан кабеллар.
1140 V га тенг номинал кучланиш учун ишлатиладиган кабеллар ташқи шланг бўйлаб тегишли маркировкага эга бўлишлари лозим;
в) машина ва механизмларни, сигнализация ва алоқа тизимини масофадан бошқариш учун – ёнғин тарқатмайдиган изоляция ва ташқи қатлам билан қопланган шахталарда ишлатиладиган назорат кабеллари.
9. Лава ичига ётқазиладиган барча кучланишли, ёритув ва назорат кабеллари механик шикастланишлардан мажмуа таркибига кирувчи воситалар билан ҳимояланган бўлиши керак.
Тегишли ваколатларга эга ташкилот билан келишган ҳолда, кабелларни механик ҳимоялаш бўйича бошқа воситалар ҳам қўлланилишига рухсат этилади.
10. Участка (цех)нинг технологик жиҳатдан ўзаро боғланган машиналарини бошқариш ва ҳимоя қилиш учун бошқарув станциялари қўлланилиши керак.
Вақтинча, бошқарув станцияларини сериялаб ишлаб чиқариш ўзлаштирилгунга қадар, махсус аравачаларга ўрнатилган алоҳида аппаратлардан иборат бўлган кўчма тақсимлаш пунктларидан фойдаланишга рухсат этилади.
11. Мажмуанинг технологик жиҳатдан ўзаро боғланган машиналарининг электр таъминоти, одатда, битта комплектли трансформатор пункти (кейинги ўринларда - КТП) воситасида битта 1140 V кучланишда амалга оширилиши лозим. Алоҳида вазиятларда, КТП нинг қуввати бутун участкани таъминлаш учун етарли бўлмаганида, электр таъминоти лойиҳаси ва электр ускунасининг конструкциясида кўзда тутилган фойдаланиш ва хавфсизлик шартлари бўйича зарур бўлган тегишли блокировкалар мавжуд бўлганда бир неча КТП лардан фойдаланишга рухсат этилади. Бу ҳолатда мажмуа таркибига кирмайдиган ва бошқа кучланишда ишлайдиган машина ва механизмларни электр энергияси билан таъминлашга рухсат этилади.
Шу билан бирга, электр юритмаси 380-660 V га мўлжалланган машина ва механизмларни электр энергияси билан таъминлаш учун 1140 V кучланишда ишлатиладиган кабеллар қўлланилиши лозим.
Барча КТП ларнинг уланиши ва узилиши битта комплектли тақсимлаш қурилмаси (КТҚ) билан амалга оширилиши керак.
12. КТП ни улаш учун чиқиш параметрлари учқун чиқишидан хавфсиз, қисқа туташгичли ва учқун чиқишидан хавфсиз занжирлар бўйича масофали бошқарувга эга бўлган ток сизишини блокировка қилиш релеси (СБР) мавжуд бўлган КТҚ қўлланилиши лозим.
КТҚ бошқаруви КТП ўрнатилган жойдан амалга оширилиши лозим. КТҚ ва КТП ўртасидаги кабелнинг узунлиги ортиқча кучланиш (5Uф ) шартларига кўра камида 100 m га тенг бўлиши керак.
Электр таъминоти схемасида битта умумий ёки тегишли равишда бирлаштирилган бир нечта автоматик ўчиргичлар кўзда тутилган бўлиши лозим. Улар алоҳида турган ҚИТР да ўрнатилган бўлиб, тегишли электр ҳимоясини амалга оширади ҳамда бевосита мажмуа (комбайн) бошқаруви пультидан мажмуанинг барча машиналаридан ва кон бўйлаб бир-биридан узоғи билан 10 m масофада жойлашган ва хавфсизлик шартлари бўйича белгиланадиган бошқа жойлардаги тугмали постлардан авария тартибида кучланишни олиб ташлайди. Автоматик ўчиргичларни масофадан туриб узиб қўйиш учун мўлжалланган тугмали постлар ўчирилган ҳолатда сақланиши керак.
13. Трансформатор пунктлари, тақсимлаш пунктлари ва бошқа электр ускуналари, қоидага кўра, тоза ҳаво оқимлари ўтадиган конларда, яхши маҳкамланган ва хизмат кўрсатиш учун қулай бўлган жойларда ўрнатилиши, яхши ёритилган ва сув томчилари (капеж)дан ҳамда юзага келиши мумкин бўлган механик шикастланишлардан ҳимояланган бўлиши ва транспорт ишига халақит бермаслиги лозим.
Технологик ва бошқа сабабларга кўра зарур бўлган вазиятларда, амалдаги ХҚ нинг талабларига риоя қилиниши шарти билан электр ускуналарни ҳаво оқими ташқарига чиқадиган, маҳаллий шамоллатиш вентиляторлари билан (МШВ) шамоллатиладиган боши берк қазиладиган жойларда ўрнатилишига рухсат этилади.
14. 1140 V кучланишда ишлайдиган участка (цех)нинг электр таъминоти схемасида қуйидаги ҳимоя турлари амалга оширилиши керак: электр токи сирқишидан; қисқа туташиш токлари ва ортиқча юкланмалардан; нолга тенг ва газ ҳимояси, шунингдек автоматик равишда назорат қилинадиган ҳимоявий ерга уланиш.
15. Электр токи сирқишига қарши ҳимоя қуйидагилар ёрдамида амалга оширилиши лозим:
ишчи ҳолатда (кучланиш остида) электр ускуналари ва кабеллар изоляциясининг қаршилигини узлуксиз назорат қиладиган, ток сирқишидан умумтармоқли ҳимоя қурилмалари;
ўчирилган ҳолатда (ёки бевосита уланишдан олдин) электр ускуналари ва кабеллар изоляциясининг қаршилигини назорат қиладиган ток сирқишини блокировка қилувчи реле (СБР).
16. Қисқа туташиш токларидан ҳимоя таъсири остида электр тармоқ узиб қўйилишининг умумий муддати 0,1 s дан, электр токи сирқиши натижасида эса – 0,12 s дан ошмаслиги лозим.
17. Ҳаракатланувчи машиналар ерга уланганлиги устидан автоматик назорат электр тизим бўйича бошқа тармоқлар билан боғланмаган ҳамда учқун чиқиши хавфи мавжуд бўлмаган алоҳида занжирлар бўйича амалга оширилиши лозим.
18. Газ бўйича хавфли шахталарда метан концентрацияси стационар автоматик назорат асбоблари ёрдамида амалга оширилиши лозим.
Метанни назорат қилувчи стационар автоматик асбоблар датчикларининг сони ва ўрнатиладиган жойи лойиҳада белгиланиши керак.
Электр таъминоти схемасига газдан ҳимоя қилиш аппаратуралари шундай киритилиши лозимки, газдан ҳимоя қилиш воситасида участканинг электр тармоғи узиб қўйилганида датчикларнинг электр таъминоти тўхтаб қолмайдиган бўлсин.
19. Мажмуанинг барча забой машиналари ва агрегатлари ҳамда авария вазиятида ўчириш воситаларини бошқариш тизимлари учқун чиқишидан хавфсиз бўлиши, бошқариш занжирларининг симлари узилган ёки туташганда ёхуд радиоканал бўйича бошқариш вақтида схема элементлари шикастланганда ноль ҳимоясини ва аппаратларни автоматик равишда ўчирилишини таъминлаши лозим.
20. Учқун чиқишидан хавфсиз бошқариш, сигнал бериш, назорат қилиш ва алоқа занжирлари ва шу кабилар ерга уланиши керак эмас (агарда учқун чиқишидан хавфсиз бўлган электр ускунадан фойдаланиш йўриқномасида баён этилган иш бажариш шартлари буни талаб қилмаса). Ўзаро боғланмаган учқун чиқишидан хавфсиз бўлган турли занжирларни ўтказиш учун битта кабелдан фойдаланишга рухсат этилади. Куч кабелининг ёрдамчи симларини фақат машиналар ерга уланганлигини назорат қилиш занжирларини ўтказиш ва портлашдан хавфсиз қобиқ ичида жойлашган блокировка қилиш элементларини улаш учун ишлатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |