2-маъруза: Прагмалингвистика (лингвопрагматика)нинг предмети ва вазифалари. Прагмалингвистиканинг йўналишлари.
Таянч тушунчалар: прагматика, семантика, синтактика, семиотика, функционал ва яширин прагмалингвистика
Маълумки, тил доимо инсон ҳаёти, унинг ижтимоий фаолияти билан боғлиқдир. Тилни фақат муайан белги сифатида эмас, балки реал ҳаётда- амалий фаолиятда қўлланишини ўрганиш муҳимдир. Прагматика тилшуносликнинг янги бир назарий ва амалий тармоғи сифатида инсоннинг ижтимоий фаолиятини ўзида мужассамлаштирган нутқий жараён, нутқий вазият таъсири билан намоён қилувчи нутқ иштирокчиларига хос коммуникатив ният билан алоқадор масалларни ўрганади. «Прагматика» (юнонча pragma – иш, ҳаракат, амалга оширилган, бажарилган маъноларни англатади) аслида фалсафий тушунча бўлиб, бу оқимнинг асосий тараққиёт даври XIX-XX асрлардир.Фанга илк бор “прагматика” атамасини америкалик олим Чарлз Сандерс Пирс киритган. Айниқса, ХХ асрнинг 20-30 йилларида прагматизм ғояларининг кенг тарғиби аниқ сезила бошлади. Америка ва Европада бу тарғиботнинг кенг ёйилишида Ч.Пирс, Р.Карнап, Ч.Моррис, Л.Витгенштейн кабиларнинг хизматларини алоҳида қайд этмоқ керак. “Прагматика” атамаси дастлаб тилшунослик фанига ХХ асрнинг 30-йилларида машҳур назариётчи Ч.У.Моррис томонидан киритилган. У прагматикани семиотиканинг таркибий қисмларидан бири деб таъкидлайди.Олимлар фикрича, “семантика” белгилар (тил бирликлари)нинг уларда ифода этган нарсаларга муносабатини, “синтактика” белги (тил бирлиги)нинг белги (тил бирлиги)га муносабатини назарда тутади. Хуллас,прагматика лингвистик белгиларнинг нутқдаги функционал қўлланишини ўрганади.Прагмалингвистика(лингвопрагматика) тил ва ундан фойдаланувчилар ўртасидаги алоқадорликни ўрганади. Яъни бу алоқалар оддий нутқий актлар ва мураккаб коммуникатив ҳолатларда ( дискурс) намоён бўлади. Прагмалингвистиканинг назарий асосларини ХХ асрнинг 60 йилларида Оксфорд мактабининг вакиллари, тилшунос- файласуфлар Б. Рассел, Ж.Остин, П. Грайс ва Ж.Сёрль яратдилар. Рус тилшунослигида лингвистик прагматикага оид илк тадқиқотлар 1980 йилларда пайдо бўла бошланди( Н.Арутюнова. Е.Падучева). Ўзбек тилшунослигида ҳам ўтган асрнинг 80- йилларидан бошлаб семантик ва прагматик тадқиқотлар мутахассислар диққатини тортди. Р.Қўнғуровнинг” Субъектив баҳо формаларининг семантик ва стилистик хусусиятлари”( Т.1980), Н.Маҳмудов “Ўзбек тилидаги содда гапларда семантик-синтактик асимметрия”( Т.1994) ҳамда “Пресуппозиция ва гап” (ЎТА //1986,6), А.Нурмонов “Кўмакчили констукциялар пресуппозицияси” (ЎТА// 1986,6), М. Саидхонов “ Новербал воситалар ва уларнинг ўзбек тилида ифодаланиши” (Фил.ф.н.дисс.автореф.Т.1993), У.Раҳимов “ Ўзбек тилида юкламалар пресуппозицияси”( Фил.ф.н.дисс.автореф. С.1994),З. Тоҳиров “ Ўзбек тилида прагматик семаларнинг ҳосил бўлиши ва уларда субъектив муносабатнинг юзага чиқиши”( Фил.ф.н.дисс.автореф.Т.1994), М.Ҳакимовнинг “ Ўзбек тилида матннинг прагматик талқини”(ДДА,Т.2001) га бағишланган тадқиқотлар майдонга келди. 2008 йилда Ш.Сафаровнинг “Прагмалингвистика” асари ўзбек тилшуносларини тилшуносликнинг янги йўналиши бўлган прагматик лингвистика масалалари билан атрофлича таништирди.
Хуллас, прагмалингвистика тил бирликларидан фойдаланувчи шахс ёки сўзловчининг тил белгиларига муносабатини ўрганувчи тилшунослик аспектларидан бири бўлиб, унинг мақсади- тилни матнда ( контекст) ўрганишдир, яъни тилни ахборот- коммуникатив воситачи сифатида ўрганишдир. Прагмалингвистика риторика (нотиқлик), стилистика, семиотика, социолингвистика, психолингвистика, коммуникатив синтаксис, этнолингвистика каби соҳалар билан ўзаро боғлиқдир.
Прагмалингвистиканинг икки йўналиши мавжуд: функционал (дискурс, лисоний бирликлар) ва яширин (мулоқот ҳулқи меъёрлари, мулоқот одоби) прагмалингвистика.
Do'stlaringiz bilan baham: |