Инглиз, рус ва ўзбек тилларига оид мева-сабзавот ва полиз экинлари номларининг ўз қатлами ва ўзлашган қатлами
Ўзбек тилидаги мева-сабзавот ва полиз экинлари номларининг аксарият қисми ўзбек тилининг ўз лексик-грамматик имкониятлари асосида пайдо бўлган бўлса, қолган қисми эса форс-тожик, рус ва Европа тилларидан ўтган. Дарҳақиқат, форс-тожик тилидан ўтган беҳи сўзи асл туркий сўз ҳисобланадиган айва сўзини истеъмолдан чиқариб ташлади. Айва сўзи асли туркий бўлиб, у қадимги туркий тилларга оид ёдномаларда авйа, айва кўринишларида учрайди. Масалан, у Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит турк” асарида авя ва XIII-XIVасрларга оид туркий ёдномаларда эса айва вариантларида ишлатилади1. Баъзи асарларда кўрсатилганидек2, ҳозирги рус тилида беҳи маъносида ишлатиладиган айва сўзи ҳам туркий тиллардаги авя, айва сўзларига алоқадор экан. Беҳи сўзи мавжуд луғатларда кўрсатилишича, форсча сўздан олинган бўлиб, у Навоий асарларида беҳи, биҳи вариантларида кўрсатиб ўтилади3:
Мазаллат туфроғи сариғ юзимда борур андоқким,
Беҳида гард ўлтурған масаллик тук бўлур пайдо
( Хазоний ул-маоний).
Инглиз тилида эса беҳи quince атамаси билан ишлатилади ва бу сўз инглизларга французларнинг coing сўзидан кириб келган.
I saw quince for the first time at a local farmer's market4.
Ўрик дастлаб Тяньшань тоғларида ва Шимолий-Шарқий Хитойда пайдо бўлган.Ўрта Осиёда эса уни аввал ҳозирги тожикларнинг Тяньшань ва Помир-Олойда яшаган аждодлари маданийлаштирган эканлар. Кейинчалик ўрик арабларга ва Европага ўтган. Сўнгра, Европадан Шимолий Америкага олиб келтирилиб, ҳозирги кунда А.Қ.Ш нинг Калифорния штати ўрикнинг асосий “маскан”и ҳисобланади. Араблар ўрикни “албаркук” деб аташган. Французлар “абрикет”, немислар “абрикоссе”, руслар эса “абрикос” деб ўзлаштирганлар5. Данаги олиб қуритилган ўрик қоқи-баргак сўзи ҳам шундан келиб чиққан бўлиши мумкин6. Инглизларда ўрик “apricot” номи билан қўлланилади. Бу атама инглиз тилига француз тилидан кириб келиб, асл келиб чиқиши Лотин тилидаги prœcox, precocious сўзларига бориб тақалиб, “эрта пишган” деган маънони билдиради7.
Use whichever fruit is in season: raspberries, blueberries, blackberries, apricots , and peaches are all tasty substitutes for pears8 (Қайси мавсум бўлишига қарамасдан мевалардан фойдаланиннг, маймунжон, қизилчак, малина, ўрик ва шафтоли бу нокнинг мазасини босувчи воситалардир).
Бу сўз VIII-IX асрга оид қадимги туркий ёдгорликларда ҳам ўрик дарахти ва унинг меваси маъносида қайд қилинади9. Масалан, у Маҳмуд Қошғарийда данакли мева дарахти ва унинг меваси, яъни ўрик, олхўри ва шафтоли маъноларида кўрсатиб ўтилади: sariyeruk “абрикос”, erukiyac “сливовое дерево”, эruk қақи, эрук-ўрик, шафтоли, олхўрининг умумий номи; қара эрук ( “олхўри” маъносида). Ёдгорликларда өрик сўзи қара сўзи билан биргаликда-олхўри ва сару (сариғ) сўзи билан биргаликда эса абрикос ўрик маъносида қайд қилинади: saziyerȕk абрикос, сару өрик.
Бундан ташқари ҳозирги ўзбек адабий тилида ва унинг диалектларида ўрик маъносида зардоли сўзи ҳам ишлатилади. Ўзбек тилига доир Самарқанд, Бухоро, Сирдарё, Қашқадарё шеваларида у зардолу, залдору//залдорь, зардолу//зардору//зардори каби шаклларда учрайди. Зардолу сўзи Навоий асарларида ҳам ўрик маъносида қўлланилган: Ширада зардолу этиб қанд ҳал, йўқ каду амруд кадуйи асал (Ҳайрат ул-аброр)10. Зардоли сўзи туркий тилларга форс-тожик тилларидан ўтган бўлиб, у ҳозирги форс, тожик ва афғон тилларида ҳам ўрик маъносида ишлатилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида ҳам ўрик сўзини учратишимиз мумкин. Бобур йирик бир олим, табиатшунос сифатида ўрикка таъриф беради: ...бир жинс ўрик бўлур, донасини олиб, ичига мағиз солиб қурутурлар, “субҳоний” дерлар, бисёр лазиздур11. Ўрик сўзи туркий тиллардан рус ва бошқа тилларга ҳам ўтган12.
Ҳозирги ўзбек адабий тилида учрайдиган олхўри сўзи унинг диалектларида асосан икки ҳил кўринишда учрайди: олҳирот, алхўрат. Унинг олҳирот (элҳърот) шакли Ўш ва алхўрат шакли эса Сайрам шеваларида учрайди. У тарихан олу ва ҳирот (шаҳар номи) сўзларидан иборат бўлган. Чунки форс тилида алуйи ҳирот ( Ҳирот олуси, Ҳирот олхўриси) ифозали бирикмаси учрайди. Ҳозирги форс-тожик тилларида, “Бобурнома”да ва Навоий асарларида олхўри маъносида олу сўзи ишлатилади13.
Do'stlaringiz bilan baham: |