13 маъруза. Тавфиқ ал Хаким ижоди
Тавфиқ ал-Ҳаким (1898-1986) араб Шарқининг атоқли
ёзувчилари – М. Нуайме, Ж. Х. Жуброн, Маҳмуд Теймурлар
авлодига мансуб адиб. Унинг энг машҳур асарлари ватанида 6-8
мартадан нашр қилиниб, араб мактабларида ўрганилади, кино ва
телевидениеда экранлаштирилади, дунёнинг кўп тилларига
таржима қилинган.
Тавфиқ ал-Ҳаким Искандарияда туғилди. Отаси маълумоти
бўйича юрист бўлиб, Дилижон қишлоғида йирик ферма эгаси
эди. Ўрта мактабни тугатгач, Тавфиқ ал-Ҳаким Қоҳирадаги
Олий Ҳуқуқ мактабига киради. Аммо юристлик
Тауфик ал Хаким касби ота-она истаги билан танлангани учун уни қизиқтирмади.
Чунки унда адабий салоҳият куртак ёзаётган эди. Бу ёш йигитнинг бўлғуси фаолиятини
белгилади. 1924 йилда Сорбонна дорилфунунининг адлия факултетига ўқишга қабул
этилади. Парижда у тўрт йил давомида Европа адабиёти ва санъати, музикасини ўрганади,
театр, консертларга боради. 1928 йилда Мисрга қайтади ва 1934 йилгача вилоят
прокуратураси органларида ишлайди.
Ал-Ҳакимнинг песалари Қоҳира, Дамашқ, Лондон, Париж, Стокҳолм ва дунёнинг
бошқа шаҳарлари саҳналарида ўйналади.
Париждаги ўта завқли, жўшқин ҳаётдан кейин ёш ёзувчи узоқ, қолоқ араб қишлоғига
тушиб қолади. У ерда ёш йигитни хақиқий турмуш ўзининг бутун даҳшатлари билан кутиб
олади. Терговчи бўлиб ишлаш унга мамлакатидаги ҳақиқий ҳолатни кўришга ёрдам берди,
юртда феодал муносабатлар, даҳшатли қашшоқлик, жоҳиллик, ўзбошимчалик
ҳукмронлигини билди.
Ана шу вилоятдаги ҳаёти, бой шахсий кузатишлари асосида Тавфиқ ал-Ҳаким
ўзининг машҳур, «Вилоятдаги терговчининг хотиралари» (1937) асарини яратди. 1943 йил
юристлик фаолиятидан воз кечиб, профессионал ёзувчи бўлди.
Тавфиқ ал-Ҳаким Мисрнинг энг кўп ва энг ҳуқуқсиз синфи-фаллоҳлар ҳаёти билан
танишди.
Тавфиқ ал-Ҳаким давлат иши ва адабий фаолиятни моҳирона қўшиб олиб борарди.
1956 йилда у санъат ва адабиёт ишлари бўйича Олий Кенгашнинг аъзоси этиб сайланади.
Ўша йили Мисрнинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили этиб тайинланади.
1977 йил Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчилари Ассотсиатсияси уни сермаҳсул
адабий фаолияти учун Нилуфар мукофоти билан тақдирлайди.
Тавфиқ ал-Ҳаким кенг қамровли адиб. Унинг асарлари мавзуси ва жанрлари ғоят ранг-
баранг. Ёзувчининг қаламига мансуб драмалар, романлар, қиссалар, адабиёт назариясига
оид ишлар, адабий танқидий мақолалар, шунингдек, комедиялар, новеллалар, эссе,
ривоятлар, латифалар ва афоризмлар араб Шарқида маълум ва машҳур. Унинг асарлари
русийзабон китобхонларга яхши таниш: «Вилоятдаги терговчи хотиралари» қиссаси,
«Руҳнинг қайтиши», «Тил бириктириш», «Соф муҳаббат» комедиялари, қатор ҳикоялари
рус тилига таржима қилинган.
