Электродегидраторлар. Бундай ускуналар нефть эмульсияларини ажратиш учун ишлатилади. Қазиб олинган нефть ўз таркибида турғун ҳолатдаги эмульсияни ушлайди. Эмульсия ҳолатдаги сувнинг таркибида нисбатан кўп миқдорда тузлар бўлади. Нефтни сувсизлантириш ва оқибатда тузсизлантириш учун механик ёки кимёвий услубдан фойдаланиш мумкин. Нефть эмульсиясини ажратишда электр майдонидан фойдаланилганда эса юқори самарага эришиш имконияти юзага чиқади. Юқори кучланишли ва ўзгарувчан йўналишга эга бўлган электр майдони таъсирида сувнинг томчилари зарядланиб, электр куч чизиқлари бўйлаб ҳаракат қила бошлайди. Турли зарядга эга бўлган томчилар ўзаро бирлашиб кетади. Бир хил зарядга эга бўлган (асосан манфий) сув томчилари қарама-қарши зарядланган қутбга қараб ҳаракат қилади; майдон ўзгарувчан бўлганлиги учун зарядланган сув томчилари ўз ҳаракатларини доимо ўзгартириб, тўқнашиб, оқибат натижада бирлашиб кетади. Коагуляция жараёнини яхшилаш мақсадида оқимга одатда оз миқдорда ишқор қўшилади, натижада органик кислоталар нейтралланади ва сувнинг электр ўтказувчанлиги кўпаяди. Ушбу жараён иссиқлик (қовушоқликни камайтириш) ва босим таъсирида (сувнинг буғланмаслиги ва нефтнинг қайнамаслиги учун) олиб борилади.
Нефтни қайта ишлаш саноатида турли русумдаги (вертикал, горизонтал, сферик) электродегидраторлар қўлланилмоқда. 2.11-расмда ВНИИнефтемашнинг ЭГ200-10 маркали горизонтал электрогидраторининг схемаси берилган. Ушбу ускуна 200 м3 ҳажмга эга бўлиб, 1 МПа (10 кгс/см2) босим билан нефть ва газ конденсатларини сувсизлантириш ва тузсизлантириши учун ишлатилади. Ускуна қобиғи ичида изоляторлар 2 га осилган юқориги 3 ва пастки 4 электродлар, нефтни тарқатувчи 10, тузли сувни йиғувчи 8, тузсизлантирилган нефтнинг иккита йиғувчиси 5, ювучи коллектор 9 жойлаштирилган. Электродегидраторнинг қобиғига трансформатор 6 ва юқори кучланишли ток киритадиган мослама 7 ўрнатилган.
Тарқатувчи 10 нинг ўрта қисмига берилган нефть ускунанинг кўндаланг кесими бўйича бир меъёрда тарқалади ва сув қатламида ювилгандан сўнг юқорига қараб ҳаракат қилади. Сув қатламининг сатҳи тарқатувчи 10 дан 200-300 мм юқорида бўлади ва автоматик равишда ушлаб турилади. Ускунанинг ичида икки хил электр майдони (кучсиз ва кучли) ҳосил бўлади. Кучсиз электр майдони нефть-сувни ажратувчи сатҳ ва пастки
2.11-расм. Горизонтал электродегидратор ЭГ200-10:
1-қобиқ; 2-изолятор; 3-юқориги электрод; 4-пастки электрод; 5-тузсизлантирилган нефть учун йиғгич; 6-трансфорсатор;7-юқори кучланишли токни киритиш; 8-тузли сув учун йиғгич; 9-ювувчи коллектор; 10-нефтни тарқатувчи. Оқимлар: I-тузсизлантирилган нефтнинг чиқиши; II-нефтнинг кириши; III-чиқиндининг узатилиши; IV-ускунани ювувчи сувнинг кириши; V-тузли сувнинг чиқиши.
электрод оралиғидаги ҳажмда, кучли электр майдони эса юқорги ва пастки электродлар оралиғида ҳосил бўлади. Кучсиз электр майдонида эмульсиядан сувнинг йирик томчилари, кучли электр майдонида эса сувнинг майда томчилари ажралиб чиқади. Тузли сув электродегидраторнинг пастки қисмида тўпланиб, йиғувчи 8 орқали ускунадан ташқарига чиқарилади. Ускунанинг ички деворини ювиш учун коллектор 9 орқали сув оқими юборилади. Электродлар оралиғида 30, 35, 40, 45 ва 50 кВ кучланишга эга бўлган электр майдонини ҳосил қилиш мумкин.
Нефть эмульсияларини электр майдонида парчалаш учун саноатда электрокоалесцерлар ҳам кенг ишлатилмоқда. Бундай ускуналар ихчамроқ қилиб тайёрланган бўлиб, ишлатиш пайтида электродегидраторларга нисбатан ҳавфсизлик даражаси юқори эканлиги ва ишончли эканлиги билан фарқ қилади. Нефть-газни қайта ишлаш саноатида электр майдонидан нефть эмульсияларини парчалашдан ташқари нефть маҳсулотлари (суюлтирилган газлар, бензин, керосин, дизель ёнилғиси ва ҳоказо) ни тўла сувсизлантириш ва уларнинг таркибида мавжуд бўлган реагентларнинг муаллақ заррачаларини ажратиб олиш мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |