Соғлом кишида кислороднинг парциал босими (Ро2) альвеолалар ҳавосида меъёрида 100 мм. симоб устунига, веноз қонда эса 40 мм. симоб устунига тенг. Карбонат ангидритнинг парциал босими (Рсо2) веноз қонда 46 мм. симоб устуни, альвеолалардаги ҳавода эса 40 мм. симоб устуни даражасида бўлади. Шундай қилиб кислородларнинг босим градиенти (фарқи) 60 мм. симоб устунига, карбонат ангидридларники эса атиги 6 мм. симоб устунига тенг. Аммо СО2 нинг альвеола – капиллярлари мембранаси орқали диффузияси тезлиги О2 га нисбатан 20 марта юқори. Шу сабабли альвеолалар ҳамда капиллярлар орасидаги босим градиенти жуда паст бўлса ҳам СО2 нинг ўпкаларда алмашинуви зарур даражада амалга ошади.
Альвеола – капиллярлар мембранаси сурфактантлар қаватидан тузилган бўлиб, у альвеолалар ички қавати юзаси ва мембранасини, қон плазмасини ҳамда эритроцитлар мембранасини қоплаб туради. Ушбу альвеола – капиллярлар мембранаси тузилмаларидан бирортасининг зарарланиши газлар диффузиясининг сезиларли қийинлашишига олиб келади. Бунинг оқибатида касалликлар даврида юқорида қайд этилган альвеолалар ҳавоси ва капилларлардаги О2 ва СО2 ларнинг парциал босимлари кўрсаткичлари сезиларли ўзгаради.
Вентиляция – перфузия нисбати Ўпкалардаги газлар алмашинуви кўрсаткичи ундаги вентиляция интенсивлиги ва газлар диффузиясидан ташқари вентиляция – перфузияси нисбати (V/Q) билан ҳам боғлиқ. Бунда V - вентиляция, Q - перфузия даражаси. Нафас олинаётган ҳавода кислород концентрацияси 21% га ва атмосфера босими меъёрида бўлганда V/Q нисбати 0,8 га тенг.
Ўпка ҳажмлари ва сиғимлари.
Нафас ҳажми (НҲ) – бу кўрсатгич одам тинч холда нафас оладиган ва чиқарадиган ҳаво ҳажми бўлиб, у ЎТСнинг 15% атрофида, нафас олиш ва нафас чиқариш резерв ҳажми – 42-43% ни, қолдиқ ҳажм 33%га яқинлигини ташкил этади. Обструктив вентиляцион етишмовчилиги бўлган беморларда ЎТС бироз камаяди, аммо нафас олиш ва нафас чиқариш резерв ҳажми ва қолдиқ ҳажми ошади.
Нафас олишнинг резерв ҳажми (НОРҲ) – бу кўрсатгич ўртача 1500-2000 мл тенг бўлиб, инсон одатдаги нафас олгандан сўнг қўшимча максимал олиш имкони бўлган нафас ҳажми хисобланади.
Нафас чиқаришнинг резерв ҳажми (НЧРҲ) – бу тинч ҳолда нафас чиқарилганидан кейин қўшимча чиқариш мумкин бўлган энг кўп ҳаво ҳажми ҳисобланади.
Ўпканинг тириклик сиғими (ЎТС) – нафас олиш ва чиқаришнинг резерв ҳамда нафас ҳажмларидан ташкил топган ва ўртача 3700 млга тенг. Бу текширилувчи имкон доирасида чуқур нафас олгандан сўнг максимал чиқариб юборган ҳаво миқдори ҳисобланади.
Ўпканинг умумий сиғими (ЎУС) – ўпканинг ҳаётий сиғими резерв ҳаво ҳажми (нафас олгандаги ва чиқаргандаги) ва ўпканинг қолдиқ ҳажми йиғиндисидан иборат бўлиб, жуда чуқур нафас олинганда ўпкага сиға оладиган энг катта ҳажмдир ва у 5000-6000 мл га тенг.
Ўпка вентиляцияси кўрсаткичларини аниқлаш. Ўпка вентиляцияси аниқ константларга эга эмас. Аксарият ҳолларда, улар нафақат ўпка ва бронхларнинг касалликлари, балки кўп жиҳатда инсон танасининг конституционал тузилиши ва унинг жисмоний тайёргарлиги, бўйи, вазни, жинси ва ёшига ҳам боғлиқ. Шу сабабли олинган маълумотлар юқорида қайд этилган кўрсаткичлар инобатга олинган ҳолда махсус номограмма ва формулалар ёрдамида ҳисоблаб топилган айнан ушбу текширилувчи учун меъёрида бўлиши керак бўлган рақамлар билан солиштирилади. Унинг асосида ушбу беморнинг зарурий асосий алмашинуви ётади. Ўпка вентиляцияси кўрсаткичлари вақт бирлигида ўпкага кирувчи ва ундан чиқувчи газлар миқдори билан характерланади.
Дақиқадаги нафас ҳажми (ДНҲ) – тинч ҳолатда 1 дақиқада ўпкага кирадиган ва ундан чиқадиган умумий ҳаво ҳажми. У нафас сонини нафас ҳажмига кўпайтириш билан аниқланади ва ўртача 6-8 л ни ташкил этади.
Дақиқадаги альвеоляр вентиляция (ДАВ) – тинч ҳолатда нафас олганда 1 дақиқа давомида альвеолаларда алмашинадиган газлар миқдори ҳисобланади. Нафасга олинган ҳавонинг ҳаммаси алвеолаларга етиб бормаганлиги сабабли, унинг тахминан 1/3 қисми газлар алмашинувида бевосита иштирок этмайди ва функционал ўлик бўшлиқ (ФЎБ) ҳажмини ташкил этади. Ўлик бўшлиқ вентиляциясининг кучайиши нафас етишмовчилигида кузатилади.
Нафас резерви (НР) – НР = ЎМВ - ДНҲ формуласи билан аниқланади. Меъёрда соғлом кишида НР ўпканинг максимал вентиляциясининг 85% ига тенг. Нафас етишмовчилигида у 60-55% ва ундан пасаяди.
Ўпканинг жадаллашган ҳаётий сиғими (ЎЖҲС) – асосий кўрсаткичлардан бири бўлиб, мумкин қадар чуқур нафас олиб, максимал тез, жадал нафас чиқариш билан аниқланади. Бу кўрсаткич биринчи навбатда обструктив ўзгаришлар бор-йўқлигини аниқлашга имкон беради.
1 секундда жадал чиқарилган нафас ҳажми (1ЖЧНҲ) – бу ўпканинг вентиляцион фаолиятини акс эттирадиган асосий кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. 1ЖЧНҲ нафас чиқаришнинг асосан боши ва ўрта қисмида чиқаётган ҳаво тезлигини кўрсатади. Жадаллашган нафас чиқариш эгри чизиғининг турли поғоналаридаги энг катта максимал ҳажмий тезлик (МҲТ) ҳисоблаб чиқилади. ЎЖҲС 25% чиқарилгандан кейинги МҲТ25 (трахея ва йирик бронхлар), ЎЖҲС 50% чиқарилгандан кейинги МҲТ50 (ўртача бронхлар) ЎЖҲС 75% чиқарилгандан кейинги МҲТ75 (майда бронхлар) бўлиб, бу кўрсаткичлар ҳар хил калибрли бронхларнинг ўтказувчанлигини, яъни обструкция бор-йўқлиги аниқлашга имкон беради.
Тиффно индекси (ТИ) – 1ЖЧНҲнинг ЎТСга нисбатидир (1ЖЧНҲ/ЎТС). Обструктив синдромда ЎТСнинг арзимас даражада камайиши ёки ўзгармаган ҳолатида нафас чиқариш тезлиги камайиши ҳисобига ТИ пасаяди. Рестриктив синдомда эса барча ўпка ҳажмларининг мутаносиб камайиши ҳисобига ТИ ўзгармайди ёки ошади.
Ўпка вентиляцияси бузилишининг уч хил тури фарқланади: обструктив, рестриктив ва аралаш.