кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тартибга солиш36
Давлат бошқарувида бевосита ва билвосита бошқариш шаклларининг ҳар бири кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил этишда муҳим ҳисобланади. Аммо билвосита бошқаришнинг аҳамияти устуворроқ ва таъсири самаралироқдир. Чунки, ушбу субъектлар фаолиятлари эркинлик тамойиллари асосида ташкил этилиб, бозор муносабатлари айнан шундай тамойилларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, давлат бошқарувида ижтимоий муносабатларни қамраб олувчи дастаклар ҳам мавжуд. Умуман олганда, давлат бошқаруви ва давлат томонидан тартибга солиш тушунчалари фарқланади. Биринчиси иккинчисига нисбатан кенгроқ тушунча сифатида талқин этилади.
Бизнингча, иқтисодий жараёнларга нисбатан давлат бошқаруви, давлат томонидан тартибга солиш, бошқариш ва бизнес иқтисодий категориялари ўзаро алоқадорлигини 1.2-расм кўринишида тасаввур қилиш мумкин.
1.2-расм. Давлат бошқаруви, бошқариш ва бизнес категориялари алоқадорлиги ва фарқланиши37
Давлат томонидан тартибга солиш — бу бозор иқтисодиётини бевосита бошқарувининг таркибий қисмидан иборат бўлган фаолиятдир. Давлат ўзининг турли қонунлари ва меъёрий ҳужжатлари орқали хўжалик юритувчи субъектларга ўз таъсирини кўрсатади. Бу таъсир доираси ҳуқуқий жиҳатдан шарт-шароитлар яратиб боришдан иборат бўлади. Давлатнинг тартибга солувчи воситалари миллий иқтисодиётнинг ривожланмай қолган соҳаларини ривожлантиришга туртки беради.
Давлат томонидан тартибга солишда бозор механизмини фаоллаштирувчи иқтисодий дастаклар ишга туширилади. Иқтисодий дастаклар ишга туширилганда, албатта, бозор қонунларини ҳисобга олиши шарт. Чунки, бундай дастаклар бозор мувозанатини таъминлашга қаратилади. Миллий иқтисодиётнинг юксалишига эришиш учун эса бозор мувозанатини таъминлаш зарурдир. Давлат томонидан тартибга солишнинг рағбатлантирувчи, ривожланишга туртки берувчи хусусияти мавжуд. Шу билан бирга, иқтисодиётнинг тез тараққий этаётган тармоқларини, секин ривожланаётган тармоқлари билан мувозанатга келтириш ҳам айнан давлатнинг тартибга солиш воситалари орқали амалга оширилади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишда иқтисодий дастаклар билвосита ишга туширилиб, унинг ижрочилик хусусияти мужассамлашган, ягона давлат ҳокимияти амалга оширадиган фаолиятдан иборат бўлади.
Кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш — бу иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни онгли равишда бошқарув органлари иштирокида шакллантириш, бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек, ушбу секторга имтиёзли шартлар асосида моддий ва молиявий ресурсларни жалб этиш демакдир.
Фикримизча, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш бир қатор усуллардан фойдаланилади (1.3-расм). Бу усулларни умумлаштириб қуйидагича гуруҳлаш мумкин:
бевосита таъсир қилиш усуллари;
билвосита таъсир қилиш усуллари;
ташқи иқтисодий усуллар.
1.3-расм. Кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солиш усуллари1
Давлат томонидан тартибга солишдаги бевосита таъсир қилиш усуллари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаб, уларга бозор муҳитида фаолият юритишлари учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг бевосита таъсир усулида, иқтисодий натижага оператив эришиш имкони бор. Шунинг учун бу усулда тартибга солиш юқори самарадорлик асосида амалга ошиши мумкин. Бироқ, бундай усул айрим ҳолатларда бозор жараёнларига у ёки бу даражадаги сунъий тўсиқларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Давлат томонидан тартибга солишнинг билвосита таъсир қилиш усуллари иқтисодий воситалар ва давлат имтиёзларини ўз ичига олиб, улар орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари давлат томонидан моддий қўллаб-қувватланиш ва имтиёзларга эга бўлиш имкониятларига эришадилар.
Давлат томонидан тартибга солишнинг билвосита таъсир қилиш усуллари кичик бизнес субъектлари фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир қилмайди. Бундай усуллар бозор субъектлари фаолиятига шароитлар яратиб, уларнинг иқтисодий мақсадларига эришишлари учун йўл очиб беради. Билвосита таъсир усуллари бозор жараёнларини бузмайди, тараққиётнинг динамик ҳолатини номувофиқликка олиб келмайди. Билвосита таъсир усулларининг камчилиги давлат томонидан чоралар қўллаш бошланган даврдан, то хўжалик юритиш ўзгаришларида натижаларга эришгунча бўлган муайян вақт мобайнида кузатилади. Лекин бу вақтинча ҳолатдир.
Давлат томонидан тартибга солиш усуллари орасида ташқи иқтисодий усуллар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунда халқаро иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши ва ташқи савдо алоқаларининг кенг шаклланишига олиб келувчи глобал муҳит шаклланадики, ўз навбатида ушбу секторни ривожланиши глобаллашув жараёнларини келиб чиқишига ҳам қисман таъсир этади.
Жаҳон амалиётида энг муҳим масалалардан бири, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишдир. Қайси давлатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тартибга солиш ҳамда бошқариш заруриятга айланса, шу давлатнинг иқтисодий тизими бозор иқтисодиётига асосланганлигини билиш мумкин. Чунки бозор иқтисодиёти эркин тадбиркорлик ҳукмрон жойларда иқтисодиётнинг асосий тури ҳисобланади. Лекин, турли мамлакатларда кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солиш масалалари турлича ҳал этиб борилади. Чунки, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос сиёсати ва иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, ушбу секторни давлат томонидан тартибга солишнинг у ёки бу шаклдаги кўринишларини намоён этадики, бунда энг аввало муайян даражада бозор субъектларининг манфаатдорликлари ҳисобга олинади.
«Бозор иқтисодиётининг муҳим талаби шуки, товар ишлаб чиқарувчи кам меҳнат сарфлаган ҳолда кўплаб ва сифатли товар чиқаргандагина, яъни кишиларнинг талаб эҳтиёжини тўлароқ қондиргандагина фойда кўриб ишлаши мумкин. Акс ҳолда у синади. Бозор иқтисодиётига хос белги, бу товар ишлаб чиқарувчиларнинг, умуман жамият аъзоларининг ўз даромадига кўра табақалашувидир»38. Бу табақалашув кичик бизнес субъектларининг имконият даражалари турлича бўлганлигидан келиб чиқади.
Бозор иқтисодиёти шароитида кичик бизнес субъектларини давлат томонидан тартибга солишнинг моҳияти шундан иборат бўлмоғи керакки, давлат ўзининг шарт-шароит яратиш функциясига устуворлик беради. Соддароқ айтганда, давлатнинг асосий вазифалари кичик бизнес субъектлари фаолиятига шарт-шароит яратишдан иборат бўлмоғи зарур.
ХХ асрга қадар давлатнинг таъсири бозор иқтисодиёти бошқарилишини тартибга солишга қаратилмаган эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви одат тусига кирган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам иқтисодий ва сиёсий мустақилликни таъминлаш мақсадида миллий иқтисодиётнинг мутаносиб нисбатларини шакллантириш зарур бўлганлиги боис давлатнинг иқтисодиётга аралашиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, «давлат аралашуви миқёсини тартибга солиш учун муҳим чекловлар мавжуд. Масалан, давлат томонидан бозор механизмини издан чиқарувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди. (умумий директив режалаштириш, нархлар устидан ялпи назорат ва бошқалар)»39. Бироқ, «мамлакатимизнинг узоқ ва давомли манфаатлари тақозо этган ҳолатларда ва кескин вазиятлардан чиқиш, улар туғдирадиган муаммоларни ҳал этиш зарур бўлганда иқтисодиётда давлат томонидан бошқарув усуллари қўлланди ва бундай ёндашув охир-оқибатда ўзини тўла оқлади»40. Таъкидлаш лозимки, мустақилликнинг дастлабки йилларида кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солишда давлатнинг иқтисодий вазифаларини қуйидагилардан иборат эди:
Ўтиш даврида бозорга хос шарт-шароитлар яратиш.
Бозор механизмини тузатиш ва тўлдириш.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини кучайтирувчи ва фаоллаштирувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш орқали тартибга солиш.
1.4-расм. Ўзбекистонда кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солиш ва шарт-шароит яратиш борасидаги давлатнинг вазифалари1
Давлатнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини тартибга солишдаги биринчи ва асосий иқтисодий вазифаси бевосита хўжалик юритишлари учун бозорга хос шарт-шароитлар яратиб боришдир. Шу билан бирга бозор механизми фаолиятидаги камчиликларга тузатиш ва тўлдиришлар кириб, бозор фаоллигини ошириши керак. Бу икки йўналишдаги вазифаларнинг схематик тасвири 1.4-расмда келтирилган. Расмдан кўриниб турибдики, давлатнинг учинчи вазифаси — кичик бизнес субъектлари фаолиятини кучайтирувчи ва фаоллаштирувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш орқали тартибга солишдан иборат эди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш жараёнларида ҳуқуқий асослар йилдан йилга такомиллашиб борди, ушбу секторни давлат томонидан тартибга солиш механизми ҳам фаоллашди.
Айни пайтда 2010 йилдан то 2017 йилгача бўлган даврда тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишда, маъмурий йўл билан бўлган аралашувларни чеклаб бориш, энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоялаш, унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга қаратилган институ-ционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш суслашганлиги кузатилди.
Институционал муҳит ривожининг ноаниқ шароитларида институционал вакуумнинг ўрнини самарасиз институтлар тизими эгаллаши мумкин, масалан, институционал тузоқ, норасмий лоббизм, коррупция ва хуфиёна иқтисодиётдан иборат муҳит41. Шунинг учун 2016 йил охиридан институционал ислоҳотларга алоҳида жиддий эътибор қаратиш кучайтирилди.
Бизнинг фикримизча, тадбиркорлик фаолиятини самарали тартибга солиш — бу ташқи ишбилармонлик муҳитини яратишдан иборат бўлиб, унда тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун энг қулай шарт-шароитлар тадбиркорлар ва давлат манфаатларининг оптимал уйғунлиги билан таъминланади42. Тадбиркорлар ва давлат манфаатлари ўртасидаги уйғунлик улар ўртасидаги ўзаро ишончли муносабатларда шаклланади. Шундан экан, халқ ва давлат манфаатларининг мувофиқлигини таъминлайдиган механизм тўла кучда ишлаши даркор.
Шунга кўра, Ҳаракатлар стратегиясида43 «хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ривожи йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, унга тўлиқ эркинлик бериш масалалари ўз устуворлигини сақлаб қолган. Мазкур Ҳаракатлар стратегиясида «Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва кучли бўлади» деган тамойилни амалга ошириш…»44 борасидаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган. Қолаверса, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида»ги 2017 йил 5 майдаги ПФ-5037-сон Фармонига45 кўра бизнес омбудсманни ташкил этилиши тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг жаҳон андозаларига мувофиқлигини таъминлаш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Бизнес-омбудсманнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда, уларни ҳуқуқий -қўллаб--қувватлаш;
тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг -кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари -нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганини ўрганиш;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг -ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан -таклифлар тайёрлаш.
