Онтологик функция. Онтологик (юнонча “untos” – борлиқ) функциянинг моҳияти давлат-ҳуқуқий ҳодисаларга оид материалларни топиш ва ўрганиш, уларни тизимлаштириш ҳамда таҳлил этишдан иборат. Мазкур функция доирасида давлат ва ҳуқуқ ҳодисаларининг моҳиятини англаш жараёни амалга оширилади.
6. ЎҚУВ ФАНИ СИФАТИДА ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИНИНГ ТУЗИЛИШИ
Давлат ва ҳуқуқ назарияси ўз илмий мақоми ҳамда моҳиятига кўра умумназарий хусусиятга ва аҳамиятга эга бўлган фундаментал юридик фан ҳисобланади. У энг муҳим юридик фан сифатида ўзининг вазифалари, функциялари, предмети ва методи бўйича ҳуқуқшунослик (юриспруденция) учун фундаментал мазмунга эга, шу билан бирга, давлат ва ҳуқуқнинг айнан умумий, яъни юридик фанларнинг муайян концепциялари ва тизимларининг умумий назариясини ўзида ифода этади. Унда давлат ва ҳуқуқ тўғрисидаги илмий-назарий ғояларнинг энг муҳим аҳамиятга молик ютуқлари ўз ифодасини топади.
Ўқув фани сифатида давлат ва ҳуқуқ назарияси ўз ичига давлат ва ҳуқуқнинг келиб чиқиши, давлат тушунчаси, белгилари, моҳияти ва типлари, давлат функциялари, давлатнинг шакллари, давлат ҳокимиятини амалга ошириш механизми, ижтимоий муносабатлар ва ҳуқуқ, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, ҳуқуқ нормалари, ҳуқуқ шакллари (манбалари), ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқ тизими, ҳуқуқий муносабатлар, ҳуқуқни амалга ошириш, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш, юридик амалиёт, ҳуқуқий ҳулқ-атвор, ҳуқуқбузарлик ва юридик жавобгарлик, ҳуқуқий тартибга солиш механизми, қонунийлик ва ҳуқуқий тартибот, давлат ва ҳуқуқни ривожланиш истиқбол ва йўллари каби масалаларни қамрайди.
7. ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИНГ БАРЧА СОҲАЛАРИНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ, ИСЛОҲ ҚИЛИШ ВА МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШДА ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИ ФАНИНИНГ РОЛИ
Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларини модернизациялаш, демократлаштириш ва эркинлаштириш жараёнида миллий тарихий асоснинг илдизларига таянган ҳолда, янги замонавий ғоялар, янгича ёндашувлар шаклланмоқда. Бу ҳол давлат ва ҳуқуқ назариясининг қатор масалаларига янгича назар ташлаш фурсати келганлигини кўрсатади. Айниқса, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ҳуқуқий ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгича ёндашувлар давлат ва ҳуқуқ тушунчалари, моҳияти, вазифасини бир қадар бошқача талқин қилишни тақозо этмоқда. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов хақли равишда таъкидлаб ўтганидек, “Биз яқин ўтмишимизда синфий ҳукмронликнинг қуроли сифатида давлат ҳақидаги марксча ғояларни шиор қилиб олиб, бу назарияни догма, давлат ва ҳуқуқни эса синфий кураш, синфий рақибларни енгиш воситасига айлантирган эдик. Демократия шароитларида эса давлат ижтимоий қарама-қаршиликларни зўрлик ва бостириш йўли билан эмас, балки ижтимоий келишув, халқ таъбири билан айтганда, муросаи мудора билан бартараф этиш воситасига айланади”1.
Шу жиҳатдан олганда, мамлакатимизда давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини ривожланиб бориши, ҳуқуқий маданият, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳуқуқий таълим, шу жумладан юридик таълим ҳам ривож топиб бориши билан давлат ва ҳуқуқ назариясининг ҳамда бошқа юридик фанларнинг ижтимоий фанлар тизимидаги аҳамияти ҳам ортиб боради. Бу – ижтимоий тараққиётнинг муҳим талабидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |