Буғлатиш ускуналарининг бошқа турлари
Роторли – плёнкали буғлаткич
Роторли – плёнкали буғлаткич. Температурага чидамсиз қовушқоқ эритмаларни буғлатишда роторли буғлаткичлар қўлланилади (1.1.-расм). Бундай ускуналарда ёки корпуснинг ёки буғланадиган суюқликнинг айланиши туфайли плёнка ҳосил бўлади.
– расм. Роторли буғлатиш
ускунаси:1-корпус; 2 –буғли «Кўйлак»; 3 –ротор; 4 – куракча.
Иситувчи буғ конденсацияланганда «кўйлаги» бўлган корпус ичида қўзғалувчан курракчали ротор айланади. Марказдан қочма куч таъсирида суюқлик корпуснинг ички сиртида турбулент ҳаракатланадиган юпқа плёнка кўринишда тақсимланади. Ҳосил бўлган иккиламчи буғ юқорига кўтарилади ва сеператордан ташқарига чиқади. Қуюқлашган эритма ускунанинг остки қисмидан чиқариб олинади. Буғлатиш жараёнида иссиқлик алмашиниш сиртида чўкма ҳосил бўлади. Бу чўкмани курракчалар олиб туради. Роторли ускуналар юқори унумдорли бўлсада, лекин қиммат туради.
Контактли буғлатиш қурилмалар
Бундай қурилмаларда буғлатиладиган эритма иситувчи муҳит (одатда иссиқ газ ёки суюқ ёнилғининг ёнишидан ҳосил бўлган газлар) билан бевосита контактлашади. Контактли буғлатиш қурилмалари ўта агрессив ва юқори температурада қайнайдиган (масалан сульфат, хлорид ва фосфат кислоталарнинг эритмалари) эритмаларни қуюлтиришда яхши самара беради. Оддий барботажли буғлатиш қурилмасининг схемаси 1.2 – расмда кўрсатилган. Ускуна цилиндр корпус ичида ўрнатилган панжарадан иборат.
1.2– расм. Барботажли буғлатиш ускунаси:
1 – корпус; 2 – панжара.
Панжара тагидан берилган иссиқ газ, панжара орасидан ўтганда жуда кўп майда пуфакчаларга бўлиниб кетади ва катта иссиқлик алмашиниш юзасини ҳосил қилади. Газ пуфакчаларининг сув буғи билан туйиниши ҳисобига эритувчи жадал буғланади ва пуфакчалар суюқлик сиртига сизиб чиқиб ускунанинг танасидан чиқиб кетади. Қуюқлашган эритма панжаранинг тепа қисмидан чиқариб олинади.
Агрессив эритмаларни ва кислоталарни юқори концентрацияларга, ҳамда кристалланадиган эритмаларни қуюлтиришда ботирилган ёндиргичли (горелкали) буғлатиш қурилмалари кенг қўлланилади. Бундай ускуналарда иссиқлик ташувчи сифатида суюқ газ ёки газсимон ёқилғиларнинг ёнишидан ҳосил бўлган газлардан фойдаланилади. Ёқилғи буғлатиладиган эритмага ботирилган ёндиргич ичида ёнади. Ёнишдан ҳосил бўлган маҳсулотлар ёндиргичдан тақсимлаш қурилмаси орқали чиқади ва эритма орасидан барботаж ҳосил қилиб ўтади. Иккиламчи буғ ёнишдан ҳосил бўлган газлар билан бирга томчи ушлагич орқали ўтиб ускунанинг тепа қисмидан атмосферага чиқиб кетади (1.3-расм) ёки конденсаторда эритувчининг буғлари суюлтирилади, газ эса атмосферага чиқариб юборилади (айрим ҳолларда газ тозаланиб кейин атмосферага юборилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |