ЖАН РАСИН (1639-1699) Ҳаёти ва адабий фаолияти. XВИИ аср француз адабиётининг йирик драматурги Расин провинция шаҳари Ферте-Милонда суд чиновниги оиласида туғилди. Ота-онадан ёш етим қолган Расинни бувиси Бове шаҳридаги колледжга ўқишга беради. У мактабда (1649-1655) ҳукмрон католик черковига қарши оппозицияда бўлган янсенистлар сектаси тарафдорлари қўлида тарбия кўради. 1655 йилда яна ўқишини давом эттириш учун у Пор-Роялга кўчирилади. Янсенистларнинг ўқитиш методи иезуитларнинг схоластик методидан фарқ қилар эди. Шунинг учун ҳам Расин бу ерда филология билан шуғулланади. Сўнгра у Парижга келиб, Гаркур колледжида ўқийди ва фалсафа курсини тугатади.
Янсенистлар болани аскетик руҳда тарбиялашга уринадилар. Лекин ёш Расин поэзияга қизиқади. Антик ёзувчиларининг асарларини зўр ҳавас билан ўрганади ва бадиий ижодга киришади. Расин Людовик XИВ нинг уйланишига бағишлаб ёзган қасидаси билан ном чиқаради. У Мольер ва Лафонтенга яқинлашади.
1664 йилда Мольер театри ёш драматургнинг биринчи мустақил асари «Фиваида ёки душман ака-укалар» трагедиясини саҳнага қўяди. Расин «Буюк Александр» (1665) трагедиясини аввал Мольер театрида кўрсатади, лекин тезда ундан олиб бу театрга рақобатчи Бургунд Отели театрига беради. Бу ҳодиса саҳна санъати ҳақида Мольер ва Расин қарашларидаги принципиал зиддиятлардан келиб чиқади. Корнель ва Мольердан йироқлашган Расин шоир-назариячи Буалога яқинлашади. 1667-1669 йилларда кетма-кет «Андромаха», «Судбозлар», «Британник» пьесалари саҳнага қўйилди. «Британник» трагедиясига Буало юқори баҳо беради.
1670 йилда машҳур трагик ёзувчи Корнель ва Расин бир сюжетда икки асар – «Тит ва Береника», «Береника» трагедияларини яратадилар. Бу мусобақада Расиннинг пьесаси устун чиқади. «Береника» трагедиясида Расин шахсий манфаат билан ижтимоий бурч бир-бирига зид келмаслиги кераклиги ва монархия тузумининг гуманизмга зид эканини кўрсатади.
Расин 1672 йилда турк саройи урф-одатларини акс эттирган «Баязет», 1673 йилда «Митридат» трагедияларини ёзади. «Ифигения Авлидада» (1674) пьесаси драматургга янги муваффақият келтиради. Агар Вольтер «Береника» трагедиясини заиф деб атаган бўлса, «Ифигения»га юқори баҳо беради.
Сарой интригалари натижасида Расиннинг энг яхши трагедияси «Федра» (1677) саҳнада муваффақиятсизликка учрайди. Унга нисбатан қасддан уюштирилган иғводан сўнг ёзувчи драматургияни ташлайди ва сарой тарихчиси бўлиб қолади. Ўн икки йил ўтгач, қизлар пансионининг бошлиғи де Ментенон хонимнинг илтимоси билан, уч актли «Эсфирь» трагедиясини ёзади. Расин 1691 йилда сўнгги асари – «Гофолия» («Аталия») трагедиясини яратади. Бу пьесаларида мутлақ ҳокимнинг ўзбошимчаликларига қарши норозилик аломатлари очиқ кўриниб туради.
Ёзувчининг сўнгги асарлари Людовик XИВ ни ғазаблантиради ва у Расинни ёқтирмай қўяди. Натижада ёзувчи ҳаётининг сўнгги йиллари осойишта ўтмайди ва, ниҳоят, у 1699 йилда вафот этди.
Расин дунёқарашида юз берган зиддият истибдод-монархнинг ҳукмронлик қилиши ҳақидаги иллюзия билан унинг ўзбошимчаликларига қарши нафрат билдиришида кўринади. Абсолютизмга ишонч Расиндаги реалистик йўналишнинг кенг ривожлаиишига тўсиқ бўлади. Лекин Расин ўзининг энг яхши асарларида воқеликнинг ҳаққоний тасвирига эришади. Ёзувчи инсоннинг қадр-қиммати унинг келиб чиқишига қараб эмас, балки шахсий сифатларига асосланиб белгиланиши керак, деган хулосага келади. У сословиялик тенгсизлик асосида юзага келган феодал-аристократия жамиятини қоралайди. Расин асарларида реалистик белгилар аста-секин шартли абстрактликни суриб чиқара бошлайди. Расин дунёқарашида учраган зиддият унинг адабий методида ҳам кўринади. Классицистлар эстетикаси қоидаларига амал қилган драматург уч бирлик талабларига бўйсунади, сюжетни антик адабиётдан олади, саҳнада ҳукмрон доиралар ва уларга яқин турган шахслар кўрсатилади. Оммавий кўринишлардан воз кечади. Иштирок этувчилар сонини камайтиради. Саҳнада воқеа қаҳрамонларнинг ҳаракати билан очилмайди, балки бўлиб ўтган ёки бўлаётган ҳодисаларни дабдабали сўзлар билан ҳикоя қилиб бериш орқали тушунтирилади. Классицизмнинг бу шартли, абстракт ва рационал қонунлари Расин ижодига салбий таъсир этмаслиги мумкин эмас эди. Лекин драматург бу адабий қонунлар доирасида ўралашиб қолмайди. У қаҳрамонларнинг фақат ижобий томонини эмас, балки камчиликларини ҳам, умуман, саҳнада кўрсатиш мумкин бўлмаган воқеалардан бошқа ҳамма нарсани акс эттириш, узлуксиз декломацияга берилмаслик каби реалистик талабларни ҳам илгари сурди. Расин гуманистик ғояларни қатъий ҳимоя қилиб, ҳукмрон доираларнинг зўравонликка асосланган сиёсатларини қоралаган энг яхши трагедиялари («Андромаха», «Британник», «Федра»)да прециоз адабиётининг ҳашамдорлигини, классицизмнинг шартли мавҳумийлигини ҳам енгиб, фавқулодда аниқликка эришади;