ИВ б о б. ДИНИЙ-КЛЕРИКАЛ АДАБИЁТ
Диний эртаклар Христиан черкови ўрта аср обскурантизми (жаҳолатпарастлиги)нинг таянчи бўлиб хизмат қилди. У ўша давр маънавий ҳаётининг ҳамма тармоқларини қамраб олиб, уларни ўз ҳукмига бўйсундирди.
«Ақлий фаолиятнинг барча соҳаларида, - деб кўрсатади Ф.Энгельс, - диний назариянинг бундай олий ҳукмронлиги айни вақтда черковнинг мавжуд феодал тузумда энг умумий синтез ва энг умумий санкция сифатида тутган мавқеининг зарурий оқибатидир».
Черков ўрта асрлар давомида инсонни дин жаҳолати билан кишанлашга интилар, саводсиз оммани афсонавий жаннат ваъдалари билан ғафлатда сақлар, итоат этмаганларни эса дўзах азоби билан қўрқитар эди. Шу тариқа дин феодал аристократиянинг крепостной деҳқонларни қаттиқ эксплуатация қилиш ва феодализмга қарши қаратилган революцион оппозиция билан шафқатсиз курашиш қуроли ҳам бўлди.
Ф.Энгельс «Оила, хусусий мулк ва давлатнинг келиб чиқиши» деган асарида синфий жамиятда давлат ҳамма вақт ҳукмрон синфнинг манфаатини кўзлаб мазлум халқни янада қаттиқроқ эзишга ҳаракат қилганини кўрсатиб ўтган эди. «... қадимги антик давлат, - деб ёзган эди Ф.Энгельс, - ҳаммадан бурун, қулдорлар давлати бўлиб, қулларни бостириш учун хизмат қилар эди, феодал давлат – дворянлар органи бўлиб, крепостной деҳқонларни бостириш учун хизмат қилар эди, ҳозирги замоннинг ваколатли давлати эса капиталнинг ёлланма меҳнатни эксплуатация қилиш қуролидан иборатдир».
Христиан дини сиёсат, ҳуқуқ, ахлоқ ва идеологиянинг бошқа формаларига ҳам аралашар, суд устидан назорат олиб борар эди. Илм-фан ҳукмрон феодал-черков схоластик таълимоти тазйиқи остида эди.
Ғарбий Европа давлатларидаги халқларнинг тили турлича бўлса ҳам, лекин улар христиан динида бўлганликлари туфайли, католик черкови латин тилида иш олиб борар, руҳонийлар эса бу тилни «муқаддас тил» деб кўрсатишга уринар эди. Шу сабабли монастирь мактабларида ҳам латин тилида ўқитилар эди.
Авлиёлар ҳаёти ҳақидаги эртак, инжил текстларини баён этувчи диний афсона ва гимнлар диний-клерикал адабиётга оид жанрлардир. Авлиёлар турмушини акс эттирган афсонавий эртакларда таркидунёчилик, жонни қийнаш ва шу йўл билан танни эмас, жонни «тозалаш» кераклиги тарғиб қилинади.
«Авлиё Алексейнинг тирикчилиги» (XИ аср) шеърий асари ўрта аср француз поэзиясянинг илк ёдгорликларидан биридир. Бу кичик поэманинг сюжети Сурия (В аср)да юзага келган афсонадан олинган. Даставвал грекчага, сўнг латинчага, кейинроқ эса Европадаги кўп тилларга таржима қилинган бу афсонада Алексей ҳақидаги воқеа кўрсатилади.
Алексей ёшлигидан ўзини худо йўлига бағишлайди. Орзу-ҳавас кўрмоқчи бўлган ота ўғлини дарҳол бир граф қизига уйлантиради. Бироқ тўй кечасиёқ йигит келинга ўзининг таркидунё қилиш ҳақидаги фикрини айтиб, яширинча чиқиб кетади. 17 йил азоб-уқубатда дарбадар ҳаёт кечирган Алексей яна Римга қайтиб келади ва ўзини танитмайди. Ота-онаси ҳам гадой қиёфасидаги Алексейни танимайдилар. Лекин раҳмдиллик билан унга ўз хизматчилари ёнидан жой берадилар. Ўз уйида Алексей яна 17 йил ювинди ичиб яшайди. Ниҳоят, Алексей ўз саргузаштларини ёзиб, уни кўкрагига қўйиб жон беради. Қариндош-уруғлари хатни ўқиётган пайтда уйга папа ва император бошчилигидаги маросим иштирокчилари бу ерда муқаддас авлиё ўлди, деб кириб келадилар, гўё фаришталар папага авлиёнинг катта жасорати ҳақида хабар етказади. Шунинг учун ҳам папа уни кўришга шошилади. Алексейни кўмиш билан унинг қабрида мўъжиза содир бўлади.
Бошқа тоифадаги афсоналарда ғайри диндагиларни христианликка киритган миссионерлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинган. Ахлоқий-дидактик асарларида «нариги дунё» азоблари билан қўрқитиш, кишилар диққатини ҳаёт лаззати, ўйин-кулгилардан четга тортиш, диний расмларни ўташ, пассивлик ва итоаткорликка чақириш тарғиб қилинган. Шу билан бир қаторда насиҳатомуз эртаклар орасида инсон ҳақида қайғуриш, хўрланганларни ҳимоя қилишга бағишланган дунёвий характердаги, қисман халқ оғзаки ижоди асосида яратилган ҳикоялар ҳам мавжуд. Галл авлиёси Герман, маъбуданинг марҳамати, шафқатсиз савдогар ҳақидаги эртаклар шулар жумласидандир. Ҳатто таркидунё қилишни, бу дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, у дунё умидида яшашни тарғиб қилувчи «Авлиё Алексейнинг тирикчилиги» номли асарда ҳам маълум даражада зоҳидлик ғоясини инкор этувчи ҳолатлар мавжуддир. Гарчи бу асарда таркидунёчилик ғояси олға сурилган бўлса-да, унда ҳаётга муҳаббат ҳам ўз аксини топган. Чунки Алексей саёҳат қилган жойлар шунчалик яхши тасвирланадики, шу тасвирнинг ўзиёқ дунёдаги реал ҳаётга муҳаббат билан қарашнинг ифодасидир.
Клерикал адабиёт жанрларидан ҳисобланган диний драма черков маросимлари – тоат-ибодат қўшиқларидан ўсиб чиққан бўлиб, унда ҳам ҳукмрон феодал-аристократия ғоялари акс этган. Диний тенденция клерикал адабиётдан ташқари, дунёвий характердаги қаҳрамонлик эпоси ва рицарь лирикасидаги севги темасида ҳам ўз ифодасини топган.
Феодал зулми ва черков бузғунчиликларига қарши очиқ кураш мумкин бўлмаган бир пайтда турли хил норозиликлар дин ниқоби остида туғилган бидъатлар орқали баён қилинган. Халқ оммасининг озодлик ва мустақилликка интилиши билан боғлиқ ҳолда юзага келган бидъатлар демократик ва оппозицион характерда эди.
Ф.Энгельс ўрта асрда келиб чиққан диний бидъатларнинг ижтимоий илдизларини таҳлил қилиб, асосан, поплар ва уларнинг бойлиги ва сиёсий мавқеига қарши қаратилган мўътадил шаҳар бидъати ва ундан тубдан фарқ қиладиган плебейча революцион бидъат бўлганини кўрсатиб ўтган эди. «Бидъатлар қисман патриархал Альп чўпонларининг ўз ҳаётларига кириб бораётган феодализмга қарши реакциясидан (вальдчилар); қисман феодализмни босиб ўтган шаҳарларнинг феодализмга қарши оппозициясидан (альбиликлар, Арнольд Брешианский ва ҳоказолар); қисман эса деҳқонларнинг очиқдан-очиқ қўзғолонидан (Джон Болл, Пикардиядаги венгр тарғиботчиси ва ҳоказолар) иборат эди».
Do'stlaringiz bilan baham: |