ХХ асрнинг 20-30-йиллари Мисрда реалистик йўналишидаги адабиётнинг гуркираб
ривожланган даври бўлди. Бу тараққиёт Яқин Шарқ мамлакатларидаги миллий – озодлик
ҳаракатининг ўсиши билан бирга борди. Миллий ҳаракат ишчилар, дехқонлар, буржуазия,
зиёлилар, талабаларнинг кенг қатламларини қамраб олди. 1919 йилда Мисрда инглизларга
қарши қўзғолон кўтарилди. Миср халқининг зулмга қарши қаратилган ана шу чиқиши
таъсири остида Тавфиқ ал-Ҳаким «Руҳнинг қайтиши» романини яратди. Ушбу
автобиографик асар дастлаб франсуз тилида ёзилди, кейин араб тилига таржима қилиниб,
1933 йилда 2 қисмда эълон қилинди.
Муҳсин деган бола қишлоқдан пойтахтга келади ва қариндошлари-амакилари
оиласига жойлашади. Бу образ кўп жиҳатдан автобиографик хислатга эга. Романда, асосан,
ана шу катта оила аъзолари орасидаги мураккаб муносабатлар, ўспирин Муҳсин ва унинг
ёшгина амакиларининг қўшни қизга бўлган илк яширин муҳаббатлари тасвирига
бағишланган.
Бу даврда пойтахтда инқилобий воқеалар содир бўлади, ака-укалар ва жиянлар бу
курашга қўшиладилар. Роман қаҳрамонларнинг инқилобий варақалар тарқатганлари учун
ҳибсга олиниши билан якунланади. Аммо асар халқнинг тезда ғалаба қилиши ва
мустақилликка эришишига ишонч руҳи билан суғорилган. Асарда қишлоқ тасвири,
фаллоҳлар ҳаётига кўп эътибор берилган. муаллиф уларга меҳр ва хайриҳоҳлик билан
муносабатда бўлади, баъзида уларни идеаллаштиради ҳам.
Ёзувчининг фаллоҳларга қизиқиши тасодифий эмас. У 20-йилларда «Миср
мисрликларга» шиорини ўртага ташлаган Миср либерал буржуазияси орасида ҳукмрон
бўлган кайфиятни ифодалайди. Хақиқий мисрликлар деганда аввало фаллоҳлар - қадимги
Миср дехқонларининг авлодлари тушуниларди.
«Хотиралар»нинг эълон қилиниши Миср матбуотида жўшқин акс садо, фикр-
мулоҳазалар, баҳсларга сабаб бўлди. Китобнинг барча тиражи бир неча кунда сотилиб
бўлди, ўша йили 2-нашри чиқди.
«Хотиралар» Тавфиқ ал-Ҳакимни Мисрнинг энг яхши ёзувчилари қаторига қўшди.
Миср бюрократик машинасининг фош этилиши реаксиянинг муаллифга ҳужуми учун асос
берди. У 1934 йилдан буён ишлаб турган ўрни Олий таълим вазирлигидан кетишга мажбур
бўлди.
«Руҳнинг қайтиши» ва «Хотиралар» араб адабиётида танқидий реализм тараққиётига
сабаб бўлди.
Шуни ҳам айтиш жойизки, Тавфиқ ал-Ҳаким ҳамма вақт реалистик позисияда
тураолмади. Унинг ижодий йўли мураккаб ва зиддиятли. Араб Мунаққидлари уни «изтироб
чеккан адиб» деб аташади. Кўпинча янги бадиий шакллар излаш уни реал воқеликдан четга
тортади. Унинг ижодида символизм ва импрессионизм руҳида ёзилган асарлар ҳам кўп
учрайди.
Катта авлодга мансуб ёзувчилар сингари Тавфиқ ал-Ҳаким ҳам буржуазияни халққа
ёрдам берадиган ягона куч деб билди. Аммо 30-йилларда буржуазия миллий манфатларга
хиёнат этганда Тавфиқ ал-Ҳаким аламдан ўзининг «фил суягидан қурилган минораси»га
кетади, халқдан ажралиб, «санъат санъат учун» назариясини тарғиб этади.
1936 йилда Тавфиқ ал-Ҳаким Франсияда Таҳа Ҳусайн билан учрашди ва у билан бирга
«Сеҳрланган қалъа» романини ёзди. Унда «1001 кеча» қаҳрамони донишманд Шаҳризода
ҳақида ҳикоя қилинади. Бундан ташқари, романда муаллифлар адабиёт ва санъатнинг
моҳияти ва вазифаси ҳақида кўз қарашларини баён қилдилар.
Араб адабиётида ва ундан ташқарида Тавфиқ ал-Ҳаким драматург сифатида кўпроқ
машҳур. Араб танқидчилари қонуний равишда уни «араб драматургиясининг кашшофи»
деб аташади. Адиб дунёқарашидаги зиддиятлар унинг песаларида ҳам ўз ифодасини топган.
«Ранг-баранг театр» номли песалар тўпламига ёзган сўзбошисида Тавфиқ ал-Ҳаким уни
ноизчилликда айблаб, «паришон санъаткор» деб атаган мухолифларига жавоб бераркан
«ҳар қандай Европа драматурги ўз ишида эллинлар давридан мерос қолган мумтоз
образларга асосланади, бизнинг мамлакатларимизда эса драматик асарлар яратиш
тажрибаси ҳали оз, чунки араб адабиёти драматургияни жанр сифатида билмасди. Менда
тур ва жанрларнинг шундай ранг-баранглиги ана шу жойдан бошланади: ижтимоий ёки
маиший романдан фалсафий драмаларга ёки сиёсий комедияларга, гоҳ адабий тилда, гоҳ
шевада
1
ёзишларим шундан.
Аҳмад Шавқийнинг классисистик трагедиялари билан чекланиб қолган Миср
драматургияси учун Тавфиқ ал-Ҳакимнинг фалсафий песалари романтизмга йўл очди. Бу
эса адабиётдаги қолоқликни енгиш ва унинг кейинги тараққиёти учун ўта муҳим эди.
Турли халқлар санъати тараққиёт босқичларини ҳамиша ҳам изчил босиб
ўтавермаган. Лекин академик Конрад ҳамма учун умумий бўлган зарурий шартга
диққатини қаратган эди: «Романтизмни ўзлаштирмасдан тўлақонли реалистик адабиёт
яратиб бўлмайди». ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида романтизм араб шеъриятида
мустаҳкам мавқени эгаллади, 20-йиллардан прозага кира бошлади. Ал-Ҳакимнинг песалари
драматургияда ҳам романтизмга ўтиши учун замин тайёрлади.
Ғарб маданиятини ўзлаштиришга чақирар экан, ёзувчи айни чоғда Ғарб маданияти
Шарқ маданиятини ютиб юборишига йўл қўймасликни талаб этади, «ўз дарахтларини чет
эл ўсимликлари тўсиб қўймаслигини» ёки «ишқилиб, биз ўзгалар овози билан бақирадиган
тўтига айланмасак бўлди», деган эди.
Ёш драматургга ҳамманинг диққатини тортган биринчи песа «Ғорда ухлаётганлар»
(1933) драмаси бўлди. Унинг муваффақияти шу қадар катта бўлдики, ўша йилиёқ қайта
нашр этилди, бир йилдан сўнг эса, Қоҳирада эндигина очилган миллий театрда
саҳналаштирилди.
Драма сюжети қадимги ҳинд афсонаси «Ухлаётган етти ўсмир»дан олинган. Мазкур
афсона Шарқда жуда машҳур, ҳатто Қуръон сураларидан бирида ўз аксини топган. Тавфиқ
ал-Ҳаким уни бир неча марта шаклини ўзгартирди, қаҳрамонлар сонини қисқартирди,
воқеалар ўрнини Рим провинсияларидан бирига кўчиради.
Мажусий император таъқибидан қочган уч насоро, яъни чўпон ва император
яқинларидан икки киши ғорга яшириниб у ерда ухлаб қоладилар. Уларнинг уйқуси 300 йил
давом этади. Улар уйғониб ғордан чиқишади, атрофдаги ҳамма нарса ўзгарганидан улар
таажжубланадилар. Улардан бири олдин чўпон эди, пода боқарди, энди пода ғойиб бўлган.
Бошқаси яшаган уй ўрнида ҳозир бозор, барча танишлари аллақачон ўлишган. Учинчиси
эса, севган қизи ҳузурига чопиб кетади. Назарида уни топади, лекин бу қиз у севган
қизининг чевараси бўлиб, катта бувисига жуда ўхшар экан. Янги ҳаётда ўз ўрнини
тополмасдан барча қаҳрамонлар ғорга қайтадилар ва яна ухлаб қоладилар.
Песанинг асосий фалсафий ғояси: ҳаётнинг қиммати ҳаётнинг ўзида эмас, инсонни
ўраб турадиган дунё билан боғлайдиган алоқалар йиғиндисида. Агар вақт - инсоннинг
азалий душмани бу алоқаларни узиб ташласа, инсон ҳаёти маъно ва аҳамиятини йўқотади.
«Жунун дарёси» – рамзий песа, қадимги афсонага асосланган. Бу асардаги подшонинг
барча фуқароси заҳарланганини билмай, дарёдан сув ичади. Шу сувдан бир ҳўплам ичган
одам ақлдан озади. Бутун аҳолиси жинни бўлиб қолган салтанатда фақат подшо ва унинг
вазиригина соғ, холос, боиси улар дарё сирини биладилар, аҳоли эса подшо ва вазирни
жинни деб билади. Ана шу маломатдан қутулиш учун подшо ва вазир ҳам сувдан ичадилар,
ҳамма қатори бўладилар.
1
Юнусов К. О драматургии Тауфика аль-Хакима. М., 1976 стр 125
Песа инсон шахсини кишанлашга, бўғишга қарши қаратилган. Бу Тавфиқ ал-
Ҳакимнинг реаксион доиралар томонидан ёш Миср маданиятини ўзларининг реаксион
фикрлари жарчисига айлантиришига жавоби эди. Айни чоғда, бу ёзувчининг фош этувчи
мақолалари ва сатирик памфлетлари учун унга қарши уюштирлиаётган таъқибларга жавоби
эди.
Кўпгина танқидчилар Тавфиқ ал-Ҳакимни асарлари ҳаётдан узилган, деб койирдилар.
Ёзувчининг ўша пайтдаги партиялардан бирортасига яқинлашишни истамаганини гўё
дунёдан узилишни хоҳлагани, «фил суягидан ясалган қалъага» яширинишга интилгани деб
баҳоладилар. Ана шу таъналарга жавоб тарзида 1991 йилда нашр этилган «Фил суягидан
қурилган қалъадан» китоби пайдо бўлди.
Бу китоб ёзувчининг адабиёт ва санъатнинг аҳамияти, ҳаётдаги ўрни тўғрисидаги узоқ
йиллик изтиробли ўйларининг самараси сифатида дунёга келди.
Тавфиқ ал-Ҳаким назарида Шарқ адибининг фожиаси унинг ёлғизлиги, суянадиган
ҳеч кими йўқлигида, чунки адабиёт ҳукмдорни ҳам, раиятни ҳам, қизиқтирмайди. Шундай
қилиб, «Фил суягидан қилинган қалъа»нинг маҳбуси фақат Тавфиқ ал-Ҳакимгина эмас,
Миср адабиётидир. Ёзувчилар қанчалик халққа хизмат қилиш учун интилмасинлар,
уларнинг олижаноб ният, интилишлари олдиндан муваффақиятсизликка маҳкум: халқ
саводсиз, адибларнинг унга қаратилган сўзларини эшитишга қодир эмас.
Ана шундай кайфиятлар натижаси ўлароқ драматург символизмга мурожаат этади ва
1942 йилда «Пигмалион» песасини эълон қилади. Бу асар машҳур юнон ҳайкалтароши
ҳақидаги асотир асосида ёзилган.
Тафвиқ ал-Ҳаким илк песаларидагидек, «Пигмалион»да ҳам ўша усулга амал қилади:
песанинг воқеаси машҳур эртак ёки афсона қаҳрамонларнинг кейинги тақдири давоми
сифатида содир бўлади. Худо истеъдодли ҳайкалтарошнинг нолаларини эътиборга олиб, у
яратган гўзал қиз ҳайкалига жон киритадилар ва қиз унинг хотини бўлади. Соҳибжамол
Галатея енгилтабиат бўлиб, эридан қочиб, унинг ёш шогирдлари олдига кетиб қолади.