Бизнес-омбудсманга жуда кенг доирадаги ваколатлар берил-ди. Эндиликда, давлат органларининг бизнес билан боғлиқ муноса-батларига доир статистик, таҳлилий ва бошқа- ахборотларни сўраш воситасида мониторинг қилиш имконияти юзага келди. Шунингдек, у кичик бизнес субъектларининг ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича- қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин -эмаслиги тўғрисида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириши ва уларнинг -раҳбарларига аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида -тақдимномалар киритиши мумкин. Мамлакатда бу каби шарт-шароитларнинг яратилиши тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштиришдир.
Таъкидлаш лозимки, иқтисодий ҳаётни реал равишда эркинлаштириш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифага айланганлигига Президент Ш.М.Мирзиёевнинг 2016 йилдаги «Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак»46 номли асарида эътибор қаратилди. Чунки, жамият тараққиётида, мазкур секторни ривожлантириш ва уни давлат томонидан тартибга солишда, асоссиз аралашувни чеклаш тамойилларини қўллаш, айнан иқтисодиётни эркинлаштириш, демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишнинг мазмун − моҳиятини ташкил этади. Бугунги кунга келиб, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлан-тириш соҳасидаги муҳим вазифалар қуйидагилардан иборат бўлмоқда:
давлат тузилмаларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини янада кўпроқ чеклаш;
кичик бизнес ва хусусий тадбикрорлик субъектлари томонидан содир этилган (агар у қасддан содир этилмаган ва катта бўлмаган) қонунбузарлик ҳолатларида жазо чораларини енгиллаштириш, яъни тадбиркорлар етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплаган ҳолларда жавобгарликка тортмаслик;
бозор инфратузилмаси таркибидаги барча объектларда улар фаолиятни кучайтириш ва марказлаштирилган тақсимот тизимига қайтишга бўлган ҳар қандай ўринишларга барҳам бериш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида давлат бошқарув идоралари томонидан бериладиган кўмак, қўшимча имтиёзлар ва преференциялар беришни кенгайтириш.
Ушбу муҳим вазифалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишни янада қулай ва такомиллашган имкониятларини яратади. Бу эса иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида иқтисодиёт фаолиятининг бозорга хос механизмларини янада модернизациялашувига олиб келади.
Фикримизча, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиниши ўз ичига ҳуқуқий воситалар орқали институционал шарт-шароитлар яратилишини, давлат томонидан тадбиркорлик фаолияти кафолатланиши ва ҳимояланишини, тадбиркорликни ижтимоий йўналтирилганлигини тинимсиз рағбатлантириб боришни, шунингдек, тадбиркорликни солиқ механизми ва молия тизими ҳамда молия бозори орқали бозор эквивалентлиги тамойилларига таяниб қувватлаб боришни ўз ичига олади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш — бу давлат органларининг иқтисодий, ижтимоий, ташкилий, ҳуқуқий, ва сиёсий жиҳатдан таъминлайдиган тизими бўлиб, маданийлашган тадбиркорлик шаклларини барқарор ривожланиши учун муҳит яратишга йўналтирилгандир. Айнан шу тарзда давлат органлари ишбилармонлик муҳитининг яхшиланишини тартибга солиш имкониятларини қидиради. Чунки давлат тадбиркорларни эркин фаолиятини таъминловчи ва уларнинг манфаатларини кафолатловчи бирдан бир олий субъектдир.
Бозор иқтисодиётида давлатнинг роли кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини фаоллаштиришда аниқ намоён бўлиши керак. Давлат ўзининг ҳуқуқий асослари, иқтисодий воситалари ва услубларини кенг қўллашга ўтиб ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга кўмаклашади. Давлат ўзининг тартибга солиш чора-тадбирларини кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама эркин ва фаол ҳаракатланиши учун йўналтиради. Бундай саъй-ҳаракатлар ўз-ўзидан ишбилармонлик муҳитининг шаклланишига ва қулайлашувига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |