13. ЧЕЛПАНОВ ГЕОРГИЙ НИКОЛАЕВИЧ (1862-1936)
Рус физиологи ва психологи. 1862 йил 16 апрелда Екатеринославск губерниясига қарашли Мариуполе шаҳрида дунёга келди. Москва университети қошида, яъни Россияда биринчи бўлиб экспериментал психология институтини ташкил қилди (1912йил). Психология фанини оммалаштирган ва психология бўйича қатор дарсликлар муаллифи. Ўз ишларида умумий психология ҳар қандай фалсафадан озод бўлиши керак деб уқтирган («Мия ва руҳ») 1900 йил. У фазо ва вақтни идрок қилиш масаласи билан жиддий шуғулланган. Шу билан бирга экспериментал психология тараққиётига улкан ҳисса қўшган. (Экспериментал психологияга кириш) 1915 йил. Кўплаб илмий ишларини психофизик параллелизм концепциясидан келиб чиқиб олиб борган.
14. УОТСОН ДЖОН БРОДЕС (1878-1958)
Америка психологи, бехевиоризм асосчиси. 1878 йил 9 январда туғилди. Психология фанини бевосита ҳис қилинадиган субъектив ҳодисалар ҳақидаги фан деб қаровчиларга қарши чиқиб, психик ҳодисаларни ўрганишга янгича ёндошишни тарғиб қилди. Ўз нуқтаи назарини 1913 йил ёзилган ахборотномада акс эттирди. Интроспектив психологияга қарама-қарши табиий фанлардаги каби объектив методларга таяниши, психологиянинг предмети сифатида одамнинг туғилганидан ўлимигача бўлган ҳулқини кўришни таклиф қилди. Уотсоннинг фикрича, психологик тадқиқотларнинг асосий вазифаси ҳулқни олдиндан айтиб бериш ва уни назорат қилишдан иборат. Уотсоннинг қарашлари стимул-реактив психологияда ривожлантирди. Яхлит концепция бўлиб шаклланмаган бу йўналишда юқоридаги назариялар кенг тарғиб қилинди. Булар қаторига Б.Ф.Скиннернинг оперант мустаҳкамланиш назарияси, А.Бандуранинг ижтимойи ўргатиш тамойили ва ҳ.к.киради.
15. АРИСТОТЕЛЬ (ЭР.АВ.384-322)
Антик давр грек файласуфи, психология фанининг тўлақонли асосчиси. У ўзининг «Руҳ ҳақида» асарида антик тафаккур ютуқларини бирлаштириб, яхлит психологик тизимини яратган. Унинг фикрига кўра, руҳни танадан ажратиб бўлмайди, чунки тана руҳнинг шакл-шамойили, руҳнинг мавжудлик шаклидир. Шу билан бирга Аристотель ўз таълимотида уч хил руҳни ажратди; ўсимлик руҳи, ҳайвонот руҳи, онгли, яъни инсоният руҳи. Инсоният руҳи илоҳий манбага эга. Руҳни турларга ажратиш психик функцияларнинг тараққий этиш даражаси билан белгиланади. Қуйи функциялар («озиқланиш») ўсимликларга, олий функциялар инсонга хос. Шу билан бирга Аристотель сезги органларини беш турга бўлди. Нарсаларнинг сезиладиган хоссаларини билувчи органлардан ташқари у «Умумий сезги» яъни кўп объектлар учун умумий бўлган хоссаларни сезувчи умумий сезишни ажратди. Ўз асарларида (Этика, Риторика, Литофизика, «Ҳайвонот тарихи») кўплаб физик ҳодисаларга таъриф берди. Бундан ташқари инсоннинг қониққан ёки қониқмаган ҳолда ўз ички фаоллигини қайта тадбиқ қилишга интилишининг инсоннинг ҳулқи механизмига асос бўлишини тушунтиради. Шунингдек, Аристотель одам хотираси ва тафаккури ҳақидаги ғояларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Do'stlaringiz bilan baham: |