Пигмалионга Аполлон ёрдам қўлини чўзади. У лирада қочиб кетган гўзалнинг
қалбини ром этувчи эҳтиросли мадҳиялар чалади. Уни ақл ва доноликка ундайди. Галатея
тавба қилиб, эрига тобе бўлиб қайтади. Пигмалионга энди азобли дамлар бошланади: унинг
Галатеяси, гўзаллик ва баркамолликнинг идеали жонсиз ҳайкал бўлган чоғида унга
сиғинарди, энди ўша гўзал овқат пиширади, уй-жойини тозалайди. Ҳайкалтарош яна худога
ёлвориб, Галатеяни жонсиз фигурага айлантиришни илтижо қилади. Худо унинг иродасини
бажо келтирганида Пигмалион ҳайкални синдиради ва ўзи ҳам ўлади.
«Пигмалион»да муаллиф чинакам санъат билан ҳаёт, идеал билан воқелик ўртасида
антагонизм борлигини исботламоқчи бўлади. Гўзаллик турмушнинг сийқаси чиққан икир-
чикрлари билан туташганда жозибасини, хусусиятини йўқотади.
Песага қўшимча персонажлар киритилган. Нарсисс–ҳайкалтарошнинг шогирди ва
тарбияланувчиси, песада у бутун куч - қуввати, борлиғини ижодга бағишлаган
Пигмалионга қарама-қарши қўйилади. Ўртамиёналик ва аҳмоқлик дунёда ҳамиша
улуғланган ва унга сиғинишган, ҳақиқий санъаткорнинг қисмати - ёлғизлик.
1951 йилда Тавфиқ ал-Ҳаким Қоҳирадаги миллий кутубхона директори лавозимини
эгаллайди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин миллий-озодлик курашнинг янгидан
кўтарилиши, айниқса, 1952 йилги инқилобдан сўнг ижтимоий онгнинг ўсиши адабиётда ўз
аксини топмасдан қолмади. Наср ва шеъриятда реалистик тамойиллар кучайди, матбуот
ғоясиз, ҳаётдан орқада қолган адабиётга уруш эълон қилди.«Ҳаёт адабиёти» номли
мақолалар тўпламида Тавфиқ ал-Ҳаким араб воқелигини реалистик акс эттириш
тамойилларини ҳимоя қилди. 1954 йилда драматург «Нозик қўллар» комедиясини ёзди.
Унда инқилоб туфайли барча бойликларидан маҳрум бўлган аристократ ҳақида ҳикоя
қилинади. Асарда ана шу димоғдор, мутакаббир, худбин одам ҳар қандай меҳнатга нафрат
билан қарайди, чинакам бахт меҳнатда деган ақидага амал қиладиган халқ вакили унга
қарама-қарши қўйилади.
«Битим» (1956) комедиясида ҳам ўз даврнинг долзарб ижтимоий муаммолари
кўтарилган. Асарда фаллоҳларнинг феодал заминдорга қарши кураши кўрсатилади. Песа
Қоҳира Миллий театри саҳнасида қўйилди. Песанинг муваффақиятига сабаб у адабий тилда
ҳам эмас, сўзлашув тилида ҳам эмас, оралиқ тилда яратилганида эди. Кўпгина араб
ёзувчилари ва мунаққидлари на адабий, на сўзлашув тилини театрга мақбул деб
ҳисоблайдилар. Адабийда архаизм ва сунъийлик кўп, сўзлашув тили эса камбағал ва
чекланган. Тил муаммосининг самарали изланишлар асосида ҳал қилгани учун Тавфиқ ал
Ҳаким 1959 йилда Қоҳирадаги Араб тили академияси аъзоси этиб сайланди. 1958 йилда
ёзувчининг адабий фаолияти мамлакатнинг олий нишони – Нил ордени билан тақдирланди.
1989-1990 йилларда Тавфиқ ал Ҳаким Франсияда яшади ва ижод қилди, Бирлашган
Араб Республикасининг ЮНЕСКО даги вакили вазифасини адо этди. Шу даврда икки песа
– «Дунё тиконлари» ва «Хижолатли султон»ни яратди. Ҳар икки асар тинчлик учун кураш
мавзусида.
Араб драматургиясида ўнлаб ёш истаеъдодлар пайдо бўлди. Эҳтимол уларнинг
ҳаммаси ҳам ал-Ҳакимнинг бевосита таъсирида эмасдир. Аммо уларнинг пайдо бўлиши
драматургия санъатга айланганининг нишонаси эди. Тавфиқ ал-Ҳакимнинг хизмати
шундаки, у ана шу авлодга маданият калитларини топширди.
Тавфиқ ал-Ҳаким Миср новелласи тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Унинг биринчи
ҳикоялар тўплами 1938 йилда босилиб чиқди. Кейинги давр ҳикоялари икки жилдлик-
«Тавфиқ ал-Ҳаким ҳикоялари»га киритилган. Икки жилдлик тўпламида асосан ҳажвий
ҳикоялар, сиёсий фарслар, ҳазил саргузаштлар баёни жой олган. Ҳатто ҳазил-мутойиба
ҳикоялар ҳам ижтимоий масалалардан холи эмас.
Тавфиқ ал-Ҳаким энг кузатувчан ва қув адиблардан. Унинг енгил юмори, кулгиси
замирида катта ижтимоий ҳақиқат садоси сезилиб туради. «Қийин ҳолат» ҳикояси сюжети
содда ва қизиқарли. Асарда воқеа бекорчи одам номидан ҳикоя қилинади.
Бекорчи кўчада дўстини кўриб қолиб, қаҳвахонага бошлаб келади, у ерда қандайдир
ғалати кимсага дуч келишади. Кимса уларга кофехўрлик пайтида қўшимча пул ишлаб
олишни таклиф этади.
У рўпарадаги уйни кузатишни-бир аёл фотосуратини бериб, унинг уйда қанча вақт
бўлишини кузатишни таклиф қилади. Аниқланишича, аёл бир ўйнашининг уйидан чиқиб
иккинчисиникига чопаркан. Биринчи ўйнаш ҳалиги шахсга бир фунт эвазига
детективликни илтимос қилади, ўз навбатида у ҳам бу вазифани 75 пиастрга бекорчига
топширади, у ҳам узоқ ўйламай фото расмини дўстига бериб суюқ оёқ аёлни бир пиёла кофе
эвазига пойлашни топширади. Расмдаги аёл эса унинг хотини экан.
Кўринишидан ҳикоя ижтимоий муаммодан холидек туюлади. Аслида ундай эмас.
Ёзувчи ёшлардаги бекорчилик, вақтини беҳуда ўтказиш, тепса-тебранмас эринчоқлик,
сусткашликни, бачкана обломовчиликни нозик деталларда очиб ташлайди.
Тавфиқ ал-Ҳакимнинг урушдан кейинги ижодида «Ҳаққонийлик ва санъат» номли
ҳикоялар тўплами ўз мавзуси билан «Вилоятдаги терговчининг хотиралари»га яқин туради.
Тўпламдаги ҳикояларда Миср вилоятининг тўлиқ қиёфаси чизилади.
Бу ҳикояларда ҳам Тавфиқ ал-Ҳаким ўз қиссадагидек, қишлоқ-кичик давлат деган
фикрдан келиб чиқиб, вилоятга хос иллатлар ойнада акс этгандек, давлат аппаратининг
носозлигини очиб беради. «Суд врачи»да фаллоҳларнинг даҳшатли қашшоқлиги
тасвирланади. Юқори Мисрдаги қишлоқлардан бирига соғлиқни сақлаш инструктори
қилиб тайинланган ҳикоя қаҳрамони «фаллоҳлар инсон яшайдиган жойга ўхшамайдиган
кулба капалардан чиқиб келишларини кўради. Уларнинг болалари судралувчи
жонзотлардек қоринларида ўрмалаб чиқадилар. Уларнинг озғин, рангпар ва қонсиз
таналарига касалликлар ин қурган. Фаллоҳлар қонунсиз солиқларга кўникканлар. Врач ва
маҳаллий фелдшер касалвандлар ҳисобига бойийдилар. «Қишлоқдаги дачаликлар»да инсон
учун чидаб бўлмас шароитдлардан қочиб, денгиз бўйидаги курортли жойга келган терговчи
ҳақида ҳикоя қилинади. Илгари у қишлоққа кун ора, кейинроқ ҳафтада уч марта борарди,
сўнгра айибдорларни унга олиб келадиган бўлишди. Айбдорлар терговчи олдига
келаётганларида кутилмаган имкониятга - дам олиш, ҳатто денгизда чўмилиш бахтига
муяссар бўлдилар. Терговчи умрида биринчи бор жуда аломат ҳолга дуч келди: маҳбуслар
ўзларининг озод бўлишларига қарши эътироз қилар эдилар. Бу қувноқ ҳикоя замирида
даҳшатли хулоса ётади: кўпинча фаллоҳлар учун қамоқ озодликдан афзал кўринар эди.
Тавфиқ ал-Ҳаким реалист-ёзувчи сифатида ўз ҳикояларида монархистик Мисрдаги
тартибларнинг
ёвузлигини:
фаллоҳлар
қашшоқлиги,
маъмурий
аппаратнинг
шафқатсизлиги ва бюрократизмини, провинсия суд ҳодимларининг ўзбошимчалигини очиб
ташлади. Ёзувчи гарчи фаллоҳларга ачинса-да, уларнинг қиёфасида нодон, ночор,
унутилган, қаршилик кўрсатишга ноқобил оммани кўради.
Тавфиқ ал-Ҳакимни ҳамиша санъат ва томошабин, адабиёт ва китобхон муаммоси
қизиқтирган. Араб китобхони ва томошабинининг жиддий адабий ва саҳна репертуарини
қабул қилишга тайёр эмаслигини эътиборга олиб, Тавфиқ ал-Ҳаким ривоят адабиётидан
драматургияга кўприк қурмоқчи бўлди. У 1966 йилда «Ташвишлар банки» номли роман-
песа ёзади. Бундай асар ёзиш фикрига ёзувчининг ўзи келдими ёки бундай ғоянинг
туғилишига Бернард Шоу таъсир этдими, айтиш қийин. Дарвоқе, у Бернард Шоу ижодини
яхши биларди. «Ташвишлар банки» 10 бобдан иборат, ҳар бир боб аввалида воқеаларнинг
хронологик доирасини белгилаш, қаҳрамонларнинг ташқи қиёфаси ва характери билан
танишишга кўмаклашувчи муаллиф изоҳи берилади. Сўнг муаллиф навбатни
қаҳрамонларга беради, кейинги ҳаракатлар драматик асарлар қонуни бўйича ривожланади.
Роман фақат шаклан эмас, мазмунан ҳам жуда қизиқ. Илгари талаба, ҳозир ишсиз
бўлган икки дўст тунги Қоҳира бўйлаб кезадилар. Улардан бирининг миясига одамлар ўз
ташвиш ва ғамларини олиб келадиган, у ердан хайрихоҳлик ва жавоб оладиган банк таъсис
этиш фикри келади. Бу ғоя билан илгари йирик заминдор бўлган қандайдир ишбилармон
қизиқиб қолади, у муассасани маблағ билан таъминлайди. Банкка ишсизлик, нарх-навонинг
ошганидан, оилавий нифоқ, жанжалдан норози одамлар ёғилиб кела бошлайдилар. Бирдан
дўстлар уларнинг сахий ҳомийси ўзининг шериклари билан ҳукуматга қарши фитнада
иштирок этиб, барча норозилардан ўзининг жинояткорона ишларида фойдаланмоқчи
бўлганини билиб қоладилар. Дўстлар фитначиларни фош этишга қарор қиладилар.
Роман-песа ўқимишли оммага мўлжалланган. Провинсияда нима қилиш керак? Ахир,
у ерда театр йўқ, аҳоли ёппасига саводсиз. «Драматургиямизни янги шакли» китобида
Тавфиқ ал-Ҳаким театрнинг янги тури ғояси билан чиқади. Бунинг учун драматург араб
Шарқида деярли йўқ бўлиб кетган халқ ривоятлари анъанасини бирмунча янгиланган
шаклда қайтадан тиклашни тавсия қилади. Ровийлар декоратсиялар, кийим, гримларни
ишлатмай биргина ижрочилик истеъдоди билан завққа тўлган эшитувчилар тўдасини
ўзларига жалб қилганлар. Ҳудди шу йўл билан жаҳон драматургиясининг Эсхилдан тортиб,
Ибсен ва Чеховгача бўлган жаҳон классикасининг ноёб асарларини эшитувчиларга етказиш
мумкин. «Спектаклни» уч одам - эркак, хотин ва бошловчи ижро этиши мумкин. Албатта,
бундай «саҳналаштириш» учун песаларни қайта ишлаш керак, тўғрироғи уларни янги театр
талабларига мослаштириш лозим. Ал-Ҳаким бундай театрни «марказлаштирилган театр»
(ал-масрах ал-марказ) деб атайди. Ёзувчининг бу изланиши, экспериментлари миллий
адабиётнинг регионал ва вақтинчалик маҳдудлигини бартараф қилишга қаратилган, санъат
савиясини туширмасдан, уни кенг халқ оммасининг мулкига айлантириш эди. Бу
изланишларни таъминлаб турган манба, бир томондан миллий адабиёт анъаналари, бошқа
томондан эса жаҳон адабиёти тажрибасидир.
Тавфиқ ал-Ҳаким таъсир доирасидан холи бўлган адабиёт турини топиш амри маҳол.
Шеъриятга у биринчилардан бўлиб «оқ шеър»ни киритди, насрда Миср романчилигининг
(роман - кундалик, роман-мактуб) асосчиларидан бири, кичик ҳикоя жанрида у маиший,
ҳажвий, сатирик, фалсафий, ҳатто илмий-фантастик новеллалар муаллифи бўлди. Адабий
танқид соҳасида Тавфиқ ал-Ҳаким жиддий ишлар ёзди.
Хулоса қилиб айтганда, Миср «янгиловчилар»и насрининг етакчи хусусияти
жамиятнинг ижтимоий асосларини танқид қилиш бўлди. Роман ва ҳикояларнинг
қаҳрамонлари маълум ижтимоий табақа, синфнинг типик хусусиятларини ўзига олиб,
уларнинг характер ва ахлоқий тушунчалари ижтимоий асосланган бўлади, уларнинг
тақдирида жамиятнинг тарихий ва ижтимоий зиддиятлари ўз ифодасини топади.
Ана шу даражага кўтарилиши учун Миср адабиётига Европа романтизми,
натурализми, танқидий реализми, рус адабиёти тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштиришга
тўғри келди. Миср ёзувчилари адабиётнинг билиш функсиясини амалга оширишни давом
эттириб, инсоннинг психологик ва ижтимоий моҳиятига кўпроқ кириб бордилар. Шахс
ҳақидаги тасаввурлар эволюсияси, айниқса, Миср насрининг асосий қаҳрамонларидан
бири-фаллоҳнинг аста-секин ўзгариши мисолида аниқ кўринди. Табиий одамнинг табиат
қонунларига монанд яшашга интилиши Ҳайкалнинг «Зайнаб», Теймурнинг «Шайх Жума»
(1926), ал-Ҳакимнинг «Руҳнинг қайтиши»даги қалбан донишманд табиат фарзанди, абадий
маънавий қудратлар соҳиби, ўша Тавфиқ ал-Ҳакимнинг «Вилоятдаги терговчи
хотиралари»даги қолоқ, сусткаш ва сеҳрли зот, қўли юпқалик ва зулмдан эзилган,
туйғулари олижаноб «Ердаги қашшоқлар» (Т. Ҳусайн), Тавфиқ ал Ҳакимнинг инқилобдан
кейинги «Нозик қўллар» ва «Битим» песаларидаги ўз ижтимоий хуқуқларини биладиган
шахсдир. Бутун жамият образи ҳам ана шундай эволюсияни бошдан кечирди. Адабиёт
ташқаридан сезиш, кўриш қийин бўлган индивидиумлар, ижтимоий табақалар, синфлар
ўртасидаги батамом янги сабаб-оқибат алоқаларини кашф қилди, бу эса ижтимоий тизим
моҳиятини тушинтириб беришга, унинг оқибати ўлароқ, бу тузум нечоғлик адолатли, ақлга
монанд деган саволни қўйишга олиб келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |