«Дворянликдаги мешчан». «Дворянликдаги мешчан» (1670) Мольер ижодининг сўнгги даврида яратган энг яхши комедияларидан биридир. Пьесада аристократия ҳаётига тақлид қилувчи ва дворянликка суқулиб кирувчи мешчан қаттиқ масхара қилинади.
Асарнинг бош қаҳрамони буржуа Журден ёши анчага бориб қолган бўлса ҳам, лекин у аристократларга эргашиб, уйида музика, рақс, қиличбозлик ва фалсафа бўйича муаллим штатларини сақлайди.
Муаллимлар «нодон бу мешчандан» хурсанд, чунки ҳеч нарса ўрганмаса ҳам уларга яхши ҳақ тўлайверади. Фалсафа муаллими, ниҳоят, унга алифбени ўргатади. Журден бир баланд мартабали хонимни севиб қолганини айтиб, унга мактуб ёзишга ёрдам беришни муаллимдан илтимос қилади. Хат поэзиядами ёки прозада ёзилсинми, деб сўралганида, Журден унисида ҳам, бунисида ҳам эмас, деб жавоб қайтаради. Муаллим, киши ўз фикрини ё прозада, ё шеърда ифодалайди, бошқа йўл йўқ, деб проза ва поэзиянинг маъносини тушунтирганидан сўнггина у, қирқ йилдан ортиқ вақтдан бери прозада гапириб келганини хаёлига ҳам келтирмаганидан таажжубланади.
Журден хонимлар билан муомала қилишни ҳам ўрганмоқчи бўлади. У севгилиси Дорименага икки марта таъзим қилиши биланоқ унга жуда яқин келиб қолади, шунинг учун ҳам у хонимга «бир оз орқага тисланинг, бўлмаса учинчи марта таъзим қилолмай қоламан», дейди. Гарчи Журден бемаъни ҳаракатлари билан атрофдагиларга кулги бўлса ҳам, лекин у унчалик нодон эмас, масалан, ҳаққоний буржуа сифатида ҳисоб-китоб ишларига пишиқ, Дорантга қачон ва қанча қарз берганини янглишмай бирма-бир айтиб беради. Муаллиф асилзодаликка интилиш натижасида кулгили ҳолга тушиб қолган Журден образига ўзининг мешчан, эканлигидан уялмайдиган Журден хоним образини қарама-қарши қўяди. У ҳар қадамда эрини тузатишга ҳаракат қилади.
Журденнинг аристократларча кийиниб, ҳаммага масхара бўлаётганини ҳам, Дорант учун «соғим сигир»га айланиб қолганини ҳам фақат ўз хотинигина унинг бетига очиқ айтади. «Эримнинг нодонлиги учун уни лақиллатиш сиздек олижаноб кишига уят. Оилада жанжал чиқариш ва эримнинг ўз орқангиздан эргашиб юришига йўл қўйишингиз сиздек хонимга ҳам ярашмайдиган нарса», дейди Журден хоним ва уларнинг дворянлик насабларига ҳам, эрининг лақмалигига ҳам нафрат билан қарайди. Бироқ Журден мешчанлар билан эмас, балки аристократ доирасидан чиққан Дорант каби кишилар билан алоқа қилаётгани учун фахрланади. «Агар мен граф ёки маркиз бўлиб туғилсам эди, икки бармоғимни кесиб ташлашга розилик берар эдим», дейди у.
Мольер комедияда олғир граф Дорантнинг «ёқимли дўстим» деб айтган сўзига талтайиб кетган, аристократия ҳаётига кўр-кўрона эргашган буржуа Журденни қаттиқ танқид қилади.
Комедиядаги ижобий образлардан бири ёш йигит Клеантдир. У Журденнинг қизи Люсилни севади. Лекин Журден йигитдан «сиз дворянми» деб сўрайди. У очиқдан-очиқ «мен дворян эмасман» деб жавоб қайтарганида, Журден бўлғуси куёви дворян бўлиши керак, деб қизини унга бермаслигини айтади. Комедиянинг охирида Журденни лақиллатадилар. Клеантни туркча кийинтириб, уни Люсилни қаттиқ севиб қолган турк султонининг ўғли деб атайдилар ва икки севишганнинг бир-бири билан топишишига ёрдам берадилар.
XВИИ асрнинг 60-70-йилларидаги француз воқелиги реалистик акс эттирилган бу асар кенг томошабинлар оммасининг севимли комедияси бўлиб қолади.
Мольернинг сўнгги комедияларидан бири «Ёлғон касал» (1673) драматургнинг реалистик маҳорати янада ўсганини ифодалайди. Асардаги катта муваффақият билан ишланган образлардан бири буржуа Аргандир. Унинг худбин, пулнинг қудратига таяниб, мол-мулк ва пулга ҳирс қўйган, ўз манфаатидан бошқа нарсани ўйламайдиган кимса эканлиги ёрқин очилган. Кейинги комедияларида намоён бўлган оддий кишидаги яхши фазилатлар ақча гирдобига тушиб қолган эгоист ва мунофиқ (Арган, Белина, Диафуарус, Пургон) ларга қарши қўйилган Туанетада яна очиқ кўринади. У ўзи тарбиялаган Арган болаларини севади, уларга она каби ғамхўрлик қилади ва уларнинг манфаатларини ёқлаб, ярамас ниятли кишиларнинг кирдикорларини фош этади. Туанета авторнинг «Скапеннинг найранглари» (1671) комедиясидаги бош қаҳрамон хизматкор Скапенга ўхшаш ёшларга меҳрибондир. Пьесада инсонни хусусий мулкчилик офатидан холи қиладиган социал ўзгариш бўлиши керак, деган объектив хулоса келиб чиқади. Пьеса бошқа асарларда учрайдиган сунъийликнинг йўқлиги драматург реалистик маҳоратининг яна ҳам ортганини кўрсатади.
Француз миллий драматургиясининг асосчиси ва яратувчиларидан бири бўлган Мольернинг адабий мероси (барча халқлар учун ҳам қимматлидир. Чунки Мольер ўша замон адабиёт қонунчилари «тубан» деб атаган комедияни юқори босқичга кўтариб, уни халқнинг севимли жанрига, шунингдек, феодал-аристократия реакцияси, диний жаҳолат, ақчанинг ҳалокатли таъсирини қоралаган кескин кураш қуролига ҳам айлантирди.
XВИИ асрнинг охири ва XВИИИ асрнинг бошида яшаган француз драматурглари Лесаж, Вольтер, Бомарше, шунингдек, инглиз ёзувчилари Драйден, Фильдинг ва бошқалар Мольер реалистик санъати традицияларини чуқур ўрганиб, ундан фойдаландилар. Мольернинг комедиялари Россияда XВИИ асрнинг охирлариданоқ саҳнага қўйила бошлади. XВИИИ–XИX асрларда ёзувчининг асосий комедиялари, илғор рус драматургларининг пьесалари қаторида, халқ эътиборини ўзига жалб қилади. Пушкин, Гоголь ва Белинский Мольер комедияларидаги зиддиятлар, реалнзмидаги чекланганлик (классицизм эстетикаси принципларига ён бериши)ни кўрсатиш билан бирга, унинг ижодини юксак баҳолайдилар.
Фақат Октябрь социалистик революциясидан сўнггина улуғ драматургнинг адабий мероси ҳар томонлама ўрганилди ва унинг реалистик санъати кенг халқ оммасининг мулки бўлиб қолди. Мольер комедияларидан 16 таси, яъни қарийб ярми Совет Иттифоқи театр саҳналарида муваффақият билан қўйилди. Унинг пьесаларини саҳналаштиришда К.С.Станиславскийнинг хизматлари каттадир.
Октябрдан илгари ўзларининг миллий театрлари бўлмаган ўзбек саҳнасида «Тартюф», «Зўраки табиб», қозоқ саҳнасида «Тартюф», «Скапеннинг найранглари», «Хасис», туркман саҳнасида «Зўраки табиб» ва «Ёлғон касал» комедияларининг муваффақият билан кўрсатилиши совет халқининг француз демократ шоири Мольер адабий меросига катта қизиқиш билан қараганининг ёрқин далилидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |