3.2.6. Иқтисодий таҳлил
Ҳар қандай лойиҳа авваламбор, миллий иқтисодиётнинг устувор йўналишларига ва иқтисодий хавфсизлигига жавоб бериши керак. Шунинг учун иқтисодий таҳлил инвестиция лойиҳасини умумжамият манфаати нуқтаи назаридан ўрганади. Иқтисодий таҳлил лойиҳаларга кенгроқ ёндашиб, даромад ва харажатларни баҳолашда молиявий таҳлилдан фарқ қилади. Умуман, бу таҳлилда даромадлар-харажатлар оқимини баҳолашда молиявий таҳлилга қараганда икки катта ўзгаришга йўл қўйилади.
Биринчидан, инвестицион лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқарувчилар олган субсидиялар солиқ тўловчиларнинг йўқотишлари билан қопланиб кетса, айрим шахслардан тушадиган тўловлар умуммиллий даражада ресурслар миқдорини ўзгартирмайди. Иккинчидан, бир лойиҳани амалга ошириш иккинчи бир лойиҳа учун ресурслар миқдори камайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолда умумжамият нуқтаи назаридан иқтисодий даромад молиявий даромаддан паст бўлади ва буни лойиҳа бўйича иш бошлашдан олдин ҳисобга олиш зарур. Молиявий таҳлилда фойдали деб баҳоланган лойиҳа ўзининг салбий экологик ёки ижтимоий оқибатлари туфайли иқтисодий таҳлилда фойдасиз деб баҳоланиши мумкин.
Лойиҳанинг эколигик жиҳатлари билан боғлиқ иқтисодий харажатлар ҳисобга олинганда кўп ҳолларда у самарасиз бўлиб қолиши мумкин. Лойиҳанинг экологияга салбий таъсирини олдини олиш учун тозалаш иншоотлари қуришга тўғри келади. Бу ҳолда инвестиция харажатлари кўпаяди ва лойиҳанинг самарадорлиги пасаяди. Натижада лойиҳа самарасиз деб ҳисобланиши мумкин. Молиявий таҳлил ва иқтисодий таҳлил ўртасидаги фарқларни қуйидагича келтириш мумкин:
1. Молиявий таҳлилда даромад ва харажатларга нисбатан алоҳида бозор баҳолари қўлланилади.
Иқтисодий таҳлилда муқобил ижтимоий қийматлар (даромадлар ва харажатларга нисбатан яширин баҳолар, экологик даромад ва харажатлар, фойдалинилмаётган ёки тўла фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш омиллари) қўлланилади.
2. Молиявий таҳлилда капитал харажатлар лойиҳа хизмат муддатига тақсимлаб чиқилади (амортизация).
Иқтисодий таҳлилда эса капитал харажатлар фойдаланиш (ишлатилиш) йилидаги бир маротабалик харажат суммаси сифатида ҳисобга олинади.
3. Молиявий таҳлилда солиқлар ва турли гуруҳлар ўртасидаги бошқа бир томонлама тўловлар ҳисобга олинади. Иқтисодий таҳлилда эса бу тўловлар ва солиқлар жамият ичидаги трансферт тўловлари бўлгани учун ҳисобга олинмайди.
4. Молиявий таҳлилда дисконтнинг хусусий ставкаси қўлланилади.
Иқтисодий таҳлилда лойиҳалар бўйича даромадлар ва харажатлар оқимларини даромад даражаларига кўра гуруҳлар бўйича ўрганилади.
Умуман олганда, иқтисодий таҳлил лойиҳанинг ҳомийларига ҳам, бошқаларга ҳам таъсирини ўрганган ҳолда у жамият учун қанчалик фойдали эканлигини, уни амалга ошириш учун жамият нуқтаи назаридан ресурс ажратиш қанчалик мақсадга мувофиқлигини текширади.
Даромадлар ва харажатларни иқтисодий таҳлил қилиш ресурслардан самаралироқ фойдаланиш мақсадида иқтисодий танлаш муаммосини қулай ва тушунарли изоҳлаш усулидир. Ҳар бир мамлакат у ёки бу маҳсулотни кўп ишлаб чиқара олади. Лекин бир йўла ҳамма маҳсулотни кўп ишлаб чиқариб бўлмайди. Шу сабабли ресурслардан фойдаланишнинг турли вариантларидан бирини танлашга тўғри келади. Минимал харажатлар билан максимал натижаларга эришишни таъминлайдиган қилиб инвестициялашга эришган мамлакатгина ўз ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлай олади.
Иқтисодий таҳлил мақсади лойиҳа билан боғлиқ барча самараларни кўриб чиқиш учун умумий асос яратишдир. Бунга:
1. Бозор битимларидан ўз аксини топадиган иқтисодий ўзгарувчиларни аниқлаш (масалан, уй баҳоси у жойлашган худуд сифатини-транспорт, мактаб кабиларнинг яқинлигини, уй-жой архитектурасининг урф бўлган турини, хоналар сонини акс эттиради);
2. Лойиҳанинг турли белгиларини баҳолашга аҳоли муносабатини аниқлаш учун лойиҳанинг фойдали томонларини тавсифловчи кўрсаткичларга пулда ифодаланмайдиган қийматларни киритиш;
3. Лойиҳаларни бевосита ўлчанадиган бошқа харажатлари ҳамда натижаларини таққослаш имконини берувчи чизмаларни ишлаб чиқиш йўли билан эришилади.
Булар асосида лойиҳадан олинадиган манфаат унга сарфланган харажатдан ошиш-ошмаслиги тўғрисида мураккаб қарорга келинади. Бунда манфаат (даромад) ва харажатлар ягона ўлчов бирлигида ифодаланади.
Лойиҳани қабул қилиш, лойиҳа бўйича истеъмол қилинадиган ресурслардан фойдаланиш борасидаги муқобил вариантлардан ҳеч бири мамлакат олдида турган вазифалар нуқтаи назаридан бундан юқорироқ натижа бермаслигини англатади.
Лойиҳа таҳлили даромад ва харажатларни ресурслардан фойдаланишнинг бошқа вариантлари бўйича эришилиши мумкин бўлган даромад ва харажатлар билан қиёслайди. Кўпинча лойиҳасиз ва лойиҳа билан деган чизма қўлланилади.
Масалан, цемент заводи қурилиши бўйича лойиҳа бор бўлса, инвесторлар бошқа лойиҳаларга сармоя қўйиш имкониятидан маҳрум бўлади. Аммо цемент ишлаб чиқаришнинг кўпайиши натижасида унинг нархи тушиб кетиши, харидорлар учун цементга камроқ пул тўлаш, айрим харидорлар учун эса бошқа қурилиш материаллари ўрнига цемент ишлатиш имкониятини пайдо қилиши мумкин.
Лойиҳа билан ва лойиҳасиз вазиятларни солиштириш лойиҳани амалга ошириш натижасида олинадиган қўшимча ва ўсган даромадларни ҳисоблашнинг асосий услубидир. Лойиҳасиз вазиятларни истиқболга баҳолашда харажатларнинг тахмин қилинаётган ўсуви ёки даромадларнинг пасайишига нисбатан реакцияни ҳисобга олиш керак. Бу лойиҳани амалга ошириш юзага келтирадиган ўзгаришларни тўлиқ акс эттириш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |